Пригодится каждому кадровику в декабре:
Иш ҳақи тўлаш муддатларини белгилаш
Қайси ҳолатларда битта ташкилотда ходимларнинг турли гуруҳлари учун иш ҳақи ва аванс тўловларининг ҳар хил саналарини белгилаш мақсадга мувофиқ ва буни қандай расмийлаштиришни «Норма» эксперти, ҳуқуқшунос Ленара ХИКМАТОВА тушунтирди:
- Иш ҳақини тўлаш шартлари Меҳнат кодексининг 161-моддаси билан тартибга солинади. Унда меҳнатга ҳақ тўлаш муддатлари жамоа шартномаси ёки бошқа локал норматив ҳужжатда белгиланиши ва ҳар ярим ойда бир мартадан кам бўлиши мумкин эмаслиги ёзилган. Ходимларнинг айрим тоифалари учун алоҳида ҳолларда ҳукумат томонидан иш ҳақи тўлашнинг бошқа муддатлари белгилаб қўйилиши мумкин.
Меҳнат кодексининг ушбу моддасида ёки бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда бир корхонанинг турли бўлинмалари учун турли кунларда иш ҳақи ва аванс тўловларини тўлаш тақиқланмаган.
Агар ташкилотда ходимларнинг сони кўп бўлса, бухгалтерия бўлимига юкламани енгиллаштириш учун ҳар бир бўлинма ёки бўлимда иш ҳақи ва аванс тўлашнинг ҳар хил саналарини тасдиқлаш мумкин.
Асосийси, ярим ой оралиғини бузмаслик.
Масалан: ишлаб чиқариш цехлари ходимларига иш ҳақи ҳар ойнинг 5-санасида, аванс ҳар ойнинг 20-санасида; бошқа бўлинмаларга иш ҳақи ҳар ойнинг 10-санасида, аванс ҳар ойнинг 25-санасида тўланади.
Иш ҳақини тўлаш муддатидаги ўзгаришлар жамоа ичида ва маъмурият билан зиддиятларни келтириб чиқармаслиги учун (кимдир иш ҳақини олдинроқ, кимдир кейинроқ олиши ҳақида), ходимларни режалаштирилаётган янгиликлар тўғрисида олдиндан хабардор қилиш мақсадга мувофиқ. Ходимларга бундай қадамнинг зарурлигини асослантирилган тарзда тушунтиринг ҳамда бу уларнинг иш ҳақини олишнинг ўз вақтида ва тўлиқлигига таъсир қилмаслигига ишонтиринг.
Иш ҳақи беришнинг янги муддатлари қандай расмийлаштирилади.
Меҳнатга ҳақ тўлаш шартлари қайси тартибда ўрнатилган бўлса, ўша тартибда ўзгартирилади .
Тегишинча, агар жамоа шартномасида меҳнатга ҳақ тўлаш муддатлари белгиланган бўлса, унга киритиладиган ўзгартиришлар меҳнат жамоасининг умумий йиғилиши (конференцияси) томонидан тасдиқланиши керак .
Агар меҳнатга ҳақ тўлаш шартлари корхонанинг бошқа локал ҳужжатларида назарда тутилган бўлса (ички меҳнат тартиби қоидалари, ҳақ тўлаш тўғрисидаги низом ва бошқалар), улардаги ўзгаришлар компания ходимларининг вакиллик органи билан келишилиши керак .