Агар суд ишдан бўшатишни ноқонуний деб тан олса

preview

«Ходимни меҳнат мажбуриятларини бузганлиги учун ишдан бўшатишмоқчи, аммо бунинг учун асослар етарли эмас. Ходим эса ишдан бўшатилган тақдирда судга мурожаат қилиши ҳақида аллақачон огоҳлантирган. Унинг ишга тикланиши қандай моддий оқибатларга олиб келиши мумкин? Оддий қилиб айтганда, агар ишдан бўшатиш ноқонуний деб топилса, иш берувчи кўп пул «йўқотадими»?». 

«Ноқонуний ишдан бўшатиш иши» бўйича иш берувчи учун оқибатларни «Нормa» эксперти, юрист Ленара ХИКМАТОВА тушунтирди:

 

– Ҳақиқатдан ҳам, ходим меҳнат шартномасининг бекор қилиниши устидан, шу жумладан суд тартибида ҳам шикоят қилиши мумкин . Агар суд ишдан бўшатишни ноқонуний деб топса, иш берувчи ходимга етказилган моддий ва маънавий зарарни қоплашига тўғри келади.

 

Моддий зарарни қоплаш қуйидагиларни ўз ичига олади:

  • мажбурий прогулнинг бутун вақти учун ўртача иш ҳақини тўлаш . Амалиётда суд меҳнат шартномасини ноқонуний бекор қилиш тўғрисидаги ишларни ўртача бир неча ойда кўриб чиқади. Баъзан бундан ҳам кўп бўлиши мумкин. Шу тариқа, иш берувчи ходимга меҳнат шартномаси бекор қилинган кундан бошлаб суд қарор қабул қилгунга қадар ўртача иш ҳақини тўлаб беради;
  • меҳнат шартномасини бекор қилиш тўғрисида шикоят қилиш билан боғлиқ қўшимча харажатларни: мутахассисларнинг маслаҳатлари, адвокатни жалб қилиш, ишни юритиш харажатларини ва бошқаларни қоплайди . Албатта, ходим бу харажатларни керакли ҳужжатларни тақдим этиш орқали тасдиқлаши керак бўлади.

 


Маълумот учун. Суд «ютқазган томон»дан «ютган томон»га вакилнинг ёрдами учун тўлашга доир харажатларни оқилона миқдорларда ундириб беради . 

Маънавий зарарга келсак, ходим маънавий азобларини унинг ўзи баҳолайдиган ҳар қандай суммани талаб қилиши мумкин. Маънавий зарарни қоплаш миқдори бўйича юқори чегара йўқ, лекин энг ками бор – камида ходимнинг ўртача ойлик иш ҳақи . Одатда, суд айнан шу суммани тўлаб беришга ҳукм чиқаради. Лекин истиснолар ҳам бўлиб туради.


Ноқонуний ишдан бўшатишнинг оқибатлари

Суд жараёни тугаганидан кейин ходимнинг ўзи бошқа бу ташкилотда ишлашни хоҳламаслиги мумкин. У ҳолда у ишга тиклаш ўрнига, унга камида 3 ойлик иш ҳақи миқдорида пул тўлашни сўраши мумкин. Расман бу «қўшимча компенсация» деб номланади. Нима учун қўшимча? Чунки у моддий ва маънавий зарарни қоплашдан ташқари амалга оширилади.

Мисол учун, ходимнинг ўртача ойлик иш ҳақи – 5 млн  сўм. Меҳнат шартномаси бекор қилинган санадан суд қарор чиқаргунига қадар 2 ой ўтди.

Мажбурий прогул вақти учун тўлов 2 ойлик ўртача иш ҳақини ташкил этади: 5 х 2 = 10 млн сўм.

Ходим ишга қайта тиклаш ўрнига 3 ойлик иш ҳақи миқдорида қўшимча компенсация беришни сўради: 5 х 3 = 15 млн сўм.

Суд ходимга маънавий зарар учун ўртача ойлик иш ҳақи миқдорида компенсация тайинлади: 5 млн сўм.

Шикоят қилиш билан боғлиқ қўшимча харажатларни ҳисобга олмаганда, олинган рақамларни жамлаб, 30 млн сўм оламиз.

Агар ходим ишга тикланганидан кейин ташкилотда ишлашни давом эттирса, қўшимча компенсация тўланмайди. Аммо шунда ҳам иш берувчи унга 15 млн сўм қарз бўлади + шикоят қилиш харажатлари.

 

Агар иш берувчи аппеляция берса ва ютса? Ходимдан унга тўланган суммани қайтариб олиш мумкин бўладими?

Бу жуда қийин бўлади. Умумий қоидага кўра, агар аллақачон ижро этилган суд ҳужжати бекор қилинса, жавобгардан даъвогарнинг фойдасига ундирилган нарсаларнинг барчаси жавобгарга қайтариб берилиши керак. Бу  «Ҳал қилув қарорининг қайтарма ижроси» деб номланади .

Аммо меҳнат муносабатларидан келиб чиқадиган ишлар бўйича истисно амал қилади. Ушбу ҳолатда, агар бекор қилинган суд ҳужжати  даъвогар берган сохта маълумотларга ёхуд у тақдим этган қалбаки ҳужжатларга асосланган бўлса, суд ҳужжатининг қайтарма ижросига йўл қўйилади .

Яъни, агар ходимингиз биринчи инстанция судида иш юритиш жараёнида сохта маълумотлар берган ёхуд қалбаки ҳужжатларни тақдим этган бўлса ва улар асосида унинг фойдасига қарор қабул қилинган бўлса, сиз унга тўланган суммаларнинг қайтарма ижросини талаб қилишингиз мумкин. Агар бундай далиллар ошкор этилмаса, сиз пулни қайтариб ололмайсиз. Бу ҳақда батафсил бу ерда ўқинг:

 

 

Суд амалиёти ва меҳнат низолари Суд амалиёти ва меҳнат низолари Суд амалиёти ва меҳнат низолари /publish/doc/text187614_agar_sud_ishdan_bushatishni_noqonuniy_deb_tan_olsa