Директор жазога ҳукм қилинган бўлса…

preview

Директор суд ҳукми билан ЖК 45-моддаси бўйича – раҳбарлик лавозимини эгаллаш ҳуқуқидан 2 йил муддатга маҳрум қилинган ҳолда жиноят содир этганликда айбдор деб топилди. Шу билан бирга у ўзи билан ҳисоб-китоб қилишларини ва ишдан бўшатиш нафақасини, шунингдек фойдаланилмаган меҳнат таътиллари учун маблағларни тўлашларини ёзма равишда талаб қилди. Бундай вазиятда бухгалтер нима қилиши керак? 

Buxgalter.uz тушунтириш беради:


– Бундай ҳолда аввало меҳнат шартномасини бекор қилиш учун асосни тўғри танлаш лозим.


Маҳкум қайси модда бўйича ишдан бўшатилади?

Жиноят кодексининг 45-моддасига мувофиқ, шахсни муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш суд тайинлаган муддат давомида айбдорнинг корхоналар, муассасалар ёки ташкилотларда у ёки бу мансабни эгаллашини ёхуд у ёки бу фаолият билан шуғулланишини тақиқлашдан иборатдир. Ана шундай мансаб ёки фаолиятнинг тури суд томонидан айблов ҳукмида кўрсатилади.

Муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш айбдорнинг мансаби ёки иш фаолияти билан бевосита боғлиқ бўлган жиноятни содир этганлиги учун асосий жазо тариқасида тайинланганда – 1 йилдан 5 йилгача муддатга, қўшимча жазо тариқасида тайинланганда – 1 йилдан 3 йилгача муддатга белгиланади.

Бундай жазо тайинланган бўлса, ҳукм қонуний кучга кирганидан кейин ходим билан тузилган меҳнат шартномасини тарафлар ихтиёрига боғлиқ бўлмаган ҳолатлар бўйича, яъни МК 106-моддаси 3-бандига мувофиқ бекор қилиш керак.


Ҳукм қачон кучга киради?

Ҳукм унинг устидан апелляция шикояти бериш ва протест билдириш муддати ўтиши билан қонуний кучга киради.

Биринчи инстанция судининг ҳукми устидан апелляция шикоятлари ва протестлари ҳукм эълон қилинган кундан ёки маҳкумга унинг нусхаси топширилган кундан эътиборан 10 сутка ичида берилиши мумкин . Яъни ушбу муддат ичида апелляция берилмаса, ҳукм кучга киради ва тегишинча, меҳнат шартномасини бекор қилиш мумкин бўлади.

Апелляция шикояти берилган ёки протест билдирилган тақдирда ҳукм, агар у бекор қилинмаган бўлса, ишни юқори суд кўриб чиққан куни қонуний кучга киради .

Маҳкумлар икки ва ундан ортиқ бўлган тақдирда эса, башарти шулардан лоақал бирига нисбатан апелляция берилган бўлса, юқори суд ишни кўриб чиққунига қадар маҳкумларнинг ҳаммасига нисбатан ҳукм қонуний кучга кирмай туради


Жиноий жазоларнинг ҳаммаси ҳам ишдан бўшатиш учун асос бўлавермайди

Иш берувчининг МК 106-моддаси 3-банди бўйича меҳнат шартномасини бекор қилиш мажбурияти жиноий жазо чорасига боғлиқ. Суд томонидан тайинланган жазо маҳкумнинг аввалги ишини давом эттириш имкониятини истисно этган тақдирдагина (озодликдан маҳрум қилиш, меҳнат фаолиятини амалга ошириш жойидан ташқарида ахлоқ тузатиш ишлари, муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш ва ҳ.к.) ходимни ишдан бўшатиш мумкин.

Бошқа тарафдан, жарима ёки муайян ҳуқуқдан маҳрум этмаган ҳолда тайинланган шартли жазо ходимга ўша корхонада ишини давом эттириш ва аввалги лавозимини эгаллаш имконини бериши мумкин.

Амалиётнинг кўрсатишича, МК 106-моддаси 3-банди бўйича ишдан бўшатиш баъзан ташкилот манфаатларига зид бўлади, айниқса ходим юқори малакали бўлса. Бунинг бир жиҳати бор: кучга кирган суд ҳукми, бир томондан, иш берувчини (мол-мулк эгасини) ходим билан тузилган меҳнат шартномасини бекор қилишга мажбур этса ҳам, бошқа томондан, ушбу ходимни, қамоққа олинмаган бўлса, албатта унинг розилигига кўра худди шу корхонадаги суд ҳукми билан тақиқланмаган бошқа ишга жойлаш ҳуқуқидан маҳрум қилмайди.


МК 106-моддаси 3-банди бўйича ишдан бўшатиш «қанчага тушади»?

Муайян мансабни эгаллаш ҳуқуқидан маҳрум қилинган ходим у билан ҳисоб-китоб қилишларини, фойдаланилмаган меҳнат таътиллари учун тўловларни ва ишдан бўшатиш нафақасини тўлашларини талаб қилди, дейлик.

Ишдан бўшатилаётган ходим билан ҳисоблашиш – иш берувчининг мажбурияти. У ходимга бутун ишлаган вақти учун иш ҳақи ва фойдаланилмаган таътил кунлари учун компенсация тўлаши шарт. Шу тариқа, талабларнинг бу қисмида ходим ҳақли. Иш берувчи ўзининг молиявий ҳолатидан қатъи назар, ходимга бажарган иши учун ҳақни белгиланган меҳнат ҳақи шартларига мувофиқ тўлаши шарт . Бундан ташқари, меҳнат шартномаси бекор қилинганда иш берувчи ходимга фойдаланилмаган барча йиллик асосий ва қўшимча таътиллар учун пуллик компенсация тўлаши шарт .

Ишдан бўшатиш нафақасига келсак – МК 106-моддаси 3-банди бўйича ишдан бўшатишда у тўланмайди. Бу МК 109-моддасидан келиб чиқади, унда мазкур тўловни тўлаган ҳолда меҳнат шартномасини бекор қилиш учун асосларнинг батафсил рўйхати келтирилган.


Ленара ХИКМАТОВА,

меҳнатга оид ҳуқуқ масалалари бўйича «Норма» эксперти.