my.mehnat.uz сайтида «объективка»га тузатишлар киритиш тартиби

preview

Ходим илтимосига кўра my.mehnat.uz сайтидан объективка чоп этишга қарор қилдик. Аммо ундаги маълумотлар нотўғри экан. Уларни қандай тўғирлаш мумкин?

kadrovik.uz илтимосига кўра ушбу саволга жавобни «ЯММТ» ИДАК мутахассиси Зарнигор Абдурахмонова берди:

 

–  “Паспорт маълумотлари” ва “прописка” устунлари “Маълумотларни янгилаш” функцияси ёрдамида янгиланади, биз бу ҳақда “Ходим ID карта олган ёки яшаш манзилини ўзгартирган ҳолатда my.mehnat.uz сайтидаги маълумотларни қандай ўзгартириш мумкин” номли йўриқномада ёритганмиз.

“Туғилган жойи”, “миллати”, “яшаш манзили” устунлари Жисмоний шахсларнинг марказий маълумотлар базаси асосида автомат тарзда тўлдирилади. Нотўғри маълумотлар кўрсатилган ҳолларда «ЯММТ» ИДАК маъмуриятига мурожаат этиш зарур.

my.mehnat.uz фойдаланувчиси шунингдек «Тилларни билиш», «телефон», «e-mail» устунларидаги маълумотларни янгилаши мумкин. Бунинг учун тегишли устунларда жойлашган махсус тугмалардан фойдаланиш лозим. Ушбу маълумотларни янгилаб туриш ходим учун фойдалидир. Тегишли ўзгартиришларни у my.mehnat.uz сайтидаги шахсий кабинетига кириб, мустақил равишда киритиши мумкин.

Партиявийлик тўғрисидаги маълумотларни my.mehnat.uz сайти партиялардан олади. Маълумотлар алмашинуви ҳам автомат тарзда амалга оширилади. Баъзан шундай ҳоллар учраб турадики, объективкада ходимнинг бир партия аъзоси эканлиги кўрсатилган, аммо унинг ўзи бошқа партия аъзоси эканлигини ёки ҳеч қайси партияга аъзо эмаслигини таъкидлайди. Бундай ҳолларда ходим партиянинг ижрочи органига мурожаат қилиб, маълумотларни тузатишларини талаб этиши мумкин. Партия маълумотлар базасига ўзгартириш киритганидан сўнг my.mehnat.uz сайтида “партиявийлиги” устунидаги маълумотлар ҳам ўзгаради.

“Маълумоти”, “мутахассислиги”, “илмий даражаси”, “академик унвони” устунлари олий маълумот тўғрисидаги дипломлар, илмий даража ҳақидаги сертификатлар, шунингдек Таълим сифатини назорат қилиш Давлат инспекцияси, Олий аттестация комиссияси ва олий ўқув юртлари томонидан тузилган хорижий таълим муассасасида олинган олий маълумот ва илмий даража тўғрисидаги ҳужжатларнинг тан олинганлиги ҳақидаги гувоҳномалар берилган жисмоний шахслар маълумотлари электрон база асосида тўлдирилади.

Шуни эътиборга олингки, маълумотлар базасини шакллантириш давом этмоқда, шунинг учун баъзи ходимларнинг айрим устунларда “йўқ” белгиси қўйилган бўлиши мумкин. Номувофиқлик ва хатолар учраса, батафсил маслаҳат олиш учун ЯММТ маъмуриятига мурожаат этинг.

 “Давлат мукофотлари”, “Депутатлилиги”, “Малакали амалдор” устунлари ҳали ишлаб чиқиш жараёнида, улар бўйича маълумотлар қўшимча келтирилади.

Қўшимча маълумот ва техник қўллаб-қувватлаш Телеграм ёки қуйидаги телефон рақами орқали тақдим этилади: (71) 200-70-30».