Пригодится каждому кадровику в сентябре:
Таътилда чет элга кетган ходим ишга қайтмаса
«Ходим 2 ойга иш ҳақи сақланмайдиган таътил олиб, чет элга кетди, у ерда ишга жойлашди ва энди ортга қайтмоқчи эмас. Бу ҳақда унинг қариндошлари телефон орқали хабар беришди. У билан қонун бўйича меҳнат шартномасини қандай қилиб бекор қилиш мумкин? Қайси санани меҳнат шартномаси бекор қилинган сана деб ҳисоблаш керак? Буйруқ қандай тузилади?».
Иш берувчи ушбу қийин вазиятдан қандай чиқиш кераклигини «Норма» эксперти ва кадрлар хизмати раҳбари Валерия ЛЯНДРЕС тушунтирди:
– Иш берувчи ҳақиқатан ҳам қийин аҳволга тушиб қолган, чунки меҳнат шартномасини бекор қилиш тартиб-таомили бузилган. Ходим иш берувчини ўз хоҳишига кўра ишдан бўшаш нияти тўғрисида ёзма шаклда ўз вақтида хабардор қилмаган .
Ходимдан иш берувчи номига почта орқали ишдан бўшаш тўғрисида ёзма ариза юборишини ёки ишончли шахс орқали бериб юборишини сўранг. Аризани олгандан сўнг, иш берувчи янги Меҳнат кодексининг 160-модда 8-қисмига биноан меҳнат шартномасини – ходим илтимос қилаётган муддатда бекор қилиши мумкин.
Ишдан бўшатиш тўғрисидаги буйруқ преамбуласида ходим билан меҳнат шартномасини ўз вақтида бекор қилишга имкон бермаган сабабларни кўрсатишни тавсия қиламиз.
Қўшимча маслаҳатларни қуйидаги тушунтиришларда топишингиз мумкин:
Қайси санани меҳнат шартномаси бекор қилинган сана деб ҳисоблаш керак
Охирги иш куни меҳнат шартномаси бекор қилинган кун бўлиб ҳисобланади , яъни – иш ҳақи сақланмайдиган таътилнинг бошланиш санасидан олдинги кун.
Буйруқ қандай тузилади
Ходимдан ёзма ариза олингандан сўнг, агар иш берувчи меҳнат шартномасини бекор қилишга рози бўлса, у тахминан қуйидаги мазмунда буйруқ чиқаради:
- «Иш ҳақи сақланмайдиган таътилдан қайтмагани муносабати билан ҳайдовчи Серёгин Иван Александрович ва унинг кечикиб келган ёзма аризасига кўра, -
БУЮРАМАН:
1. Ҳайдовчи Серёгин Иван Александрович билан 03.01.2020 йилдаги 39-сонли меҳнат шартномаси ходимнинг ташаббуси бўйича бекор қилинсин (МК 160-м.).
2. Унинг охирги ҳақиқий иш куни – 2023 йил 12 май меҳнат шартномаси бекор қилинган сана деб ҳисоблансин.
3. Бухгалтерия бўлими 2023 йил 14 майни ҳам қўшган ҳолда Серёгин И. A. билан тўлиқ ҳисоб-китобни амалга оширсин ва 2023 йил 03 январдан 2023 йил 28 майгача* бўлган давр учун ___ календарь кунлари учун фойдаланилмаган меҳнат таътиллари кунлари учун пуллик компенсация тўлансин.
4. Кадрлар хизмати ходимни шахсий таркибдан, иш вақтини ҳисобга олиш табелидан чиқарсин, меҳнат шартномасини бекор қилиш тўғрисидаги маълумотларни Ф. Т-2 карточкасига, ЯММТ тизимига киритсин, ходимнинг меҳнат дафтарчасини тўлдирсин ва ишончли шахсга (ишончнома мавжуд бўлган тақдирда) буйруқнинг кўчирма нусхаси билан бирга берсин. Меҳнат дафтарчасини олиш учун ишончнома бўлмаган тақдирда – меҳнат шартномаси бекор қилинган кунда ходимга меҳнат дафтарчасини шахсан ёки ишончли шахс орқали олиш зарурлиги тўғрисида почта орқали билдиришнома юборилсин (МК 171-м.)».
* Меҳнат таътилини олишга ҳуқуқ берадиган иш стажига қўшиладиган иш ҳақи сақланмайдиган икки ҳафталик таътилнинг тугаш санаси. Индивидуал тарзда – ҳар йилги асосий ва қўшимча меҳнат таътилининг тўлиқ миқдорини ўн иккига бўлиш ҳамда тўлиқ ишланган ойлар сонига кўпайтириш йўли билан аниқланади .