Огоҳлантириш муддатини ходимнинг розилигисиз пулли компенсация билан алмаштириш мумкинми

preview

«Ишлаб чиқариш ташкилотида қўл меҳнати автоматлаштирилиши  туфайли  ходимларни қисқартириш режалаштирилмоқда. Қисқартирилаётган ходимларга икки ой олдин огоҳлантириш берилди. Аммо раҳбар уларни тезроқ ишдан бўшатишни талаб қилмоқда, чунки янги технология аллақачон жорий этилмоқда ва бу ходимларни ишлаб чиқаришда ушлаб туришнинг маъноси йўқ. Биз уларни огоҳлантириш муддати тугашини кутмасдан, бунинг эвазига пулли компенсация тўлаб, ишдан бўшатишга ҳақлимизми? Бунга ходимларнинг розилиги талаб қилинадими?».

Саволга «Норма» эксперти, юрист Ленара ХИКМАТОВА жавоб берди:

 

–  Иш берувчи технологиянинг, ишлаб чиқариш ва меҳнатни ташкил этишнинг ўзгариши, ишлар (маҳсулот, хизматлар) ҳажмининг қисқаришига боғлиқ бўлган ташкилот ходимларининг сони ёки штати ўзгарганлиги муносабати билан ўзининг меҳнат шартномасини бекор қилиш нияти ҳақида ходимни камида икки ой олдин ёзма шаклда имзо қўйдириб огоҳлантириши шарт .

Бунда иш берувчи янги МК бўйича ходимнинг бунга рози ёки рози эмаслигидан қатъи назар, огоҳлантириш муддатини пулли компенсация билан алмаштиришга ҳақлидир. Бундан ташқари, ҳатто бутун огоҳлантириш муддатини ҳам пулли компенсация билан алмаштиришга йўл қўйилади, МК буни тақиқламайди. МКнинг аввалги таҳририда масала ходим ва иш берувчи ўртасидаги келишув асосида ҳал қилинган.


Таққослаш учун: меҳнат шартларини ходимнинг розилигисиз ўзгартириш тўғрисидаги огоҳлантириш муддати пулли компенсация билан алмаштирилган тақдирда иш берувчи ўз хоҳишига кўра бутун огоҳлантириш муддатини эмас, балки унинг икки ҳафтадан ортиқ бўлган муддатини пулли компенсация билан алмаштиришга ҳақли. Бунда ходимни огоҳлантириш пайтидан эътиборан икки ҳафталик огоҳлантириш муддати фақат ходимнинг розилиги билан пулли компенсация билан алмаштирилиши мумкин.

Эътибор беринг

Ходимга огоҳлантириш муддатига мутаносиб пулли компенсация тўлаш иш берувчини МКнинг 172-моддасига мувофиқ ходимга тегишли тўловларни тўлаш мажбуриятидан озод қилмайди. Бу ҳақда батафсил қуйидаги  мақолада ўқишингиз мумкин:

Шундай қилиб, кўриб чиқилаётган ҳолатда иш берувчи ходимнинг розилигисиз огоҳлантириш муддатини ўз хоҳишига кўра қисман ёки тўлиқ пулли компенсация билан алмаштириш ҳуқуқига эга. Аммо бунда штат қисқариши муносабати билан   ишдан бўшатилаётганда МК томонидан қўйиладиган қўшимча талаблар ҳақида унутмаслик керак. Хусусан:

  • иш берувчи ходимга унинг мутахассислиги ва малакасига мувофиқ келадиган бошқа ишни таклиф қилиши, бундай иш бўлмаган тақдирда эса ташкилотда мавжуд бўлган бошқа ишни таклиф этиши шарт .  Агар иш берувчида доимий хусусиятга эга иш мавжуд бўлмаса, бироқ муддатли меҳнат шартномаси бўйича бажарилиши мумкин бўлган иш мавжуд бўлса, иш берувчи ходимга шундай ишга ўтишни таклиф этиши шарт. Агар ходим рози бўлса,  уни муддатли меҳнат шартномаси бўйича бошқа ишга ўтказиш амалга оширилади . Агар ташкилотда бўш (вакант) ўринлар бўлмаса ёки ходим унга таклиф этилган бошқа ишга ўтишни рад этса, меҳнат шартномасини бекор қилишга йўл қўйилади ;
  • агар жамоа келишувида ёки жамоа шартномасида касаба уюшмаси қўмитаси ёки ходимларнинг бошқа вакиллик органининг розилигини олиш назарда тутилган бўлса, уларнинг розилигини олиш керак бўлади .