Пригодится каждому кадровику в сентябре:
Вояга етмаган ходимларни ишга қабул қилишда низо вазиятларнинг олдини олиш
Кўпинча ёзги таътил вақтида юқори синф ўқувчилари умумий овқатланиш корхоналари – кафе, барлар, қаҳвахоналар ва ҳоказоларда вақтинча иш топадилар. Уларни, масалан, бармен, идиш-товоқ ювувчи ёки официант қилиб ишга олиш мумкин. Агар омади чопса, ёш ходим Меҳнат кодексининг барча қоидалари ва нормаларига мувофиқ ишга киради ва бунда иш берувчи билан зидддиятга бормайди. Аммо ҳар доим ҳам бундай бўлавермайли.
«Норма» экспертлари – Валерия ЛЯНДРЕС ва ҳуқуқшунос Ленара ХИКМАТОВА "ёзги пул топиш"ни расмийлаштириш ва кўнгилсизликларнинг, айниқса вояга етмаган ходимларнинг молиявий жавобгарлиги нуқтаи назаридан олдини олишнинг ўзига хос хусусиятлари ҳақида гапириб беришди:
– Ўн саккиз ёшга тўлмаган шахслар меҳнатга оид ҳуқуқий муносабатларда катта ёшдаги ходимлар билан тенг ҳуқуқда бўладилар. Меҳнатни муҳофаза қилиш, иш вақти, таътиллар ва бошқа меҳнат шартлари соҳасида эса улар учун меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатлари ва бошқа норматив ҳужжатларда белгиланган қўшимча имтиёзлардан фойдаланадилар .
Агар сиз ишга жойлашаётган ўсмирнинг ота-онаси бўлсангиз, унинг ишга қабул шартлари ва меҳнат шароитларига эътибор қаратинг.
Агар сиз иш берувчининг вакили бўлсангиз, ушбу тоифадаги ходимлар махсус давлат назорати остида эканлигини унутманг. Меҳнат низоси юзага келган тақдирда эса қонун ҳужжатларида белгиланганларга нисбатан ҳар қандай ёмонлашган меҳнат шароитлари бекор деб эътироф этилади.
1. Ишга қабул қилиш жараёни
16 ёшдан бошлаб йигит ёки қиз ота-онасининг ёзма рухсатисиз мустақил ишга жойлашиш ҳуқуқига эга . Ота-оналардан бирининг (ота-онанинг ўрнини босувчи шахснинг) ёзма розилиги фақат 15 ёшли ўсмир ишга жойлашганда талаб қилинади.
Ишга қабул қилиш вақтида биринчи маротаба ишга кираётган иш берувчига қуйидаги ҳужжатларни тақдим этиши керак :
- паспорт ёки унинг ўрнини босадиган бошқа ҳужжатни, ўн олти ёшгача бўлган шахслар эса — туғилганлик тўғрисидаги гувоҳномани;
- чақирилувчилар ҳарбий ҳисобда турганлик ҳақидаги гувоҳномани (йигитлар учун);
- махсус маълумотга ёки махсус тайёргарликка эга шахсларгина бажариши мумкин бўлган ишларга кираётганда олий ёки ўрта махсус, касб-ҳунар ўқув юртини тамомлаганлиги тўғрисидаги дипломни ёхуд мазкур ишни бажариш ҳуқуқини берадиган гувоҳномани ёки бошқа тегишли ҳужжатни. Ушбу банд таълим муассасаларини тугатган ва бу ҳақда ҳужжатга эга бўлган ходимларга тегишли.
Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларида таҳсил олаётган вояга етмаганлар умумий ўрта маълумот тўғрисидаги маълумотномани тақдим этишлари мумкин.
Иш берувчи бундан бошқа ҳужжатларни талаб қилишга ҳақли эмас.
Шунингдек, иш берувчи вояга етмаган ишга кирувчига дастлабки тиббий кўрикдан ўтишни таъминлаши шарт. Бу нафақат кичик ёш даври, балки аҳолига бевосита хизмат кўрсатишни назарда тутадиган умумий овқатланиш, озиқ-овқат саноати, савдо ва бошқа соҳалардаги ишларнинг ўзига хос хусусиятлари билан ҳам талаб қилинади. Ходим ҳам, иш берувчи ҳам бу қоидадан қочиб қутула олмайди .
Иш берувчи вояга етмаган ходим билан ёзма меҳнат шартномасини тузиши ва уни ЯММТда рўйхатдан ўтказиши шарт. Шундан сўнг ходим электрон меҳнат дафтарчага эга бўлади ва иш стажи ҳисобга олина бошланади.
Меҳнат шартномасида кўрсатилган ишнинг биринчи кунидан бошлаб ходимга иш ҳақи ҳисобланади .
2. Иш берувчи томонидан содир этилиши мумкин бўлган қоидабузилишлар:
1) синов муддати билан ишга олиш, аммо бу давр учун иш ҳақи тўламаган ҳолда.
Бу бир вақтнинг ўзида иккита сабабга кўра ноқонуний ҳисобланади. Биринчидан, синов муддати давомида иш ҳақи тўланиши керак. Иккинчидан, агар меҳнат шартномаси 6 ойдан кам муддатга тузилган бўлса, синов муддати белгиланиши мумкин эмас .
2) ходим билан меҳнат шартномасини эмас, балки штат лавозимига фуқаролик-ҳуқуқий тусдаги шартномани (ФҲШ ) (официант, бармен ва б.) тузишга уриниш.
Бу иш берувчига ходим олдидаги муайян мажбуриятлардан ўзини озод қилишга имкон беради.
Ахир меҳнат шартномаси бўйича ишга қабул қилинган (тегишинча ташкилот штатида ҳисобга олинган) ходимга корхонада белгиланган меҳнат қонунчилиги ва меҳнат шароитлари тўлиқ татбиқ қилинади. Унга кўплаб кафолатлар тақдим қилинади, жумладан:
- ойига камида 2 марта ҳақ тўлаш ;
- корхонанинг маҳаллий ҳужжатлари билан белгиланган мукофотлар, қўшимча тўловлар, рағбатлантирувчи тўловлар ;
- вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик нафақасини тўлаш ва бошқалар.
Ушбу кафолатларнинг барчаси ФҲШ бўйича ишлайдиган ходимларга тааллуқли эмас. ФҲШ my.mehnat.uz сайтида рўйхатдан ўтмайди, меҳнат дафтарчалари юритилмайди.
Бу ноқонуний, фуқаролик ҳуқуқий шартномаси штат лавозимини рўйхатдан ўтказиш учун тузилиши мумкин эмас. Меҳнат шартномаси ва ФҲШ ўртасидаги фарқлар ҳақида батафсил бу ерда ёзганмиз:
3. Қандай ишларга қабул қилиш мумкин эмас
18 ёшга тўлмаган шахслар Меҳнат кодексининг 241-моддаси талабларига риоя қилган ҳолда ишга қабул қилинади.
Вояга етмаганларнинг меҳнатидан қуйидаги ишларда фойдаланиш тақиқланади :
- ер ости, сув ости, хавфли баландликда ёки ёпиқ муҳитда бажариладиган;
- хавфли механизмлар, асбоб ва ускуналар билан боғлиқ бўлган;
- хавфли буюмлар ёки жараёнлар, ҳарорат, шовқин ёки тўлқинланиш даражасининг юқори таъсирида вояга етмаганларнинг соғлиғига зарар етказишга олиб келадиган зарарли шароитлардаги;
- оғир меҳнат шароитларида бажариладиган (иш вақтининг давомийлиги узоқ бўлган, тунги ишлар ва бошқалар билан боғлиқ бўлган);
- ўзининг хусусияти билан бундай тоифадаги ходимларнинг ахлоқ-одобига зарар етказадиган;
- белгилаб қўйилган нормадан ортиқ оғир юк кўтариши ва ташиш билан боғлиқ бўлган ишлар. Нормалар 12.05.2009 йилдаги 1954-сон низом билан белгиланган.
Вояга етмаганларнинг соғлиғи, хавфсизлиги ёки ахлоқига зарар етказиши мумкин бўлган ноқулай меҳнат шароитлари бўлган ер ости ва бошқа ишлар рўйхати 29.07.2009 й. 1990-сонли низом билан белгиланган.
4. Иш вақти
Ўн саккиз ёшга тўлмаган шахсларни тунги ишларга, иш вақтидан ташқари ишларга ва дам олиш кунларидаги ишларга жалб этиш тақиқланади .
Иш вақтининг муддати ўн саккиз ёшгача бўлган ходимларга ҳафтасига ўттиз олти соатдан ошмаслиги керак. Бунда ўн саккиз ёшга тўлмаган ходимларнинг меҳнатига ҳақ тегишли тоифадаги ходимларга бериладиган миқдорда тўланади . Бошқача қилиб айтганда, вояга етмаганлар камроқ вақт ишлайди, лекин катталар билан бир хил миқдорда ҳақ олади!
Масалан, кафеда 2та официант ишлайди. Бири ҳафтасига 40 соат, иккинчиси (17 ёш) – ҳафтасига 36 соат ишлайди. Штат жадвалига мувофиқ официантнинг маоши 2 млн. сўмни ташкил этади. Вояга етмаган ходим ҳафтасига 4 соат камроқ ишлашига қарамай иккала ходим ҳам бир хил миқдорда – 2 млн. сўм олади.
Ходимда албатта дам олиш кунлари бўлиши керак:
- 6 кунлик иш ҳафтасида – 1 кун. Шунда кунлик иш давомийлиги 6 соатдан ошмайди;
- 5 кунлик иш ҳафтасида - 2 кун. Бундай ҳолда 36 соатни, масалан, қуйидагича бўлиш мумкин: ҳафтада 4 кун – 7 соатдан, 1 кун – 8 соатдан ёки 5 кун 7 соатдан қилиб белгилаш керак.
Вояга етмаганлар учун иш вақтини жамлаб ҳисобга олишни ўрнатиш мумкин эмас .
5. Вақтинчалик меҳнатга лаёқатсизлик даврлари
Агар вояга етмаган ходим иш пайтида касал бўлиб қолса ва "касаллик варақасини" олиб келса, иш берувчи унинг асосида вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик бўйича нафақаларни Давлат ижтимоий суғуртаси тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисидаги низомда назарда тутилган миқдорда тўлаши шарт.
6. Ишдан бўшатиш тартиби
Агар вояга етмаган ўсмир ёзда пул топиш учун иш излаётган бўлса, у билан муддатли меҳнат шартномаси тузилади. Масалан, ёзнинг 3 ойи учун - 1 июндан 31 августгача. Ушбу муддат тугагандан кейин шартнома Меҳнат кодексининг 105-моддасига биноан умумий асосларда бекор қилинади. Ишдан бўшатиш учун касаба уюшма қўмитаси ёки ходимларнинг бошқа вакиллик органининг розилигини олиш шарт эмас. Ходимни бўлажак ишдан бўшатиш ҳақида олдиндан огоҳлантириш ҳам талаб этилмайди. Шартнома тарафлари унинг қанча муддатга тузилганлигини билишади.
Ишдан бўшатилаётганда ходим билан биринчи иш кунидан охирги иш кунигача тўлиқ ҳисоб-китоб қилиниши ва меҳнат таътилининг фойдаланилмаган кунлари учун пуллик компенсация тўланиши керак.
7. Фойдаланилмаган таътил учун компенсацияни қандай ҳисоблаш мумкин
Ўн саккиз ёшга тўлмаган ходимларга камида ўттиз календарь кундан иборат йиллик таътил берилади .
Меҳнат шартномаси бўйича ишланган 3 ой учун у қуйидаги формулага мувофиқ ҳисоблаб чиқилган компенсацияни олади:
30 календарь кун: 12 ой х ишланган 3ой = 7.5 календарь кун.
8. Иш берувчи вояга етмаган ходимни муддатидан олдин ишдан бўшатиши мумкинми
Ўн саккиз ёшга тўлмаган ходим билан тузилган меҳнат шартномасини иш берувчининг ташаббуси билан бекор қилишга маҳаллий меҳнат органининг розилиги билан йўл қўйилади .
Шартнома муддати тугашидан олдин иш берувчи ўз ташаббуси билан вояга етмаган билан меҳнат шартномасини Меҳнат кодексининг 100-моддаси 2-қисмида келтирилган алоҳида асослар бўйича бекор қилиш ҳуқуқига эга:
- ходимлар сони (штати) қисқариши, корхонанинг тугатилганлиги туфайли;
- ходимнинг малакаси етарли бўлмаганлиги ёки соғлиғи ҳолатига кўра бажараётган ишига нолойиқ бўлиб қолиши;
- ходимнинг ўз меҳнат вазифаларини бузганлиги.
Ҳомиладор ходимлар бундан мустасно. Улар билан билан тузилган меҳнат шартномасини иш берувчининг ташаббуси билан бекор қилишга йўл қўйилмайди .
Иш берувчидан ташқари қуйидагилар меҳнат шартномасини унинг муддати тугашидан олдин бекор қилиш ташаббускорлари бўлиши мумкин:
- вояга етмаган ходимнинг ўзи;
- ота-оналар ва васийлар
(ҳомийлар);
- меҳнатни муҳофаза қилиш устидан назорат қилувчи органлар ҳамда вояга етмаганлар ишлари бўйича идоралараро комиссиялар. Улар ва ота-оналар, ўн саккиз ёшга тўлмаган шахслар бажараётган ишни давом эттириш улар соғлиғига зиён қиладиган ёки уларга бошқача тарзда зарар етказадиган бўлса, бундай шахслар билан тузилган меҳнат шартномасини бекор қилишни талаб этишга ҳақлидирлар .
Агар вояга етмаган шахс ўз хоҳишига кўра ишдан бўшамоқчи бўлса, бу унинг ҳуқуқидир. Бунинг учун у иш берувчига Меҳнат кодексининг 99-моддасига мувофиқ 2 ҳафта аввал меҳнат шартномасини бекор қилиш тўғрисида ариза топшириши керак.
9. Вояга етмаганнинг молиявий жавобгарлиги
Умумий овқатланиш ташкилотларида ишлаш кўпинча мулкка зарар етказиш (идишларни синдириш) хавфи билан боғлиқ бўлади. Иш берувчилар эса кўпинча ходимдан моддий зарарни тўлиқ қоплашни талаб қилади.
18 ёшга тўлмаган ходимга фақат чекланган молиявий жавобгарлик тайинланиши мумкин. Вояга етмаган ходим фақат қуйидагилар учун тўлиқ молиявий жавобгарликни ўз зиммасига олади:
"Қасддан зарар етказиш" нимани англатади? Масалан, официант идиш-товоқларни кўтариб кетаётиб, қўлидагиларни бехосдан тушириб юборди. Идишлар синган, аммо бу эҳтиётсизлик оқибатида содир бўлган. Бундай ҳолда официант етказилган зарар учун ўзининг ўртача ойлик иш ҳақи миқдори доирасида моддий жавобгар бўлади . Аммо агар официант ресторан эгаси билан жанжаллашиб, ишдан бўшатилишидан олдин атайлаб "хайрлашиш олдидан" қимматбаҳо идишларни синдирган бўлса, ҳаракат қасддан қилингани сабабли бу тўлиқ молиявий масъулият саналади.
10. Агар меҳнат низоси юзага келса
Ҳар қандай меҳнат низосида ҳар бир томон ўзини тўғри деб билади. Иш берувчи масъулият, касбий маҳорат ва ҳоказоларга эга бўлмаган "бу болакай" ҳамма нарса учун айбдор эканлигига тўлиқ ишонади. Вояга етмаган ходим эса ҳақли равишда ўз ҳақини тўлиқ оломагани, ундан "фойдаланишгани" учун хафа бўлиши мумкин.
Қийин вазиятда меҳнат инспекциясига, прокуратура ёки судга мурожаат қилишингиз мумкин. Аммо агар иш берувчи ҳам, ходим ҳам меҳнат қонунчилигидан хабардор бўлса ва унга риоя қилса, бундай вазиятга тушмайди. Ҳатто иш берувчи ҳақ бўлса ҳам, ходимнинг судга мурожаат қилиши уни расмийлаштириш ва иш шароитлари билан боғлиқ йўл қўйилган барча қоидабузарликлар юзага чиқишига олиб келади.