Ҳомиладор аёлларга қандай кафолатлар берилади

14.12.2022

Ҳомиладор аёллар – ходималарнинг алоҳида тоифаси бўлиб, улар учун қонунчилик ҳуқуқий меҳнат муносабатларида бир қатор кафолатларни назарда тутади – ишга қабул қилишдан бошлаб токи  меҳнат шартномасини бекор қилишгача. Иш берувчилар кейинчалик судма-суд юрмаслик ва жарималар тўламаслик учун ҳомиладор ходималарнинг қонуний талабларини эътиборсиз қолдирмасликлари керак. 

Kadrovik.uz янги Меҳнат кодекси бўйича ҳомиладор ходималарнинг кафолатларини битта жадвалга киритди:

 

Тартибга солиш предмети

Кафолат

Ишга қабул қилиш

Аёл кишига ҳомиладорлик билан боғлиқ сабабларга кўра ишга қабул қилишни рад этиш мумкин эмас .

Ишга қабул қилиш рад этилган тақдирда, иш берувчи рад этиш сабабларининг ёзма асосини ҳомиладор аёлнинг талабига кўра уч кунлик муддатда тақдим этиши шарт. Ҳужжат ишга қабул қилиш ҳуқуқига эга бўлган мансабдор шахс томонидан имзоланади .

 

Ҳомиладор аёл ишга қабул қилинганда дастлабки синов белгиланмайди .

Баъзан аёл ишга қабул қилинаётган вақтда ҳомиладор бўлмаслиги ва унга дастлабки синов белгиланган бўлиши мумкин.  Синов муддати давомида эса ҳомиладорлик юзага келиши мумкин.  Бу ҳолда дастлабки синов  ҳақидаги шарт ўз кучини йўқотади.

Меҳнатга ҳақ тўлаш миқдори

Ҳомиладорлиги билан боғлиқ сабабларга кўра меҳнатга ҳақ тўлаш миқдорини камайтириш тақиқланади .

Бошқа ишга ўтказиш,   ишлаб чиқариш/хизмат кўрсатиш нормаларни камайтириш

Ҳомиладор аёлларга:

  • ишлаб чиқариш нормалари, хизмат кўрсатиш нормалари камайтирилади;
  • уларнинг аризалари бўйича енгилроқ ишга ўтказилади ёхуд аввалги ишларидаги ўртача ойлик иш ҳақи сақланган ҳолда ноқулай ишлаб чиқариш омилларининг таъсиридан холи бўлган ишга ўтказилади.

Бунинг учун ҳомиладор аёл ишлаб чиқариш нормаларини камайтириш, шунингдек вақтинчалик бошқа ишга ўтказиш муддатлари кўрсатилган тиббий хулосани тақдим қилиши шарт.

Ходимага енгилроқ иш бериш масаласи ҳал этилгунига қадар, у бунинг оқибатида қолдирилган барча иш кунлари учун ўртача  иш ҳақи сақланган ҳолда ишдан озод этилади .

Тўлиқсиз иш вақти

Иш берувчи ҳомиладор аёлнинг илтимосига кўра у учун қулай бўлган муддатга, бироқ ҳомиладорлик давридан ортиқ бўлмаган муддатга тўлиқсиз иш вақтини белгилаши шарт .

Иш вақтининг аниқ жадвали ходиманинг истакларига мувофиқ ва мазкур иш берувчидаги ишлаб чиқариш (иш) шароитлари ҳисобга олинган ҳолда белгиланади. Яъни, иш берувчи ва ҳомиладор ходима қуйидагилар ҳақида келишиб олишлари керак: 

1) ҳар кунги ишнинг (сменанинг) давомийлиги;

2) ишнинг бошланиш ва тугаш вақти;

3) ишдаги танаффуслар вақти.

Тўлиқсиз иш вақти шартларида ишлаганда ҳомиладор ходиманинг меҳнатига ҳақ тўлаш у ишлаб берган вақтга мутаносиб равишда ёки у бажарган ишнинг ҳажмига қараб амалга оширилади.

Тўлиқсиз иш вақти шартларида ишлаш ҳомиладор ходима учун ҳар йилги асосий меҳнат таътили давомийлигининг, меҳнат стажини ҳисоблаб чиқаришнинг ва бошқа меҳнат ҳуқуқларининг бирор-бир чекланишларига сабаб бўлмайди

Ишдан ташқари ишга, тунги ишларга, дам олиш ва байрам кунларида ишга жалб қилиш

Ҳомиладор ходималарни фақат уларнинг ёзма розилиги билан тунги ишларга, иш вақтидан ташқари ишларга, дам олиш кунларидаги ва ишланмайдиган байрам кунларидаги ишларга жалб қилиш мумкин.

Ҳомиладор аёлни бундай ишларга жалб қилиш учун нафақат унинг розилигини, балки  бундай иш ҳомиладор аёлнинг ҳамда боланинг ҳаётига ва соғлиғига хавф туғдирмаслигини тасдиқловчи тиббий хулоса ҳам олиш керак бўлади.

Муҳим! Иш берувчи ҳомиладор аёлларни юқорида санаб ўтилган ишларни бажаришдан воз кечиш борасидаги ҳуқуқи тўғрисида хабардор қилиши шарт .

Хизмат сафарига юбориш

Ҳомиладор аёллар хизмат сафарига фақат ўзларининг ёзма розилиги билан юборилади.

Иш берувчи,  шунингдек аёлга у хизмат сафаридан воз кечишга ҳақли эканлигини  тушунтириши шарт  .

Ҳар йиллик меҳнат таътили

 

Умумий қоидага кўра биринчи иш йили учун ҳар йилги меҳнат таътилидан фойдаланиш ҳуқуқи ходимда у ушбу иш берувчида узлуксиз ишлаган олти ой ўтганидан кейин юзага келади.

Аммо агар бу – ҳомиладор аёл бўлса,  у хоҳишига кўра олти ой ўтгунига қадар ҳомиладорлик ва туғиш таътилидан олдин ёки ундан кейин таътил олишга ҳақли  .

Бунда меҳнат таътили тўлиқ давомийликда ва тўлиқ ҳақ тўланган ҳолда берилади.

Иккинчи ва кейинги иш йиллари учун ҳар йилги меҳнат таътили таътиллар жадвалига мувофиқ берилади. Аммо агар ҳомиладор ходима меҳнат таътилини ҳомиладорлик ва туғиш таътилидан олдин ёки ундан кейин олишни истаса, иш берувчи уни рад этишга ҳақли эмас .

Ҳомиладорлик ва туғиш таътилининг муддати бошланганда ҳомиладор аёл ҳар йилги меҳнат таътилини узайтириш ёки уни бошқа муддатга кўчириш ҳуқуқига эга .

Маълумот учун: бола туққан аёлларга  йиллик меҳнат таътили  уларнинг хоҳишига кўра ҳомиладорлик ва туғиш таътилидан кейин берилади. Бола парвариши таътилидан фойдаланаётган ходима меҳнат таътилини бола парваришлаш таътилидан олдин ёки ундан кейин олишга ҳақли .

Ҳомиладор аёлларни ҳар йилги меҳнат таътилидан ҳатто унинг розилиги билан ҳам чақириб олишга йўл қўйилмайди .

Эътибор беринг! Ишлайдиган эркак ҳар йилги меҳнат таътилини хотинининг ҳомиладорлик ва туғиш таътили даврида олишга ҳақли: 

  • биринчи иш йили учун – ишлаб берилган вақтдан қатъи назар;
  • кейинги йиллар учун – таътиллар жадвалидан қатъи назар. Албатта, агар у тегишли иш йили учун таътилдан ҳали  фойдаланмаган бўлса.

Эркак иш берувчига тегишли ариза билан мурожаат қилиши ва хотинининг иш жойи бўйича ҳомиладорлик ва туғиш таътили олганини тасдлиқловчи ҳужжатни тақдим этиши керак . 

Ҳомиладорлик ва туғиш таътили

Ҳомиладор ходима қуйидаги давомийликдаги ҳомиладорлик ва туғиш бўйича ижтимоий таътил олиш ҳуқуқидан фойдаланади:

  • туғруққача етмиш календарь кун ҳамда туғруқдан кейин эллик олти календарь кун (туғиш қийин кечган ёхуд икки ёки ундан ортиқ бола туғилган тақдирда етмиш календарь кун).

Ҳомиладорлик ва туғиш таътили аёлга жамланган ҳолда ҳисоблаб чиқарилиб, туғруққача ҳақиқатда фойдаланилган кунлар сонидан қатъи назар, тўлиқ берилади.

Аёл туғишдан олдинги ва туғишдан кейинги таътилда бўлган вақтида  унга қонунчиликда белгиланган миқдорда ҳамда тартибда ҳомиладорлик ва туғиш нафақаси тўланади . 

Ушбу мавзуга доир мақолаларни кўринг:

Ҳомиладорлик ва туғиш таътили ҳар йиллик меҳнат таътилини олиш ҳуқуқини берувчи иш стажига қўшилади

Ишдан бўш кунлар

Иш берувчи ҳомиладор аёлларга антенатал (туғруққача) парваришлаш учун ўртача иш ҳақи сақланган ҳолда қўшимча бўш кунлар бериши шарт.

У бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасаларида перинатал скрининг ва ташхис, мажбурий тиббий кўриклар ва бошқа мажбурий тиббий муолажаларни ўз ичига олади .

Меҳнат шартномасини бекор қилиш

Меҳнат шартномасини иш берувчининг ташаббусига кўра бекор қилиш

Ҳомиладор аёллар билан тузилган меҳнат шартномасини МКнинг 161-м. бўйича иш берувчининг ташаббусига кўра бекор қилишга йўл қўйилмайди,  бундан ташкилот (унинг алоҳида бўлинмаси) тугатилган ёки якка тартибдаги тадбиркорнинг иш фаолияти тугатилган ҳоллар мустасно .

 

Муддатли меҳнат шартномасини бекор қилиш

Янги МК меҳнат шартномасининг   муддати тугаши билан уни бекор қилишнинг икки тартибини назарда тутади. Биринчиси, ҳомиладор аёл  ҳали ҳомиладорлик ва туғиш таътилига чиқмаганда, иккинчиси эса ҳомиладорлик ва туғиш таътили бошланганда   қўлланилади.

Аёлнинг ҳомиладорлиги даврида муддатли меҳнат шартномасининг муддати тугаган тақдирда, иш берувчи аёлнинг ёзма аризасига биноан ва ҳомиладорлик ҳолатини тасдиқловчи тиббий маълумотнома тақдим этилган тақдирда, меҳнат шартномасининг амал қилиш муддатини ҳомиладорлик тугагунига қадар узайтириши шарт. Бунинг учун ҳомиладор аёл ёзма ариза ва ҳомиладорлик ҳолатини тасдиқловчи тиббий маълумотнома тақдим этиши керак.

Бундан ташқари, у иш берувчининг сўровига биноан уч ойда кўпи билан бир марта ҳомиладорлик ҳолатини тасдиқловчи тиббий маълумотнома тақдим этиши шарт.

Агар бунда аёл ҳомиладорлик тугаганидан кейин ҳақиқатда ишлашни давом эттирса, иш берувчи ҳомиладорликнинг тугаганлиги фактини билган ёки билиши керак бўлган кундан эътиборан бир ҳафта ичида меҳнат шартномасини унинг муддати тугаганлиги сабабли бекор қилишга ҳақли.

Меҳнат шартномасининг амал қилиш муддати ҳомиладорлик ва туғиш таътили даврида тугаса,  иш берувчи шартнома муддатини мазкур таътил тугагунига қадар узайтириши шарт .

Ҳомиладор ходима билан меҳнат шартномасининг муддати тугаганлиги муносабати билан меҳнат шартномасини бекор қилишга фақат қуйидаги ҳолларда йўл қўйилади, агар:

1) меҳнат шартномаси ишда бўлмаган ходимнинг мажбуриятларини бажариш вақтига тузилган бўлса;

2) аёлнинг ёзма розилиги билан уни ҳомиладорлик тугагунига қадар иш берувчида мавжуд, унинг соғлиғи ҳолатига кўра бажариши мумкин бўлган бошқа ишга ўтказишнинг имкони бўлмаганда.

Муҳим! Ҳомиладор ходима билан меҳнат шартномаси бекор қилинганда унинг  ҳомиладорлик ва туғиш нафақасини олиш ҳуқуқи сақланиб қолади.

Ҳомиладор аёлни қайси ҳолатларда ишдан бўшатишга йўл қўйилиши ҳақида батафсил қуйидаги мақолада ўқинг:

Масофадан туриб ишлашга ўтказиш

Фавқулодда вазиятлар рўй берганда ҳомиладор аёлларга вақтинча масофадан туриб ишлашга ўтиш ёки ўтказиш учун устувор ҳуқуқ берилган .

Фавқулодда вазиятларга табиий ёки техноген хусусиятга эга ҳалокатлар, ишлаб чиқаришдаги авариялар, ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодисалар, шунингдек ёнғинлар, тошқинлар, зилзилалар, эпидемиялар ёки эпизоотиялар ҳамда аҳолининг ёхуд унинг бир қисмининг ҳаётига ёки нормал яшаш шароитларига таҳдид соладиган бошқа алоҳида ҳолларни киритиш мумкин

Вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик нафақаси

Бошқа ҳар қандай ходим сингари ҳомиладор аёл ҳам ҳомиладорлик ва туғиш таътилига чиққунига қадар касаллик даврида касаллик варақаси очтиришга ва қонунчиликда белгиланган миқдорларда вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик нафақасини олишга ҳақли

Вахта усулидаги иш

Ҳомиладор ходималарни вахта усулида бажариладиган ишларга жалб қилиш мумкин эмас . Улар тиббий хулоса билан тавсия қилинган бошқа ишга ўтказилади.

Ушбу масала ҳал этилгунга қадар ҳомиладор аёл ўртача ойлик иш ҳақи сақланган ҳолда ишдан озод қилинади

Михаил ГАСАНОВ,

юридик фанлар номзоди,

Ленара ХИКМАТОВА,

ҳуқуқшунос, «Норма» эксперти


Чтобы получать новости от Kadrovik.uz первыми, подписывайтесь на Telegram-канал