Штат қисқартирилганда ходимлардан кимларни бўшатиш мумкин

preview
Эътибор беринг
Тушунтириш 2023 йил 30 апрелдан кучга кирадиган янги Меҳнат кодекси асосида тайёрланган.

 

Ташкилот буюртмалар ҳажми қисқаргани сабабли штатни қисқартиришни режалаштирмоқда. Шу жумладан – бир нечта бухгалтерлар ишлайдиган молия бошқармасида. Ишда фақат улардан бири қолади.

Ушбу омадлини қандай мезонлар бўйича танлашни  “Норма”  эксперти, юрист Ленара ХИКМАТОВА сўзлаб берди:

 

– Амалда ушбу савол кўп ҳолларда қийинчиликлар келтириб чиқаради. Агар штатдан бир хил лавозимлардан бир неча ёки биттаси чиқарилса, иш берувчи  ушбу лавозимларни эгаллаган ходимларнинг қайси бири "қисқартирилишини", ким эса ишда қолишини ҳал қилишига тўғри келади. Бу ерда ҳам қоидалар мавжуд. “Маъқул-маъқул эмас” тамойилига амал қилишнинг  имкони йўқ. Ишда қолдиришга доир имтиёзли ҳуқуқни аниқлаш тартибини назарда тутувчи янги Меҳнат кодексининг 167-моддасига қатъий риоя қилган ҳолда ҳаракат қилиш керак. Ушбу тартиб меҳнат шартномаси ходимларнинг сони (штати) ўзгарганлиги муносабати билан бекор қилинганда қўлланилади (келгуси ўринларда қулай бўлиши учун “штат қисқариши” атамасини қўллаймиз):

  • ташкилот ёки унинг таркибий бўлинмаси (филиал, ваколатхона ва б.);
  • якка тартибдаги тадбиркор.

 

1. Биринчи навбатда ишда қолдириш учун имтиёзли ҳуқуқ малакаси ва меҳнат унумдорлиги юқорироқ бўлган ходимга берилади.

Малака – бу муайян иш турини бажариш учун зарур касбий тайёргарлик, тажриба, билим ва кўникмалар даражасидир. У маълумоти, малака оширганлиги, касбга қайта тайёрланганлиги тўғрисидаги ҳужжатлар, малака тоифалари (разрядлари) ва ҳ.к. бериш тўғрисидаги комиссиялар баённомаларидан кўчирмалар билан тасдиқланади.

Малака разряди – ходимнинг касбий тайёргарлиги даражасини акс эттирувчи қиймат.

Малака тоифаси, қоидага кўра, иккита кўрсаткични ўз ичига олади: маълумоти ва мутахассислик бўйича иш стажи.

Шу тариқа, малакани баҳолашда қуйидагиларни инобатга олиш лозим:

  • маълумот даражаси (масалан, олий маълумотли ходим эгаллаб турган лавозими бўйича (мутахассаслик, касб) ўрта махсус маълумотга эга ходимга нисбатан устунликка эга бўлади);
  • синфлик, даражаси, унвони, тоифаси ва ҳ.к.;
  • ўз ташаббусига биноан ва иш берувчи йўлланмасига асосан малака оширганлиги;
  • бажарадиган ишининг сифати;
  • малака даражасига таъсир кўрсатадиган бошқа омиллар.

Меҳнат унумдорлигини баҳолашда қуйидагилар инобатга олинади:

  • унинг учун ўрнатилган ишлаб бериш меъёрларининг, иш ҳажмининг ходим томонидан бажарилиши (ошириб бажарилиши) ва ҳ.к.
  • Миқдорий ва сифат кўрсаткичларини биргаликда ҳисобга олиш керак.
Мисол
Ишда қолиш учун имтиёзли ҳуқуқ мақсадида ишнинг миқдорий ва сифат кўрсаткичларини ҳисобга олиш
Ташкилотда икки нафар тикувчи ишлайди. Ҳар бири учун ишлаб чиқариш режаси сифатида кунига 3 дона маҳсулот чиқариш белгиланган.

Биринчи тикувчи сифатли тикади ва кунига белгиланган меъёр – 3 дона маҳсулотни топширади.  

Иккинчи тикувчи режани ортиғи билан бажаради ва кунига ўртача 4 дона маҳсулот топширади, аммо бунда ишда доимий равишда бракка йўл қўяди.

Бундай ҳолда биринчи ходима ишда қолдириш учун имтиёзли ҳуқуққа эга, чунки унинг ҳамкасби режани ортиғи билан бажарса-да, бунда иш сифатига эътибор қаратмайди.

Ишда қолдириш учун имтиёзли ҳуқуқни аниқлашда яқинда ўтказилган аттестациялар, текширувларнинг натижалари ҳам ҳисобга олиниши мумкин.

 

2. Агар ходимларда малака ва меҳнат унумдорлиги бир хил бўлса,  янги МКнинг 167-моддаси 2-қисмида назарда тутилган бошқа мезонларни ҳисобга олиш керак.

Малакаси ва меҳнат унумдорлиги бир хил бўлган тақдирда қуйидагиларга афзаллик берилади:

  • қарамоғида 2 ёки ундан ортиқ киши бўлган ходимларга;
  • оиласида ундан бўлак мустақил иш ҳақи олувчи бўлмаган шахсларга;
  • мазкур иш берувчида кўп йиллик иш стажига эга бўлган ходимларга;
  • ишлаб чиқаришдан ажралмаган ҳолда олий ва ўрта махсус, касб-ҳунар ўқув юртларида тегишли мутахассислик бўйича малакасини ошираётган ходимларга ва ишлаб чиқаришдан ажралган ҳолда олий ва ўрта махсус, касб-ҳунар ўқув юртларини тамомлаган шахсларга ўқишни тугатгандан сўнг мутахассислиги бўйича ишлаш шарти билан 3 йил мобайнида;
  • мазкур ташкилотда меҳнатда майиб бўлиб қолган ёки касб касаллигини орттирган шахсларга;
  • ногиронлиги бўлган шахсларга;
  • 1941–1945 йиллардаги уруш қатнашчилари ва уларга тенглаштирилган шахсларга;
  • атом объектларидаги фалокатлар оқибатида келиб чиққан оширилган радиация нурланиши билан боғлиқ нурланиш касаллиги ва бошқа касалликларга йўлиққан ёки шундай касалликларни бошидан кечирган шахсларга;
  • ногиронлиги атом объектларидаги фалокатлар муносабати билан бошланганлиги аниқланган ногиронларга;
  • ана шундай фалокатлар ва ҳалокатлар оқибатларини бартараф этиш ишлари қатнашчиларига, шунингдек мазкур зоналардан эвакуация қилинган ёки кўчирилган шахсларга ҳамда уларга тенглаштирилган бошқа шахсларга.

Бунда ушбу ҳолатлар санаб ўтилган тартиб аҳамиятга эга эмас. Барча ҳолатлар бир хилда инобатга олинади. Яъни, қарамоғида одамлар бўлган мезон, масалан, корхонада кўп йиллик иш стажига эга бўлган мезонга нисбатан “катта салмоққа” эга эмас. Шу тариқа, малака ва меҳнат унумдорлиги тенг бўлган тақдирда, ҳисобга олинадиган аксарият ҳолатлар сони бўйича афзалликка эга бўлган ходим ишда қолдирилиши керак .

Мисол
Ҳисобга олинадиган ҳолатлар сонини эътиборга олган ҳолда ишда қолдириш
Биринчи ходим пенсия олди ёшидаги ишсиз онаси билан бирга яшайди ва корхонада 10 йиллик иш стажига эга.

Иккинчи ходимнинг қарамоғида икки нафар вояга етмаган болалари бор ва мазкур корхонада 20 йиллик иш стажига эга.

Ходимларнинг малакаси ва меҳнат унумдорлиги бир хил, бироқ имтиёзли ҳуқуқ иккинчи ходимда, чунки   унда иккинчи навбатда инобатга олинадиган ҳолатлар сони кўпроқдир.

 

3. Агар ходимлар тенг малакага ва меҳнат унумдорлигига эга бўлса ҳамда юқорида келтирилган ҳолатлар сони бўйича ишда қолдиришда бир-бирининг олдида афзалликларга эга бўлмаса, жамоа шартномасида назарда тутилган ҳолатлар ҳисобга олинади .

Масалан, жамоа шартномаси янги ишлаб чиқариш технологиясини таклиф қилган ёки жорий қилган ходимларга, ёлғиз оналарга ва ҳоказоларга ишда қолдириш учун имтиёзли ҳуқуқни бериши мумкин.

 

Хулоса қиламиз!

Агар айтайлик, иккита бухгалтер штат бирлигидан бирини қисқартиришга тўғри келса,  биринчи навбатда иккала ходимнинг малакаси ва меҳнат унумдорлигига қараймиз.

Агар ушбу кўрсаткичлар бир хил бўлса, аввал янги Меҳнат кодексининг 167-модда 2-қисмида санаб ўтилган ҳолатларни, сўнгра ташкилотнинг жамоа шартномасида назарда тутилган шартларни ҳисобга оламиз.

Агар ҳатто ходим ҳамкасбидан ҳисобга олинадиган "иккинчи" ва "учинчи" даражадаги шартлар бўйича устун бўлса-ю, лекин малакаси ёки меҳнат унумдорлиги бўйича ортда қолса,  у ишда қолдириш учун имтиёзли ҳуқуққа эга бўлмайди.

Мисол
Ишда қолдиришда ҳисобга олинадиган ҳолатларнинг нисбати ва устуворлиги
Биринчи ходимнинг қарамоғида бир нафар вояга етмаган бола бор, ташкилотда 2 йиллик иш стажи ва мутахассислик бўйича олий техник маълумотга эга.

Иккинчи ходимнинг 3 нафар вояга етмаган фарзанди бор, ташкилотда 15 йиллик иш стажи ва ўрта махсус маълумотга эга.

Биринчи ходимнинг малакаси юқори, демак айнан у ишда қолдириш учун имтиёзли ҳуқуққа эга.

 

4. Ишда қолдиришнинг имтиёзли ҳуқуқини шахсан ташкилот раҳбари ёки у томонидан махсус тузилган комиссия белгилайди.

Комиссия таркибига юрист, кадрлар хизмати, HR, касаба уюшмаси қўмитаси раиси (ёки ходимларнинг бошқа вакиллик органи), қисқартирилаётган ходимларнинг бевосита раҳбарлари ва бошқа мутахассислар жалб қилиниши мумкин.