Вояга етмаган шахсни ишга қабул қилиш

preview

Вояга етган деб 18 ёшга тўлган фуқаро ҳисобланади . Умумий қоидага кўра, ишга 16 ёшдан олиш мумкин. Бироқ, 15 ёшданоқ умумтаълим мактаблари, ўрта махсус, касб-ҳунар ўқув юртларининг ўқувчиларини ота-оналардан бирининг (ота-она ўрнини босувчи шахснинг)  розилиги билан ишлашга рухсат берилади.      

Вояга етмаган ходимни ишга қабул қилишни  тўғри расмийлаштириш ҳақида “Норма” мутахассиси, ҳуқуқшунос Ленара Ҳикматова сўз юритади:

 

Вояга етмаган шахс ўқиш жараёнини бузмай, фақат ўқишдан бўш вақтида ишлаши мумкин. Шунингдек, унга соғлиғи ҳамда маънавий ва ахлоқий камол топишига зиён етказмайдиган енгил ишларни топшириш мумкин .

 

Ҳужжатлар

 Вояга етмаган шахсни ишга қабул қилишда қуйидаги ҳужжатларни талаб қилинг :

  • паспорт ёки унинг ўрнини босадиган бошқа ҳужжатни, ўн олти ёшга тўлмаганлардан эса туғилганлик тўғрисидаги гувоҳномани;
  • меҳнат дафтарчасини, биринчи маротаба ишга кираётган шахслар, шунингдек, меҳнат фаолиятини 2020 йил 1 январдан (электрон меҳнат дафтарчалари жорий қилингандан сўнг) бошлаганлар бундан мустасно; 
  • махсус маълумотга ёки махсус тайёргарликка эга шахсларгина бажариши мумкин бўлган ишларга кираётганда ўрта махсус, касб-ҳунар ўқув юртини тамомлаганлиги тўғрисидаги дипломни ёхуд мазкур ишни бажариш ҳуқуқини берадиган гувоҳномани ёки бошқа тегишли ҳужжатни. Бу банд таълим муассасаларини битирган ва бу ҳақда ҳужжатга эга бўлган ходимларга тегишли. Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларида таълим олаётган вояга етмаган шахслар умумий ўрта таълим тўғрисида шаҳодатнома тақдим этишлари мумкин;
  • 16 ёшга тўлмаган ходим ишга жойлашаётганда ота-оналардан бирининг (ота-она ўрнини босувчи шахснинг) ёзма розилиги;
  • дастлабки тиббий кўрик натижалари .
  • Тиббий кўрик иш берувчи ҳисобидан ташкил қилинади. Кейинчалик вояга етмаган шахс 18 ёшга тўлгунга қадар даврий равишда тиббий кўрикдан ўтказилади;
  • ҳарбий хизматга мажбурлар ёки чақирилувчилар тегишинча ҳарбий билетни ёки ҳарбий ҳисобда турганлик ҳақидаги гувоҳномани тақдим этади;

Фуқароларни чақирув участкаларида қайд этиш умумий ўрта, ўрта-махсус ва бошланғич профессионал таълим муассасасидаги охирги ўқув йилининг октябрь-ноябрь ойларида амалга оширилади. Чақирилувчиларга чақирилувчининг қайд этилганлиги тўғрисида гувоҳнома берилади ва қайд этилган вақтдан бошлаб ҳарбий рўйхатга киритилади .

Эътибор беринг

Давлат органлари, хўжалик бирлашмалари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, давлат ташкилотлари ва муассасалари  аҳолидан қуйидагиларни талаб қилишга ҳақли эмас:

  • 01.06.2021 йилдан -шахсни тасдиқловчи ҳужжат нусхаси, меҳнат дафтарчалари ва унинг нусхаларини ;
  • 01.01.2022 йилдан олий таълим ҳақидаги диплом; жисмоний шахснинг ўрта махсус, касб-ҳунар таълим муассасалари, шунингдек, умумий ўрта таълим муассасаларини битиргани ҳақидаги ҳужжатлар (11-синф асосида).

Масъул давлат органлари ва ташкилотлари уларни мустақил равишда «Электрон ҳукумат» тизими идоралараро интеграциялашув платформаси орқали сўраб олади .

 

Меҳнат шартномаси, меҳнат дафтарчаси

Вояга етмаган ходим билан меҳнат шартномаси тузиб, уни ишга қабул қилиш ҳақида буйруқ чиқаринг. У билан ходимни таништириб, имзо қўйдиринг .

Агар вояга етмаган шахс аввал ишлаган ва унда қоғоз меҳнат дафтарчаси бўлса, иш берувчи уни қабул қилиб, ишга қабул қилиш ҳақидаги ёзувни киритади .

Агар вояга етмаган шахс ишга биринчи марта кираётган ёки электрон меҳнат дафтарчалари жорий қилингандан кейин иш бошлаган бўлса, қоғоз “меҳнат дафтарчаси” юритилмайди. Меҳнат шартномаси my.mehnat.uz сайтида расмийлаштирилгандан кейин ходимга автоматик тарзда электрон меҳнат дафтарчаси очилади.

 

Иш вақтининг давомийлиги

Ўн олтидан ўн саккиз ёшгача бўлган ходимларга иш вақтининг давомийлиги  ҳафтасига ўттиз олти соатдан, ўн бешдан ўн олти ёшгача бўлган шахслар учун эса ҳафтасига йигирма тўрт соатдан ошмаслиги керак .

 

Меҳнатга ҳақ тўлаш

Кундалик иш вақти тўлиқ бўлганда ўн саккиз ёшга тўлмаган ходимларнинг меҳнатига ҳақ тегишли тоифадаги бошқа  ходимларга бериладиган миқдорда тўланади .

Корхоналарда ўқишдан бўш вақтида ишлаётган ўқувчиларнинг меҳнатига ишлаган вақтига мутаносиб равишда ёки ишлаб чиқарган маҳсулотига қараб ҳақ тўланади .

 

Меҳнат таътили

Вояга етмаган шахснинг таътили  ўттиз календарь кундан кам бўлиши мумкин эмас. Таътил ёз вақтида ёки йилнинг ўзлари учун қулай бўлган бошқа ҳар қандай вақтида берилади .

Меҳнат  шартномасини иш берувчининг ташаббуси билан бекор қилиш

Иш берувчи вояга етмаган ходимни  меҳнат шартномасини бекор қилишнинг умумий тартибига риоя қилган ҳолда ишдан бўшатиши мумкин. Бироқ, бунда маҳаллий меҳнат органи розилигини олиш керак бўлади .

 

Тақиқлар

Қуйидагилар тақиқланади :

  • ўн саккиз ёшга тўлмаган шахсларни розилигидан қатъий назар тунги ишларга, иш вақтидан ташқари ишларга ва дам олиш кунларидаги ишларга жалб этиш ;
  • вояга етмаганларнинг меҳнатидан қуйидагиларда фойдаланиш:

- ер остида, сув остида, хавфли баландлик ва ёпиқ ҳудудда;

- хавфли механизм, асбоб -ускуналарда;

- вояга етмаганнинг соғлиғига шикаст етказадиган хавфли моддалар таъсирига тушиши эҳтимоли бўлган шароит ёки жараёнлар, ҳарорат, шовқин даражаси ёки тебранишлар бор жойда;

- жуда  қийин шароитлар (узоқ давом этадиган иш соатлари, тунги иш ва б.);

- ўз табиатига кўра бу тоифадаги ишчиларнинг ахлоқига зарар етказиши мумкин бўлган ишлар;

- белгиланган меъёрлардан ортиқ оғир юкларни кўтариш ва ҳаракатлантириш. Меъёрлар  12.05.2009й. 1954-сонли Низом билан белгиланган.

Вояга етмаганларнинг соғлиғи, хавфсизлиги ёки ахлоқига зарар етказиши мумкин бўлган ноқулай меҳнат шароитлари билан ер ости ва бошқа ишлар рўйхати 29.07.2009 й. 1990-сон Низом билан белгиланган.

Вояга етмаган ишчиларнинг меҳнат ҳуқуқлари  катта ёшдаги ходимларнинг меҳнат ҳуқуқларига тенглаштирилган".

 


Ишга қабул қилиш Ишга қабул қилиш Ишга қабул қилиш /publish/doc/text177864_voyaga_etmagan_shahsni_ishga_qabul_qilish