Меҳнат вазифаларини мунтазам равишда бузган ходимни ишдан бўшатиш тартиби

preview

Тавсияда:

– меҳнат шартномасини бекор қилиш шартлари;
– меҳнат шартномасини бекор қилишни расмийлаштириш.

 

Ходим интизомий жазо қўлланган муддат мобайнида узрли сабабларсиз меҳнат вазифаларини такроран бузган тақдирда (меҳнат интизомига риоя қилмаганда, ўз вазифаларини тўлиқ бажармаганда, иш муддатларини бузганда ва бошқалар), уни меҳнат вазифаларини мунтазам равишда бузганлиги учун ишдан бўшатишингиз мумкин .

Меҳнат кодексининг 181-моддасида назарда тутилган интизомий жазо чораси ходимни ишдан бўшатиш учун асос ҳисобланади. Шу боисдан ушбу чорани қўллашнинг умумий тартиби ходимни меҳнат вазифаларини бир марта қўпол равишда бузганлиги учун ишдан бўшатиш ҳолатида қандай бўлса, шундай белгиланади .  

Меҳнат шартномасини бекор қилиш шартлари

Ходимни меҳнат вазифаларини мунтазам равишда бузганлиги учун ишдан бўшатиш  қонуний ва асосланган бўлиши учун бир вақтнинг ўзида қуйидаги шартлар мавжудлиги ҳисобга олинади :

  • ходим узрли сабабларсиз меҳнат вазифаларини бажармаганлиги;
  • бу вазифалар ҳақиқатдан ҳам ходим зиммасига юклатилганлиги ва меҳнат шартномаси, лавозим йўриқномаси ва бошқа ҳужжатларда белгиланганлиги;
  • ходим интизомий таъсир чораси қўлланилган даврда (охирги йилда унга белгиланган жазо чораси олиб ташланмаганлиги ёки жарима тарзидаги сўндирилмаган интизомий жазо ёхуд ҳайфсан берилганда) меҳнат вазифаларини такроран бузганлиги.

Меҳнат кодексининг 183-моддасига мувофиқ интизомий жазонинг амал қилиш муддати жазо қўлланилган кундан бошлаб 1 йилдан ошиб кетиши мумкин эмас. Яъни, фақат энг кўп муддат белгиланган, холос. Шу боисдан иш берувчи содир этилган ножўя хатти-ҳаракатнинг ҳолатидан келиб чиққан ҳолда интизомий жазо чорасини янада қисқароқ муддатга, масалан, 6 ёки 9 ойга белгилаши мумкин ва ҳ.к.

Интизомий жазо қўллашнинг муайян тартиби амал қилиш муддатини ҳисобга олган ҳолда ички меҳнат тартиби қоидаларида белгиланади.

Эътибор беринг
Ходимга интизомий жазо белгиланишини амалдаги қонун ҳужжатлари қоидалари бўйича, жумладан буйруқ чиқариб расмийлаштириш лозим . Меҳнат кодексининг 181-моддасида назарда тутилмаган оғзаки ҳайфсан бериш ёки бошқа таъсир чоралари ҳисобга олинмайди.

Меҳнат вазифалари мунтазам равишда бузилган деб ҳисобланиши учун ходим томонидан меҳнат вазифалари камида икки марта бузилган бўлиши керак. Дарвоқе, такрорий ножўя хатти-ҳаракат аввалги шундай хатти-ҳаракат учун қўлланилган интизомий таъсир чораларининг амал қилиш муддати тугамасдан содир этилган бўлиши лозим.

Вазият
Ходимга дастлабки ножўя хатти-ҳаракати учун оғзаки огоҳлантириш берилган, иккинчи мартасида эса ишдан бўшатилган

Ходим узрли сабабларсиз ишга келмаган, бунинг учун интизомий жазо қўлланилмасдан оғзаки огоҳлантириш берилган. Бир ой ўтгач ходим ишга 3 соат кечиккан ва меҳнат интизомини яна бузган. Иш берувчи Меҳнат кодексининг 100-модда 2-қисм 3-бандига кўра меҳнат вазифаларини мунтазам равишда бузганлиги учун ходим билан тузилган меҳнат шартномасини бекор қилган.

Иш берувчи ҳақми?

 – Иш берувчининг ҳаракатлари ноқонунийдир. Сабаби ходим биринчи марта содир этган ножўя хатти-ҳаракати учун интизомий жавобгарликка тортилмаган, унга нисбатан интизомий жазо қўлланилмаган ҳисобланади. Демак, унинг меҳнат вазифаларини такроран бузиш ҳолати мунтазам равишда меҳнат вазифаларини бузиш деб эътироф этилмайди. Бинобарин, ходимни Меҳнат кодексининг 100-модда 2-қисм 3-бандига кўра ишдан бўшатиш мумкин эмас.

Иш берувчи такрорий содир этилган ножўя хатти-ҳаракат учун ходимга нисбатан ҳайфсан ёки жарима тайинлаши ёхуд Меҳнат кодексининг 100-моддаси 2-қисми 4-бандига кўра ходим томонидан меҳнат вазифалари бир марта қўпол равишда бузилганлиги учун у билан тузилган меҳнат шартномасини бекор қилиши мумкин. Батафсил «Меҳнат вазифаларини бир марта қўпол равишда бузганлик учун ишдан қандай бўшатиш лозим» да қаранг.

Эътибор беринг
Меҳнат кодексининг 183-моддасига мувофиқ иш берувчининг буйруғи билан ходимга белгиланган интизомий жазо амал қилиш муддати тугамасдан олиб ташланган бўлса, интизомий жазо белгиланмаган деб ҳисобланади. Бу ҳақда батафсил «Интизомий жазонинг олиб ташланиши» да қаранг.
Мисол
Меҳнат вазифалари мунтазам равишда бузилганлигини белгилаш

1. Ходим интизомий жазо қўлланилганидан кейин 6 ой ўтгач иккинчи марта меҳнат интизомини бузган. Биринчи марта шундай бўлганда унга 1 йил муддатга ҳайфсан эълон қилинган эди. Ушбу интизомий жазо муддатидан олдин олиб ташланмаган.

Мазкур ҳолатда ходимнинг ножўя хатти-ҳаракатлари мунтазам тусда бўлади ва иш берувчи Меҳнат кодексининг 100-модда  2-қисм 3-бандига кўра у билан меҳнат муносабатларини бекор қилиш тўғрисидаги қарорни қабул қилишга ҳақли.

2. Ходим меҳнат интизомини бузган, бунинг учун унга ҳайфсан эълон қилинган. Бироқ, меҳнат жамоасининг илтимосига кўра 6 ой ўтгач ходимдан ушбу интизомий жазо олиб ташланган. Бундан бир ой ўтгач ходим яна ножўя хатти-ҳаракат содир этган.

Мазкур ҳолатда иш берувчи ходим меҳнат вазифаларини мунтазам равишда бузганлиги учун у билан меҳнат муносабатларини бекор қилишда ҳақли эмас, сабаби ходимга интизомий жазо белгиланмаган деб ҳисобланади.

Айнан бир қоидабузарлик учун бир вақтнинг ўзида иккита интизомий жазо қўлланилмайди. Масалан, Меҳнат кодексининг 100-модда 2-қисм 3-бандига кўра меҳнат шартномаси бекор қилиниши ҳамда жарима тайинланиши мумкин эмас.

Ходимнинг ўз меҳнат вазифаларини мунтазам равишда бузганлиги учун ушбу ножўя хатти-ҳаракат аниқланган пайтдан бошлаб, ходимнинг касал ёки таътилда бўлган вақтини ҳисобга олмасдан, узоғи билан 1 ой ичида у билан тузилган меҳнат шартномасини бекор қилинг .

Меҳнат шартномаси бекор қилинишини расмийлаштириш

1-қадам. Қоидабузарлик далилини ҳужжатлар билан тасдиқланг. Бундай ҳужжатлар жумласига ходимнинг бевосита раҳбарининг хизмат юзасидан (ҳисоботлари) қайдлари, қоидабузарлик далилини тасдиқловчи рапорт ёки далолатнома киради.

Вазият
Ходимнинг ишга кечикиб келганлиги видеокузатув камерасида қайд этилган

 

Ходим ишга 3 соат кеч қолган. Компанияда ходимларнинг ишга кечикиб келиш ҳолатлари одатда кадрлар бўйича инспектор томонидан қайд этилади, шу куни инспектор ишга келмаган эди.

Корхонанинг кириш қисмида ўрнатилган видеокузатув камерасидаги ёзувдан ходимнинг ишга келмаганлиги далили сифатида фойдаланиш мумкинми?

 – Видеоқайд этиш воситаларидан далил сифатида фойдаланиш мумкин. Ходимлар томонидан меҳнат интизомига риоя этилишини назорат қилиш доирасида ушбу воситаларни қўллаш тартиби ички меҳнат тартиби қоидаларида ёки махсус низомда (ички ҳужжатларда) белгиланиши лозим. Ходимлар ушбу ҳужжатлар билан имзо қўйдириб, олдиндан таништирилиши лозим МК 178-м. Бироқ, видеоёзувларнинг мавжудлиги иш берувчининг интизомий жазо қўлланилишидан аввал ходимдан ёзма равишда тушунтириш хатини талаб қилиш ҳамда Меҳнат кодексининг 182-моддасида назарда тутилган бошқа таомилларни амалга оширишга оид мажбуриятларини  бекор қилмайди.

2-қадам. Ходимдан меҳнат вазифаларини бажармаганлиги сабабларини ёзма тарзда баён қилишни сўранг . Сабаблари узрли ёки йўқлигини текшириб кўринг. Агар ходим тушунтириш хатини ёзишдан бош тортса, гувоҳлар ҳозирлигида бу ҳақида далолатнома тузинг.

3-қадам. Ходим ўз меҳнат вазифаларини мунтазам равишда бузганлиги далилини текшириб кўринг. Бунинг учун мазкур ходимга нисбатан аввал интизомий жазо чораси белгиланганлиги тўғрисидаги буйруқни топинг. Унинг санасига эътибор қаратинг. Интизомий жазонинг амал қилиш муддати тугаган-тугамаганлигини ва муддатидан олдин олиб ташланган-ташланмаганлиги текшириб кўринг.

4-қадам. Ходимни ишдан бўшатишни ходимларнинг вакиллик органи билан келишинг.

Буни қандай амалга ошириш кераклигини «Иш берувчининг ташаббусига кўра ишдан бўшатишнинг ўзига хос жиҳатлари»да қаранг.

5-қадам. Меҳнат шартномаси бекор қилиниши тўғрисида ходимни камида 3 кун олдин хабардор қилинг, кейинчалик тасдиқлаш учун буни ёзма шаклда амалга оширганингиз маъқул. Агар оғзаки огоҳлантириш берилган бўлса, бир нечта гувоҳлар ҳозирлигида бу ҳақда далолатнома тузинг. Иш берувчининг ихтиёрига кўра огоҳлантириш муддатининг ўрнига унга мутаносиб пуллик компенсация тўланиши мумкин. Огоҳлантириш муддатини пуллик компенсацияга алмаштириш учун ходимнинг розилиги талаб этилмайди .

6-қадам. Юқорида кўрсатилган таомиллар амалга оширилгандан кейин меҳнат вазифаларини мунтазам равишда бузганлиги учун ходим билан меҳнат муносабатларини бекор қилиш тўғрисида буйруқ чиқаринг, унда ишдан бўшатиш учун асос бўлган сабабларни кўрсатинг. Буйруқ нусхасини имзо қўйдириб ходимга беринг.

Охирги иш кунида меҳнат шартномаси бекор қилинишини ЯММТда рўйхатдан ўтказинг, ходимга ишдан бўшатиш тўғрисидаги ёзув қайд этилган қоғоз шаклидаги меҳнат дафтарчасини (мавжуд бўлган тақдирда), ишдан бўшатилиши тўғрисидаги буйруқ нусхасини беринг ҳамда ходим билан ҳисоб-китоб қилинг . Батафсил «Ишдан бўшатишни расмийлаштиришнинг умумий тартиби»да қаранг.

Мисол
Ходим раҳбариятнинг қонуний топшириғини бажаришни рад қилди

 

Кассир Раҳимова В. А. узрли сабабларсиз бевосита раҳбари – бош бухгалтер Газиева А. С.нинг ходимларга иш ҳақи бериш учун хизмат кўрсатувчи банкдан нақд пул маблағларини олиб келишга доир  топшириғини бажаришдан бош тортди. Бу мажбурият меҳнат шартномаси ва лавозим йўриқномасига мувофиқ унинг зиммасига юкланган. Газиева А. С. директор номига Раҳимова В. А. ўз меҳнат вазифаларини бажармаётганлиги ҳақида рапорт тузди. Раҳимова В. А. ўз хатти-ҳаракатлари сабабини ёзма равишда тушунтириш хатида кўрсатди, бироқ иш берувчи бу сабабларни узрли деб ҳисобламади.

Аввал Раҳимова В. А. ишга кечикканлиги учун интизомий жавобгарликка тортилган эди, бу ҳақда тегишли буйруқ мавжуд. Интизомий жазо чорасининг амал қилиш муддати ҳали тугамаган. Шу боисдан ташкилот раҳбари Раҳимова В. А.ни меҳнат вазифаларини мунтазам равишда бузганлиги учун ишдан бўшатишга қарор қилди.

Ташкилот касаба қўмитаси уюшмасига Раҳимова В. А.ни Меҳнат кодексининг 100-модда 2-қисм 3-бандига кўра ишдан бўшатишга розилик берилиши тўғрисидаги тақдимнома юборилди. Касаба қўмитаси уюшмаси раиси унинг ишдан бўшатилишига розилик билдирди, бу ҳақда йиғилиш баённомасидан кўчирмани тақдим этди. Иш берувчи учта ходим ҳозирлигида Раҳимова В. А.ни у билан тузилган меҳнат шартномаси 3 кундан кейин бекор қилиниши ҳақида огоҳлантирди, бу ҳақда далолатнома тузилди. Кўрсатилган муддатда тегишли буйруқ чиқарилди, ишдан бўшатиш ҳолати ЯММТда рўйхатдан ўтказилди, Раҳимова В. А.нинг қоғоз шаклидаги меҳнат дафтарчасига ишдан бўшатиш тўғрисидаги ёзув (сабаблар кўрсатилмаган ҳолда) киритилди. Меҳнат шартномаси бекор қилинадиган кунда унга ишдан бўшатилиши тўғрисидаги буйруқ, тўлдирилган қоғоз шаклидаги меҳнат дафтарчаси, электрон меҳнат дафтарчасидан кўчирма берилди ва у билан иш ҳақи бўйича ҳисоб-китоб амалга оширилди.

Меҳнат шартномасини бекор қилиш Меҳнат шартномасини бекор қилиш Меҳнат шартномасини бекор қилиш /publish/doc/text179816_mehnat_vazifalarini_muntazam_ravishda_buzgan_hodimni_ishdan_bushatish_tartibi