Ишлаб чиқаришда бекор туриб қолишда ходимга қандай ҳақ тўлаш ва расмийлаштириш керак

preview

Баъзида вазият ташкилотни ўз ишини тўлиқ ёки қисман тўхтатишга мажбур қилади. Масалан, Ўзбекистондаги кўплаб компаниялар 2023 йил январь ойида электр таъминотидаги узилишлар ва табиий газдан фойдаланиш чекловлари туфайли қийинчиликларга дуч келишди. Бекор туриб қолиш турли сабабларга кўра содир бўлиши мумкин, шу жумладан – иш берувчи ёки ходимнинг айби билан. 

Янги МКни тайёрлаш бўйича эксперт гуруҳи раҳбари Михаил ГАСАНОВ ва «Нормa» эксперти, юрист Ленара Хикматова турли вазиятларда бекор туриб қолиш даврини қандай қилиб тўғри расмийлаштириш ва тўлаш кераклигини тушунтиришди:

Эътибор беринг
Тушунтириш 2023 йил 30 апрелдан кучга кирадиган янги МК асосида тайёрланган.

 

– Янги МК «бекор туриб қолиш» тушунчасига аниқ таъриф беради. Бу - ишни қуйидаги сабабларга кўра вақтинча тўхтатиб туришдир :

  • иқтисодий (энергия ресурслари ва хом ашёлардан фойдаланишнинг чекланганлиги, иш ҳажмининг йўқлиги, молиявий инқироз, контрагентлар томонидан шартнома мажбуриятларини бузиш ва бошқалар.);
  • технологик (ускуналарни модернизация қилиш, янги ишлаб чиқариш технологиясини жорий этиш ва бошқалар.);
  • ташкилий (корхона ёки унинг таркибий бўлинмаларини қайта ташкил этиш ва бошқалар.);
  • бошқа ишлаб чиқаришга доир (авария, техника, ускуналар, хонани таъмирлаш);
  • табиий хусусият (аномал совуқлар ва бошқалар.).

Бекор туриб қолиш битта ходим, ходимлар гуруҳи (смена, таркибий бўлинма ва бошқалар.) ёки яхлит бир компанияга таъсир қилиши  мумкин.

Мисол учун, контрагент хом ашё етказиб беришни тўхтатди, бу эса ишлаб чиқариш цехининг бекор туриб қолишига олиб келди. Фаолияти ушбу етказиб беришга боғлиқ бўлмаган бошқа бўлинмалар эса одатдаги режимда ишлашда давом этмоқда. Тегишинча, бекор туриб қолиш фақат цех ишчилари учун эълон қилинади.

Ишчилардан бирига махсус кийим-бош ва бошқа шахсий ҳимоя воситалари етмади. Бу ушбу битта ходимнинг бекор туриб қолишига олиб келади .

Баъзи омиллар бутун офис ишига таъсир қилиши мумкин: табиий ҳодисалар, карантин ва бошқалар.

 

Бекор туриб қолиш қандай расмийлаштирилади

МК бекор туриб қолишда иш берувчининг ҳаракатлари тартибини белгиламайди. Амалиётдан келиб чиқиб, энг аввало бекор туриб қолиш далилини ҳужжатлаштириш тавсия этилади. Бу: далолатнома, хизмат ёзуви, ҳисобот, рапорт ёки бошқа шунга ўхшаш ҳужжат бўлиши мумкин. Бу бекор туриб қолиш  сабаблари ва айбдорини аниқлашга ёрдам беради.

Бундай ҳужжат асосида иш берувчи қуйидагиларни кўрсатган ҳолда буйруқ чиқаради:

1) бекор туриб қолиш сабаби;

2) бекор туриб қолиш даври: бошланиш ва тугаш санаси. Агар бекор туриб қолишнинг тугаш санасини олдиндан аниқлашнинг иложи бўлмаса, уни маълум бир воқеа билан боғланг: «хом ашё етказиб бериш қайта тиклангунга қадар», «ускуналар тўлиқ таъмирлангунга қадар»;

3) бекор туриб қолиш ким учун жорий қилинмоқда – бутун ташкилот, алоҳида гуруҳлар ёки муайян ходимлар учун;

4) ходимлар бекор туриб қолиш даврида  қаерда бўлиши керак, уларнинг ишга келмасликларига йўл қўйиладими ёки улар иш жойида бўлиши керакми.  Ходимнинг айбисиз бекор туриб қолинган вақт унинг иш вақтига киритилади ;

5) бекор туриб қолиш вақтига ҳақ тўлаш миқдори.

Буйруқни имзо остида бекор туриб қолиш вақти жорий қилинган ходимларга ва буйруқни бажариш учун масъул бўлган бошқа шахсларга эълон қилинг.

Иш вақтини ҳисобга олиш жадвалида бекор туриб қолиш вақтини белгиланг.

 

Бекор туриб қолиш вақти учун қандай ҳақ тўланади  

Шундай қилиб, биз иш берувчини ҳам, ходимларни ҳам бирдек ташвишга соладиган саволга етиб келдик. Бекор туриб қолиш вақти нима учун содир бўлганига қараб тўланади :

1) иш берувчининг айби билан. Масалан, иш берувчи хом ашёни ўз вақтида етказиб беришни ёки янги технологиялар ёхуд ускуналарга бир текисда ўтишни таъминламади;

2) иш берувчига ва ходимга боғлиқ бўлмаган сабабларга кўра. Булар: карантин даври учун чеклов чораларини жорий этиш, фавқулодда табиий вазиятлар, улар сабабли юзага келадиган ишлаб чиқариш авариялари ва ҳ.к.;

3) ходимнинг айби билан. Масалан, ишлаш қоидаларига риоя қилмагани учун ходим ўз меҳнат вазифасини бажарадиган ускунани ишдан чиқарди. Бундай ҳолда у ўзининг бевосита раҳбари ёки иш берувчининг бошқа вакилига ускунанинг ишдан чиқиши натижасида келиб чиққан бекор туриб қолишнинг  бошланиши тўғрисида дарҳол хабар бериши шарт.

Бекор туриб қолиш

Кимнинг айби билан

Қандай тўланади

Иш берувчининг айби билан

Ходимнинг ўртача ойлик маоши миқдорида

Ходимнинг айби билан

Тўланмайди

Иш берувчига ва ходимга боғлиқ бўлмаган сабабларга кўра

Бекор туриб қолинган вақтга мутаносиб равишда ҳисобланган тариф ставкасининг (маошининг) камида учдан икки қисми миқдорида

 

Бекор туриб қолиш вақти учун қандай чоралар кўриш мумкин

1. Иш ҳақи сақланмайдиган таътил  

Иш берувчи бекор туриб қолиш даврига ходимни иш ҳақи сақланмайдиган таътилга юборишга ҳақлими? Бу фақат ходимнинг розилиги билан амалга оширилиши мумкин. Таътилнинг номи ўзи учун гапирмоқда – унинг даври учун ходим маошидан маҳрум бўлади. Шунинг учун ходимнинг ёзма аризаси бўлмаган тақдирда бундай таътилга «мажбурий тарзда» юбориш мумкин эмас .

 

2. Иш ҳақи қисман сақланган ҳолда таътил

Янги МК таътилнинг янги турини киритмоқда – иш ҳақини қисман сақлаб қолиш билан, у иш ҳақи сақланмайдиган таътилга муқобил бўлиши мумкин. Уни тақдим этиш масаласи ҳар бир аниқ ҳолатда ходим ва иш берувчининг келишуви бўйича ҳал қилинади.

Ходим иш берувчига ёзма ариза бериш орқали бундай таътилга розилик билдиради.

Иш ҳақи қисман сақланадиган таътилнинг фарқланадиган ўзига хос хусусиятлари:

1) энг кўп давомийлик бўйича чекловлар йўқ;

2) иш ҳақи қисман сақланади.

Бундай таътилни тақдим қилишнинг аниқ тартиби маҳаллий тартибда – жамоа келишувлари, жамоа шартномаси, бошқа ички ҳужжатлар, улар бўлмаган тақдирда эса – меҳнат шартномаси билан белгиланади.

Ҳар бир ташкилот қуйидагиларни мустақил равишда белгилайди:

1) календарь йил давомида таътилнинг энг кўп давомийлигини;

2) ходимнинг қисман сақланиб қоладиган иш ҳақи миқдорини;

3) ҳар йиллик таътил олишга ҳуқуқ берувчи таътилни иш стажига киритиш ёки киритмаслик масаласини.

Эътибор беринг
Ходимнинг сақланиб қоладиган иш ҳақи миқдори қонунчиликда белгиланган меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдоридан кам бўлиши мумкин эмас. Агар ходим иш ҳақи қисман сақланадиган таътилда бўлган даврида меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори оширилган бўлса, ушбу оширилишни ҳисобга олган ҳолда ходимга тегишли иш ҳақи миқдори қайта ҳисоб-китоб қилиниши керак .

 

3. Ходимнинг розилигисиз вақтинча бошқа ишга ўтказиш

Шунингдек, бекор туриб қолиш даврида ходимни унинг розилигисиз вақтинча бошқа ишга ўтказиш вазиятдан чиқиш йўли бўлиши мумкин . Агар ташкилотда бундай иш мавжуд бўлса ва ходим соғлиғининг ҳолатига кўра қарши кўрсатма бўлмаса, бу мумкин.

Ўтказиш муддати ва иш ҳақининг аниқ миқдори жамоа шартномасида белгиланади, агар у тузилмаган бўлса, иш берувчи томонидан ходимларнинг вакиллик органи билан келишилган ҳолда белгиланади. Аммо бу ерда ўтказиш муддати ва бу вақт учун меҳнатга ҳақ тўлаш учун маълум талаблар қўйилишини ҳисобга олиш керак, хусусан:

1) ҳар қандай ҳолатда ҳам бекор туриб қолиш муносабати билан  ўтказиш даври 1 календарь йил давомида жами 60 календарь кундан ошмаслиги керак;

2) ўтказилган ходимнинг меҳнатига ҳақ бажарилган иш бўйича тўланади, лекин аввалги ўртача иш ҳақидан кам бўлмаган миқдорда.

Яъни, агар ходим вақтинча ўтказилган ишдаги меҳнатга ҳақ тўлаш аввалги иш жойи бўйича меҳнатга ҳақ тўлашдан кам бўлса, иш берувчи унга аввалги иши бўйича ходимнинг ўртача даромадига қадар тўлаши шарт. Ўртача даромадни ҳисоблаш янги МКнинг 257-моддаси билан тартибга солинади.

Эътибор беринг
Бекор туриб қолиш сабабли ходимни пастроқ малака талаб этиладиган ишга вақтинча ўтказишга ходимнинг ёзма розилиги билан йўл қўйилади.

 

Агар иш берувчи ходимнинг айбисиз бекор туриб қолиш вақти учун тўламаса

Ташкилот раҳбари ёки бошқа ваколатли шахс меҳнат қонунчилигини бузганлиги учун Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодекснинг 49-моддаси бўйича БҲМнинг 5 бараваридан 10 бараваригача миқдорда маъмурий жаримага тортилади. Маъмурий жазо қўлланилгандан кейин бир йил ичида такроран содир этилган худди шу ҳуқуқбузарлик БҲМнинг 10 бараваридан 15 бараваригача жарима солишга сабаб бўлади.

 

 

Ўзбекистонда ҳақ ва бошқа тўловлар-ҳақ тўлаш шартлари, ҳақ ва бошқа тўловлар ҳақида маълумот ўзбекистонда иш ҳақи ва бошқа тўловлар, иш ҳақи, иш ҳақи ва бошқа тўловлар Ўзбекистонда иш ҳақи ва бошқа тўловлар. Ўзбекистонда ҳақ тўлаш ва бошқа тўловларнинг турли жиҳатлари ҳақида кўпроқ билиб олинг. Бу ерда сиз иш ҳақи ва бошқа тўловлар ҳақида маълумот топишингиз мумкин. Иш ҳақи ва бошқа тўловлар ҳақида барча маълумотлар /ru/publish/doc/text187874_ishlab_chiqarishda_bekor_turib_qolishda_hodimga_qanday_haq_tulash_va_rasmiylashtirish_kerak