Пригодится каждому кадровику в ноябре:
Иш берувчи меҳнат шартномаси бекор қилинганда меҳнатга ҳақ тўлаш шартларини ўзгартирди
Меҳнат шартномасига қўшимча келишув билан ходимнинг лавозим маошига қўшимча тўлов белгиланган. Кейинчалик, унинг лавозими қисқартирилган, у бошқа ишда ишлашга кўнмаган. Иш берувчи 2020 йил 25 майда ходим билан тузилган меҳнат шартномасини унинг ўз ҳоҳишига биноан бекор қилиниши тўғрисида буйруқ чиқарган. Бироқ, пандемия туфайли молиявий қийинчиликлар сабабли, иш берувчи 2020 йил 1 июнда буйруқ асосида 2020 йил май ойи учун ходимларга бериладиган қўшимча тўловларни бекор қилади. Ходим 2020 йилнинг апрель-май ойлари учун қўшимча тўлов суммаларини иш берувчидан ундириш тўғрисидаги даъво аризаси билан судга мурожаат қилади.
Даъвогарнинг позицияси
Иш берувчи ходимга меҳнат шартномасида назарда тутилган барча тўловларни, шу жумладан меҳнат шартномаси бекор қилинган кунга қадар бўлган қўшимча тўловларни тўлаши шарт.
Жавобгарнинг позицияси
Иш берувчида пандемия туфайли молиявий қийинчиликлар юзага келди, шунинг учун барча ходимларга май ойида бериладиган қўшимча тўловлар тўхтатилган.
Суднинг ажрими
Биринчи инстанция суди ходимнинг даъво талаблари қондирилишини рад этиш тўғрисида қарор қабул қилди.
Ишни апелляция инстанциясида қайта кўриб чиқиш натижаларига мувофиқ, суд ходимнинг даъво талабларини қаноатлантириш ва 2020 йил апрель-май ойлари учун қўшимча тўловларнинг суммаларини иш берувчидан ходимнинг фойдасига ундириш тўғрисида ажрим чиқарди.
Суд ажримининг асослилиги
Ходим яқинда бўладиган штатлар сони қисқартирилиши тўғрисида хабардор қилинган кундан бошлаб, меҳнат шартномаси ва унга тузилган қўшимча келишув 2020 йил 25 майгача ўз кучини сақлаб қолади. Демак, меҳнат шартномаси ва қўшимча келишувларда назарда тутилган қўшимча тўловлар ҳақидаги шартлар ҳам меҳнат шартномаси бекор қилинган кунга қадар - 2020 йил 25 майгача амал қилади.
МК 67-моддага асосан меҳнат шартномасини бекор қилиш тўғрисидаги 2 ойлик огоҳлантириш муддати мобайнида меҳнатга ҳақ тўлашнинг олдинги шартлари сақланиб қолади.
2020 йил 1 июнда қабул қилинган қўшимча тўловларни тўхтатиш тўғрисидаги буйруқ, иш берувчи ва ходим ўртасидаги ҳуқуқий муносабатларга тааллуқли бўлиб ҳисобланмайди, чунки у улар ўртасидаги меҳнат шартномаси бекор қилинганидан кейин қабул қилинган.
Эксперт шарҳи
МК 153-моддага биноан, меҳнат ҳақининг миқдори иш берувчи билан ходим ўртасидаги келишувга биноан белгиланади.
Иш берувчи ўзининг молиявий ҳолатидан қатъий назар, ходимга бажарган иши учун ҳақни белгиланган меҳнат ҳақи шартларига мувофиқ, МК 161-моддада кўрсатилган муддатларда тўлаши шарт .
Қўшимча тўловлар миқдорини белгиловчи, меҳнат шартномаси ва унга қўшимча келишувлар ўзгартирилмаганлиги ва ходим билан меҳнат шартномаси ҳақиқатда бекор қилингунига қадар амалда бўлганлиги сабабли, иш берувчи уларни меҳнат шартномасида келишилган миқдорда тўлаб беришга мажбур ҳисобланади.
Эксперт тавсиялари
Меҳнат шартномаси бекор қилинганда, шу жумладан -штатдаги ходимлар сонининг қисқартирилиши муносабати билан бекор қилинганда, иш берувчи ўзининг молиявий ҳолатидан қатъий назар, меҳнат шартномасида ва бошқа ички ҳужжатларда назарда тутилган тўловларни тўлиқ ҳажмда ҳисоблаб чиқариши ва тўлаши шарт ҳисобланади.
Меҳнат шартномасида қайд этилган иш ҳақи ва бошқа тўловларнинг миқдори қўшимча келишувни расмийлаштириш йўли орқали ўзгартирилиши мумкин.