Меҳнат кодексининг 108-«Меҳнат шартномасининг кучга кириши ва ишнинг бошланиш санаси» моддасига шарҳ

28.05.2023

        Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат кодекси

        108-модда. Меҳнат шартномасининг кучга кириши ва ишнинг бошланиш санаси

           (1-қ.) Меҳнат шартномаси иш берувчи ва ходим томонидан имзоланган кундан эътиборан кучга киради.
        (2-қ.) Ходим меҳнат шартномасида белгиланган санадан эътиборан меҳнат вазифаларини бажаришга киришиши шарт.
        (3-қ.) Агар меҳнат шартномасида иш бошланадиган кун белгиланмаган бўлса, ходим шартнома кучга кирган кундан кейинги иш кунида ишга киришиши керак.

 

Меҳнат кодексининг 108-моддасига шарҳ

 

    

1. МКнинг 108-моддаси меҳнат шартномасининг кучга киришига ва меҳнат шартномасида шарт қилиб кўрсатилган ишнинг бошланиш санасига бағишланган.

Шарҳланаётган модданинг биринчи қисмига мувофиқ, меҳнат шартномаси имзоланган кундан эътиборан кучга киради. Меҳнат шартномасининг кучга кириши шу пайтдан эътиборан унинг тарафлари меҳнат тўғрисидаги қонунчиликда ва бошқа ҳуқуқий ҳужжатларда, меҳнат шартномасида назарда тутилган ўзаро ҳуқуқ ва мажбуриятларга эга бўлишларини англатади.

Ходим билан тузилган меҳнат шартномаси лозим даражада расмийлаштирилмаган, бироқ ходим иш берувчини ёки унинг бунга ваколат берилган вакилини хабардор қилиб ёки унинг топшириғига кўра ҳақиқатда ишга киришган бўлса, у ҳолда меҳнат шартномаси ходим ҳақиқатда ишга қўйилган кундан эътиборан кучга кирган деб ҳисобланади (128-моддага шарҳга қаранг).

            

2. Меҳнат шартномасида тарафларнинг келишувига кўра ишнинг бошланиш санаси, яъни ходим меҳнат шартномасида шарт қилиб кўрсатилган ишни бажаришга киришиши, иш берувчи эса ходимга бундай ишни бериши шарт бўлган аниқ сана, ой ва йил белгиланади.

        

3. Меҳнат шартномасини тузиш чоғида иш бошланадиган кун белгиланмаган бўлса, у ҳолда ходим меҳнат шартномаси кучга кирган кундан кейинги иш кунида ишга киришиши керак. Масалан, тарафлар меҳнат шартномасини 06.09.2023 йилда имзолаган бўлсалар, у ҳолда ходим 2023 йил 7 сентябрда ишга киришиши керак. Меҳнат шартномасида иш бошланадиган кун белгиланмаган, кейинги кун эса дам олиш ёки байрам куни бўлса, у ҳолда ходим дам олиш ёки байрам кунидан кейинги биринчи иш кунида ўз меҳнат вазифаларини бажаришга киришиши керак. Масалан, меҳнат шартномаси 31.08.2023 йилда тузилган ва унда иш бошланадиган сана белгиланмаган. 1 сентябрь – ишланмайдиган байрам куни (Мустақиллик куни), иккинчи сентябрь шанба куни (6 кунлик иш ҳафтаси белгиланган ходимлар учун эса – Президентнинг 23.12.2022 йилдаги ПФ-270-сон Фармонида назарда тутилган қўшимча иш куни) эканлигини ҳисобга олиб, ходим меҳнат шартномасида шарт қилиб кўрсатилган ишни 2023 йил 3 сентябрда бажаришга киришиши керак.

 

Барча моддалар 107-модда 109-модда Бошига
Чтобы получать новости от Kadrovik.uz первыми, подписывайтесь на Telegram-канал