Бир ходим ҳам кадрлар иши, ҳам меҳнат муҳофазаси бўйича мутахассис бўлиши мумкинми

preview

«Ходимлари сони 60 кишидан иборат ишлаб чиқариш корхонаси. Штат жадвалида меҳнат муҳофазаси бўйича мутахассис лавозими йўқ. Директор алоҳида лавозим тайинламай, ушбу мажбуриятни кадрлар бўйича менежер зиммасига юкламоқчи. Бу қонунийми

Кадрлар масалалари бўйича «Норма» эксперти Ленара ҲИКМАТОВА масалага ойдинлик киритди:

 

– «Дарҳақиқат, мулкчилик шаклидан қатъи назар – ишлаб чиқариш фаолиятини амалга оширувчи, ходимларининг сони 50 киши ва ундан ортиқ бўлган ҳар бир ташкилот меҳнатни муҳофаза қилиш хизматини ташкил этиши ёки меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича мутахассис лавозимини жорий этиши шарт . Акс ҳолда БҲМнинг 5 бараваридан 10 бараваригача миқдорда жаримага «тушиш» мумкин .


Маълумот учун: ходимларининг сони 50 нафардан кам бўлган ташкилотлар ММҚ хизматини ташкил этиш ёки ММҚ бўйича мутахассис лавозимини жорий этиш масаласини фаолиятларининг ўзига хос хусусиятини ҳисобга олган ҳолда ҳал қиладилар

Шу сабабли ММҚ бўйича мутахассис лавозимини алоҳида тайинлаш ва уни ташкилотнинг штат жадвалига киритиш – иш берувчининг бевосита мажбурияти.


Раҳбар ушбу лавозимга янги ходимни қабул қилишни истамаса, ММҚ бўйича вазифани, масалан, кадрлар ишини юритувчи ходим зиммасига юклаш мумкинми?

– Бундай лавозимларни бир неча лавозимда ишлаш ёхуд ўриндошлик тартибида эгаллаш тўғридан-тўғри тақиқланмаган. ММҚ бўйича мутахассис вазифаларини ишлаб турган ходимга – унинг розилигини олиб – бир неча лавозимда ишлаш ёки ўриндошлик тартибида топшириш мумкин.

Ташкилотда тегишли бўш иш ўрни мавжуд бўлганда ўриндошлик ҳам, бир неча лавозимда   ишлаш ҳам мумкин. Меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича мутахассис махсус тайёргарликка эга бўлиши шартлигини ҳам унутмаслик лозим .

ММҚ вазифаси юкланган, техник йўналишдаги олий ёки ўрта махсус, касб-ҳунар таълимига эга бўлмаган ташкилот ходимлари 6 ой ичида 288 академик соатдан кам бўлмаган ҳажмдаги ўқув курсларида меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасида қайта тайёргарликдан ўтишлари шарт . Буни ишдан ажралган ҳолда ёки қисман ажралган ҳолда амалга ошириш мумкин .

ММҚ соҳасида қайта тайёрлаш ва малака ошириш билан қуйидагилар шуғулланади:

  • меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасидаги хизматлар бозори профессионал иштирокчиларининг Ягона реестрига «меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича мутахассисларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш» хизмат тури бўйича киритилган ММҚ соҳасидаги хизматлар бозорининг профессионал иштирокчилари;
  • Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг Бандлик ва меҳнатни муҳофаза қилиш Республика илмий маркази .

Ўқиш якунларига кўра белгиланган намунадаги диплом берилади.

Бу – муҳим!
Қайта тайёрлаш курсларидан ўтишни иш берувчи таъминлаши шарт. Бунга айнан у зарур маблағларни ажратади. Ходимлар бунга харажат қилмайдилар. Бунинг устига, ўқиш вақтида уларнинг ўртача иш ҳақлари сақланади 27.04.2017 йилдаги 246-сон ВМҚга 3-илованинг 4-б..


Бир неча лавозимда ишлаш ёки ўриндошлик қандай расмийлаштирилади

Ходим ўзининг асосий иши билан бир қаторда асосий касб ва лавозим бўйича иш вақти давомида ММҚ бўйича вазифаларни бажаришини истасангиз, бир неча лавозимда ишлашни расмийлаштиринг . Бунинг учун у билан меҳнат шартномасига қўшимча келишув тузинг, унинг асосида бир неча лавозимда ишлаш тўғрисида буйруқ чиқаринг. Қўшимча келишувда қуйидагиларни қайд этинг:

  • топшириладиган иш ҳажми ва мазмуни;
  • ходим уни бажарадиган муддат;
  • қўшимча ҳақ миқдори. У томонларнинг келишуви бўйича белгиланади, бироқ бюджет ташкилотларида бир неча касб ва лавозимда ишланаётган лавозим бўйича маошнинг (тариф ставкасининг) 50%идан ортиқ бўлиши мумкин эмас, Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган ҳолатлар бундан мустасно.

Ходим асосий ишидан бўш вақтда ММҚ бўйича вазифаларни бажаришини истасангиз, ўриндошликни расмийлаштиринг. Бунинг учун ички ўриндошлик бўйича ишлаш тўғрисида меҳнат шартномасини тузинг . Унда қуйидагиларни кўрсатинг:

  • ходимнинг лавозим мажбуриятлари (ёки ММҚ бўйича мутахассиснинг лавозим йўриқномасига ҳавола қилинг);
  • иш вақти режими.

Ўриндошлик асосида ишлашда иш давомийлиги ходимларнинг ушбу тоифаси учун белгиланган иш вақти нормасининг ярмидан ортиқ бўлиши мумкин эмаслигини назарда тутинг .

Асосий иш жойидаги бўш кунларда ходим ўриндошлик асосида тўлиқ иш куни ишлаши мумкин. Асосий иш бўйича ва ўриндошлик асосидаги иш бўйича иш вақтини алоҳида-алоҳида ҳисобга олинг.

Ходимнинг меҳнат ҳақи миқдорини Ўриндошлик асосида ҳамда бир неча касбда ва лавозимда ишлаш тартиби тўғрисидаги низомнинг 11–15-бандлари талабларига мувофиқ белгиланг.

Меҳнат шартномасига кўра ўриндошлик асосида ишга қабул қилиш тўғрисида буйруқ чиқаринг ва ходимни у билан таништиринг. Т-2 шаклидаги шахсий варақани юритиб, ходим бу ҳақда ёзма ариза берса, меҳнат дафтарчасига ёзув киритинг .

 

Меҳнат муҳофазаси Меҳнат муҳофазаси Меҳнат муҳофазаси /publish/doc/text177909_bir_hodim_ham_kadrlar_ishi_ham_mehnat_muhofazasi_buyicha_mutahassis_bulishi_mumkinmi