Вояга етмаган ходимларни ишга қабул қилишда низоли вазиятларнинг олдини олиш

21.12.2022

Кўпинча вояга етмаганлар ишга жойлашишади.Масалан, улар официант, референт, курьер бўлиб ишлашлари мумкин. Шунингдек, янги МК профессионал спортчилар билан меҳнат шартномасини тузишга йўл қўяди, улар орасида вояга етмаганлар ҳам бўлиши мумкин.

Ишга қабул қилишни расмийлаштиришнинг ўзига хос хусусиятлари ва вояга етмаганлар билан ишлашнинг хавфлари, айниқса молиявий жавобгарлик қисмида – «Норма» экспертлари – Валерия ЛЯНДРЕС ва ҳуқуқшунос Ленара ХИКМАТОВА гапириб беришди:

 

 –  Янги МК ўн саккиз ёшга тўлмаган ходимлар меҳнатини ҳуқуқий тартибга соладиган алоҳида бўлимни ажратади .

Ўн саккиз ёшга тўлмаган шахслар меҳнатга оид ҳуқуқий муносабатларда катта ёшдаги ходимлар билан тенг ҳуқуқда бўладилар. Меҳнатни муҳофаза қилиш, иш вақти, таътиллар ва бошқа меҳнат шартлари соҳасида эса улар қўшимча имтиёзлардан фойдаланадилар.

Агар сиз ишга жойлашаётган  ўсмирнинг ота-онаси бўлсангиз, унинг ишга қабул  шартлари ва меҳнат шароитларига эътибор қаратинг.

Агар сиз иш берувчининг вакили бўлсангиз, ушбу тоифадаги ходимлар махсус давлат назорати остида эканлигини унутманг. Меҳнат низоси юзага келган тақдирда эса қонун ҳужжатларида белгиланганларга нисбатан ҳар қандай ёмонлашган меҳнат шароитлари бекор деб эътироф этилади.

1.  Ишга қабул қилиш жараёни

1) 16 ёшда

16 ёшдан бошлаб йигит ёки қиз ота-онасининг ёзма рухсатисиз мустақил ишга жойлашиш ҳуқуқига эга .

 

2) 15 ёшда

15 ёшли ўсмир ишга жойлашганда ота-оналардан бирининг (ота-онанинг ўрнини босувчи шахснинг) ёзма розилиги талаб қилинади .

Шу ёшдан умумий ўрта, ўрта махсус, касб-ҳунар таълим ташкилотларининг, касб-ҳунар мактабларининг, коллежлар ва техникумларнинг ўқувчиларини ишга қабул  қилишга йўқ қўйилади. Аммо – уларнинг соғлиғига ҳамда маънавий камол топишига зиён етказмайдиган енгил меҳнатни бажариш учун. Бунда иш ўқишдан бўш вақтда бажарилиши ва ўқитиш жараёнини бузмаслиги керак.

 

3) 15 ёшдан кичик

15 ёшга тўлмаган шахслар қабул қилиниши мумкин бўлган ишлар, касблар ва лавозимлар рўйхатлари ҳукумат томонидан тасдиқланади.

Янги МК бўйича маданий-томоша ташкилотларида, телевидение, радиоэшиттириш ташкилотларида ва бошқа оммавий ахборот воситаларида асарларни яратиш ва (ёки) ижро этишда (кўргазмага қўйишда) иштирок этиш учун ўн беш ёшга тўлмаган шахслар билан меҳнат шартномасини тузишга йўл қўйилади .

Бундай иш,  шунингдек ўсмирнинг соғлиғига ва маънавий камол топишига зиён етказмаслиги керак.

15 ёшдан кичик вояга етмаганлар ишга қуйидагиларнинг розилиги билан қабул қилинади:

  • ота-онанинг ҳар иккисининг (ота-она ўрнини босувчи шахснинг) розилиги билан;
  • васийлик ва ҳомийлик органининг рухсати билан. Рухсатномада қуйидагилар кўрсатилиши керак:
    •  ҳар кунлик ишнинг энг кўп йўл қўйиладиган давомийлиги;
    • у бажарилиши мумкин бўлган бошқа шартлар.

МК, шунингдек 15 ёшга тўлмаган профессионал спортчилар билан меҳнат шартномасини тузишга йўл қўяди. Уларга нисбатан маданий-томоша ташкилотларида, телевидение, радиоэшиттириш ташкилотларида ва бошқа оммавий ахборот воситаларининг ёш ходимлари сингари ишга қабул қилишнинг худди ўша тартиби амал қилади.

 

Ишга қабул қилиш учун қандай ҳужжатлар керак

Ишга қабул қилинаётган вояга етмаган шахс иш берувчига қуйидаги ҳужжатларни тақдим этиши керак :

  • паспортни (унинг ўрнини босувчи ҳужжатни) ёхуд идентификацияловчи ID картани, ўн олти ёшгача бўлган шахслар эса туғилганлик тўғрисидаги гувоҳномани ёки идентификацияловчи ID картани;
  • агар ўсмир аввал ишлаган бўлса, охирги иш жойи бўйича тасдиқланган қоғоз шаклидаги меҳнат дафтарчасини ёки электрон меҳнат дафтарчасидан кўчирмани. Ўриндошлик асосида ишга кираётган шахслар меҳнат дафтарчасининг ўрнига асосий иш жойидан олинган белгиланган намунадаги маълумотномани тақдим этади;
  • ҳарбий хизматга мажбурлар ёки ҳарбий ҳисобда турганлик ҳақидаги гувоҳномани – 17 ёшдан;
  •  таълим ташкилотини тамомлаганлиги тўғрисидаги дипломни (мавжуд бўлганда), қайси ишни бажариш учун фақат махсус маълумотга ёки махсус тайёргарликка эга бўлган шахслар қўйилиши мумкин бўлса, ўша ишга кириш чоғида ушбу ишни бажариш ҳуқуқига доир гувоҳномани (сертификатни) ёхуд бошқа тегишли ҳужжатни;
  • солиқ тўловчининг идентификация рақамини;
  • жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақамини (мавжуд

бўлганда);

  • жамғариб бориладиган пенсия дафтарчасини (агар ўсмир аввал ишлаган бўлса);
    • агар ўсмир 15 ёшда бўлиб, 16 ёшга тўлмаган бўлса, ота-онадан бирининг (ота-она ўрнини босувчи шахснинг) ёзма розилиги;
    • агар ўсмир ўн беш ёшга тўлмаган бўлса, ота-онанинг ҳар иккисининг (ота-она ўрнини босувчи шахснинг) ёзма розилиги ҳамда васийлик ва ҳомийлик органининг рухсати.

 

Тиббий кўрик керакми

Иш берувчи вояга етмаган ишга кирувчига дастлабки тиббий кўрикдан ўтишни таъминлаши  шарт. Буни нафақат  ёш, балки аҳолига бевосита хизмат кўрсатишни назарда тутадиган умумий овқатланиш, озиқ-овқат саноати, савдо ва бошқа соҳалардаги ишларнинг ўзига хос хусусиятлари  талаб қилади.

Ходим ҳам, иш берувчи ҳам бу қоидадан қочиб қутула олмайди  .

Эътибор беринг
Иш берувчи вояга етмаган ходим билан ёзма меҳнат шартномасини тузиши ва уни ЯММТда рўйхатдан ўтказиши шарт. Шундан сўнг ходим электрон меҳнат дафтарчага эга бўлади ва агар у аввал ҳеч қаерда ишламаган бўлса, иш стажи ҳисобга олина бошланади

 

Муддатли меҳнат шартномасини қачон тузиш мумкин

Вояга етмаган шахс билан меҳнат шартномасини номуайян муддатга ҳам, аниқ муддатга ҳам тузиш мумкин.

Муддатли меҳнат шартномаси мавсумий ишлар ва бошқаларни бажариш учун вақтинчалик ишларга (таътил вақтида пул топиш) расмийлаштирилади. Шунингдек, қуйидагилар билан муддатли меҳнат шартномаси тузилиши мумкин:

  • спортчилар билан;
  • кундузги таълим шаклида ўқийдиган талабалар;
  • маданий-томоша ташкилотларида, телевидение, радиоэшиттириш ташкилотларида ва бошқа оммавий ахборот воситаларида асарларни яратиш ва (ёки) ижро этишда (кўргазмага қўйишда) иштирок этувчи ижодий ходимлар;
  •  микрофирмалар ва ЯТТда ишловчи вояга етмаган ходимлар. Батафсил – янги МК 112–113-м.м.

 

Вояга етмаган шахс ишга қабул қилинаётганда синов муддатини белгилаш мумкинми

Бу – ноқонуний. Ўн саккиз ёшга тўлмаган шахслар билан  меҳнат шартномаси тузилаётганда синов муддати белгиланмайди .

 

Фуқаролик-ҳуқуқий тусдаги шартномани тузиш мумкинми

Ходим штат лавозимига қабул қилинаётганда фуқаролик-ҳуқуқий тусдаги шартномани тузишга йўл қўйилмайди.

 

Меҳнат шартномаси ва ФҲШ ўртасидаги фарқлар ҳақида қуйидаги тушунтиришда ўқинг:

 

Вояга етмаган шахсларни  қандай ишларга қабул қилиш мумкин эмас

18 ёшга тўлмаган шахслар Меҳнат кодексининг 411–421-моддалари талабларига риоя қилган ҳолда ишга қабул қилинади.

Вояга етмаганларнинг меҳнатидан қуйидаги  ишларда фойдаланиш тақиқланади  :

  • ер ости, сув ости, хавфли баландликда ёки ёпиқ муҳитда бажариладиган;
  • хавфли механизмлар, асбоб ва ускуналар билан боғлиқ бўлган;
  • оғир меҳнат шароитларида бажариладиган (иш вақтининг давомийлиги узоқ бўлган, тунги ишлар ва бошқалар билан боғлиқ бўлган);
  • бажарилиши уларнинг ҳаётига ва соғлиғига, хавфсизлигига  ва маънавий жиҳатдан камол топишига зиён етказиши мумкин бўлган ишларда (тунги кафе ва клубларда, спиртли ичимликларни, тамаки маҳсулотларини, гиёҳвандлик ва психотроп моддаларни, токсик препаратларни ишлаб чиқариш, ташиш ҳамда сотиш ва бошқалар);
  • белгилаб қўйилган нормадан ортиқ оғир юк кўтариши ва ташиш билан боғлиқ бўлган ишлар.

Оғир юк кўтариши ва ташиш нормалари 12.05.2009  йилдаги 1954-сон низом билан белгиланган.

Вояга етмаганларнинг соғлиғи, хавфсизлиги ёки ахлоқига зарар етказиши мумкин бўлган ноқулай меҳнат шароитлари бўлган ер ости ва бошқа ишлар рўйхати  29.07.2009 йилдаги 1990-сонли низом билан белгиланган.

Вояга етмаган ходимни тунги ишларга, дам олиш кунларидаги ва ишланмайдиган байрам кунларидаги ишларга жалб қилиш, шунингдек унинг розилигидан қатъи назар хизмат сафарига юбориш тақиқланади .

Бу қоидадан қуйидагилар мустасно:

  • маданий-томоша ташкилотларининг, телевидение, радиоэшиттириш ташкилотларининг ва бошқа оммавий ахборот воситаларининг ижодий ходимлари ва ҳукумат томонидан тасдиқланадиган ишлар, касблар, лавозимлар рўйхатларига мувофиқ асарлар яратишда ва (ёки) ижро этишда (намойиш этишда) иштирок этувчи бошқа шахслар;
  • профессионал спортчилар.

 

Иш вақтининг йўл қўйиладиган давомийлиги

Қуйидаги ходимлар :

  • ўн олтидан ўн саккиз ёшгача бўлган ходимлар ҳафтасига ўттиз олти соат ишлашлари мумкин;
  • ўн бешдан ўн олти ёшгача – ҳафтасига йигирма тўрт соатдан кўп эмас;
  • ўқув йили давомида ўқишдан бўш вақтида ишлаётган ўқувчилар – ҳафтасига 12 соатдан кўп ишлашлари мумкин эмас.

 

Вояга етмаганлар ҳар куни (сменада) :

  • ўн олтидан ўн саккиз ёшгача – олти кунлик иш ҳафтасида  олти соатдан, беш кунлик иш ҳафтасида  етти соатдан; ўн бешдан ўн олти ёшгача – олти кунлик иш ҳафтасида  тўрт соатдан, беш кунлик иш ҳафтасида – беш соатдан;
  • ўқув йили давомида ўқишдан бўш вақтда ишлайдиган ўқувчилар:

– ўн олтидан ўн саккиз ёшгача бўлган ўқувчилар олти кунлик иш ҳафтасида – уч соатдан, беш кунлик иш ҳафтасида – тўрт соатдан;

– ўн бешдан ўн олти ёшгача бўлган ўқувчилар – олти кунлик иш ҳафтасида – икки соатдан, беш кунлик иш ҳафтасида – икки соату ўттиз дақиқадан ишлашлари мумкин.

Эътибор беринг
Вояга етмаганлар учун иш вақтини жамлаб ҳисобга олишни жорий этиш мумкин эмас  .

 

Иш ҳақи

Ўн саккиз ёшгача бўлган ходимларнинг меҳнатига иш вақтининг қисқартирилган давомийлигида ҳақ тўлаш, худди иш вақти давомийлиги тўлиқ бўлганда ходимларнинг тегишли тоифалари учун тўланадиган миқдорда амалга оширилади .

Бошқача қилиб айтганда, вояга етмаганлар камроқ вақт ишлайди, лекин катталар билан бир хил миқдорда ҳақ олади.

Масалан, кафеда 2та официант ишлайди. Бири ҳафтасига 40 соат, иккинчиси (17 ёш) – ҳафтасига 36 соат ишлайди. Штат жадвалига мувофиқ официантнинг маоши 2 млн сўмни ташкил этади. Вояга етмаган ходим ҳафтасига 4 соат камроқ ишлашига қарамай, иккала ходим ҳам бир хил миқдорда – 2 млн сўм олади.

Ўқув йили давомида ўқишдан бўш вақтида ишлаётган ўн саккиз ёшга тўлмаган ходимлар меҳнатига ишлаган вақтидан келиб чиқиб ёки ишлаб чиқариш натижасига қараб ҳақ тўланади.

Ўн саккиз ёшга тўлмаган ходимлар меҳнатига вақтбай ҳақ тўлашда ҳар кунги ишнинг тўлиқ давомийлигида тегишли тоифадаги ходимларнинг меҳнатига ҳақ тўлаш даражасига қадар қўшимча ҳақ тўланади.

Ўн саккиз ёшга тўлмаган ходимнинг ишбай меҳнатига катта ёшдаги ходимлар учун белгиланган ишбай нархлар бўйича ҳақ тўланиб, бунда ўн саккиз ёшгача бўлган ходимларнинг ҳар кунги иш вақти давомийлиги ўн саккиз ёшга тўлган ходимларнинг ҳар кунги иш вақти давомийлигига нисбатан қисқартирилган вақт учун тариф ставкаси бўйича қўшимча ҳақ тўланади. 

Ишлаб чиқариш нормалари

Ўн саккиз ёшгача бўлган ходимлар учун ишлаб чиқариш нормалари умумий ишлаб чиқариш нормаларидан келиб чиққан ҳолда ушбу ходимлар учун белгиланган қисқартирилган иш вақтига мутаносиб равишда белгиланади.

Умумий ўрта таълим ёки махсус, касб-ҳунар таълимини олганидан кейин ишга кираётган ўн саккиз ёшгача бўлган ходимлар учун, шунингдек ишлаб чиқариш таълими шартномаси бўйича таълим олган ходимлар учун меҳнат тўғрисидаги қонунчиликка ва меҳнат ҳақидаги бошқа ҳуқуқий ҳужжатларга, меҳнат шартномасига мувофиқ пасайтирилган ишлаб чиқариш нормалари белгиланиши мумкин.

 

Вақтинчалик меҳнатга лаёқатсизлик даврлари

Агар вояга етмаган ходим «касаллик варақасини» олиб келса, иш берувчи унинг асосида вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик бўйича нафақаларни Давлат ижтимоий суғуртаси тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисидаги низомда назарда тутилган миқдорда тўлаши шарт.

 

Вояга етмаган шахсга ҳар йиллик меҳнат таътили қандай тақдим қилинади

Ўн саккиз ёшгача бўлган ходимга давомийлиги камида ўттиз календарь кун бўлган узайтирилган йиллик меҳнат таътили берилади . Бунда ходим  таътилдан йилнинг ўзи учун қулай бўлган исталган вақтида фойдаланиши мумкин.

Агар йиллик меҳнат таътили берилаётган иш йили ходим ўн саккиз ёшга тўладиган ва тўлиб бўлганидан кейинги даврларни қамраб олса, таътилнинг давомийлиги ходим ўн саккиз ёшга тўлгунига қадар ва ўн саккиз ёшга тўлганидан кейинги ишланган вақтга мутаносиб равишда ҳисоблаб чиқарилади.

Мисол
Ўн саккиз ёшга тўлмаган ходимга меҳнат таътилини ҳисоблаш
Ўн саккиз ёшгача бўлган ходим барча ходимлар учун таътил муддати 21 календарь кун қилиб белгиланган ташкилотга ишга жойлашди.

Иш бошлаганидан 5 ой ўтгач, у 18 ёшга тўлди. Шундан сўнг яна 6 ой ўтгач, у таътилга чиқиш учун ариза ёзди.

11 ойлик иш учун у турли давомийликдаги таътилга ҳақли.  Таътилнинг давомийлигини ҳар бир давр учун алоҳида ишлаган вақтга мутаносиб равишда ҳисоблаймиз – 18 ёшга тўлгунга қадар ва кейин. МКнинг 224-моддасида белгиланган қоидани қўллаймиз – меҳнат таътилининг тўлиқ миқдорини 12 га бўламиз ва натижани тўлиқ иш ойлари сонига кўпайтирамиз.

Бунда ўн беш календарь кунга тенг ва ундан кўп бўлган ортиқча кунлар бир ой деб яхлитланади, ўн беш календарь кундан ками эса ҳисобга олинмайди. 0,5 га тенг ва ундан кўп ўнликлар бир кун деб яхлитланади, 0,5 дан ками эса ҳисобдан чиқариб ташланади.

Шундай қилиб, ўн саккизга тўлмаган ходим сифатида 5 ойлик иш учун 13 кунлик таътилни олади (30 : 12 х 5), катта ёшдаги ходим сифатида эса 6 ойлик иш учун – 11 кун (21 : 12 х 6).

Бу рақамларни жамлаганимизда 24 календарь кундан иборат таътил келиб чиқади.

Эътибор беринг
Ўн саккиз ёшга тўлмаган ходимларни йиллик меҳнат таътилидан чақириб олишга йўл қўйилмайди.

 

Вояга етмаган ходимнинг моддий жавобгарлиги

Баъзан ходимларнинг иши мол-мулкка зарар етказиш хавфи билан боғлиқ бўлади. Масалан, умумий овқатланиш ташкилотларида бу идишларнинг синиши бўлиши мумкин. Иш берувчилар эса кўпинча ходимдан моддий зарарни тўлиқ қоплашни талаб қилади.

Эътибор беринг

18 ёшга тўлмаган ходимга фақат чекланган молиявий жавобгарлик тайинланиши мумкин. Вояга етмаган ходим фақат қуйидагилар учун тўлиқ молиявий жавобгарликни ўз зиммасига олади:

  • қасддан зарар етказилганда;
  • алкоголли ичимликдан, гиёҳвандлик ёки токсик модда таъсиридан мастлик ҳолатида зарар етказилганда;
  • жиноят ёки маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этиш натижасида етказилганда . Мисол учун, официант ўғирлик билан қўлга тушса.

«Қасддан зарар етказиш» нимани англатади?  Масалан, официант идиш-товоқларни кўтариб кетаётиб, қўлидагиларни бехосдан тушириб юборди. Идишлар синган, аммо бу эҳтиётсизлик оқибатида содир бўлган. Бундай ҳолда официант етказилган зарар учун ўзининг ўртача ойлик иш ҳақи миқдори доирасида моддий жавобгар бўлади. Аммо агар официант ресторан эгаси билан жанжаллашиб, ишдан бўшатилишидан олдин атайлаб «хайрлашиш олдидан» қимматбаҳо идишларни синдирган бўлса, ҳаракат қасддан қилингани сабабли бу тўлиқ молиявий масъулият саналади.

Ўн саккиз ёшга тўлмаган ходим билан тўлиқ моддий жавобгарлик тўғрисидаги шартнома тузилишига йўл қўйилмайди  .

 

Агар меҳнат низоси юзага келса

Ҳар қандай меҳнат низосида ҳар бир томон ўзини ҳақли деб санайди. Иш берувчи ҳаммасига масъулият, касбий маҳорат ва ҳоказолар етишмаган «болакай» айбдор эканлигига тўлиқ ишонади. Вояга етмаган ходим эса  ҳақли равишда  ўз ҳақини тўлиқ оломагани, ундан  «фойдаланишгани»дан хафа бўлиши мумкин.Қийин вазиятда меҳнат инспекциясига, прокуратура ёки судга мурожаат қилиш мумкин. Аммо агар иш берувчи ҳам, ходим ҳам меҳнат қонунчилигидан хабардор бўлса ва унга риоя қилса, бундай вазиятга тушмайди. Иш берувчи ҳақ бўлган тақдирда ҳам, ходимнинг судга мурожаат қилиши уни ишга қабул қилишда расмийлаштириш ва иш шароитлари билан боғлиқ йўл қўйилган барча қоидабузарликлар юзага чиқишига сабаб бўлиши мумкин.

 

Вояга етмаганлар билан меҳнат шартномасини қандай бекор қилиш керак

Ўн саккиз ёшгача бўлган ходим билан меҳнат шартномаси Меҳнат кодексида назарда тутилган асослар бўйича умумий тартибда бекор қилинади. Аммо ўн саккиз ёшгача бўлган ходимлар билан меҳнат шартномасини иш берувчининг ташаббусига кўра бекор қилишга, меҳнат шартномасини бекор қилишнинг умумий тартибига риоя этишдан ташқари, маҳаллий меҳнат органининг розилиги билан йўл қўйилади .  Ҳомиладор аёллар билан тузилган меҳнат шартномасини иш берувчининг ташаббусига кўра бекор қилишга йўл қўйилмайди, бундан ташкилот (унинг алоҳида бўлинмаси) тугатилган ёки якка тартибдаги тадбиркорнинг иш фаолияти тугатилган ҳоллар мустасно .  

Агар вояга етмаган ходим ўз хоҳишига кўра ишдан бўшашни истаса, бу унинг ҳуқуқидир. Бунинг учун у МКнинг 160-моддасига мувофиқ ўн тўрт календарь кун олдин бу ҳақда иш берувчини ёзма шаклда огоҳлантириши керак.

Иш берувчи ва ходимдан ташқари қуйидагилар  унинг меҳнат шартномасини бекор қилиши мумкин:

  • ота-онадан бири (ота-она ўрнини босувчи шахс);
  • меҳнатни муҳофаза қилиш талабларига риоя этилиши устидан давлат назорати ва текширувини амалга оширувчи органлар;
  • вояга етмаганлар ишлари бўйича идоралараро комиссиялар.

Улар, агар ишни давом эттириш ўн саккиз ёшга тўлмаган шахсларнинг ҳаётига ва соғлиғига, хавфсизлигига ҳамда маънавий жиҳатдан камол топишига таҳдид солаётган бўлса ёки уларга бошқача тарзда зиён етказиши мумкин бўлса, бундай шахслар билан меҳнат шартномасини бекор қилишни талаб қилишга ҳақли .

Агар вояга етмаган шахс маълум муддатга қабул қилинса, унинг амал қилиш муддати тугагандан сўнг, меҳнат шартномаси МКнинг 158-моддасига биноан умумий асосларда бекор қилинади. Иш берувчи ходимни меҳнат шартномаси бекор қилингунига қадар камида уч календарь кун олдин ёзма шаклда огоҳлантириши керак. Агар иш жойи (лавозими) сақланаётган ходим йўқ бўлган даврга тузилган муддатли меҳнат шартномасининг амал қилиш муддати тугаса, огоҳлантириш шарт эмас.

Вояга етмаган ходимни ишдан бўшатаётганда у билан биринчи иш кунидан охирги иш кунигача тўлиқ ҳисоб-китоб қилинг ва фойдаланилмаган  меҳнат таътили кунлари учун пулли компенсация тўланг.

 


Чтобы получать новости от Kadrovik.uz первыми, подписывайтесь на Telegram-канал