Бош бухгалтер ФҲШ бўйича ишлаши мумкинми? Мазкур ҳолатда у нималар учун жавобгар бўлади
«Мутахассис иккита кичик корхонада - ҳар бирида 0,5 ставкада бош бухгалтер бўлиб ишлайди. Уни яна бир фирмага – фуқаролик-ҳуқуқий шартнома бўйича шундай лавозимга қабул қилиш мумкинми? Умуман олганда бош бухгалтер ФҲШ бўйича ишлаши мумкинми?».
– Компания раҳбари бухгалтерия ҳисоби ва ҳисоботини ўз ихтиёрига кўра ташкил қилиш борасида :
- шахсий бухгалтерия ҳисоби хизматини ташкил этишга;
- шартнома асосида жалб этилган бухгалтер хизматларидан фойдаланишга;
- махсус ташкилотга (аудиторлик ташкилотлари, солиқ маслаҳатчилари ташкилотларига ҳамда уставида тегишли хизматлар кўрсатилиши назарда тутилган бошқа ташкилотларга) шартнома бўйича бухгалтерия ҳисобини юритишни топширишга;
- мустақил равишда бухгалтерия ҳисобини юритишга ҳақли.
Бунда ёдда тутиш лозимки, шартнома асосида жалб этилган бухгалтер компанияда бош бухгалтер бўлиб ишламайди, балки айнан бухгалтерия ҳисоби соҳасида хизматлар кўрсатади.
Фарқи нимада
Бош бухгалтер Хизматчиларнинг асосий лавозимлари ва ишчилар касблари Классификатори (ХАЛИКК-2020) бўйича лавозим ҳисобланади, бунда меҳнат шартномаси тузилиши назарда тутилади.
Ўз навбатида жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари қонун ҳужжатларига зид бўлмаса, уларни шартнома асосида эркин белгилаш мумкин .
Шу тариқа, бухгалтер билан ФҲШ тузиш мумкин, бироқ бош бухгалтер сифатида эмас, балки ҳақ эвазига хизмат кўрсатиш шартномаси бўйича ижрочи сифатида тузилади.
Ҳақ эвазига хизмат кўрсатиш шартномаси бўйича ижрочи буюртмачининг топшириғи билан ашёвий шаклда бўлмаган хизматни бажариш (муайян ҳаракатларни қилиш ёки муайян фаолиятни амалга ошириш), буюртмачи эса бу хизмат учун ҳақ тўлаш мажбуриятини олади. Ҳақ эвазига хизмат кўрсатиш қоидалари алоқа хизмати, тиббиёт, ветеринария, аудиторлик, маслаҳат, ахборот хизматлари, таълим бериш, сайёҳлик хизмати ва қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа хизматлар кўрсатиш шартномаларига татбиқ этилади.
Бунда меҳнат шартномаларини расман фуқаролик-ҳуқуқий шартномаларга алмаштирмаслик лозим, сабаби мазкур ҳолатда улар меҳнат шартномаларининг яширин шакли ҳисобланиб, буюртмачи бўлмиш иш берувчи учун салбий оқибатларни (маъмурий жарима, солиқлар бўйича қўшимча ҳисоблашлар) келтириб чиқариши мумкин.
Бухгалтер билан ФҲШни қандай тўғри тузиш мумкин
ФҲШни расмийлаштиришда шартнома предметини аниқ шакллантиринг ҳамда меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатларидаги «ходим», «лавозим», «иш ҳақи», «ишга қабул қилиш», «синов муддати», «меҳнат шартномасини бекор қилиш», «иш режими» каби тушунчаларни қўлламанг.
Меҳнат шартномасидан фарқли ўлароқ, фуқаролик-ҳуқуқий шартнома бўйича муайян муддатларда якка тартибда маълум бир вазифалар (топшириқлар, буюртма ва бошқалар) бажарилади, меҳнатнинг пировард натижаси шартнома предмети ҳисобланади. Масалан, – тайёрланган бухгалтерия ҳисоботи, иш ҳақи, «хизмат сафари» харажатлари, «таътил пуллари» ҳисоб-китоби ва ҳ.к.
Меҳнат шартномаси бўйича бухгалтер иш куни давомида ўз фаолияти соҳасига оид турли операцияларни бажарадиган бўлса, фуқаролик-ҳуқуқий шартнома бўйича эса иш кунига боғлиқ бўлмаган ҳолда фақат буюртмачи томонидан топширилган якка тартибдаги муайян ишни бажаради.
Меҳнат шартномасининг ФҲШдан фарқи шундаки, меҳнатга оид ҳуқуқий муносабатлар бўйича мажбуриятлар Меҳнат кодекси билан, фуқаролик-ҳуқуқий шартномадан келиб чиқадиган ҳолатлар эса Фуқаролик кодекси билан тартибга солинади.
ФҲШни тузишда қуйидагиларни кўрсатинг:
- бухгалтер томонидан кўрсатиладиган хизматлар рўйхати (шартномага илова ёки оддий рўйхат кўринишида расмийлаштирилиши мумкин. Масалан, «барча регистрлар бўйича бухгалтерия ҳисобини юритиш, ходимларга иш ҳақини ҳисоблаш, солиқлар ва йиғимлар ҳисоб-китоби, солиқ, молиявий ва статистика ҳисоботларини тузиш»);
- бажарилган хизматларни топшириш муддатлари (масалан, «ҳисоботлар Ўзбекистон Республикасининг амалдаги қонун ҳужжатларида белгиланган муддатларда тайёрланади ва топширилади»);
- ижрочига мукофот пули (тўлов ойлик қатъий белгиланган суммалар ёки тайёрланган ҳар бир ҳужжатнинг нархи кўринишида белгиланиши мумкин);
- натижалар бажарилган ишлар далолатномалари билан расмийлаштирилиши;
- ижрочига зарур ускуналар, материалларни тақдим этиш ва маълумотлардан фойдаланишни таъминлаш;
- буюртмачи ва ижрочининг жавобгарлиги (пеня ёки жарима кўринишида).
Олий маълумот ва стажга эга бўлишга оид талаб ФҲШ бўйича ишлайдиган бухгалтерга татбиқ этиладими
Мажбурий аудиторлик текширувларига дахлдор корхоналар учун олий маълумот ва муайян стажга эга бўлиш талаби қуйидагиларга нисбатан татбиқ этилади
:
- бош бухгалтер – штатдаги ходимга;
- ихтисослаштирилган ташкилот ходими, шартнома асосида бухгалтерия ҳисобини юритувчига.
Ташкилотга ФҲШ асосида бухгалтерия ҳисоби хизматларини кўрсатадиган жисмоний шахсга (ихтисослаштирилган ташкилот ходимига эмас) мазкур талаб татбиқ этилмайди.
ФҲШ бўйича хизматлар кўрсатадиган бухгалтер билан тўлиқ моддий жавобгарлик тўғрисида шартнома тузилиши лозимми
Йўқ, сиз ФҲШ бўйича ишлайдиган бухгалтер билан тўлиқ моддий жавобгарлик тўғрисидаги шартномани туза олмайсиз. Фақат пул ёки товар қимматликлари билан муомала қилиш вазифаси юклатилган, меҳнат шартномаси бўйича ишлайдиган компания ходими билан шундай шартнома тузилади .
Бундай шартномаларни тузиш мумкин бўлган ходимлар рўйхати жамоа шартномасида ёки ходимларнинг вакиллик органи билан келишилган ҳолда тузилади. Жамоа шартномаси эса корхонада иш берувчи ва ходим ўртасидаги меҳнатга оид, ижтимоий-иқтисодий ва касбий муносабатларни тартибга солувчи меъёрий ҳужжат ҳисобланади . Яъни моддий жавобгарлик юклатилиши меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатлари меъёрлари билан тартибга солинади, шу сабабли фуқаролик-ҳуқуқий шартномага нисбатан қўлланилмайди.
Бироқ ФҲШ бўйича жалб этиладиган бухгалтерга зарур барча асбоб-ускуналарни уларнинг бут сақланишини таъминлаш шарти билан вақтинча бериш мумкин. Бу ҳақдаги шарт шартноманинг ўзида қайд этилади.
ФҲШ бўйича ишлайдиган бухгалтерга бошланғич ҳужжатларни имзолаш ҳуқуқини берса бўладими
Молиявий ва бошқа ҳисоботларни, кредит ва ҳисоб-китоб мажбуриятларини, шунингдек пулларни, товар-моддий қимматликларни қабул қилиб олиш ва беришга оид ҳужжатларни компания раҳбари ва у томонидан тайинланадиган шахс имзолаши мумкин .
Директор имзо ҳуқуқига эга бўлган шахслар бўйича иккита рўйхатни тасдиқлайди. Биринчи рўйхатга корхонада раҳбарлик вазифаларини бажарадиган шахслар, иккинчи рўйхатга бухгалтерия ҳисоби ва молиявий бошқарув вазифаларини бажарадиган шахслар киритилади. Шу муносабат билан ФҲШ бўйича ишлайдиган бухгалтер компания ходими ҳисобланмайди ва меҳнат вазифаларини бажармайди, балки, фикримизча, хизматлар кўрсатади, у бошланғич ҳужжатларни имзолаш ҳуқуқига эга бўлмайди.
Бироқ қонун ҳужжатларида раҳбар, масалан, ФҲШ бўйича ишлайдиган бухгалтерга корхонанинг ЭРИсини бериб, солиқ ҳисоботини топширишга ишончномани расмийлаштириши тақиқланмаган
. Ёдда тутинг: мазкур ҳолатда ҳисобот тўғри ва ўз вақтида топширилганлиги учун жавобгарлик раҳбар зиммасига юклатилади.
ЭРИ ёрдамида юридик шахс номидан кўпгина хатти-ҳаракатларни амалга ошириш мумкин. Шу боисдан ишончномани расмийлаштириш чоғида бухгалтерга ЭРИ қандай мақсадлар учун берилаётганлигини аниқ кўрсатинг. Масалан: «ЭРИдан фақат ҳисоботларни солиқ органига топшириш учун фойдаланилади».
ЭРИга оид ҳуқуқбузарликлар содир этилганлиги учун ташкилот раҳбари жавобгар бўлади .
Бироқ ЭРИдан нотўғри (ишончномада белгиланган ваколатларга зид ҳолда) фойдаланилганлиги оқибатида ташкилотга зарар етказилган бўлса, ФҲШ доирасида бухгалтер бунинг учун ташкилот олдида жавобгар бўлади.
ФҲШ бўйича ишлайдиган бухгалтердан жарима ундириш мумкинми
Бухгалтерия ҳисоби мавжуд бўлмаганлиги ёки уни юритиш қоидалари бузилганлиги учун корхонанинг мансабдор шахси маъмурий жавобгарликка тортилади
.
Бундан ташқари, қуйида келтирилган айрим ҳуқуқбузарликлар учун нафақат мансабдор шахс, балки корхона ҳам жаримага тортилади:
- солиқ ҳисоботини ўз вақтида топширмаганлик учун
;
- солиқ базасини яширганлик учун
;
- ҚҚС қисмида ҳисобварақ-фактураларни расмийлаштириш қоидаларини бузганлик учун
.
ФҲШ бўйича ишлайдиган бухгалтер корхонанинг мансабдор шахси ҳисобланмаганлиги сабабли унинг зиммасига маъмурий жавобгарлик юклатилмайди. Барча оқибатлар учун раҳбар ёки корхонанинг ўзи жавобгар бўлади.
Бироқ ФҲШ бўйича ишлайдиган бухгалтер зиммасига хизмат кўрсатиш шартномасини умуман ёки тегишли даражада бажармаган ҳолларда келтирилган зарарни тўлаш мажбурияти юклатилади. Мазкур ҳолатда етказилган зарар тўлиқ ҳажмда қопланади, бироқ шартнома бўйича хизматлар нархининг 2 бараваридан ошиб кетмаслиги лозим . Компанияда бухгалтерия ҳисобини юритиш билан ихтисослаштирилган ташкилот (масалан, аудиторлик ташкилоти) шуғулланса, шартномада у билан шундай жавобгарликни ва бундан юқорисини ҳам белгилаш мумкин
.
- Бўш иш ўрни бўла туриб ходим ФҲШ бўйича ишламоқда
- ФҲШ бўйича ишлайдиган ходимга таътил учун компенсация тўланиши лозимми
- ФҲШ бўйича ишловчи ходимингизни бошқа компания хизмат сафарига юборди: унинг йўқлигини расмийлаштириш керакми
- Чет эллик фуқарони ФҲХ шартномаси бўйича ишга олишда йиғим тўламаса бўладими
- Моддий жавобгарлик тўғрисидаги шартномани тузишда йўл қўйиб бўлмайдиган 9 та хато