Иш берувчи қачон талаба-ходимга ўқув таътилларини тақдим қилиши шарт эмас

preview

«Агар ходим бир вақтнинг ўзида имтиҳонлар турли вақтда бўлиб ўтадиган иккита ОТМда ўқиса, унга ҳар бир ОТМдаги имтиҳон учун ўқув таътили тақдим қилишимиз шартми? Агар ходим иккинчи олий маълумотни  бакалавр йўналишида олаётган бўлса, у ўқув таътилини олишга ҳақлими?».

Саволларга 2023 йил 30 апрелдан кучга кирадиган янги МК қоидаларини ҳисобга олган ҳолда «Норма» эксперти, юрист Ленара Хикматова жавоб берди:

 

–  Олий ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълими ташкилотларида кечки ёки сиртқи таълим шакли бўйича ўқиётган ходимларга лаборатория-имтиҳон сессияларида иштирок этган давр учун қуйидаги тартибда ўқув таътиллари берилади :

1) кечки таълим шаклида ўқиётган биринчи ва иккинчи курс талабаларига:

  • ОТМларда – камида йигирма календарь кун;
  • ўрта махсус, касб-ҳунар таълими ташкилотларида – камида ўн календарь кун;
  • олий ва ўрта махсус таълим ташкилотларида сиртқи таълим шаклида ўқиётганларга – ҳар йили камида ўттиз кун;

2) кечки таълим шаклида учинчи ва ундан юқори курсларда ўқиётганларга:

  • ОТМларда – камида ўттиз календарь кун;
  • ўрта махсус, касб-ҳунар таълими ташкилотларида – камида йигирма календарь кун;
  • олий ва ўрта махсус таълим, касб ҳунар таълими ташкилотларида сиртқи таълим шаклида ўқиётганларга – ҳар йили камида қирқ календарь кун.

Ташкилотнинг ички ҳужжатларида юқоридагиларга нисбатан давомийлиги кўпроқ бўлган ўқув таътиллари назарда тутилиши мумкин. 

Ўқув таътили иш стажига киритилади, унинг муддати давомида ходимда ўртача иш ҳақи сақланиб қолади.

 

Агар ходим бир вақтнинг ўзида 2 та ОТМда ўқиётган бўлса

Ишни бир вақтнинг ўзида таълим фаолиятини амалга оширувчи икки ташкилотдаги ўқиш билан бирга олиб бораётган ходимга фақат ушбу ташкилотларнинг бирида олаётган таълими муносабати билан кафолатлар ва компенсациялар берилади. Бунда ходим қайси ОТМдаги имтиҳонда иштирок этиш учун ўқув таътили олмоқчи эканлигини ўзи танлайди .

Ташкилот ички тартибда иккала ОТМда ўқув таътилларини тақдим қилишни назарда тутиши мумкин. Бу – мумкин, чунки бундай қоида қонунчиликда белгиланганига нисбатан ходимнинг вазиятини яхшилайди.

 

Агар ходим иккинчи олий маълумот олаётган бўлса

Ишни ўқиш билан бирга олиб бораётган ходимларга кафолатлар ва компенсациялар биринчи марта тегишли даражадаги таълим олаётганда берилади.

Улар, агар уларни таълим олишга иш берувчи юборган бўлса, тегишли даражадаги таълим олган ходимларга берилиши мумкин .

Ходимни таълим олишга юбориш билан боғлиқ бўлган барча саволлар ички ҳужжатлар, меҳнат шартномаси ёки иш берувчи ва ходим ўртасида тузилган алоҳида келишувда шартлашилади.