Сменали жадвалда ишлайдиган ходимга дам олиш кунидаги иш учун қандай ҳақ тўлаш керак

preview

«Ташкилот узлуксиз ишлайдиган ишлаб чиқаришга эга. Унда жалб қилинган ходимлар «ўзгарувчан » жадвал бўйича сменали иш вақти режими асосида ишлашади. Тегишинча, смена шанба-якшанба ёки байрам кунларига тўғри келиши мумкин. Уларга бундай кунларда ишлагани учун бир ёки икки ҳисса миқдорида тўлаш керакми?».

Саволга «Нормa» эксперти, юрист Ленара ХИКМАТОВА жавоб берди:

Эътибор беринг
Тушунтириш 2023 йил 30 апрелдан кучга кирадиган янги МК асосида тайёрланган.

 

Дам олиш кунлари учун тўлов

Ходимлар ҳар ҳафта дам олиш ҳуқуқига эга. Беш кунлик иш ҳафтасида ходимларга ҳафтада икки дам олиш куни, олти кунлик иш ҳафтасида эса бир дам олиш куни берилади .

Беш кунлик ва олти кунлик иш ҳафтасида умумий дам олиш куни якшанбадир. Беш кунлик иш ҳафтасидаги иккинчи дам олиш куни жамоа шартномасида ёки ички меҳнат тартиб қоидаларида ёхуд сменаларга бўлиниб ишлаш жадвалларида, улар мавжуд бўлмаганда эса меҳнат шартномасида белгиланади .

Агар ходимлар дам олиш кунлари ишлашларига тўғри келган  бўлса, бундай иш камида икки ҳисса миқдорида тўланади ёки ходимнинг илтимоси бўйича бошқа дам олиш куни билан компенсация қилинади.

Аммо бу қоидалар қуйидаги ташкилотларда қўлланилмаслиги мумкин:

  • узлуксиз ишлайдиган ишлаб чиқаришларда;
  • ишлаб чиқариш-техника шароитлари бўйича ёки аҳолига доимий узлуксиз хизмат кўрсатиш зарурати оқибатида дам олиш кунлари ишини тўхтатиш мумкин бўлмаган ишлаб чиқаришларда;
  • вахта усулидаги ишда.

Бундай ташкилот ходимларига дам олиш кунлари ички меҳнат тартиб қоидаларига, сменаларга бўлиниб ишлаш жадвалларига биноан ҳафтанинг ҳар хил кунларида навбатма-навбат берилади .

Агар ходим иш ҳафтасининг бошқа кунларида дам олган, умумий белгиланган дам олиш кунларида эса (беш кунлик иш ҳафтасида шанба ёки якшанба кунлари ёки олти кунлик иш ҳафтасида якшанба куни) меҳнат қилган бўлса, бундай иш учун бир ҳисса миқдорида ҳақ тўланади .

 

Байрам кунларида тўлов

Бу ерда сменали иш учун тўлов тартиби дам олиш кунларидаги тўловдан фарқ қилади.

Ишланмайдиган байрам кунидаги иш дам олиш кунидаги иш сингари камида икки ҳисса миқдорида тўланади. Аммо сменали ишга нисбатан истиснолар назарда тутилмаган. Масалан, ходимнинг сменаси 21 март куни Наврўз байрамига тўғри келиши мумкин. Ушбу кундаги иш, ҳатто у жадвалга мувофиқ амалга оширилган бўлса ҳам, камида икки ҳисса миқдорида тўланади. Ёки – ходимнинг хоҳишига кўра – бир ҳисса миқдорида тўланади, аммо бошқа дам олиш куни тақдим қилиш билан компенсация қилинади.

Яъни, бу ҳолда Меҳнат кодексининг 209 ва 210-моддаларига мувофиқ ишланмайдиган байрам кунида ишга жалб қилишдаги сингари худди ўша тўлов тартиби амал қилади.