Таътил вақтида ишдан бўшаш мумкинми

preview

Бош бухгалтер таътил пайтида ишдан бўшашга қарор қилди ва дарҳол ўз хоҳишига кўра ишдан бўшаш ҳақида ариза ёзди. У таътилдан чиққанидан кейин белгиланган икки ҳафтани ишлаб бериши керакми? Саволга ҳуқуқий масалалар бўйича «Норма» экспертлари ҳуқуқшунос Aльберт САФИН ва адвокат Элеонора МАЗУРОВА жавоб берди:

 

– «Сиз таътилда ёки «касаллик таътилида» бўла туриб ҳам ишдан бўшаш учун ариза беришингиз мумкин. Сизни 2 ҳафталик огоҳлантириш муддати охирида, ҳатто бу муддат таътил ёки касаллик кунларига тўғри келган бўлса ҳам, ишдан бўшатишлари керак.

Меҳнат қонунчилиги ходимни ишдан бўшаш тўғрисида 2 ҳафта олдин огоҳлантиришга мажбур қилади, балки кенг тарқалганидек уларни «ишлаб беришни» эмас .

Огоҳлантириш муддати нафақат иш кунларини, балки барча календарь кунларини ҳам ўз ичига олади . Ходим меҳнат шартномасини бекор қилиш учун аризани исталган вақтда, шу жумладан вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик даврида, таътилда, хизмат сафарида ва ҳоказоларда  беришга ҳақли. Ушбу даврларнинг барчаси меҳнат шартномасини бекор қилиш тўғрисида огоҳлантириш муддатига киритилади 14.06.1999 й. 746-сонли Ички меҳнат тартибининг намунавий қоидалари .

Вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик ёки таътилда бўлган даврда меҳнат шартномасини иш берувчининг ташаббуси билан бекор қилишга йўл қўйилмайди .

Бундан ташқари, икки ҳафталик муддат меҳнат қонунчилигида белгиланган объектив сабабларга кўра қисқартирилиши мумкин . Айнан қуйидагиларда:

  • ўқув юртига қабул қилинганда;
  • пенсияга чиққанда;
  • сайлаб қўйиладиган лавозимга сайланганда;
  • доимий яшаш учун бошқа мамлакатга кетганда».