Таътиллар навбатини белгилаш тартиби
Тавсияда:
– таътиллар жадвали қандай тузилади;
– таътиллар жадвали қандай тасдиқланади;
– таътиллар жадвали бўйича таътилдан фойдаланиш вақти қандай ўзгартирилади.
Ходимларнинг йиллик меҳнат таътилини олиш навбати таътиллар жадвалида белгиланади. У ҳар календарь йил бошлангунга қадар иш берувчи томонидан касаба уюшмаси қўмитаси ёки ходимларнинг бошқа вакиллик органи билан келишиб тасдиқланади .
Таътиллар жадвали – мажбурий ички ҳужжат. Уни мулкчилик шакли ва штатдаги ходимлар сонидан қатъи назар барча ташкилотлар расмийлаштириши шарт. Таътиллар жадвали йўқлиги учун иш берувчига жарима солиб, маъмурий жавобгарликка тортишлари мумкин.
Таътиллар жадвали қандай тузилади
Жадвалда ҳар бир ходим томонидан таътилдан фойдаланиш вақти – календарь ойи ёки аниқ бир даврни кўрсатинг. Одатда, ҳар қандай санада таътил бериш учун фақат календарь ой кўрсатилади. Бундай ҳолда ходимдан таътил бериш тўғрисидаги аризани унинг бошланишининг аниқ санасини кўрсатган ҳолда қабул қилиш ва ходим таништирилиши шарт бўлган буйруқ чиқариш лозим.
Агар жадвалда таътил бошланишининг аниқ санаси кўрсатилган бўлса, ходим ариза бериши шарт эмас. Аммо, агар ходим бошқа санада таътил олса, ўзгариш таътил жадвалида акс эттирилиши керак. Шунинг учун ташкилотингиз учун қайси турдаги жадвал маъқул эканини ўзингиз ҳал қилинг.
Жадвал шаклига келсак, у қонуний равишда белгиланмаган. Шунинг учун ҳар бир ташкилот ўз шаклини ишлаб чиқиш ҳуқуқига эга (намунага қаранг).
Жадвалга қуйидаги устунларни киритиш мақсадга мувофиқ:
- таркибий бўлинма (бўлим) номи;
- ходимнинг тўлиқ исми-шарифи ва табель рақами;
- унинг лавозими номи;
- таътилнинг иш кунларидаги давомийлиги;
- таътилдан фойдаланиш вақти (календарь ойи ёки аниқ давр);
- режалаштирилган ва ишга чиқишнинг ҳақиқий санаси;
- бошқа маълумотлар: таътилни ўзгартириш, уни кўчириш, қисмларга бўлиш, чақириб олиш ҳақидаги маълумотлар ва бошқалар.
Корхона раҳбари томонидан тасдиқланган таътил жадвали корхонанинг барча ходимлари эътиборига етказилади. Бунинг учун жадвалга қўшимча устунни киритиш мумкин, бу ерда ходимлар танишганлик ҳақида белги қўйишади.
Таътиллар жадвали қандай тасдиқланади
Таътил жадвали лойиҳаси иш берувчи томонидан тасдиқлангунга қадар касаба уюшма қўмитасига ёки ходимларнинг бошқа вакиллик органига келишиш учун тақдим этилади.
Ходимларнинг вакиллик органи ўз йиғилишида жадвал лойиҳасини кўриб чиқади ва унинг якунларига кўра тасдиқлашга рози бўлади ёки буни рад этади ва аниқланган қоидабузарликларни қайта кўриб чиқиш ва бартараф этиш учун лойиҳани қайтаради. Тасдиқлаш ёки тасдиқлашни рад этиш тўғрисидаги қарор мажлисда хозир бўлган вакиллик органи аъзоларининг кўпчилик овози билан қабул қилинади.
Ходимлар вакиллик органи баённомасининг рақами ва санаси жадвал титул варағининг юқори чап бурчагига қўйилади, бу унинг келишилганини тасдиқлайди. Баённоманинг нусхаси таътил жадвалига илова қилиниши керак.
Таътиллар жадвали бўйича таътилдан фойдаланиш вақти қандай ўзгартирилади
Иш берувчи ҳам, ходим ҳам тасдиқланган таътил жадвалига риоя қилиши керак. Бунда иш берувчи ҳар бир ходим билан таътилдан фойдаланиш вақтини келишишга мажбур эмас. Таътилга чиқиш навбати улардан фойдаланиш корхонанинг иш фаолиятига таъсир кўрсатмайдиган қилиб белгиланади. Ҳар доим ҳам ҳар бир ходимнинг таътилга чиқиш вақти ҳақидаги истакларини ҳисобга олиб бўлмайди. Масалан, бир хил вазифаларга эга бўлган иккита мутахассис бир вақтда таътилга чиқмоқчи бўлса, ишлаб чиқариш шартларига кўра уларнинг бир вақтнинг ўзида йўқлигига йўл қўйиб бўлмайди.
Томонлар жадвалда белгиланган таътилга чиқиш вақтини бир томонлама ўзгартириш ҳуқуқига эга эмаслар. Агар ходим бирор сабабга кўра унга жадвалга мувофиқ таътил бериш муддатига рози бўлмаса ва унинг бошланиш вақтини ўзгартирмоқчи бўлса, у бундай илтимос билан иш берувчига мурожаат қилиши керак.
Ушбу қоидадан истисно мавжуд. Қуйидаги тоифадаги ходимларга таътил уларнинг хоҳишига кўра ёз ёки улар учун қулай бўлган бошқа вақтда берилиши керак :
- ўн тўрт ёшга тўлмаган битта ёки ундан ортиқ болани (ўн олти ёшга тўлмаган ногиронлиги бўлган болани) тарбиялаётган ёлғиз ота, ёлғиз онага (бева эркаклар, бева аёллар, никоҳдан ажрашганлар, ёлғиз оналарга) ва муддатли ҳарбий хизматни ўтаётган ҳарбий хизматчиларнинг хотинларига;
- I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсларга;
- 1941-1945 йиллардаги уруш қатнашчиларига ва имтиёзлари бўйича уларга тенглаштирилган шахсларга;
- ўн саккиз ёшга тўлмаган шахсларга;
- таълим муассасаларида ишлаб чиқаришдан ажралмаган ҳолда ўқиётганларга
;
- жамоа шартномаси, келишувида назарда тутилган бошқа ҳолларда.
Шунинг учун, агар бундай ходим таътилга чиқиш учун дастлаб белгиланган вақтни ўзгартирмоқчи бўлса (жадвал аллақачон тасдиқланган бўлса ҳам), иш берувчи унинг талабини бажариши керак.
Бундан ташқари таътилдан фойдаланишнинг жадвалда белгиланган вақти ходим билан иш берувчининг келишувига биноан ўзгартирилиши мумкин .
Ходим таътилга чиқиш ҳақида ариза қолдириб, ишга чиқмади. Таътиллар жадвалида унинг таътилдан фойдаланиш вақти кўрсатилмаган, чунки у ҳужжат қабул қилингандан кейин ишга жойлашган. Буйруқ чиқарилмаган. Ишда йўқлиги сабаби ҳақида телефон орқали суҳбатда у таътилда эканлигини айтган.
Қандай йўл тутиш керак?
- Прогул расмийлаштиринг ва ходимга нисбатан интизомий жазо чорасини қўлланг .