Пригодится каждому кадровику в ноябре:
Бувига «декрет» қандай расмийлаштирилади
Яқинда буви бўлган ходима боланинг онаси юқори маошли ишидан айрилмаслик учун ишига қайтиши муносабати билан унга бола парваришлаш таътили беришларини сўради. Оила кенгашида чақалоққа бувиси қараши ҳақида келишиб олинди.
Иш берувчи унга шундай таътилни беришга мажбурми? Бу саволга kadrovik.uz учун махсус «Норма» эксперти Ленара Ҳикматова жавоб беради:
Аввало, кадрлар бўлими ходимлари қўллайдиган “декрет таътили” ёки “декрет” иборалари сўзлашув услубига оидлигини айтиб ўтиш жоиз. Меҳнат қонунчилигида бундай гап йўқ. Аслида, ҳомиладорлик ва бола туғиш билан боғлиқ таътиллар қуйидагича номланади:
1) ҳомиладорлик ва туғиш таътиллари ҳомиладорликнинг 30 ҳафталигидан бошлаб 126 календарь кун муддатга меҳнатга лаёқатсизлик варақаси асосида берилади ;
2) болаларни парваришлаш таътиллари бола 2 ёшга тўлгунга қадар парваришлаш таътили (нобюджет ташкилотлар томонидан ушбу давр учун нафақа тўланган ҳолда) ва бола 3 ёшга тўлгунга қадар қўшимча ҳақ тўланмайдиган таътилга бўлинади.
Бола парваришлаш таътили ходиманинг истагига кўра ёзма аризаси асосида берилади. Шу боис ходим туғруқдан сўнг “парваришлаш” таътилига чиқишни истамаса, бу унинг ҳуқуқи. У меҳнатга лаёқатсизлик варақасида қайд этилган ҳомиладорлик ва туғиш муддати таътили тугагандан сўнг ишга қайтиши мумкин.
Бола парваришлаш таътилидан ким фойдаланиши мумкин
Бола парваришлаш таътилидан унга чиндан ҳам қараётган бошқа қариндошлар – ота, буви ва бошқалар фойдаланиши мумкин . Иш берувчи уларга бу таътилни беришни рад этишга ҳақли эмас.
Оила кодексининг 57- моддасига асосан, бир умумий учинчи шахсдан (аждоддан) келиб чиққан шахслар қариндошлар ҳисобланади. Тўғри шажара бўйича қариндошлар – бу болалар, ота оналар, набиралар, бобо/буви ва ҳ.к.
Ён шажара бўйича қариндошлар – ака/сингил, уларнинг фарзандлари, ота ва онанинг ака/сингиллари, уларнинг болалари, бобо-бувининг ака/сингиллари, уларнинг болалари ва ҳ.к.
Кўриб турибмизки, бола парваришлаш таътилини олишга ҳақли бўлган қариндошлар доираси кенг. Бу, масалан, амакивачча ёки ҳатто хола ҳам бўлиши мумикн. Аммо, юқорида келтирилган “қариндош” сўзининг талқинига амал қилсак, яқин, аммо қариндошлик ришталари билан боғланмаган шахслар таътилни расмийлаштира олмайди. Масалан, ўгай буви ўгай қизининг (асраб олинмаган) боласига қараш учун бу таътилдан фойдалана олмайди.
Бола парваришлаш таътили қариндошга қандай расмийлаштирилади
Агар ходим набирасини парваришлаш таътилига чиқмоқчи бўлса, ундан тегишли аризани олинг. У ихтиёрий шаклда ёзилади ва қуйидаги мазмунда бўлиши мумкин: «Менга набирам (боланинг Ф.И.О. ва туғилган санаси кўрсатилади) 2 ёшга тўлгунга қадар бола парваришлаш таътилини беришингизни сўрайман».
Қонунда қариндошга бола парваришлаш таътилини расмийлаштириш учун илова қилинадиган ҳужжатлар рўйхати белгиланмаган. Аммо бу аризадан бошқа ҳужжат талаб қилинмаслигини билдирмайди. Негаки иш берувчи бола ҳақиқатда туғилгани, ота-онаси таътилни ўз номига расмийлаштирмаганига амин бўлиши керак. Шунинг учун кадрлар хизмати ходими ариза берувчидан:
1) қаров амалга ошириладиган боланинг туғилганлик ҳақидаги гувоҳномасини;
2) болага қариндошлик даражасини тасдиқлайдиган ҳужжатни (кўрилаётган мисолда ариза берувчи қизининг туғилганлик ҳақидаги гувоҳномасини);
3) боланинг ота-онаси иш жойидан бола парваришлаш таътили берилмагани тўғрисида маълумотномани сўраши керак.
Кадрлар бўлими ходими мазкур ҳужжатларнинг асл нусхаси билан танишиши, улардан нусха олиши ва ходимнинг шахсий ишига қўшиб қўйиши керак. Сўнг мазкур ҳужжатлар ва ходиманинг аризаси асосида бола парваришлаш таътилини бериш тўғрисида буйруқ расмийлаштирилади.