Қачон ходим вақтинча бошқа ишга ўтказишни талаб қилишга ҳақли
Ишлаб чиқариш цехида ишлайдиган ҳомиладор ходима «декрет»га чиққунига қадар енгилроқ ишга ўтказишни талаб қилаяпти. Бироқ корхонада бундай бўш лавозимлар мавжуд эмас. Мазкур ҳолатда ҳамда ходимлар вақтинча бошқа ишга ўтказишни талаб қилган бошқа ҳолатларда қандай йўл тутиш керак?
Саволларга «Норма» компаниясининг меҳнат ҳуқуқи бўйича эксперти Ленара ХИКМАТОВА жавоб берди:
– МКнинг 93-моддасида белгиланган умумий қоидага кўра, ходим билан иш берувчи ўртасидаги келишув бўйича вақтинча бошқа ишга ўтказишга йўл қўйилади. Бошқа ишга ўтказиш муддати тугагач, иш берувчи ходимга унинг аввалги ишини бериши шарт. Бироқ айрим ҳолатларда томонларнинг тегишли розилиги олинмаган ҳолда вақтинча бошқа ишга ўтказиш мумкин. Ходим узрли сабаблар мавжуд бўлганда, вақтинча бошқа ишга ўтказишни талаб қилишга ҳақли бўлади, иш берувчи эса ушбу талабни қаноатлантириши керак .
Иш берувчи қуйидагиларни вақтинча бошқа ишга ўтказиши шарт ҳисобланади:
- ходимнинг соғлиги ҳолатига кўра;
- ҳомиладор ходималарни;
- 2 ёшгача боласи бўлган аёлларни;
- локал тартибда белгиланган узрли сабаблар мавжуд бўлганда, ходимнинг илтимосига биноан.
Ходимни соғлиги ҳолатига кўра вақтинча бошқа ишга ўтказиш
Соғлиги ҳолатига кўра енгилроқ ёки ноқулай ишлаб чиқариш омилларининг таъсиридан ҳоли бўлган ишга ўтказишга муҳтож ходимларни иш берувчи, уларнинг розилиги билан , тиббий хулосага мувофиқ вақтинча ёки муддатини чекламай, ана шундай ишларга ўтказиши шарт . Бунда ходим камроқ ҳақ тўланадиган ишга ўтказилганда, шундай ишга ўтказилган кунидан бошлаб 2 ҳафта мобайнида ходимларнинг аввалги ўртача ойлик иш ҳақи сақланади
