Ходим таъсисчиси битта бўлган бошқа юридик шахсга ўтказилса, таътил қандай тақдим этилади

preview

«Ходимни бошқа корхонамизга ўтказмоқчимиз. Бу бошқа юридик шахс, аммо унинг мулкдори ва таъсисчиси битта. Ходимда галдаги  "ҳақли бўлган" таътилни олиш ҳуқуқи сақланиб қоладими?».

 

– Амалдаги қонунчиликда, агар ташкилотлар бир хил таъсисчига эга бўлса ҳам ходимларни бир ташкилотдан бошқасига (турли юридик шахслар) ўтказиш назарда тутилмаган.

Шунинг учун бу вазиятда, агар ходим ўз иш жойини ўзгартиришга рози бўлса, у билан битта ташкилотда меҳнат шартномасини бекор қилиб, фойдаланилмаган барча таътиллар учун пуллик компенсация тўлаш билан тўлиқ ҳисоб-китоб қилинг.

Янги ташкилотда ходим билан янги меҳнат шартномасини тузинг. Ходимда биринчи иш йили учун таътил олиш ҳуқуқи  6 ойдан кейин пайдо бўлади .

Таътил қуйидаги ходимларга уларнинг хоҳиши бўйича олти ой ўтмасдан олдин берилади :

1) аёлларга – ҳомиладорлик ва туғруқ таътилидан олдин ёки ундан кейин;

2) I ва II гуруҳ ногиронларига;

3) 18 ёшга тўлмаган шахсларга;

4) муддатли ҳарбий хизматдан резервга бўшатилган ва ишга жойлашган ҳарбий хизматчиларга;

5) ўриндошлик асосида ишлаётганларга — асосий иш жойидаги таътил билан бир вақтда, ўриндошлик асосида ишлаган вақтига мутаносиб равишда ҳақ тўлаган ҳолда;

6) ишлаб чиқаришдан ажралмаган ҳолда умумий таълим мактабларида, олий ва ўрта махсус, касб-ҳунар ўқув юртларида, кадрларнинг малакасини ошириш, уларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш институтлари ва курсларида ўқиётганларга, агар улар ўзларининг йиллик таътилларини имтиҳонлар, синовлар (зачётлар) топшириш, диплом, курс, лаборатория ва бошқа ўқув ишларини бажариш вақтига тўғрилаб олишни хоҳласалар;

7) технологиядаги, ишлаб чиқариш ва меҳнатни ташкил этишдаги ўзгаришлар, ходимлар сони (штати) ёки ишлар хусусияти ўзгаришига олиб келган ишлар ҳажмининг қисқарганлиги ёхуд корхонанинг тугатилганлиги муносабати билан ишдан озод этилган ходимларга .

Эътибор беринг

 Ходимларнинг биринчи санаб ўтилган олти тоифаси таътилдан томонларнинг иродасидан (иш берувчи) қатъи назар, 6 ой ўтмасдан фойдаланишга ҳақли бўлса, еттинчи тоифага – озод этилган шахслар - таътил тақдим қилиш  корхонада меҳнат шартномасини бекор қилиш  асосларига боғлиқ.

Меҳнат кодексининг 100-модда 2-қисм 1-бандига кўра ишдан бўшатилган ходим меҳнат таътилидан фойдаланиш учун 6 ойлик иш муддати тугашидан олдин янги иш берувчига МКга ҳавола билан меҳнат шартномасини бекор қилиш асослари кўрсатилган  ишдан бўшатиш тўғрисидаги буйруқ нусхасини тақдим этиши керак .

Агар биринчи ташкилотда ходим билан меҳнат бошқа асосларга кўра тугатилган бўлса (масалан, ўз хоҳишига кўра – МКнинг 99-м.га биноан), янги иш жойи бўйича 6 ой ўтмасдан туриб таътил берилмайди.  

 

Лекин ҳар иккала компанияда битта таъсисчи ва ходимларнинг биттасидан бошқасига мунтазам равишда “ўтиши” содир бўладиган бўлса, жамоа шартномаларида битта компаниядан бўшатиб, бошқасига ишга жойлаштирганда ходимга муддатидан олдин таътил бериш ҳуқуқини назарда тутиш керак. Бу амалдаги Меҳнат кодексига зид эмас, чунки корхонанинг маҳаллий ҳужжатлари амалдаги қонунчиликда белгиланганларга нисбатан меҳнат шароитларини ёмонлаштирмайдиган қўшимча кафолатларни белгилаши мумкин .

 

Валерия ЛЯНДРЕС

 «Норма» эксперти

Таътил ва ишламайдиган вақт-Ўзбекистон Республикаси меҳнат кодексига мувофиқ дам олиш вақти, таътилни рўйхатдан ўтказиш ва тартибга солиш ўзбекистонда ишламайдиган вақт, таътил ва ишламайдиган вақт, таътил Ўзбекистонда байрамлар қандай ташкил етилган. Ишламайдиган соатлар, байрамлар ва таътиллар ҳақида. Кадрлар бўлими ходими учун байрамлар ва таътиллар ҳақида маълумот /ru/publish/doc/text181651_hodim_tasischisi_bitta_bulgan_boshqa_yuridik_shahsga_utkazilsa_tatil_qanday_taqdim_etiladi