Иш берувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш

preview

Ташкилотингиз иш берувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш (ИФЖМС) шартномасини тузганлигини текшириб кўришни тавсия қиламиз.

 

“Иш берувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш тўғрисида”ги Қонунга биноан тегишли шартнома суғурта компанияси билан бир йил муддатга тузилиши керак. Яъни уни ҳар йили қайта тузиш зарур. Агар иш берувчининг фаолияти бир йилдан кам бўлган муддатга амалга ошириладиган бўлса, ИФЖМС тўғрисидаги шартнома иш берувчи мазкур фаолиятни амалга оширадиган муддат учун тузилади.

Лекин амалиётда кўпинча жорий йилга ИФЖМС тўғрисидаги шартномани тузиш заруриятини эсдан чиқарадилар. Сабаби – ҳар кунги елиб-югуришлар.  Ушбу масалани ҳал қилишга ўз муносабатини ўзгартириш ва уни ҳал қилишни кечиктирмаслик фақат бу камчилик аудиторлик текшируви натижалари бўйича ҳисоботда акс эттирилиши ёки жарима санкцияларига сабаб бўлганлиги учун зарур эмас. Иш берувчининг фуқаролик жавобгарлигини суғурта қилиш – бу ходимлар ҳақида ғамхўрлик қилиш, ходимнинг меҳнатда майиб бўлиши ёки касб касаллигига чалиниши ҳолатида харажатлар қопланиши ва ходимга лозим даражада ёрдам кўрсатилиши кафолатидир.

Суғурта компанияси билан шартнома тузишда Иш берувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш қоидаларига (кейинги ўринларда – Қоидалар, ВМнинг 24.06.2009 йилдаги 177-сон қарори билан тасдиқланган) амал қилиш зарур.

Тегишли шартномани тузиш учун сиз ИФЖМС бозорида фаолият кўрсатадиган танланган суғурта компаниясига белгиланган шаклдаги ариза билан мурожаат қилишингиз зарур. Аризага қуйидаги ҳужжатларни илова қилиш лозим:

  • иш берувчи - жисмоний шахс паспортининг ёки унинг шахсини тасдиқлайдиган бошқа ҳужжатининг нусхаси (фотосурати ва рўйхатдан ўтганлик тўғрисидаги охирги ёзув мавжуд бўлган бетлари);
  • иш берувчининг (юридик шахслар учун) давлат рўйхатидан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳноманинг нусхаси.

Суғурта қилиш полисини  суғурталовчининг ҳисоб рақамларига ИФЖМС шартномаси бўйича суғурта мукофоти келиб тушган кундан кейинги 3 иш кунидан кечикмай оласиз.

ИФЖМС шартномаси бўйича тўлашингиз лозим бўлган суммани қуйидаги қоидаларга риоя қилган ҳолда олдиндан ҳисоблаш мумкин.

1.Суғурта суммаси миқдори қандай белгиланади:

  • ИФЖМС шартномаси тузилган санадаги ҳолатга кўра фаолиятини бир йилдан ортиқ амалга ошириб келаётган иш берувчи учун - шартнома тузилган ойдан олдинги 12 ой учун иш берувчи барча ходимларининг бир йиллик иш ҳақи (МҲЖ) миқдорида;
  • ўз фаолиятини янгитдан амалга ошираётган иш берувчи учун - ИФЖМС шартномаси тузилган ойдан кейин келадиган 12 ой учун иш берувчи барча ходимларининг бир йиллик иш ҳақи (МҲЖ) миқдорида. Бунда йиллик иш ҳақи биринчи ойдаги иш ҳақи миқдорини ўн иккига кўпайтириш орқали ҳисоблаб чиқарилади;
  • фаолиятини бир йилдан кам бўлган муддатга амалга оширувчи иш берувчи учун - иш берувчи барча ходимларининг иш берувчининг мазкур фаолияти амалга ошириладиган муддатдаги иш ҳақи (МҲЖ) миқдорида.

2.Суғурта мукофоти суммаси қандай ҳисобланади. Бунинг учун сизга қуйидаги белгиланган қийматлардан фойдаланиш талаб этилади:

  • иш берувчининг жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш бўйича суғурта тарифининг йиллик базавий ставкаси миқдори иш берувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш шартномаси бўйича суғурта суммасининг йиллик (ТБ) 0,1%и миқдорида белгиланади ҳамда барча иш берувчилар ва суғурталовчилар учун ягона ҳисобланади.
  • иш берувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш бўйича суғурта тарифлари коэффициентлари иш берувчи томонидан амалга ошириладиган фаолият турларининг хавфлилик даражасига қараб белгиланади. Иш берувчи фаолияти турларининг хавфлилиги даражаси иш берувчининг фаолияти турлари хавфлилиги даражалари таснифига мувофиқ белгиланади. Тасниф билан Қоидаларга 9-иловада танишиш мумкин.

Шундан кейин, вазиятингизга боғлиқ ҳолда қуйида келтирилган иккита қоидадан бирига амал қилган ҳолда арифметик амални бажарасиз:

  • бир йил муддатга ИФЖМС шартномасини тузишда ушбу шартнома бўйича тўланиши керак бўлган суғурта мукофоти миқдори (ПР) суғурта суммаси (СС), йиллик базавий ставка (ТБ) ва суғурта тарифининг тегишли тарифини (КСТ) кўпайтириш йўли билан кўрсатилган формула бўйича аниқланади (Қоидаларга  9-илованинг I бўлими): ПР = СС х ТБ х КСТ / 100;
  • 1 йилдан кам муддатга мажбурий суғурта шартномасини тузишда ушбу шартнома бўйича тўланиши керак бўлган суғурта мукофоти миқдори (ПР) суғурта суммаси (СС), йиллик базавий ставка (ТБ) ва суғурта тарифининг тегишли тарифини (КСТ) (Қоидаларга  9-илованинг I бўлими) ва мажбурий суғурта шартномаси тузиладиган кунлар сонини (Д) кўпайтириш йўли билан кўрсатилган формула бўйича аниқланади: ПР = СС х ТБ х КСТ / 100 / 365 х Д.

Табриклаймиз! Сиз томондан олинган натижа суғурта мукофоти миқдори ҳисобланади. Энди сиз дадил суғурта компаниясига бориб, шартнома тузишингиз мумкин.

Эслатиб ўтамиз, иш берувчининг ҳисоб рақамидаги пул маблағлари етарли бўлмаган тақдирда мажбурий суғурта қилиш шартномаси бўйича суғурта мукофотини тўлаш иш берувчининг ишлаб чиқариш фаолияти билан бевосита боғлиқ бўлган кечиктириб бўлмайдиган эҳтиёжларига мўлжалланган маблағлар ҳисобидан амалга оширилади.

Ҳар қандай ҳолатда ҳам суғурта полисини йўқотманг. Дубликатини олиш учун сиз ЭКИҲнинг 10%игача тўлашингизга тўғри келади.

Кейинги маслаҳатларимиздан бирида биз ИФЖМС шартномаси бўйича тўланган суммаларни қайта кўриб чиқиш талаб қилинадиган ҳолатлар ҳақида сўз юритамиз.


Иш берувчининг фуқаролик жавобгарлигини суғурта қилиш Иш берувчининг фуқаролик жавобгарлигини суғурта қилиш Иш берувчининг фуқаролик жавобгарлигини суғурта қилиш /publish/doc/text179144_ish_beruvchining_fuqarolik_javobgarligini_majburiy_sugurta_qilish