Пригодится каждому кадровику в декабре:
Иш берувчи ходим туфайли жаримага тортилди, зарарни қандай ундириш керак
Ходим-ҳайдовчи иш берувчининг транспорт воситасини бошқариб, бир неча бор йўл ҳаракати қоидаларини бузган. Бунинг учун иш берувчига жами 2 497 минг сўм миқдорида маъмурий жарима қўлланилди.
Ходим билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилинган. Иш берувчи судга даъво аризаси билан ходимнинг меҳнат фаолияти давомида етказилган жарималар кўринишидаги зарар миқдорини ундириш тўғрисида ариза билан мурожаат қилди.
Даъвогарнинг позицияси
Ходимнинг ишлаган даврида йўл ҳаракати қоидаларини бузганлик учун маъмурий жарималар иш берувчига солинганлиги сабабли, уларнинг суммаси иш берувчига етказилган зарар ҳисобланади ва ходим томонидан қопланиши керак.
Жавобгар позицияси
Автотранспорт воситаси иш берувчига тегишли бўлиб, йўл ҳаракати қоидаларини бузганлик учун маъмурий жарималар суммаси иш берувчининг маблағлари ҳисобидан тўланади ва ходимдан иш берувчи фойдасига ундирилмайди. Бундан ташқари, судга даъво аризаси бериш пайтида ходим ва иш берувчи ўртасидаги меҳнат муносабатлари аллақачон бекор қилинган.
Суд қарори
Суд иш берувчининг даъволарини қаноатлантириш ва ходим томонидан йўл ҳаракати қоидаларини бузганлиги учун аввал иш берувчи томонидан тўланган 2 497 минг сўм миқдоридаги зарарни иш берувчи фойдасига ундириш тўғрисида қарор чиқарди.
Суд қарорининг асослари
Ходим томонидан содир этилган ҳуқуқбузарлик учун жарима ундирилиб, иш берувчига 2 497 минг сўм миқдорида зарар етказилган.
Иш берувчига нисбатан ходимнинг харакатлари учун маъмурий жарималар қўлланилганлиги сабабли, ФК 985-модда ва ФК 1001-моддаларига кўра, бу миқдор иш берувчига етказилган зарардир ва ходимдан иш берувчининг фойдасига ундирилиши керак.
Эксперт шарҳи
Ҳодим ва иш берувчининг ўртасидаги ҳуқуқий муносабатлар меҳнат муносабатлари бўлиб, Меҳнат ва Фуқоралик кодекси нормалари билан тартибга солинади.
МК 198-моддага биноан, ходим иш берувчига бевосита етказилган ҳақиқий зарарни тўлаши шарт.
Бевосита етказилган ҳақиқий зарар деганда иш берувчининг мавжуд мол-мулки (шу жумладан иш берувчи учинчи шахслардан ижарага олган мол-мулк) амалда камайганлиги ёки ёмон ҳолатга келганлиги, шунингдек иш берувчининг ортиқча тўловлар қилиш зарурати тушунилади.
Бунда, МК 205-моддада иш берувчига етказилган зарар миқдори ҳақиқий йўқотишлар бўйича бухгалтерия ҳисоби маълумотлари асосида белгиланиши назарда тутилган.
Бу ҳолатда жавобгарликнинг пайдо бўлиши учун асослар ФК 985-м. да ҳам, ғайриқонуний ҳаракат (ҳаракатсизлик) туфайли юридик шахсга етказилган зарар, шу жумладан бой берилган фойда зарарни етказган шахс томонидан тўлиқ ҳажмда қопланиши лозимлиги назарда тутилган.
Ходимнинг ҳайдовчи сифатида ишлаган даврида айбли харакатлари натижасида йўл харакати қоидалари бузилганлиги сабабли, етказилган зарар иш берувчига тўлиқ ҳажмда қопланиши керак.
ФК 10, 11-моддаларига биноан, фуқоралик ҳуқуқларини ҳимоя қилиш усуллари, шу жумладан, зарарни қоплаш учун даъво аризаси билан судга мурожаат қилишдир.
Меҳнат муносабатларидан келиб чиқадиган низолар фуқоралик судларида кўриб чиқилиши кераклиги сабабли, иш берувчи ушбу зарар суммасини ундириш учун фуқоралик судига мурожаат қилди.
Эксперт тавсияси
Агар ходим хатти-харакати ёки харакатсизлиги билан иш берувчига мулкнинг ҳақиқий камайиши, ёмонлашиши ёки иш берувчининг бошқа шахсларга етказилган зарарни қоплаш мажбуриятининг кўринишида ифодаланган зарар етказса, иш берувчи ходимга ушбу зарарни қоплаш тўғрисидаги даъвони тақдим этишга ҳақли.
Бунда меҳнат муносабатларининг тугатилиши, собиқ ходим томонидан етказилган зарарни қоплаш тўғрисида даъво киритишни рад этиш учун асос бўлмайди Фақат даъво муддатига риоя қилиш керак. Агар гап ходим томонидан етказилган моддий зарарни қоплаш ҳақида кетаётган бўлса, мурожаат қилиш муддати зарар аниқланган кундан бошлаб бир йилни ташкил этади .
Агар етказилган зарар ходим ишдан бўшатилганидан кейин бир йил ўтгач аниқланган бўлса, бу фактни ҳужжатлаштириш муҳимдир, акс ҳолда суд иш берувчининг даъвосини рад этади.
Ушбу етказилган зарарни рўйхатга олиш учун махсус ишчи комиссиясини тузинг.