12 ёшга тўлмаган 2 ёки ундан ортиқ болаларнинг ота-оналари қандай қўшимча таътилларга ҳақли

preview

Амалдаги Меҳнат кодексининг 232-моддасида ўн  икки ёшга тўлмаган икки ва ундан ортиқ боласи ёки ўн олти ёшга тўлмаган ногиронлиги бўлган боласи бор аёлларга ҳар йили уч иш кунидан кам бўлмаган муддат билан ҳақ тўланадиган қўшимча таътил берилади. Шунингдек, ушбу тоифадаги аёлларга уларнинг хоҳишига кўра, ҳар йили ўн тўрт календарь кундан кам бўлмаган муддат билан иш ҳақи сақланмаган ҳолда таътил берилади. Уни йиллик таътилга қўшиш ёки алоҳида – тўлиқ ёхуд қисмларга бўлиб фойдаланиш мумкин.

Янги МКда ушбу масала бўйича сезиларли ўзгаришлар ва қўшимчалар мавжуд. Уларни эксперт ва «Нормa» кадрлар хизмати раҳбари Валерия ЛЯНДРЕС тушунтирди:

 

Янги МКга кўра:

– Қўшимча ҳақ тўланадиган таътил ва янги Меҳнат кодексига мувофиқ иш ҳақи сақланмайдиган таътил нафақат аёлларга, балки ота-онадан бирига (ота-она ўрнини босувчи шахсга) берилади .

Ҳақ тўланадиган қўшимча таътилнинг энг кам давомийлиги 4 календарь кунгача оширилди.

Янги Меҳнат кодексининг 401-модда 2-қисмида айтилишича, бундай таътил турини йиллик меҳнат таътилига қўшиб бериш ёки иш берувчи билан келишиб белгиланадиган даврда ушбу таътилдан алоҳида (тўлиқ ёхуд қисмларга бўлиб), лекин фақат тегишли иш йили давомида фойдаланиш мумкин. Уни кейинги иш йилига кўчиришга ёки пулли компенсация билан алмаштиришга йўл қўйилмайди.

Ушбу тоифадаги ходимларнинг хоҳишига кўра иш ҳақи сақланмайдиган таътилнинг давомийлиги аввалгидек қолади – камида ўн тўрт календарь кун .

 

Агар эр-хотин турли ташкилотларда ишласа, бу таътилларни отага ҳам, онага ҳам бериш мумкинми?

– Йўқ, мумкин эмас. Бу масала бўйича янги МКнинг 410-моддасида аниқ тушунтириш берилган:

«Ушбу Кодексда боланинг отасига ёки оилавий вазифаларни бажариш билан машғул бошқа шахсларга (онадан ташқари) меҳнат соҳасида қўшимча кафолатлар назарда тутилган ҳолларда, улар боланинг онаси ёки оилавий вазифаларни бажариш билан машғул бошқа шахс бу кафолатлардан фойдаланмаётганлигини тасдиқловчи ҳужжатни (иш жойидан маълумотномани, ўлим тўғрисидаги гувоҳномани, она ва оилавий вазифаларни бажариш билан машғул бошқа шахс муомалага лаёқатсиз деб топилганлиги тўғрисидаги қонуний кучга кирган ёки ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилиш ҳақидаги қонуний кучга кирган суд қарорини ва ҳоказоларни) иш берувчига иш жойи бўйича тақдим этиши керак. Агар боланинг онаси ишламаса, ҳамда боланинг парвариши ва тарбияси билан машғул бўлса ёхуд ишласа, ҳамда ушбу параграфда назарда тутилган кафолатлардан фойдаланса, отага ёки оилавий вазифаларни бажариш билан машғул бошқа шахсларга мазкур кафолатлар берилмайди».

 

Таътилнинг белгиланган 4 календарь кунини бўлиш ва масалан, онага 2 кун ва отага 2 кунни тақдим қилиш мумкинми?

– Кодекснинг ўзи бундай саволга аниқ жавоб бермайди. Аммо, ўйлашимизча,

агар ушбу турдаги таътилни қисмларга бўлиш имкони бўлса , МКнинг 410-м. талаблари бажарилган тақдирда (боланинг отаси она таътилнинг фақат бир қисмидан фойдалангани тўғрисида унинг иш жойидан маълумотнома тақдим этганда)  таътилнинг бир қисмини онага, бошқа қисмини отага бериш мумкин.

Англашилмовчилик  бўлмаслиги учун онанинг шахсий ҳужжатлар тўпламида берилган маълумотнома нусхасини ёки  белгиланган таътил кунларининг бир қисмидан турмуш ўртоғи фойдаланишига ёзма розилигини сақлаб қўйишни тавсия қиламиз.