Пригодится каждому кадровику в декабре:
Ишга қабул қилиш ҳақидаги ариза керакми
Меҳнат шартномасини тузишдан олдин иш сўраб мурожаат қилган шахсдан ариза олиш шартми? Саволга «Норма» эксперти, ҳуқуқшунос Ленара ХИКМАТОВА жавоб берди:
- Йўқ, ишга қабул қилиш аризаси мажбурий ҳужжат эмас. Аммо иш берувчи бундан манфаатдор бўлган ҳолатлар мавжуд.
Меҳнат кодексида номзод иш берувчи учун бундай ҳужжатни тузиши кераклиги тўғрисида талаб мавжуд эмас. Муайян компанияда ишлаш истаги ходим томонидан имзоланган меҳнат шартномаси билан тасдиқланади. Уни эса ишга қабул қилиш учун аввалдан ариза бермасдан ҳам расмийлаштириш мумкин.
Аммо агар сиз аризачиларингиздан ишга қабул қилиш ҳақида ариза олсангиз, бу қонун бузилиш саналмайди. Асосий талаб шундаки, ҳар қандай ҳолатда ҳам ходим билан меҳнат шартномаси тузилган бўлиши керак. Негаки фақат у ишга қабул қилиш ҳақидаги буйруқни чиқариш учун асос бўлади .
Бунда иш берувчининг ўзи ходим томонидан ёзма ариза берилишидан манфаатдор бўлган ҳолатлар бўлиши мумкин. Масалан, ходимнинг ташаббуси ва манфаатлари учун муддатли меҳнат шартномаси тузилаётган бўлса. Агар келгусида уни тузишнинг асослилиги тўғрисида низо келиб чиқадиган бўлса, айнан иш берувчи муддатли шартнома тузиш ташаббуси ва қизиқишини ходимнинг ўзи кўрсатганлигини исботлаши керак бўлади. Бундай далил эса ходимнинг уни маълум муддатга ишга қабул қилиш тўғрисидаги аризаси ва ушбу илтимоснинг асосланиши бўлади.