Пригодится каждому кадровику в сентябре:
Хусусий ташкилотлар “декрет” нафақаларини тўлашга мажбурми
"Компаниямиз хусусий. Директор ходимларга ҳомиладорлик ва туғруқ ҳамда бола парвариши бўйича нафақа тўлашдан бош тортяпти. Буни "хусусий мулкдорлар" маблағларини мустақил тасарруф этиш ҳуқуқига эга эканлиги билан асосламоқда. Аслида бу шундайми? "Декретдагилар"га нафақа тўламаганлик учун қандайдир жавобгарлик борми? Бола парвариши бўйича нафақанинг ҳозирги миқдори қанча?".
Вазият бўйича «Норма» эксперти, ҳуқуқшунос Ленара ХИКМАТОВА тушунтириш берди:
- Мулкчилик шаклидан қатъи назар, барча ташкилотлар ҳомиладорлик ва туғруқ бўйича нафақа тўлашлари шарт. Бўйин товлаш айбдор мансабдор шахсларни 10 дан 15 БҲМгача жарима солиш билан маъмурий жавобгарликка тортишга сабаб бўлади. Маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида ҳуқуқбузарлик такроран содир этилган бўлса, БҲМнинг ўн беш бараваридан ўттиз бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади .
1. Ҳомиладорлик ва туғруқ бўйича нафақани қандай тўлаш керак
Ҳомиладорлик ва туғруқ бўйича нафақа меҳнатга лаёқатсизлик варақаси асосида тайинланади ва тўланади. У ҳомиладорликнинг 30-ҳафтасидан бошлаб берилади :
- 126 календарь кун учун – туғруқдан 70 кун олдин ва туғруқдан 56 кун кейин - туғруқ асоратсиз ўтганда;
- 140 календарь кун учун – туғруқдан 70 кун олдин ва 70 кун ўтгач – туғиш қийин кечган ёки икки ва ундан ортиқ бола туғилган ҳолларда.
Нафақа, агар уни олиш ҳуқуқи иш берувчи билан меҳнат муносабатлари даврида (шу жумладан синов муддати ва ишдан бўшаш кунида) содир бўлган бўлса, тўланади.
Тўлов миқдори ишга кирган кундан бошлаб ҳақиқатда ишлаган вақтга боғлиқ :
- ишга қабул қилинган кундан бошлаб 12 ойгача - ўртача ойлик иш ҳақининг 75%;
- ишга қабул қилинган кундан бошлаб 12 ойдан ошса – ўртача ойлик иш ҳақининг 100%.
Ҳомиладорлик ва туғруқ бўйича нафақани тўлаш билан боғлиқ харажатлар қуйидагилар томонидан амалга оширилади :
- бюджет ташкилотлари томонидан — меҳнатга ҳақ тўлаш жамғармасига ажратиладиган бюджет маблағлари доирасида;
- хўжалик юритувчи субъектлар томонидан — фойда солиғини ҳисоблашда мазкур харажатлар солиққа тортиладиган базадан чиқариб ташланган ҳолда ўз
- маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.
2022 йил 1 сентябрдан бошлаб бюджет ташкилотларидан ташқари барча юридик шахсларда охирги 6 ой давомида узлуксиз иш стажига эга бўлган аёлларга ҳар ой учун минимал истеъмол харажатлари миқдоридан келиб чиққан ҳолда Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан ҳомиладорлик ва туғиш нафақаси тўланади . Иш берувчининг нафақа тўлаш бўйича мажбуриятлари Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан тўланган ҳомиладорлик ва туғиш нафақаси ҳажмида камайтирилади.
Содда қилиб айтганда, ойлик истеъмол харажатларига тенг минимал миқдорга тенг суммани, нафақанинг бир қисмини (2022 йил учун – 498 000 сўм) ходим Давлат бюджетидан олади. Қолган қисмини эса (аёлга унинг иш ҳақидан келиб чиққан ҳолда бериладиган нафақа, "минус” давлат бюджетидан тўланган) корхона тўлашда давом этади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти 2022 йил июнь ойига қадар ўзини ўзи таъминлайдиган корхоналарда ишлаётган аёлларга ҳомиладорлик ва туғруқ бўйича нафақаларни тўлаш тизимини яратиш тўғрисида кўрсатма берди. Июль ойига қадар "Ижтимоий ҳимоя ягона реестри" ахборот тизими орқали Ҳомиладорлик ва туғруқ бўйича нафақаларни электрон шаклда ҳисоблаш ва тўлаш тўғрисидаги низомни тасдиқлаш режалаштирилган.
2. Бола парвариши учун нафақа қандай тўланади
Агар ходим ҳомиладорлик ва туғруқ таътили тугаганидан сўнг 2 ёшга тўлгунга қадар болани парвариш қилиш учун таътил олишга қарор қилган бўлса, унга бола парвариши бўйича нафақа тўланади. Бундай таътил унинг илтимосига биноан ва унинг ёзма аризаси асосида берилади . Ушбу давр мобайнида иш берувчи унга ойлик нафақа тўлаши шарт. У бундай таътилни рад этишга ҳақли эмас.
Бола парвариши бўйича нафақа фақат бюджетдан ташқари ташкилотлар томонидан тўланади. Ойлик нафақа миқдори МҲТЭКМнинг 60%ини ташкил этади .
Тайинлаш ва тўлаш тартиби 14.03.2002 йилдаги 1113-сонли Низом билан тартибга солинади. Ушбу турдаги нафақани тўлашнинг барча нозикликлари ҳақида бу ерда ёзганмиз:
Бола икки ёшга етгунча уни парваришлаш учун ишлайдиган (бюджет ташкилотларида ишлайдиганлар бундан мустасно) оналарга бериладиган ҳар ойлик нафақаларнинг молиялаштириш манбаи — корхоналар, муассасалар ва ташкилотларнинг ўз маблағлари ҳисобланади .
Бюджет ташкилотлари бола парвариши бўйича нафақа тўламайди. Уларнинг ходималари бола парвариши бўйича нафақани олиш тартиби тўғрисида қуйидаги тавсияда ўқинг:
Бола парвариши бўйича нафақа тўламаганлик учун бюджетдан ташқари ташкилотнинг айбдор мансабдор шахси Маъмурий кодекснинг 49-моддаси бўйича 5 дан 10 БҲМгача жарима билан маъмурий жавобгарликка тортилиши мумкин. Маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида ҳуқуқбузарлик такроран содир этилган бўлса, 10 дан 15 бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.