Пенсионерни ишдан бўшатиш тартиби

preview

«Ходим 2 ойдан кейин 60 ёшга тўлади.  Директор ҳозирдан пенсия ёшига етганлиги сабабли уни  ишдан бўшатиши тўғрисида огоҳлантирмоқчи. Муайян ҳолатлар туфайли директор ушбу ходим билан имкон қадар тегишли сана келиши билан дарҳол хайрлашмоқчи. Бу мумкинми? Ёки 60 ёшга тўлишини кутиш ва шундан кейингина огоҳлантириш бериш керакми? Огоҳлантириш муддатини пуллик компенсация билан алмаштириш мумкинми?».

Пенсия ёшидаги ходимларни ишдан бўшатиш тартиби ҳақида «Норма» эксперти, ҳуқуқшунос Ленара ХИКМАТОВА батафсил тушунтирди:

 

– Ҳа, сиз ходимни Меҳнат кодексининг 100-модда 2-қисм 7-банди бўйича  ишдан бўшатиш тўғрисида олдиндан огоҳлантиришингиз мумкин, қонун буни тақиқламайди. Меҳнат кодексининг 102-моддасига кўра, иш берувчи пенсия ёшига етган ходим билан меҳнат шартномасини бекор қилиш нияти тўғрисида ходимни камида 2 ой олдин хабардор қилиши шарт.

Энг муҳими, ишдан бўшатиш расмийлаштирилган  кунда ходим пенсия ёшига етган ва пенсия олиш ҳуқуқига эга бўлиши керак.

Муҳим шарт: сиз огоҳлантириш жараёнининг ўзини тўғри расмийлаштиришингиз керак. Ходимни бўлажак ишдан бўшатиш тўғрисида ёзма равишда хабардор қилувчи ҳужжат тузинг. Уни ташкилот раҳбари ёки «қабул қилиш-ишдан бўшатиш» ҳуқуқига эга бўлган бошқа ваколатли шахсга имзолатинг. Ҳужжатни имзо остида ходимга топширинг. Топширилган кундан бошлаб 2 ойлик даврни ҳисоблаш бошланади.

 

Ходим огоҳлантириш хатини имзолашдан бош тортса

Корхонанинг камида 2та гувоҳ – ходимлари иштирокида ҳужжатни унга овоз чиқариб ўқиб беринг. Огоҳлантириш ходимга тақдим этилганлиги ва овоз чиқариб ўқиб берилганлиги, аммо у имзолашдан бош тортганлиги тўғрисида далолатнома тузинг. Далолатномада уни тузиш санаси ва вақтини кўрсатинг.

Ходимга тузилган далолатнома билан имзо чеккан ҳолда танишишни таклиф қилинг. Рад этилган тақдирда, далолатномага тегишли ёзув киритинг. Ходим томонидан имзоланмаган огоҳлантиришни далолатномага илова қилинг.

 

Ходим пенсия ёшига етганидан кейин дарҳол ишдан бўшатилишига нима тўсқинлик қилиши мумкин

Агар сиз ходимни ишдан бўшатиш тўғрисида олдиндан огоҳлантирсангиз ҳам, у пенсия ёшига етганида ҳам дарҳол меҳнат шартномасини бекор қилолмайсиз. Агар огоҳлантириш муддати давомида ходим касал бўлиб қолса ёки давлат ёки жамоат вазифаларини бажарса  огоҳлантириш муддати шу муддатга тўхтатилади. Ходимни огоҳлантириш муддатига вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик даври, шунингдек унинг давлат ёки жамоат вазифаларини бажарган вақти қўшилмайди .

Бундан ташқари, ходим таътилда бўлган даврда иш берувчининг ташаббуси билан ишдан бўшатиш мумкин эмас. Шунинг учун, агар ходим огоҳлантиришнинг тугаш санасидан кейин тугайдиган таътилни расмийлаштирган бўлса, у таътилдан қайтишини кутиш ва шундан кейингина ишдан бўшатиши керак .

 

Огоҳлантириш муддатини пуллик компенсация билан алмаштириш мумкинми

Чиндан ҳам, қонун ходим ва иш берувчи ўртасидаги ўзаро келишув йўли бўйича огоҳлантириш муддатига мувофиқ келадиган пуллик компенсация билан алмаштирилишига йўл қўяди  . Аммо, агар ходим ҳали 60 ёшга тўлмаган бўлса, сиз бундай қила олмайсиз.

Агар иккала томон ҳам огоҳлантириш муддатини пул билан алмаштиришга рози бўлса, лекин Меҳнат кодексининг 100-модда 2-қисм 7-банди бўйича (пенсия ёшига етиш) ишдан бўшатишнинг асосий шарти бажарилмаса, меҳнат низоси юзага келган тақдирда бундай ишдан бўшатиш ноқонуний деб ҳисобланиши мумкин.

Агар огоҳлантириш муддати 60 ёшга етгандан кейинги даврни қамраб олса, пуллик компенсация даврининг қолган қисмини алмаштириш қонуний бўлади.

Мисол
Огоҳлантириш муддатини пуллик компенсация билан алмаштириш

1. Ходим 10 сентябрь куни 60 ёшга тўлади. 11 июль куни унга бўлғуси ишдан бўшатиш тўғрисида огоҳлантириш топширилди. Бундай вазиятда огоҳлантириш муддатини пуллик компенсация билан алмаштириб бўлмайди, чунки унинг қонунда белгиланган минимуми (2 ой) фақат 11 сентябрда тугайди. Шу куннинг ўзида, агар огоҳлантириш муддатига киритилмаган даврлар бўлмаса, пенсия ёшига етганлиги муносабати билан ходим билан меҳнат шартномасини бекор қилиш мумкин.

2. Ходим 10 сентябрь куни 60 ёшга тўлади. 10 август куни унга бўлғуси ишдан бўшатиш тўғрисида огоҳлантириш топширилди. Бундай вазиятда қолган огоҳлантириш муддатини пуллик компенсацияси билан алмаштириш ва 11 сентябрдан бошлаб меҳнат шартномасини бекор қилиш мумкин.

3. Ходим 5 сентябрь куни 60 ёшга тўлди. 6 сентябрь куни эса унга Меҳнат кодексининг 100-модда 2-қисм 7-банди бўйича меҳнат шартномасини бекор қилиш тўғрисида огоҳлантириш топширилди. Ходим бошқа иш топганлиги учун огоҳлантириш муддатини пуллик компенсация билан алмаштиришни сўради.  Иш берувчи бунга қарши эмас. Бундай вазиятда жараён қонуний бўлади, чунки ишдан бўшатиш ходим пенсия ёшига етганидан кейин расмийлаштирилади.

Унутманг:

1) Меҳнат кодексининг 100-модда 2-қисм 7-банди бўйича ходимни ишдан бўшатиш, агар бу жамоа шартномаси ёки келишувда назарда тутилган бўлса, касаба уюшмаси қўмитаси ёки ходимларнинг бошқа вакиллик органи билан келишилади ;

2) меҳнат шартномаси бекор қилинганда  камида ўртача ойлик даромад миқдорида ишдан бўшатиш нафақасини тўлаш керак .

Эслатиб ўтамиз

Меҳнат кодексининг 100-модда 2-қисм 7-банди бўйича меҳнат шартномасини ходим 60 ёшга тўлгандан кейингина бекор қилиш мумкин. Бу қоида аёлларга ҳам тегишли. Улар учун пенсия ёши 55 ёшни ташкил этади .

Шу вақтдан бошлаб улар пенсиягаа чиқишга ҳақли. Аммо ходималар билан Меҳнат кодексининг 100-модда 2-қисм 7-банди бўйича номуайян муддатга тузилган меҳнат шартномасини, шунингдек амал қилиш муддати тугамаган муддатли меҳнат шартномасини улар 60 ёшга тўлгунга қадар бекор қилиш мумкин эмас. Бундай кафолат Президентнинг тегишли Қарори билан белгиланган .

Маълумот учун:

Қонун чиқарувчи ходим пенсия ёшига тўлганлиги муносабати билан иш берувчи ташаббуси билан меҳнат шартномасини бекор қилишни тақиқлашни режалаштирмоқда. Президент томонидан Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигига тегишли қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш топшириғи берилди .


 

Меҳнат шартномасини бекор қилиш Меҳнат шартномасини бекор қилиш Меҳнат шартномасини бекор қилиш /publish/doc/text184041_pensionerni_ishdan_bushatish_tartibi