«Кийимларни алмаштириш» ҳам иш вақтига кирадими

preview
Эътибор беринг
Тушунтириш 2023 йил 30 апрелдан кучга кирадиган янги МК асосида тайёрланган.

«Ходимлар иш куни бошланишидан аввал махсус кийим-бош киядилар ва ўз иш жойини тайёрлайдилар. Иш куни охирида уларга иш жойини тартибга солиш, чўмилиш ва кийим-бош алмаштириш учун яна вақт керак бўлади. Бу даврлар иш вақтига киритиладими? Агар ходим бу ишларни иш куни бошланишидан аввал қилса, иш жойини тайёрлаш вақти ишдан ташқари иш ҳисобланадими? Агар ходимларни  уйига хизмат транспорти олиб бориб қўйса, бундай вазиятда ишга келиш ва ишдан кетиш вақти қандай белгиланади?».

Kadrovik.uz тушунтиради:

 

Ходим ички меҳнат тартиб қоидаларига, сменаларга бўлиниб ишлаш (иш) жадвалларига, бошқа ички ҳужжатларга ёки меҳнат шартномаси шартларига мувофиқ меҳнат мажбуриятларини қайси вақт мобайнида бажариши керак бўлса, ўша вақт иш вақтидир .

Иш вақтига қуйидагилар киритилади:

  • ходим меҳнат мажбуриятларини ҳақиқатда бажарган вақт;
  • ходимнинг айбисиз бекор туриб қолинган вақт;
  • технология ҳамда ишлаб чиқариш ва меҳнатни ташкил этиш билан боғлиқ бўлган танаффуслар;
  • болани овқатлантириш учун танаффуслар;
  • асосий ва тайёргарлик-якуний ишларни бажариш вақти – кийим, материаллар, асбоб-ускуналар олиш, техника, ҳужжатлар билан танишиш, иш ўрнини тайёрлаш ва тозалаш, тайёр маҳсулотни топшириш;
  • меҳнат тўғрисидаги қонунчиликда ҳамда меҳнат ҳақидаги бошқа ҳуқуқий ҳужжатларда назарда тутилган бошқа вақт даврлари.

 

Ушбу даврлар ҳисобга олишини керак ва бу жараён иш берувчи томонидан ташкил этилиши шарт. Бунда меҳнат мажбуриятларининг ҳақиқатда бажарилган вақти ички меҳнат тартиб қоидаларига, ишлаш (сменаларга бўлиниб ишлаш) жадвалига ёки иш берувчининг алоҳида кўрсатмасига биноан ходим иш бажариладиган жойга келган пайтдан эътиборан ҳамда ушбу иш кунида (сменада) ишдан ҳақиқатда озод бўлган пайтга қадар ҳисобга олинади . Ушбу вақт оралиғига қуйидагилар учун зарур бўлган вақт киритилмайди ҳамда ҳисобга олинмайди:

  • яшаш жойидан доимий иш жойига (доимий йиғилиш жойига) бориш ва қайтиб келиш вақти;
  •  иш жойига кираверишдан то иш жойигача бўлган йўл учун;
  • иш бошланишидан олдин ва иш тугаганидан кейин кийим-бош алмаштириш учун;
  • ишдан кетаётганда рўйхатдан ўтиш учун .

Тегишинча, бу даврлар иш вақтига киритилмайди. Агар меҳнат шартномаси, жамоа келишуви ёки бошқа ички меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатда иш берувчининг ходимларни доимий иш жойига олиб бориш ва қайтариб келиш мажбурияти назарда тутилган бўлса, хизмат автобусининг ҳудуддан чиқиб кетиши иш кунининг охирига режалаштирилади. Аниқ жўнаш вақти ички ҳужжатларда назарда тутилиши мумкин. Бунда, фикримизча, у ходимларнинг транспорт воситаси турган жойгача етиб келиши учун маълум вақт захирасини ўз ичига олиши керак.

Агар ходимлар жўнаб кетиш вақтига рози бўлмасалар ва бу масала бўйича иш берувчи билан низо юзага келса, касаба уюшмаси қўмитаси ёки иш берувчи олдида ходимларнинг манфаатларини ҳимоя қилувчи ходимларнинг бошқа вакиллик органини жалб қилиш мақсадга мувофиқдир.

 

Иш вақтига иш жойини тайёрлаш ва тозалаш вақти киритилади. Аммо бу ҳаракатларни ишдан ташқари иш сифатида тан олиш учун иш жойини тайёрлаш ва тозалаш:

1) ходимнинг меҳнат шартномаси, лавозим йўриқномалари, ташкилотнинг ички ҳужжатларида белгиланган меҳнат мажбуриятларига киритилиши;

2) ходимга белгиланган иш вақтидан ташқари вақтда бажарилиши;

3) ходимнинг ташаббуси билан эмас, балки иш берувчининг фармойиши билан бажарилиши керак.

Ишдан ташқари иш вақти ишланган вақт таркибида алоҳида ҳисобга олинади ва унга камида икки ҳисса миқдорида ҳақ тўланади.