Иш берувчи қўшимча таътилни ҳисоблаш учун иш стажини мустақил равишда белгилаши мумкинми

preview

«Янги Меҳнат кодексининг 220-моддасида ходимга у битта ташкилотда ёки тармоқда ишлаган ҳар беш йил учун давомийлиги икки календарь кун бўлган, бироқ жами саккиз календарь кундан кўп бўлмаган ҳар йилги қўшимча меҳнат таътили берилиши назарда тутилган.

«Битта ташкилотда ёки тармоқда» жумласи иш берувчи мустақил равишда ўзининг ички ҳужжатларида бундай таътилнинг давомийлигини аниқлашда қайси иш стажини – ташкилотдаги иш стажиними ёки тармоқдаги иш стажини ҳисобга олинишини белгилаши мумкинлигини англатадими?».

Саволга «Нормa» мутахассиси Валерия ЛЯНДРЕС жавоб берди:

 

– Меҳнат кодексининг 220-моддасида қўшимча таътил кунлари тақдим этишни назарда тутувчи шартлар санаб ўтилган. Иш берувчида танлаш ҳуқуқи йўқ.

Иш берувчи бирон бир қўшимча ички ҳужжатларсиз битта ташкилотда ёки тармоқда узлуксиз иш стажи – ҳар беш йил учун икки календарь куни миқдорида, бироқ жами саккиз календарь кундан кўп бўлмаган қўшимча меҳнат таътилини мажбурий тартибда тақдим қилиши керак.

Ушбу талаблар ҳам битта ташкилот кесимида, ҳам тармоқда кўриб чиқилиши керак.

Эътибор беринг

Иш жараёнида ҳар йили – ҳамма учун ёки индивидуал тартибда – иш стажига мувофиқ қўшимча таътил миқдорини ўзгартириш мақсадида ходимларнинг рўйхатини қайта кўриб чиқиш ва аниқлаштиришга тўғри келади.

Ф.Т-2  шахсий варақаларининг ташкилот ёки тармоқдаги иш стажига тааллуқли қисми тўлдирилишига алоҳида эътибор қаратинг.

Ҳар бир ташкилот ички тартибда ҳар йилги қўшимча меҳнат таътилини олиш ҳуқуқини берувчи иш стажига бошқа иш берувчидаги ёхуд бошқа тармоқдаги иш стажини киритишни назарда тутиши мумкин.

Агар ходим иш берувчининг таклифига кўра ишга қабул қилинган бўлса, иш стажига албатта бошқа иш берувчидаги иш стажи киритилади.