Пригодится каждому кадровику в декабре:
Агар бухгалтер Covid-19 билан касалланган бўлса, бухгалтерия ҳисобини йўқотмасликнинг 5 та усули
Бош бухгалтер - ҳар қандай корхона учун аҳамиятли шахс, унинг тасарруфида бухгалтерия, солиқ, бошқарув ҳужжатлари, барча турдаги ҳужжатлар, ҳисобот ва ҳ.к.ни яратиш. Бош бухгалтер узоқ вақт мобайнида бўлмаганда ҳужжатларни расмийлаштириш, ЭҲФни жўнатиш, ДСИ билан ҳамкорликда муаммолар юзага келади. Агар бош бухгалтер жиддий ва узоқ муддатга “касаллик таътили”га чиқса, нима қилиш керак?
Агар бош бухгалтерда - Covid-19 бўлса, “касаллик варақалари” Давлат ижтимоий суғуртаси бўйича нафақалар тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисида 1136-сон низомнинг 26-28-бандларига мувофиқ умумий қоидалар бўйича расмийлаштирилиши ва тўланишидан бошлаймиз. Covid-19 да касаллик варақалари бўйича ҳақ тўлаш миқдорлари ҳақида биз бу ерда батафсил ёзганмиз.
Бош бухгалтер функциялари кимга берилади
Энг содда вариант - бош бухгалтернинг ўринбосари бўлса ва унинг лавозим функцияларига у ишда бўлмаганида раҳбарнинг ўрнини босиш функциялари (шу жумладан - имзо қўйиш ҳуқуқи) киритилган бўлса. Агар ўринбосарлар бир неча нафар бўлса, аниқ шахсни тайинлаш тўғрисида буйруқ чиқаринг. Ўринбосар зиммасига бош бухгалтер вазифаларини юклаш тўғрисида қўшимча буйруқ чиқариш шарт эмас, агар:
- ўринбосарнинг лавозим вазифалари бош бухгалтер ҳозир бўлмаган вақтда (таътил, “касаллик таътили”, хизмат сафари ва ҳ.к.) у томондан унинг вазифаларининг бажарилишини назарда тутса;
- корхонанинг локал ҳужжати билан ўринбосарга иккинчи имзо ваколати берилган бўлса ва унинг имзоси намунаси хизмат кўрсатувчи банкда мавжуд бўлса.
Акс ҳолда буйруқ чиқаришни, унда бош бухгалтернинг бетоблиги даврида вазифалари кимнинг зиммасига ва қандай шартларда юкланишини кўрсатишни тавсия қиламиз. Шунингдек, ушбу буйруқ ходимга қўшимча ҳақ тўлашга, агар у назарда тутилган бўлса, ва хизмат кўрсатувчи банкда имзо намунасини расмийлаштириш учун асос бўлади.
Мисол учун, бюджет ташкилотларида, агар бир неча лавозимда ишлаш асосий иш бўйича меҳнат вазифаларига кирса, бир неча касб ва лавозимда ишлаганлик учун қўшимча ҳақ тўланмайди .
Буйруқ ва қабул қилиш ва топшириш далолатномаси асосида ўринбосарга ЭРИ, муҳрлар, штамплар ва ҳ.к.ни топшириш мумкин.
Агар ўринбосарлар бўлмаса
Агар бухгалтерия ҳужжатларининг ҳажми унча катта бўлмаса ва ўринбосар мавжуд бўлмаса, бош бухгалтер вазифаларини бажариш учун ташкилотнинг бошқа ходимлари жумласидан шахс тайинланиши мумкин. Иш берувчи вақтинча ҳозир бўлмаган ходимни қуйидаги бешта усул орқали алмаштиришга ҳақли:
1-усул. Амалдаги ходимлардан бирини асосий ишдан бўшатган ҳолда вақтинча бош бухгалтер лавозимига ўтказинг.
Вақтинча ўтказиш муддати тугагач, иш берувчи ходимни аввалги ишига қайтариши шарт.
Ўтказишни унинг муддатини кўрсатган ҳолда буйруқ билан расмийлаштиринг . Меҳнат шартномасига ўзгартиришлар киритиш тўғрисидаги келишув қилманг, сабаби унда вақтинча ўтказиш акс эттирилмайди . Шунингдек, вақтинча ўтказиш тўғрисидаги маълумотлар ҳам меҳнат дафтарчасига киритилмайди.
Ўтказилган ходимнинг меҳнатига бажараётган ишига қараб, лекин аввалги ўртача иш ҳақидан кам бўлмаган миқдорда иш ҳақи тўланг .
2-усул. Ташкилотнинг амалдаги ходимларидан бирига унинг ёзма равишдаги розилиги билан бир неча лавозимда ишлаш йўли билан бош бухгалтер вазифаларини юкланг.
Ходим томонидан меҳнат шартномасида кўрсатилган ўзининг асосий иши билан бир қаторда айни шу ташкилотда асосий касб ва лавозим бўйича бошқа касб ва лавозимдаги қўшимча ишни бажариш бир неча касбда ва лавозимда ишлаш ҳисобланади .
Ходим билан меҳнат шартномасига қўшимча келишув тузинг, унинг асосида эса бир неча лавозимда ишлаш тўғрисида буйруқ чиқаринг. Қўшимча келишувда қуйидагиларни ёзинг:
- топширилаётган ишнинг ҳажми ва мазмуни;
- ходим уни бажарадиган муддат;
- қўшимча ҳақ миқдори (томонлар келишувига биноан).
3-усул. Ташкилотнинг амалдаги ходимларидан бири билан унинг розилиги билан ўриндошлик асосида муддатли меҳнат шартномаси тузинг.
Ходимнинг ўзининг асосий ишини бажаришидан ташқари асосий ишидан бўш вақтида бошқа ишни бажариши ўриндошлик деб эътироф этилади .
Ходим билан ички ўриндошлик асосида ишлаш тўғрисида меҳнат шартномасини тузинг. Унда қуйидагиларни кўрсатинг:
- лавозим вазифалари;
- иш вақти режими.
4-усул. Бош бухгалтер узоқ муддат бўлмаганда ушбу даврга ишга четдан бошқа мутахассисни қабул қилинг.
У билан асосий ходим чиққунга қадар муддатли меҳнат шартномаси тузинг.
5-усул. Текширилган аутсорсинг ташкилоти билан шартнома тузинг.
Аутсорсинг ташкилотини танлашда нимани инобатга олиш, шунингдек бухгалтерлик хизматлари аутсорсингининг ижобий ва салбий жиҳатлари ҳақида биз бу ерда ва бу ерда ёзганмиз.
Виктория БЕЗГИНА