Пригодится каждому кадровику в декабре:
Дам олиш ёки байрам кунида ишга қабул қилишни расмийлаштириш мумкинми
"Ишга янги ходимни қабул қилишни режалаштиряпмиз. У аввалги иш жойидан жума куни бўшайди, шанба кунидан эса ишдан бўшаш ва янги ишга кириш санасида узилиш бўлмаслиги учун ишга киришни расмийлаштирмоқчи. Компаниямизда 5 кунлик иш ҳафтаси белгиланган, лекин одатда кадрлар ва бухгалтерия бўлими шанба куни тушликкача ишлайди. Шанба куни янги ходимни ишга қабул қилишни расмийлаштира оламизми?".
Саволга «Норма» эксперти, ҳуқуқшунос Ленара ХИКМАТОВА жавоб берди:
– Меҳнат қонунчилигида берилган саволга аниқ жавоб йўқ. Шунинг учун Меҳнат кодексининг 82 ва 83-моддалари – ишга қабул қилишни расмийлаштириш тартиби ва меҳнат шартномасининг кучга киришини талқин қилишдан келиб чиқамиз.
Шундай қилиб, ишга қабул қилиш иш берувчининг буйруғи билан расмийлаштирилади.
Буйруқ чиқариш учун асос – ходим билан тузилган меҳнат шартномаси . У имзоланган пайтдан бошлаб кучга киради.
Ходим шартномада кўрсатилган кундан бошлаб меҳнат вазифаларини бажаришга киришиши шарт. Агар меҳнат шартномасида ишнинг бошланиш санаси кўрсатилмаган бўлса, ходим шартнома имзоланган кундан кейинги иш кунидан (сменадан) кечиктирмай иш бошлаши керак. Бундан келиб чиқадики:
- МКда меҳнат шартномаси тузиладиган кун борасида ҳеч қандай чекловлар йўқ;
- ишга қабул қилиш ва иш бошлаш саналари бир-бирига тўғри келмаслиги мумкин. Яъни, меҳнат шартномаси душанба куни иш бошланиши ҳақидаги эслатма билан шанба куни тузилган бўлиши мумкин. Ишни бошлаш санаси ходим ва иш берувчи ўртасидаги келишув билан белгиланади. Агар меҳнат шартномаси ишни бошлаш санасини кўрсатмасдан тузилган бўлса, янги ходим шартнома имзоланган кундан кейинги иш кунида иш бошлаши керак, келтирилган вазиятда эса бу – душанба.
Аммо текширувчи органларда дам олиш кунида кадрлар билан боғлиқ ҳаракатларни расмийлаштириш бўйича эътирозлар пайдо бўлиши мумкин. Агар фаолиятнинг ўзига хос хусусиятларига (масалан, доимий ишлаб чиқариш) ёки ташкилотнинг иш жадвалига мувофиқ шанба иш куни бўлса, бунга йўл қўйилган бўлар эди. Аммо кўриб чиқилаётган муайян вазиятда ушбу вариант қўлланилмайди, чунки саволдан келиб чиқадиган бўлсак ушбу компанияда шанба куни ҳамма учун дам олиш куни.
Шунинг учун ишга қабул қилиш ҳақидаги буйруқни иш кунида чиқариш мақсадга мувофиқдир. Бундан ташқари, меҳнат стажидаги бир неча кунлик танаффус аҳамиятга эга эмас. Собиқ ССР даврида узлуксиз иш стажи муҳим аҳамиятга эга эди ва инсон доимий равишда ишлаган вақтни англатар эди, ишдан бўшаш ва янги ишга кириш ўртасидаги даврлар маълум муддатлардан ошмаган. Ҳозирги вақтда узлуксиз иш стажи маълум касбий соҳаларда нафақа тайинлашда ҳисобга олинади.
Масалан, давлат муассасаларининг тиббиёт ва фармацевтика ходимларига узлуксиз иш стажи учун устамалар кафолатланади. Уларни тўлаш ва узлуксиз иш стажини ҳисоблаш тартиби Ўзбекистон Республикаси давлат муассасалари ва фармацевтика ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш тартиби ва шартлари тўғрисидаги низом билан тартибга солинади.
Шу билан бирга, агар дам олиш кунига қарамай, ўша куни ташкилот ходимларни Меҳнат кодексининг 130-моддасида белгиланган тартибда ишга жалб қилса, шанба куни янги ходимни расмийлаштириш қонуний бўлади. Масалан, ҳисоботларни ўз вақтида топшириш учун шанба куни директор, кадрлар хизмати ва бухгалтерия бўлими ишга жалб қилинди. Бундай ҳолда кадрдар бўйича мутахассис ҳам, директор ҳам унинг буйруғи билан шанба куни ўз иш вазифаларини расман бажарадилар. Демак, улар ҳужжатларни расмийлаштириш ва имзолаш ҳуқуқига эгалар.
Аммо шуни ёдда тутингки: шанба куни меҳнат шартномаси имзоланган ва буйруқ чиқарилган бўлса ҳам, ходим душанба куни иш бошлаши керак. Томонлар дастлаб ходим шанба куни иш бошлашига келишган бўлса, бу Меҳнат кодексининг 130-моддаси қоидаларига мувофиқ дам олиш куни ишга жалб қилиш сифатида расмийлаштирилиши лозим. Яъни, ишга қабул қилиш буйруғи билан бир вақтда дам олиш кунида ишга жалб қилиш тўғрисида буйруқ бериш, буни иш вақтини ҳисобга олиш табелида акс эттириш ва ишни камида икки ҳисса ҳақ ёки бошқа куни отгул бериш билан қоплаш керак .