Пригодится каждому кадровику в сентябре:
Меҳнат шартномасини тарафларнинг келишувига кўра бекор қилиш қандай расмийлаштирилади
Ходим ва иш берувчи тарафларнинг келишуви билан меҳнат шартномасини бекор қилишга келишиб, тегишли ҳужжат (келишув)ни имзоладилар. Лекин ходим ишдан бўшаш фикридан қайтди. Бу ҳолатда имзоланган шартнома ўз кучини йўқотадими? «Келишув бўйича» ва «ўз ихтиёрига кўра» ишдан бўшаш нимаси билан фарқ қилади?»
Саволга «Норма» эксперти, ҳуқуқшунос Ленара ХИКМАТОВА жавоб берди:
- Ходим ва иш берувчининг ўзаро хоҳиши билан тарафларнинг келишувига кўра меҳнат шартномаларининг барча турларини (муддатли ва муддатсиз) исталган вақтда бекор қилиш мумкин. Ушбу вазиятда ишдан бўшатиш учун асос Меҳнат кодексининг 97-моддаси 1-банди - «тарафларнинг келишуви билан". Меҳнат қонунчилиги келишув қандай шаклда бўлиши кераклигини – оғзаки ёки ёзмами – тартибга солмайди. Аммо ходимни ишдан бўшатишга тарафларнинг ўзаро розилик фактини тасдиқлаш учун алоҳида ёзма ҳужжат – меҳнат шартномасини бекор қилиш тўғрисида келишув тузиш тавсия этилади.
Меҳнат кодексининг 99-моддаси бўйича ходимнинг ташаббуси билан ишдан бўшашни тарафларнинг келишуви билан ишдан бўшатиш билан адаштирманг. Биринчи ҳолатда ходимнинг ҳам, иш берувчининг ҳам розилиги талаб қилинади, иккинчисида – фақат ходимнинг хоҳиши етарли. Ходимнинг ташаббуси билан меҳнат шартномасини бекор қилиш учун унинг аризаси асос бўлади . Томонларнинг келишуви билан ишдан бўшатиш учун ходим ва иш берувчи ўртасидаги келишув асос бўлади.
Ходимнинг ўз ихтиёрига кўра меҳнат шартномасини бекор қилиш тўғрисида ариза 2 ҳафта олдин тақдим этилади, аммо бу муддат иш берувчи билан келишилган ҳолда қисқартирилиши мумкин. Айнан шу жойида кўпчилик кадрлар бўйича мутахассислар бу ҳолатни томонларнинг келишуви бўйича ишдан бўшатиш деб нотўғри тушунишади. Бундай ўйлаш мутлақо нотўғри.
Меҳнат кодексининг 99-моддаси ходим ва иш берувчи ўртасидаги келишувга биноан огоҳлантириш муддатини қисқартиришга имкон беради. «Тарафларнинг келишуви билан» ибораси ишдан бўшатиш учун асосларни Меҳнат кодексининг 97-моддаси 1-бандига ўзгартиришни англатмайди. Бу фақат тарафлар «келишуви», «ўзаро келишув» билан 2 ҳафталик огоҳлантириш муддати қисқартирилиши мумкинлигини англатади. Бунда ишдан бўшатиш асоси аввалгидек қолади – Меҳнат кодексининг 99-моддаси бўйича ходимнинг ташаббуси билан, чунки айнан ходим ишдан бўшаш истагини билдирган ва бу ҳақида тегишли ариза берган. Бу 17.04.1998 й. 12-сонли ОСПҚ 15-б. 3-хатбошида ҳам келтирилган: «Ходимнинг ташаббуси билан меҳнат шартномаси ходим ва иш берувчи ўртасидаги келишувга биноан икки ҳафталик огоҳлантириш муддати тугашидан олдин бекор қилиниши мумкин».
Шундай қилиб, Меҳнат кодексининг 99-моддаси бўйича ходимнинг ташаббуси билан ишдан бўшашда ходим хоҳлаган санани (ҳатто ариза топширилган кунда ҳам) белгилаш мумкин, аммо қатъий равишда 2 ҳафталик огоҳлантириш даврида . Ушбу муддат оширилишига йўл қўйилмайди. Агар ушбу даврда меҳнат шартномаси бекор қилинмаса ва меҳнат муносабатлари давом етса, ходимнинг ишдан бўшатиш тўғрисидаги аризаси ўз кучини йўқотади . Тарафларнинг келишуви билан ишдан бўшатишда эса меҳнат шартномасини бекор қилишнинг исталган санасини – ҳатто бир ойдан кейин белгилашингиз мумкин.
Меҳнат низоларининг олдини олиш мақсадида шартномада меҳнат шартномасини бекор қилишнинг аниқ календарь санасини белгилаш мақсадга мувофиқдир. Масалан: «Ходимнинг охирги иш куни - 2022 йил 25 май» ёки «Ходим билан меҳнат шартномаси 2022 йил 25 майда тугатилади».
Ходимнинг ташаббуси билан ва тарафларнинг келишуви билан ишдан бўшатиш ўртасидаги яна бир асосий фарқ - бу ходимнинг огоҳлантириш муддати тугагунига қадар ишдан бўшатиш тўғрисидаги аризасини қайтариб олиш имкониятидир. Ушбу жараён ҳақида батафсил бу ерда ёзган эдик:
Меҳнат шартномасини бекор қилиш тўғрисида иккала тараф имзолаган ёзма келишув эса бекор қилиниши ёки бир томонлама ўзгартирилиши мумкин эмас. Бунга келишувнинг ўзида тарафларга бундай ҳуқуқ берилган тақдирдагина йўл қўйилади. Бу ходим ва иш берувчининг ўзаро келишуви билан белгиланган меҳнат шартномасини бекор қилиш санасига ҳам тегишли. Унинг ўзгаришига фақат тарафларнинг розилиги билан йўл қўйилади. Шундай қилиб, ходимнинг имзоланган келишувни бажаришдан бир томонлама воз кечиши уни бекор қилиш учун асос бўлмайди. Агар ишдан бўшатишни бир томонлама рад этиш ҳуқуқи келишувда белгиланмаган бўлса, ходим билан меҳнат шартномасини унинг истагига қарамай бекор қилишингиз мумкин.
Тарафларнинг келишуви билан меҳнат шартномасини бекор қилиш учун касаба уюшмаси қўмитаси ёки ходимларнинг бошқа вакиллик органининг розилиги талаб қилинмайди. Ходимга ишдан бўшатиш нафақаси тўланмайди. Корхонанинг молиявий имкониятларидан келиб чиқиб, шу асосда ишдан бўшатилаётган ходимларга жамоавий шартномада, бошқа маҳаллий ҳужжатларда, меҳнат шартномасида ёки келишувнинг ўзида моддий кўмак вариантларини белгилаш мумкин. Аммо бу ташаббус бутунлай иш берувчининг ихтиёрида. Қонун иш берувчи учун бундай мажбуриятни белгиламайди.
Меҳнат шартномаси тарафларнинг келишувида назарда тутилган санада бекор қилинади, ҳатто у «касаллик таътили», таътил ёки иш жойида бўлмаган бошқа ҳолатларга тўғри келса ҳам. Шу билан бирга вақтинча ишга лаёқатсизлик нафақаси, шу жумладан ишдан бўшатилгандан кейинги касаллик даври учун тўлов ҳам тўлиқ тўланади .