Чет эл фуқаросини ЯММТда рўйхатдан ўтказишда нимага 110 кодли хато чиқади

preview

«Чет эл фуқароси Ўзбекистонда биринчи марта ишга жойлашмоқда. Уни ЯММТда рўйхатдан ўтказишда 110 коди билан хато чиқяпти. Нима қилиш керак?».

kadrovik.uz илтимосига кўра вазиятни ЯММТ ИДАК бошқарув бўлими бошлиғи Зарнигор Абдураҳмонова изоҳлади:

 

– Ушбу хато ходимнинг ЖШШИР рақами билан боғлиқ.

Жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақами (ЖШШИР) барча давлат, банк, ижтимоий ва бошқа хизматларни кўрсатишда фуқаронинг шахсини тасдиқловчи ягона идентификатор саналади. Шу жумладан, давлат органлари ЖШШИР бўйича Ўзбекистонда яшаш ҳуқуқига эга бўлган чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг шахсини аниқлашади.

ЯММТ тизими жисмоний шахснинг барча маълумотларини (тўлиқ исми, туғилган санаси ва бошқалар) шахснинг ЖШШИРи бўйича Жисмоний шахсларнинг марказий маълумотлар базасидан (Давлат персоналлаштириш маркази) олади.

ЖШШИР чет эл фуқаролари ва яшаш ҳуқуқига эга фуқаролиги бўлмаган шахсларга (ИР ва БГ серияли паспортлар) давлат хизматлари марказлари ёки миграция ва ички ишлар бошқармасининг фуқароликни расмийлаштириш бўлимлари томонидан жисмоний шахс вақтинча рўйхатдан ўтган ёки доимий яшаш жойида берилади. Агар ЖШШИР рақами жисмоний шахс томонидан белгиланган тартибда олинган бўлса, уни тизимда рўйхатдан ўтказишда хато юзага келмаслиги керак.

Агар муаммо ҳал этилмаса, бизнинг ТГ гуруҳимизга ёки (+998) 71 200-70-30 телефон рақами орқали мурожаат қилинг.

Эътибор беринг
Агар чет эл фуқароси ёки фуқаролиги бўлмаган шахсда ID-карта бўлса, унинг ЖШШИРни картанинг орқа томонида топиш мумкин. Бундай ҳолда ЖШШИР рақамини алоҳида олишнинг ҳожати йўқ.