Қандай номзодларни ишга қабул қилиш керак

preview

«Ажойиб номзодни ишга олдим. Ишга қабул қилинаётганда мижозлар билан учрашувлар орқали савдони ўзлаштирмоқчи эканини айтди. Хурсанд бўлдим! Иш қидиришда камдан кам одам мақсадини бу қадар аниқ белгилайди. 10 ойдан кейин эса ариза берди: «Музокараларни ўзлаштирдим, энди мураккаброқ бошқа иш қидираман». Қабул пайтида мен у ҳар бир йил ёки бир ярим йилда иш жойини ўзгартиришига эътибор қаратган эдим, нима учун бундай қилишини сўраганимда, бу турли кўникмаларни ривожлантиришга имкон беришини айтган эди... Ўша пайтда буни ижобий жиҳат деб ҳисобладим ва натижа кутилмаган бўлди... бундай одамни «учар» деб айта олмайсиз, кўпроқ «асалари» таърифи мос тушади: у асал йиғади ва навбатдаги манзил томон учади... Ҳозир бундай учарларни ишга олиш керак эмас деб ўйлайман, менга иш давомида орттирган кўникмаларини рақобатчиларда эмас, компанияда қўллайдиган одамлар керак. Ишга қабул қилишда буни қандай аниқлаш мумкин?».

Саволга kadrovik.uz илтимосига кўра HR маслаҳатчи Ирина ШАКИРОВА жавоб берди:

Эътибор беринг
Муҳим тушунтиришларни ўтказиб юбормаслик учун ТГ-каналимизга обуна бўлинг! Унда барча янги ёки янгиланган мақолаларнинг анонсларини эълон қиламиз.

 

–  Ҳамкасблар, хат муаллифининг ҳикоясидан фойдаланиб, шунга ўхшаш ҳар хил турдаги номзодлар ҳақида гаплашамиз.

 

Агар номзод «учар» бўлса 

«Учар» – ишини тез-тез ўзгартирадиган одам. Бироқ бу далил  номзод сизнинг вакансиянгизга мос келмаслигини билдирмайди.

Иш жойини ўзгартириш сабаблари турлича бўлиши мумкин, уларни аниқлаш – номзоднинг резюмесини таҳлил қилиш, у билан суҳбатда гаплашиш, аввалги иш жойларидан тавсияларни текшириш керак.

Резюмеда у ўзгартирган ташкилотлар сонига эмас, балки энг аввало қайси лавозимдан қайсинисига ўтганига эътибор қаратинг. Бу сизга у карьерасини мақсадли равишда қурганми ёки «танловда адашгани»ми, кўрсатади.

Ҳар бир иш жойи бўйича суҳбат давомида қатъий равишда бир хил саволларни беринг:

Нега аввалги ишингиздан бўшагансиз?

Нега бошқа фирмани танладингиз?

Уларга жавоб бера туриб, номзод муқаррар равишда ўзининг ички кўрсатмасини намоён қилади. Сиз олинган маълумотлар ҳақида ўйлашингиз керак бўлади холос:

1) у аввалги иш жойлари, раҳбарият, ҳамкасблари ҳақида қандай фикрда;
2) кетиш учун қандай сабабларни айтди;
3) унинг умидлари ва сабаблари қандай эди;
4) унинг хатти-ҳаракатларининг қайси модели қайта-қайта такрорланмоқда.

Сизнинг вазифангиз исталмаган «учарлар»ни аниқлаш:

  • «Зиддиятли» қобилиятсиз раҳбарлар ва ҳамкасблар, аҳмоқона қоидалар, нодон мижозлар ҳақида гапиради, тажовузкорликни намойиш этади, эътироз билдиради, охиригача эшитмайди, ўзини оқлайди, бошқаларни айблайди.

Текшириш учун номзоддан сўнгги ярим йил ичида у иштирокчиси бўлган ишдаги бирор бир низо ҳақида гапириб беришини сўранг. Қуйидаги саволларни беринг:

Бу жанжалнинг сабаби нима?

Унда ким иштирок этган?

Ушбу низода номзоднинг ўрни қандай эди?

– Унинг фикрича, ким ҳақ, ким ноҳақ эди? Нима учун? Номзод қандай далилларни келтирмоқда?

Можаро қандай ҳал қилинди? Номзод ҳозир унга қандай баҳо бериши мумкин? Ушбу можародан янада конструктив чиқиш йўли бор эдими? Қандай?

  • «Maтериалист» ишини даромадини ошириш учун ўзгартиради. Уни на ажойиб жамоа, на қизиқарли топшириқлар билан ушлаб қололмайсиз. Агар у ҳозиргидан бир оз кўпроқ маош оладиган жой топса, дарҳол кетади.

Текшириш учун асосий сабаблар ва қадриятларни аниқлаш мақсадида ун саволлар беринг:

Одамларни янада самаралироқ ишлашга нима рағбатлантиради?

Нимага одам у ёки бу касбни танлайди?

Одамни ишдан кетишга нима ундаши мумкин?

Нима учун одамлар мартабага эришишга интилишади?

Агар «пул», «молия», «моддий рағбатлантириш» сўзлари бир неча бор ва биринчи ўринда янграса, бу номзод учун жуда муҳим.

 

Агар номзод «асалари» бўлса

Агар номзод зиддиятли ва жуда материалист бўлмаса, эҳтимол у... «асалари». Бундай ходимлар ҳам иш жойларини тез-тез ўзгартиради, аммо бошқа сабабларга кўра.

«Асаларилар» ҳам турли хил бўлади:

  • «Шуҳратпарастлар». Бундай одамлар «генерал бўлишни истамаган аскар аскар эмас» деган мақол бўйича яшашади. Бир жойда 2-3 йил ишлагандан сўнг улар одатдаги вазифалардан чарчашади. Бундай номзодлар бошқа компанияга ўтишни кўпроқ кўникма, масъулият, ваколатларга эга бўлиш ва иш жойидаги мураккаб ва қизиқарли вазифаларда иштирок этиш имконияти деб билишади. Улар учун мартаба ривожланиш, ўсиш, юқори натижаларга эришишни англатади, улар таъсир ва кучга интилишади.

Текшириш учун номзодга ўзи эгаллаб турган ҳозирги лавозими тўғрисида саволлар беринг:

 Нега айнан шу ишни танладингиз?

 Унда сизга кўпроқ нима ёқади?

 Нима ёқмайди?

Одатда «шуҳратпараст асалари»  жавобда «ўсиш», «ривожланиш», «қизиқиш», «имкониятлар», «ютуқ» сўзларини қўллашади.

Келажакка қаратилган саволлар беринг:

Яқин 3 йил ичида келажакдаги мавқеингизни қандай кўрасиз?

Бу вақт ичида нималарга эришишни истар эдингиз?

Жавобларни компаниянинг имкониятлари билан таққосланг. Шунда «асалари» сизнинг «уянгизда» қанча вақт қолиши тушунарли бўлади. Агар  бу одам сизга тўғри келишини тушунсангиз, тўғридан-тўғри шундай дейишингиз мумкин:

Сиз компанияда, айтайлик, 3 йил ишлашга тайёрмисиз? Сиз билан шундай оғзаки келишув тузиш мумкинми?

Жавобни тингланг.

  • «Ақллилар» ўз ишини билади, уни қандай йўлга қўйишни билади, лекин устунлик ҳисси раҳбарият ва ҳамкасблар билан яхши муносабатлар ўрнатишга тўсқинлик қилади.

Суҳбатда бундай номзод журъатсиз ҳамкасблари ёки қатъиятсиз раҳбардан шикоят қилади. Одатда бундай ходимлар жамоа томонидан рад этилганлиги сабабли ишдан бўшашади, аммо бу уларнинг бошларини баланд кўтариб кетишларига тўсқинлик қилмайди. Улар шу маънода «асаларилар»ки, қайта-қайта «янги гул устига қўниб», ниҳоят муносиб қадрланиши ва эътироф этилишидан умид қилишади.

Текшириш учун аввалги иш жойлари ҳақида сўранг:

Нега аввалги ишингиздан бўшадингиз?

Нега айнан шу ишни танладингиз?

Унда сизга кўпроқ нима ёқади? Нима ёқмайди?

Бу ерда ҳам  зиддиятга оид саволлар ўринли бўлади.

 

Аввалги иш берувчи бизга қандай ёрдам бериши мумкин

Номзодларни баҳолашнинг яна бир воситаси – аввалги иш берувчиларнинг тавсиялари. Номзод ҳақидаги ҳар қандай маълумотни текшириш керак.

Энг яхши вариант – аввалги барча иш жойларини текшириш ва аввалги иш берувчилар билан қисқа суҳбат. Бу айниқса агар сиз Y авлодини (миллениумлар) ёллаётган бўлсангиз, долзарб, чунки уларда ишни тез-тез ўзгартириш урфда.

Бундай текширувни бошлашдан аввал:

1) номзодни бўлажак текширув ва сохта ёки қалбаки ҳужжат топилса, танлаш жараёнини бекор қилиш ҳуқуқингиз ҳақида огоҳлантиринг;

2) номзоддан шахсий маълумотларини қайта ишлаш учун ёзма рухсат олинг;

3) номзод ёки ходим томонидан тақдим этилган маълумотларни тасдиқлаш, агар сизга фақат уларнинг ҳақиқийлигини аниқлаш керак бўлса, оғзаки шаклда олиниши мумкин.

Ҳар қандай ҳолатда номзоднинг аввалги иш жойи бўйича меҳнат фаолиятини текшириш фойдали бўлади ва уни ўзи ҳақида нотўғри ёки тўлиқ бўлмаган маълумот беришдан қайтариши мумкин.

Бундай текширув сизга тўғри қарор қабул қилиш ва бизнесингизни салбий оқибатлардан ҳимоя қилиш имконини беради.

Суриштириш учун 5-10 дақиқа вақт кетади. Қўнғироқ қилган одамдан унинг собиқ ходими масаласида гаплашиш учун 10 дақиқа вақт ажратиш қулай-ноқулайлигини сўранг. Агар унга гапириш ноқулай бўлса, ушбу масала бўйича у билан қачон боғланишингиз мумкинлигини аниқлаштиринг. Белгиланган вақтда албатта қўнғироқ қилишни унутманг.

Биринчи галда номзоднинг бевосита раҳбари билан мулоқот қилиш керак, чунки у собиқ ходимнинг меҳнати натижаларини ҳаммадан кўра яхшироқ билади. Шунинг учун сиз мулоқот қилаётган одам номзоднинг собиқ раҳбари эканига аниқлик киритишни унутманг.

Номзоддан раҳбарнинг мобил рақамини эмас, балки компаниянинг ишлайдиган шаҳар рақамини сўраган маъқул. Агар сизнинг қўнғироғингизга котиб жавоб берса ва раҳбар билан боғлаб берган бўлса, бу сизнинг ҳақиқатда мавжуд компанияга қўнғироқ қилганингизнинг кафолатидир.

Қуйидаги саволларни беринг:

Номзод (аризачи) ҳақиқатан ҳам у ерда ишлаганми, қайси лавозимда, неча йил давомида, қандай вазифаларни бажарган?

Номзодда охирги иш жойида аниқ натижалар бўлганми? Қандай? Қайси  лойиҳалар устида ишлаган, ўзини қандай кўрсатган? Унинг олдига қандай вазифалар қўйилган?

Собиқ раҳбар номзоднинг касбий билим ва кўникмаларини қандай баҳолайди?

Номзоднинг кучли томонлари нимада,

собиқ раҳбарнинг фикрига кўра, у нимани яхшилаши керак?

Ишга жалб қилинганлик даражаси қандай эди? Мустақиллик даражасичи?

Кетиш сабаблари қандай?

Собиқ раҳбар номзоднинг интизомини қандай баҳолайди? Узрли сабабларсиз прогул ёки кечикишлар бўлганми?

Суҳбат охирида номзодни 10 баллик шкала бўйича баҳолашни сўраш мумкин (1 балл – жуда ёмон, 10 балл – жуда яхши). Жавобга эътибор беринг. Номзоднинг ишини баҳолаш раҳбарнинг олдинги жавобларига мос келмаслиги ҳам мумкин.

Масалан, аввалги барча жавоблар натижасида номзоднинг мукаммал портрети чизилган, шу билан бирга унинг иши 5 баллга баҳоланган. Бу нима билан боғлиқлигини сўраш керак. Эҳтимол, номзоднинг барча афзалликларига қарамай, у вазифаларни мустақил равишда бажара олмаган ва доимо ёрдамга муҳтож бўлгандир?

Бошқа томондан, гарчи бундан олдин иш берувчи камчиликлар ҳақида кўп гапирганига қарамай, номзоднинг иши 10 баллга баҳоланиши мумкин. Нима учун айнан бундай баҳо қўйилганини ҳам сўраш лозим.

Барча жавобларни солиштиринг ва олинган ҳамма маълумотларга асосида ушбу номзод билан ишни давом эттириш-эттирмаслик тўғрисида қарор қабул қилинг.

Эътибор беринг

Сизни «Ходимларни излаш ва саралаш» масофавий курсига таклиф қиламиз. Долзарб мавзуларни танланг ва уларни ўзингизга қулай вақтда ўрганинг!