Пригодится каждому кадровику в сентябре:
Бола парвариши таътилида бўлган ходимнинг ўрнига муддатли шартнома асосида ишга олиш
Ташкилот асосий ходим ҳомиладорлик ва туғиш таътилида, кейинчалик эса бола 3 ёшга тўлгунга қадар парваришлаш таътилида бўлган вақтга мўлжаллаб бошқа ходимни ишга қабул қилди. Ушбу шартни меҳнат дафтарчасида кўрсатиш керакми?
Меҳнат кодексининг 75-моддасига биноан меҳнат шартномаси Меҳнат кодексига мувофиқ иш жойи сақланиши лозим бўлган, вақтинча ишда бўлмаган ходимнинг вазифаларини бажариш вақтига мўлжаллаб тузилиши мумкин. Бундай меҳнат шартномаси муддатли меҳнат шартномасининг бир тури ҳисобланади. У ёзма шаклда, ходим асосий ходим ҳомиладорлик ва туғиш таътилида бўлган даврга мўлжаллаб қабул қилинаётганлиги тўғрисидаги мажбурий шарт билан тузилади. Меҳнат шартномаси белгиланган тартибда тузилгандан сўнг ишга қабул қилиш иш берувчининг буйруғи (фармойиши) билан расмийлаштирилади.
Буйруқ (фармойиш) ходимга эълон қилиниб, тилхат олинади (Меҳнат кодексининг 82-моддаси бешинчи қисми).
Иш жойи (лавозими) сақланиши лозим бўлган ходимнинг ишда бўлмаган вақтига мўлжаллаб тузилган меҳнат шартномаси шу ходим ишга қайтган кундан эътиборан бекор қилинади (Меҳнат кодексининг 105-моддаси учинчи қисми).
Фикримизча, ишга қабул қилинаётган шахснинг меҳнат дафтарчасини тўлдиришда 3-устунга ишга қабул қилиш тўғрисида шундай ёзув киритилиши лозим: “________________ (цех, бўлим)га ________________ лавозимига вақтинча ишда бўлмаган ходимнинг вазифаларини бажариш вақтига мўлжаллаб қабул қилинди”.
Ходим туғруққача ва туғруқдан кейинги таътил вақтига мўлжаллаб қабул қилинаётганлигини ҳисобга олиб, буйруқда ҳам ҳомиладорлик ва туғиш таътилида бўлган ходиманинг меҳнат вазифаларини бажариш вақти кўрсатилиши зарур. Худди шуни меҳнат дафтарчасида ҳам кўрсатиш керак. Ходимага болани 3 ёшга тўлгунга қадар парваришлаш таътили расмийлаштирилгандан сўнг вақтинча ходим билан бу даврга меҳнат шартномасини узайтириш тўғрисида буйруқ тузиш керак. Шундан сўнг меҳнат дафтарчасига меҳнат шартномаси асосий ходим болани 3 ёшга тўлгунга қадар парваришлаш таътилида бўлган даврга узайтирилганлиги тўғрисида ёзув киритилади.