Меҳнат кодексининг 112-«Ходим билан муддатли меҳнат шартномаси тузиладиган ҳоллар» моддасига шарҳ

28.05.2023

         Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат кодекси

         112-модда. Ходим билан муддатли меҳнат шартномаси тузиладиган ҳоллар

        Муддатли меҳнат шартномаси:
меҳнат тўғрисидаги қонунчиликка ва меҳнат ҳақидаги бошқа ҳуқуқий ҳужжатларга, меҳнат шартномасига мувофиқ иш жойи ўзида сақланиб қоладиган, йўқ бўлган ходимнинг
мажбуриятларини бажариш вақти учун;
вақтинчалик (икки ойгача) ишларни бажариш вақти учун;
табиий шароитлар туфайли иш фақат муайян давр (мавсум) ичида амалга оширилиши мумкин бўлганда мавсумий ишларни бажариш учун;
иш берувчининг одатдаги фаолияти доирасидан ташқарига чиқадиган ишларни (реконструкция қилиш, монтаж қилиш, ишга тушириш-созлаш ишлари ва бошқа ишлар), шунингдек ишлаб чиқаришни ёки ишлар (маҳсулот, хизматлар) ҳажмини олдиндан маълум бўлган вақтинчалик (бир йилгача) кенгайтириш билан боғлиқ ишларни бажариш учун;
таъсис ҳужжатларига биноан олдиндан белгиланган муддатга ташкил этилган ташкилотларга ишга кираётган шахслар билан;
ишнинг тамомланиши аниқ сана билан белгиланиши мумкин бўлмаган ҳолларда муддатли хусусиятга эга бўлган, олдиндан белгиланган ишларни бажариш
учун қабул қилинадиган шахслар билан;
ишлаб чиқаришда ўқитиш шартномаси билан бевосита боғлиқ бўлган ишларни бажариш, ҳақ тўланадиган ишлаб чиқариш амалиётини ёки стажировкани ўташ учун;
меҳнат органлари томонидан вақтинчалик хусусиятга эга бўлган ишларга ёки ҳақ тўланадиган жамоат ишларига юборилган шахслар билан;
муқобил хизматни ўташ учун юборилган фуқаролар билан;
Ўзбекистон Республикасига унинг ҳудудида меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун қонуний равишда кириб келган чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар билан тузилади.
        Муддатли меҳнат шартномаси ушбу Кодексга ёки бошқа қонунга мувофиқ ўзга ҳолларда ҳам тузилиши мумкин. 

 

 

Меҳнат кодексининг 112-моддасига шарҳ

 

                

1. Шарҳланаётган моддада ходим билан муддатли меҳнат шартномасини тузиш шарт бўлган ҳолатларнинг рўйхати белгиланган. Муддатли меҳнат шартномасининг тузилиши тарафларнинг ихтиёрига қараб эмас, балки уларнинг хоҳиш-иродасига боғлиқ бўлмаган объектив ҳолатларнинг мавжудлигига қараб белгиланади.

Ишнинг хусусияти ёки уни бажариш шартлари МКнинг 112-моддасида санаб ўтилган ҳолларда муддатли меҳнат шартномасини тузишни тақозо этади, шу сабабли мажбурий ҳисобланади.
Шарҳланаётган модданинг биринчи қисмига мувофиқ, муддатли меҳнат шартномаси қуйидаги ҳолларда тузилиши керак: 

        1) вақтинча йўқ бўлган ходимнинг мажбуриятларини бажариш вақти учун.

Меҳнат тўғрисидаги қонунчиликка, бошқа ҳуқуқий ҳужжатларга мувофиқ, меҳнат шартномаси билан йўқ бўлган ходимнинг иш жойи сақланганда (масалан, ходим узоқ вақт давом этадиган хизмат сафарида, болани парваришлаш таътилида бўлган вақт учун) бундай меҳнат шартномаси тузилади.Бу ҳолда меҳнат шартномасининг муддати йўқ бўлган ходимнинг ўз меҳнат (хизмат) вазифаларини бажаришга қайтиш вақтига боғлиқ бўлади; 

         2) вақтинчалик (икки ойгача) ишларни бажариш вақти учун.

Ишнинг вақтинча тусга эгалиги олдиндан маълум бўлса, яъни у икки ойдан ортиқ давом этмаслиги олдиндан маълум бўлса (масалан, йиллик ҳисоботни тайёрлаш вақти учун), бундай муддатли меҳнат шартномасини тузиш мумкин. Бунда шартномада тарафларнинг келишуви билан икки ой доирасида аниқ муддат (икки ҳафта, бир ой, бир ойу 15 календарь кун ва б.) белгиланиши керак. Иш берувчи учун доимий ҳисобланган ишни бажариш учун икки ойгача бўлган муддатга муддатли меҳнат шартномасини тузиш ҳуқуққа зид саналади (вақтинчалик ишларда банд бўлган шахслар меҳнатини ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солишнинг ўзига хос хусусиятлари ҳақида батафсил 495, 496, 497, 498, 499-моддаларга шарҳга қаранг);

        3) мавсумий ишларни бажариш учун ишга қабул қилинадиган ходимлар билан.

 Иқлим ва бошқа табиий шароитлар туфайли, қоида тариқасида, олти ойдан ошмайдиган муайян давр (мавсум) давомида бажариладиган ишлар мавсумий ишлар деб эътироф этилади. Мавсумий ишларнинг, шу жумладан олти ойдан ортиқ давр (мавсум) ичида амалга оширилиши мумкин бўлган айрим мавсумий ишларнинг рўйхатлари ва мазкур айрим мавсумий ишларнинг энг кўп давомийлиги Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан Ижтимоий-меҳнат масалалари бўйича республика уч томонлама комиссияси билан келишилган ҳолда белгиланади. Ишнинг мавсумий хусусияти тўғрисидаги шарт меҳнат шартномасида кўрсатилиши керак. Мавсумий ходимлар билан меҳнат шартномаси мавсумнинг давомийлигидан ошмайдиган муддатга тузилади (мавсумий ходимлар меҳнатини ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солишнинг ўзига хос хусусиятлари ҳақида батафсил 491, 492, 493, 494-моддаларга шарҳга қаранг);

        4) иш берувчининг одатдаги фаолияти доирасидан ташқарига чиқадиган ишларни, шунингдек ишлаб чиқаришни ёки кўрсатиладиган хизматлар ҳажмини олдиндан маълум бўлган вақтинчалик (бир йилгача) кенгайтириш билан боғлиқ ишларни бажариш учун.

 Бу ҳолда иш берувчининг одатдаги фаолияти деганда ташкилот уставида қайд этилган, фаолиятининг асосий йўналишларига мувофиқ келадиган ишларнинг турларини тушуниш лозим. МКда ташкилотнинг одатдаги фаолияти доирасидан ташқарига чиқадиган ишларга мисол сифатида реконструкция қилиш, монтаж қилиш, ишга тушириш-созлаш ишлари келтирилган. Ташкилотнинг одатдаги фаолиятининг хусусиятига (турига) қараб улар бошқа, масалан, таъмирлаш, қурилиш ишлари ҳам бўлиши мумкин. Бироқ, барча ҳолларда ташкилотнинг одатдаги (асосий) фаолияти доирасидан ташқарига чиқадиган, бажариш учун муддатли меҳнат шартномалари тузилиши мумкин бўлган ишлар вақтинчалик (муддатли) тусга эга бўлиши керак. Қонунда бундай меҳнат шартномасини тузиш мумкин бўлган қандайдир махсус чекланган муддат белгиланмаганлиги боис, унинг муддати ҳар бир аниқ ҳолатда тарафларнинг келишувига кўра аниқ ҳолатлардан ва ташкилотнинг одатдаги фаолияти доирасидан ташқарига чиқадиган ишларни бажаришга эҳтиёж қоладиган вақт давридан келиб чиқиб белгиланади. Бунда МКнинг 110-моддасида белгиланган меҳнат шартномасининг чекланган муддати, яъни 3 йил ҳақидаги умумий қоидалар қўлланилиши керак.  

Иш берувчининг одатдаги фаолияти доирасидан четга чиқадиган ишларни амалга ошириш учун тузиладиган меҳнат шартномасидан фарқли равишда, ишлаб чиқаришни ёки кўрсатиладиган хизматлар ҳажмини вақтинчалик кенгайтириш зарурати муносабати билан тузиладиган меҳнат шартномасининг муддати чекланган. У бир йилдан ошмаслиги керак. Бундай шартнома бўйича ишлар ташкилотнинг одатдаги фаолияти доирасида амалга оширилиши ва ишлаб чиқаришни ёки кўрсатиладиган ишлар ҳажмини кенгайтириш эҳтиёжи иш берувчига олдиндан маълум бўлган муайян вақт чегаралари билан чекланиши шуни тақозо этади.

Ишлаб чиқаришни ёки кўрсатиладиган хизматлар ҳажмини бир йилгача, олдиндан маълум бўлган вақтинчалик кенгайтириш билан боғлиқ ишларни бажариш учун меҳнат шартномасининг аниқ амал қилиш муддати ходим ва иш берувчи ўртасидаги келишувга кўра белгиланади. Масалан, ичимликлар ишлаб чиқарувчи корхонада ёзги даврда яхна ичимликларга талаб ортиши муносабати билан ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш ва шу муносабат билан қўшимча ишчи кучини жалб қилиш зарурати юзага келди. Кўриб чиқилаётган ҳолда яхна ичимликларни ишлаб чиқариш ҳажмининг кенгайтирилиши муддатли тусга эга эканлиги, шу сабабли ишлаб чиқариш ҳажмлари вақтинчалик оширилиши муносабати билан бундай ишга жалб қилинган ходимлар билан муддатли меҳнат шартномаларининг тузилиши тўла асосли бўлиши буткул аён. Ёз палласида сайёҳлар сонининг ортиши, шу муносабат билан кўрсатиладиган хизматлар ҳажмининг кенгайтирилиши муносабати билан меҳмонхоналар, қаҳвахоналар, ресторанлар, транспорт ташкилотлари ва бошқалар қўшимча ходимлар билан муайян муддатга (бир, икки, уч ойга ва ҳ. к.) меҳнат шартномаларини тузиб, уларни ишга қабул қилишлари мумкин;

5) олдиндан белгиланган вақт даврига ёки олдиндан белгиланган ишни бажариш учун ташкил этилган ташкилотларга ишга кираётган шахслар билан.  

Белгиланган муддатга ёки фақат белгиланган ишни бажариш учун ташкилотни ташкил этиш факти ушбу ташкилотнинг уставида қайд этилиши керак. Уставда ташкилот ташкил этилган, ёки уни бажариш мақсадида ташкилот ташкил этилган иш унинг (масалан, бир, икки, уч йил) давомида якунланадиган аниқ вақт даври ҳам белгиланади. Олдиндан белгиланган вақт даврига ёки олдиндан белгиланган ишни бажариш учун ташкил этилган ташкилотларга ишга кираётган шахслар билан тузиладиган меҳнат шартномасининг муддати бундай ташкилот ташкил этилган муддат билан белгиланади. Шу боис мазкур ташкилот ҳуқуқ ва мажбуриятларни ҳуқуқий ворислик тартибида бошқа шахсларга ўтказмай, у ташкил этилган муддат тугагани сабабли ёки уни ташкил этишдан кўзланган мақсадга эришгани муносабати билан ўз фаолиятини ҳақиқатан тўхтатса, ходимлар билан тузилган меҳнат шартномаси унинг муддати тугаши муносабати билан бекор қилиниши мумкин;

6) ишнинг бажарилиши (тамомланиши) аниқ сана билан белгиланиши мумкин бўлмаган ҳолларда олдиндан белгиланган ишни бажариш учун қабул қилинадиган шахслар билан.

 Ушбу ҳолларда ходимлар билан тузилган меҳнат шартномасида у айнан шу ишни бажариш вақтига (масалан, офисни таъмирлаш вақтига, объектни қуриш ёки объектни фойдаланишга топшириш даврига) тузилгани кўрсатилиши керак. Кўрсатилган ишнинг якунланиши (тамомланиши) меҳнат шартномасини унинг амал қилиш муддати тугаши муносабати билан бекор қилиш учун асос бўлади;

7) ишлаб чиқаришда ўқитиш шартномаси билан бевосита боғлиқ бўлган ишларни бажариш (373, 374, 375, 376, 377, 378, 379, 380, 381, 382-моддаларга шарҳга қаранг), ҳақ тўланадиган ишлаб чиқариш амалиётини ёки ҳақ тўланадиган стажировкани ўташ учун (372-моддага шарҳга қаранг).

Ўз эҳтиёжлари учун ходимларни тайёрлаш заруратини иш берувчи белгилайди. Ходимларни тайёрлаш ва уларнинг қўшимча касб-ҳунар таълими иш берувчи томонидан жамоа келишувларида, жамоа шартномасида, меҳнат шартномасида белгиланадиган шартларда ва тартибда амалга оширилади. Бу ҳолда меҳнат шартномасининг муддати ҳақ тўланадиган ишлаб чиқариш амалиётини ёки ҳақ тўланадиган стажировкани ўташ даври билан белгиланади. МК 375-моддасининг 1-қисмига мувофиқ, ишлаб чиқариш таълими шартномаси муайян ишни бажариш учун талаб этиладиган малакани олиш учун зарур бўлган муддатга тузилади;

8) меҳнат органлари томонидан вақтинчалик хусусиятга эга бўлган ишларга ёки ҳақ тўланадиган жамоат ишларига юборилган шахслар билан.

 «Аҳоли бандлиги тўғрисида»ги Қонуннинг (20.10.2020 йилдаги ЎРҚ-642-сон) 3-моддасига мувофиқ, буюртмачилар-иш берувчилар – маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, вазирликлар, идоралар, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, тадбиркорлик субъектлари, бошқа ташкилотлар томонидан ташкил этиладиган, қоида тариқасида, дастлабки касбий тайёргарликни талаб қилмайдиган, ижтимоий фойдали йўналишга эга бўлган ҳамда иш қидираётган шахсларнинг ва ишсиз шахсларнинг вақтинча бандлигини таъминлаш учун маҳаллий меҳнат органлари томонидан бериладиган ишга жойлаштиришга доир йўлланмалар бўйича бажариладиган вақтинчалик меҳнат фаолияти турлари ҳақ тўланадиган жамоат ишлари ҳисобланади. Ҳақ тўланадиган жамоат ишларининг асосий турлари қуйидагилардан иборат: 

  • шаҳарларнинг, туманларнинг, аҳоли пунктларининг, маҳаллаларнинг ҳудудларини ва бошқа ҳудудларни ободонлаштириш (кўкаламзорлаштириш, йиғиштириш, оқлаш, ариқларни, қабристонларни, зиёратгоҳларни, маданий объектларни тозалаш ва б.); 
  • уй-жой-коммунал объектлар ва бошқа инфратузилма объектлари ҳудудларига туташ уй-жой фондининг объектларини таъмирлаш ҳамда уларнинг фаолият кўрсатишини таъминлаш; 
  • кўчаларни, йўлларни ва йўлкаларни таъмирлаш; 
  • қишлоқ хўжалиги ишлари, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш, уларни сақлаш ва қайта ишлаш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ҳосилини йиғиб-териб олиш, ирригация ва мелиорация тармоқларини таъмирлаш; 
  • ногиронлиги бўлган шахсларни, кексаларни, беморларни ва бошқа шахсларни парваришлаш; 
  • саноат тармоқлари ташкилотларидаги ва хизматлар кўрсатиш соҳасидаги ишлар;  
  • объектларни қуриш, реконструкция қилиш ва таъмирлаш.  

Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг қарорларига мувофиқ ҳақ тўланадиган жамоат ишларининг бошқа турлари ҳам назарда тутилиши мумкин. Ҳақ тўланадиган жамоат ишларининг таклиф этилаётган турлари ҳақ тўланадиган жамоат ишларига жалб этиладиган шахсларнинг касбий кўникмаларини, иш тажрибасини, ёшини, жинсини ва бошқа ўзига хос хусусиятларини, иш режимини ва меҳнатни муҳофаза қилишга оид зарур шарт-шароитларни ҳисобга олиши керак.

Кўрсатилган Қонуннинг 61-моддаси 1-қисмига мувофиқ, ҳақ тўланадиган жамоат ишларига жалб этиладиган шахслар билан камида икки ҳафталик, лекин 6 ойдан кўп бўлмаган муддатга, айрим ҳолларда эса ЎзР Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги билан келишилган ҳолда – 11 ойгача муддатга муддатли меҳнат шартномалари тузилади.

Бюджет ташкилотлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари (шу жумладан жамоатчи ходимлар меҳнатига ҳақ тўлаш бўйича), шунингдек кўп квартирали уйлардаги уй-жой мулкдорларининг ширкатлари томонидан (туташ ҳудудларни ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш ва сақлаш бўйича) ташкил этиладиган ҳақ тўланадиган жамоат ишларида маҳаллий меҳнат органининг йўлланмаларига кўра ҳақ тўланадиган жамоат ишларига жалб этиладиган шахсларнинг меҳнатига ҳақ тўлашга оид харажатларнинг ўрни Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Жамоат ишлари жамғармасининг маблағлари ҳисобидан тўлиқ қопланади. Бунда уларнинг меҳнатига ҳақ тўлаш меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдоридан (МҲЭКМ) кам бўлиши ва МҲЭКМнинг 2 бараваридан кўп бўлиши мумкин эмас ҳамда маҳаллий меҳнат органи томонидан юборилган шахслар меҳнатига ҳақ тўлаш бўйича харажатларнинг ўрни кейинчалик Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Жамоат ишлари жамғармасининг маблағлари ҳисобидан 100 % қопланади.

Тадбиркорлик субъектлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари томонидан (бундан фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва кўп квартирали уйлардаги уй-жой мулкдорларининг ширкатлари мустасно) ташкил этиладиган ҳақ тўланадиган жамоат ишларида меҳнатга ҳақ тўлаш бўйича харажатларнинг 50 %игача бўлган қисмининг ўрни иш берувчи бажарилган ишларни тасдиқловчи ҳужжатни тақдим этган тақдирда, ЎзР Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Жамоат ишлари жамғармасининг маблағлари ҳисобидан қопланади. Бунда ҳақ тўланадиган жамоат ишларига жалб этиладиган бир шахс меҳнатига тўланган ҳақнинг ўрнини Жамоат ишлари жамғармасининг маблағлари ҳисобидан қоплашнинг ҳар ойлик миқдори МҲЭКМнинг 2 баравари миқдоридан ошмаслиги керак. Ҳақ тўланадиган жамоат ишларига жалб этиладиган шахсларнинг меҳнатига ҳар ойда ҳақ тўлаш меҳнат шартномаси асосида белгиланади. Ишсиз шахснинг ҳақ тўланадиган жамоат ишларида иштирок этиши даврида унга ишсизлик нафақасини тўлаш тўхтатиб турилади ва ҳақ тўланадиган жамоат ишларини бажариш тугаган кундан эътиборан тикланади.

Меҳнат органлари иш қидираётган шахсни вақтинчалик хусусиятга эга бўлган ишга юборган ҳолларда ҳам муддатли меҳнат шартномаси тузилади. «Аҳоли бандлиги тўғрисида»ги Қонуннинг 33-моддаси 1-қисмига мувофиқ, дастлабки касбий тайёргарликни талаб қилмайдиган иш, бундай ишни топиб бериш имконияти бўлмаган тақдирда эса биринчи марта иш қидираётган, касбга (мутахассисликка) эга бўлмаган шахсларнинг ёшга доир ва бошқа хусусиятлари ҳисобга олинган ҳолда ҳақ тўланадиган бошқа иш, шу жумладан вақтинчалик хусусиятга эга бўлган иш ушбу шахслар учун мақбул келадиган иш ҳисобланади. Бу ҳолда меҳнат шартномасининг аниқ муддати тарафларнинг келишувига кўра белгиланади;

9) муқобил хизматни ўташ учун юборилган фуқаролар билан.

 «Умумий ҳарбий мажбурият ва ҳарбий хизмат тўғрисида»ги Қонуннинг (12.12.2002 йилдаги 436-II-сон) 37-моддасига мувофиқ, муқобил хизмат фуқароларнинг умумий ҳарбий мажбуриятни бажаришининг чақирув бўйича ҳарбий хизмат ўрнига иқтисодиёт, ижтимоий соҳанинг турли тармоқларида кам малака талаб этиладиган (ёрдамчи) ишларни, шунингдек фалокатлар, ҳалокатлар, табиий офатлар ва бошқа фавқулодда вазиятлар оқибатларини бартараф этиш ишларини бажариш билан боғлиқ бўлган алоҳида туридир. 18 ёшдан 27 ёшгача бўлган, ҳарбий рўйхатда турувчи ва хизматга чақирилиши лозим бўлган фуқаролар, агар улар диний таълимоти қурол-яроғдан фойдаланиш ва Қуролли Кучларда хизмат қилишга йўл қўймайдиган, рўйхатга олинган диний ташкилотлар ҳисобида турсалар, муқобил хизмат ҳуқуқига эга. Муқобил хизматнинг муддати 24 ойни, олий маълумотли фуқаролар учун эса 18 ойни ташкил этади. 

Муқобил хизматни ташкил этиш ва Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг уни ўташи тартиби тўғрисидаги низомнинг (11.03.2003 йилдаги 128-сон ВМҚга 1-илова) 11-бандига мувофиқ, муқобил хизматга чақирилган фуқаро унга хизматни ўташ жойи тайинланганлиги тўғрисидаги ва етиб бориш муддати белгиланган ёзма кўрсатмани олиш учун туман мудофаа ишлари бўлимига белгиланган муддатда етиб келади. Муқобил хизматга чақирилган фуқароларни ўзларининг яшаш жойларидаги, шунингдек мамлакатнинг бошқа минтақаларидаги корхоналарга юбориш етиб бориш муддати белгиланган ҳолда якка тартибда амалга оширилади. Низомнинг 21-бандига мувофиқ, иш берувчилар муқобил хизмат қилиш учун келган хизматчилар билан меҳнат шартномаси тузишлари шарт;  

10) Ўзбекистонга унинг ҳудудида меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун кириб келган чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар билан.

Чет эл фуқаролари 18 ёшга тўлгач, ЎзР Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентлиги томонидан бериладиган республика ҳудудида меҳнат фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқини берувчи тасдиқнома асосида ходимлар сифатида меҳнатга оид муносабатларга киришиш ҳуқуқига эга. Меҳнат фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқини берувчи тасдиқномаларни бериш (узайтириш) тартиби Махсус электрон тизим орқали рухсат этиш хусусиятига эга айрим ҳужжатларни бериш тартиб-таомиллари тўғрисидаги ягона низомда (22.02.2022 йилдаги 86-сон ВМҚга 1-илова) белгиланган. Ўзбекистонга унинг ҳудудида меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун кириб келган чет эл фуқароси билан тузилган меҳнат шартномасининг амал қилиш муддати меҳнат фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқини берувчи тасдиқноманинг амал қилиш муддатидан ошмаслиги керак. Иш берувчиларга тасдиқномалар юқори малакали ва малакали мутахассислар, шунингдек Президент мактаблари ва олий ўқув юртларида ишлаш учун жалб этилаётган ўқитувчилар ва мутахассислар учун 3 йилдан ортиқ бўлмаган муддатга чексиз марта узайтириш имконияти билан, аммо ҳар бир ҳолатда 1 йилдан ортиқ бўлмаган муддатга берилади. Бошқа чет эл фуқаролари учун тасдиқномалар меҳнат шартномаси амал қиладиган муддатга, бироқ бир йилдан ортиқ бўлмаган муддатга чексиз марта узайтириш имконияти билан, аммо ҳар бир ҳолатда бир йилдан ортиқ бўлмаган муддатга берилади.

    

2. Шарҳланаётган моддада келтирилган, ходим билан муддатли меҳнат шартномаси тузилиши шарт бўлган ҳолларнинг рўйхати батафсил эмас. МК 112-моддасининг 2-қисмида назарда тутилишича, муддатли меҳнат шартномаси қонунда назарда тутилган ўзга ҳолларда ҳам тузилади. Чунончи, МК 147-моддасининг 1-қисмига мувофиқ, ходимни бошқа иш берувчига вақтинча хизмат сафарига юбориш фақат унинг ёзма розилиги билан бир йилдан кўп бўлмаган муддатга амалга оширилиши мумкин ва алоҳида муддатли меҳнат шартномаси асосида амалга оширилади. Аввалги иш жойида тузилган меҳнат шартномасининг амал қилиши ходим вақтинча хизмат сафарига юборилган даврда тўхтатиб турилади (147-моддага шарҳга қаранг). Муайян муддатга сайлов органи таркибига ёки сайлаб қўйиладиган лавозимга ҳақ тўланадиган ишга сайланган ҳолда ҳам муддатли меҳнат шартномаси тузилади. Номзоднинг муайян муддатга лавозимга сайланиши кейинчалик у билан муддатли меҳнат шартномасини тузишни тақозо этади. Бундай шартноманинг амал қилиш муддати қонун, ташкилотнинг устави ва тарафларнинг келишуви билан белгиланади. Масалан, «Масъулияти чекланган ҳамда қўшимча масъулиятли жамиятлар тўғрисида»ги Қонуннинг (06.12.2001 йилдаги 310-II-сон) 39 ва 40-моддасига мувофиқ, жамиятнинг яккабошчилик асосидаги ёки коллегиал (уни ташкил этиш жамиятнинг уставида назарда тутилган бўлса) ижро этувчи органи иштирокчиларнинг умумий йиғилиши томонидан жамиятнинг уставида белгиланган муддатга сайланади. Тегишли лавозимга сайлангач, масъулияти чекланган ёки қўшимча масъулиятли жамият билан сайланган шахс ўртасида меҳнат шартномаси тузилади. Жамият номидан меҳнат шартномаси жамият иштирокчиларининг умумий йиғилишида раислик қилувчи ёки умумий йиғилиш томонидан бунга ваколат берилган жамиятнинг иштирокчиси томонидан имзоланади.

 

Барча моддалар 111-модда 113-модда Бошига
Чтобы получать новости от Kadrovik.uz первыми, подписывайтесь на Telegram-канал