Ўриндош ходимни ишдан бўшатиш

preview

«Иш берувчи иш жойи асосий бўладиган ходимни қабул қилиш учун ўриндош ходим билан меҳнат шартномасини бекор қилди. Бироқ, кейинчалик яна янги ўриндош ходимни ишга қайта қабул қилди. Бу қонунийми?».

kadrovik.uz экспертлари иш берувчи хатога йўл қўйган деб ҳисоблайди:

 

–  Меҳнат кодексининг 100-модда 2-қисм 5-бандига мувофиқ, ўриндош билан меҳнат шартномаси бекор қилинишининг асосларидан бири ўриндошлик асосида ишламайдиган бошқа ходимнинг ишга қабул қилиниши саналади.  Агар бўшаган лавозимга кейинчалик ўриндош ходим қабул қилинса, ўриндош ходим билан меҳнат шартномасини кўрсатилган асос бўйича бекор қилиш ноқонуний ҳисобланади.

Иш берувчи учун бунинг оқибатлари

Бу вазиятда иш берувчи Меҳнат кодексининг 100-модда 2-қисм 5-банди бўйича ўриндош ходим билан меҳнат шартномасини бекор қилиш шартларини бузган. Агар ўриндош билан меҳнат шартномаси юқорида кўрсатилган асосга кўра бекор қилинган бўлса, унинг ўрнига бошқа ўриндош ишга қабул қилинган ҳолда ёхуд бўшаган лавозим бўш қолиб кетса (вакант), суд  меҳнат муносабатларининг бекор қилинишини  

ғайриқонуний деб тан олади . Ишдан бўшатилган ходим иш жойида тикланиши керак.

Бундай ҳуқуқбузарлик учун Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 49-моддаси бўйича масъул мансабдор шахслар (раҳбар ёки унинг муовини) жаримага тортилиши мумкин.

Шунингдпек, бу хато жиноий жавобгарликка олиб келиши мумкин. Жиноят кодексининг 148-модда 1-қисмига кўра, била туриб, ғайриқонуний равишда ишдан бўшатиш, шундай қилмишлар учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилса, БҲМнинг йигирма беш бараваригача миқдорда жарима ёки уч йилгача раҳбарлик лавозимларини эгаллаш  ҳуқуқидан маҳрум қилиш ёки уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланади

Иш берувчига ходимни иш жойида тиклаш ва етказилган зарарни қоплаш мажбурияти юклатилади:

мажбурий прогул вақти учун ҳақ тўлаш;

меҳнат шартномаси бекор қилинганлиги устидан шикоят қилиш билан боғлиқ қўшимча харажатлар (мутахассислардан маслаҳат олиш, иш юритиш учун кетган харажатлар ва бошқалар) учун компенсация тўлаш;

 маънавий зарар учун компенсация тўлаш, унинг миқдори иш берувчининг хатти-ҳаракатига берилган баҳони ҳисобга олиб, суд томонидан белгиланади (лекин бу миқдор ходимнинг ойлик иш ҳақидан кам бўлиши мумкин эмас) .

Иш судгача етиб бормаган бўлса, хато қандай тузатилади

1) Ишдан бўшатилган ўриндош ходимни собиқ иш жойида аввалги лавозимига тикланг.

2) Мажбурий прогул вақти учун ҳақ тўланг.

3) Келгусида у ишдан бўшатилганда, меҳнат шартномасини бекор қилишнинг умумий асосларига (ходимнинг  ишга мос эмаслиги ва ҳоказо) таянинг.