«Иш қидириш учун бўш кун» ким томонидан белгиланади

preview

«Ташкилотда иш ўринлари оммавий тарзда қисқартирилмоқда. Шу асос бўйича ишдан бўшатилаётганда ходимга  бошқа иш қидириши учун ҳафтада камида бир кун тақдим қилинади.  Бўшатилаётган ишчиларнинг кўпчилик қисми жума кунини танлайди, бу иш жараёнларига салбий таъсир кўрсатади. Бу вазиятдан қандай чиқиш мумкин? Иш берувчи ходимлар  учун бўш кунларни ўзи белгилашга ҳақлими?».

Саволга «Нормa» эксперти, ҳуқуқшунос Ленара ХИКМАТОВА жавоб берди:

 

–  Дарҳақиқат, иш берувчи Меҳнат кодексининг 100-модда 2-қисм 1-банди бўйича ишдан бўшатаётганда, огоҳлантириш муддати давомида ходимга бошқа иш қидириши учун ҳафтада камида битта қўшимча бўш кунни тақдим этиши шарт. Бунда ўртача иш ҳақи сақланади. 

Бу нафақат ходимга, балки иш берувчига ҳам фойдалидир. Агар ходим тезроқ иш топса ва ишга жойлашса, иш берувчи ишдан бўшатилгандан кейин унга моддий ёрдам сифатида ўртача иш ҳақи тўлашига тўғри келмайди. Зеро, Меҳнат кодексининг 67-моддасига мувофиқ, агар меҳнат шартномаси МКнинг 100-модда 2-қисм 1-бандига асосан бекор қилинган бўлса, иш қидириш даврида икки ойдан ортиқ бўлмаган давр мобайнида ходимларнинг ўртача ойлик иш ҳақи сақланиб қолади. Агар ходим меҳнат шартномаси бекор қилинган кундан бошлаб ўттиз календарь кун мобайнида маҳаллий меҳнат органида иш қидираётган шахс сифатида рўйхатдан ўтган бўлса, учинчи ой учун ҳам ўртача иш ҳақи олиш ҳуқуқига эга бўлади.  

«Бўш кунлар»нинг аниқ сони жамоа шартномасида, бошқа ички ҳужжатда ёки ходим билан иш берувчи ўртасидаги келишувга биноан белгиланади. Ходимга ҳафта давомида айнан қайси бўш кунни (ёки кунларни) тақдим қилиш кераклигини ўзаро манфаатларни ҳисобга олган ҳолда ҳал қилинг.  

Баъзан бу масала бўйича ходим ва иш берувчининг қарашлари бир-бирига тўғри келмайди. Масалан, ходим учун жума куни ишга бормаслик фойдалироқ, иш берувчини эса бу қониқтирмайди. Ушбу муаммони маҳаллий даражада – корхона фаолияти ва ишлаб чиқариш жараёнининг ўзига хос хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда ҳал қилинг. Бўш кунларни тақдим қилиш тартибини, масалан, ходимлар учун ҳам, иш берувчи учун ҳам ижро этиш мажбурий бўлган жамоа шартномасида мустаҳкамлаб қўйинг. 

Агар ходим иш берувчининг розилигисиз ўзбошимчалик билан кунларнинг бирида ишга чиқмаган бўлса, бу меҳнат интизомини бузиш сифатида баҳоланиши мумкин. 

Шу билан бирга, иш берувчиларга озод қилинаётган ходимлар билан бу масалани олдиндан мувофиқлаштиришни тавсия қиламиз. Кейинчалик низоларнинг олдини олиш учун меҳнат шартномасини бекор қилиш тўғрисидаги огоҳлантиришда бошқа иш қидириш учун ҳафтанинг маълум бир кунини белгиланг.