Меҳнат кодексининг 162-«Ходим билан тузилган меҳнат шартномасини бекор қилишга олиб келиши мумкин бўлган меҳнат мажбуриятларининг бир марта қўпол равишда бузилишлари рўйхатини белгилаш» моддасига шарҳ

28.05.2023

        Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат кодекси 

        162-модда. Ходим билан тузилган меҳнат шартномасини бекор қилишга олиб келиши мумкин бўлган меҳнат мажбуриятларининг бир марта қўпол равишда бузилишлари рўйхатини белгилаш

        (1-қ.) Ходим билан тузилган меҳнат шартномасини бекор қилишга олиб келиши мумкин бўлган меҳнат мажбуриятларининг бир марта қўпол равишда бузилишлари рўйхати:
ички меҳнат тартиби қоидалари;
ушбу Кодексда назарда тутилган ҳолларда ташкилот мулкдори ва раҳбари ўртасида тузилган меҳнат шартномаси, шунингдек ходим ва иш берувчи ўртасидаги меҳнат шартномаси;
ўзига нисбатан интизом тўғрисидаги уставлар ва низомларнинг амал қилиши татбиқ этиладиган айрим тоифадаги ходимларга нисбатан қўлланиладиган интизом тўғрисидаги уставлар ҳамда низомлар билан белгиланади.
        (2-қ.) Ходим билан тузилган меҳнат шартномасини бекор қилишга олиб келиши мумкин бўлган меҳнат мажбуриятларининг бир марта қўпол равишда бузилишлари рўйхатини белгилашда ножўя хатти-ҳаракатнинг оғир-енгиллигидан ҳамда бундай ножўя хатти-ҳаракат келтириб чиқариши мумкин бўлган оқибатлардан келиб чиқиш лозим.


 

Меҳнат кодексининг 162-моддасига шарҳ

 

         

1. Шарҳланаётган модданинг 1-қисмига мувофиқ,  ходим билан тузилган меҳнат шартномасини бекор қилишга олиб келиши мумкин бўлган меҳнат мажбуриятларининг бир марта қўпол равишда бузилишлари рўйхати:

1) аксарият ходимларга нисбатан – ички меҳнат тартиби қоидаларида белгиланади; бунда мазкур иш берувчи фаолиятининг ўзига хос хусусиятлари ва ходимларнинг меҳнат мажбуриятларининг ўзига хос жиҳатлари ҳисобга олинади;

2) ташкилот раҳбарига нисбатан – ташкилот мулкдори ва раҳбари ўртасида тузилган меҳнат шартномаси, шунингдек ходим ва иш берувчи ўртасидаги меҳнат шартномасида белгиланади. Шунингдек, меҳнат шартномасида қуйидагилар билан меҳнат шартномасининг бекор қилинишига олиб келиши мумкин бўлган бир марталик қўпол қоидабузарликлар ҳам белгиланиши мумкин:

– микрофирма ходими билан (506-модданинг 3-қисмига шарҳга қаранг)

– якка тартибдаги тадбиркорда ёлланиб ишлайдиган шахс билан (511-модданинг 4-қисмига шарҳга қаранг)

– уй ишчиси билан (518-модданинг 4-қисмига шарҳга қаранг)

Ходимларнинг кўрсатиб ўтилган тоифалари билан меҳнат шартномасини бекор қилишга олиб келиши мумкин бўлган меҳнат мажбуриятларини бир марта қўпол бузишларнинг рўйхати меҳнат шартномасига унинг қўшимча шарти сифатида киритилиши мумкин (104-моддага шарҳга қаранг);

3) интизом тўғрисидаги уставлар ва низомларга асосан маҳсус интизомий жавобгарлиги бор ходимларга нисбатан (300-модданинг 4-қисмига шарҳга қаранг) – интизом тўғрисидаги уставлар ҳамда низомлар билан белгиланади (297-моддага шарҳга қаранг). 

Масалан, Темир йўл транспорти ходимларининг интизоми тўғрисидаги низомнинг (Низом, 17.01.2014 й. 8-сон ВМҚга илова) 16 банди ходим томонидан ўз меҳнат мажбуриятлари бир марта қўпол равишда бузилишлари рўйхати тегишли корхона, муассаса ва ташкилотнинг Ички меҳнат тартиби қоидаларида назарда тутилганлигини кўзда тутади. Интизомнинг бир марталик қўпол равишда бузилишлари сирасига поездлар ҳаракати, монёвр ишлари хавфсизлигига, одамларнинг ҳаёти ва соғлиғига хавф туғдирган ёки юклар, багаж ва ишониб топширилган мол-мулк сақланиши таъминланмаслигига олиб келган ҳолатлар киритилган.

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментида хизматни ўташ тўғрисидаги низомда  (Низом, 23.05.2018 й. ПФ-5446-сон, 2-илова) хизмат вазифасини бир марта қўпол равишда бузишларига узрли сабабларсиз прогул (шу жумладан иш куни мобайнида уч соатдан ортиқ хизматда бўлмаслик), хизматга маст ҳолда келиш, шунингдек иш жойида спиртли ичимликлар истеъмол қилиш, жиноий жазоланадиган қилмиш ёки ножўя хатти-ҳаракат содир этиш, қасамёдни бузиш киритилган.

Меҳнат шартномасини МК 161-моддаси 2- қисми 5-бандига кўра ходим томонидан ўз меҳнат мажбуриятларини бир марталик қўпол бузилиши учун бекор қилишнинг қонунийлигига оид масалани ҳал қилишда қуйидагиларни аниқлаш зарур:

1) ички меҳнат тартиби қоидаларини қабул қилишнинг ўрнатилган тартибига амал қилинганми ва ушбу қоидаларда ходим билан меҳнат муносабатларини бекор қилинишига олиб келиши бўлган меҳнат вазифаларини бир марта қўпол бузишларнинг рўйхати борми.

Ушбу ҳолатга ОСП қарорининг (17.04.1998 й. 12-сон) 34-бандида эътибор қаратилган. МК 296-моддасининг 2-қисмига мувофиқ, ички меҳнат тартиби қоидалари иш берувчи томонидан касаба уюшмаси қўмитаси билан келишилган ҳолда тасдиқланади.  Шуни ҳам ҳисобга олиш керакки, МК 15-моддасига кўра, касаба уюшмаси қўмитаси қабул қилинган қарор тўғрисида иш берувчига унинг ёзма мурожаати олинган кундан эътиборан йигирма кунлик муддатда ёзма шаклда хабар бериши керак. Агар мазкур муддат тугагач иш берувчининг мурожаати жавобсиз қолган бўлса, иш берувчи тегишли масалани касаба уюшмаси қўмитасининг розилигини олмасдан ҳал қилишга ҳақлидир. Ташкилотда касаба уюшмаси қўмитаси ташкил этилмаган ҳолларда иш берувчи қонунчиликка мувофиқ касаба уюшмаси қўмитаси билан келишиб олиниши керак бўлган масалаларни ҳал қилиш нияти тўғрисида меҳнат жамоасини ёзма шаклда хабардор қилиши шарт. Агар ахборот олинган кундан эътиборан икки ҳафта ичида меҳнат жамоасининг бошланғич касаба уюшмаси ташкилотини ёки ходимларнинг бошқа вакиллик органини ташкил этиш тўғрисидаги қарори қабул қилинадиган умумий йиғилиши (конференцияси) ўтказилмаса, иш берувчи тегишли масалаларни мустақил равишда ҳал қилишга ҳақлидир (15-модданинг 4, 5-қисмларига шарҳларга қаранг). Фақат башарти иш берувчи томонидан МК томонидан белгиланган ички меҳнат тартиби қоидаларига нисбатан қўйилган талабларга амал қилинган бўлсагина, 161-модданинг 2-қисми 5 банди бўйича бекор қилиш қонуний бўлади.

Агар ички меҳнат тартиби қоидалари бўлмаса, МК томонидан ўрнатилган уларни тасдиқлаш тартиби бузилган бўлса, ИМТҚда ходим билан меҳнат шартномасини бекор қилишга олиб келиши мумкин бўлган меҳнат мажбуриятларини қўпол бузиш ҳолатлари рўйхати бўлмаса, меҳнат шартномасини ходим томонидан меҳнат мажбуриятларини бир марта қўпол бузганлик учун бекор қилишга йўл қўйилмайди;

2) ушбу ходим, меҳнат шартномасида, меҳнат муносабатларининг МК 161-моддаси 5 қисми бўйича бекор қилинишига олиб келиши мумкин бўлган меҳнат мажбуриятларини бир карра қўпол бузишлар рўйхати назарда тутилиши мумкин бўлган ходимлар тоифасига кирадими, йўқми. Юқорида қайд этилганидек, бундай рўйхат қуйидагилар билан тузилган меҳнат шартномасида назарда тутилиши мумкин:

  • ташкилот раҳбари билан;
  • микрофирма ходими билан;
  • якка тартибдаги тадбиркорда ёлланиб ишлайдиган шахс билан;
  • уй ишчиси билан.

Меҳнат шартномасини қонуний асосда МК 161-моддаси 5-банди билан меҳнат мажбуриятларини бир марта қўпол бузилиши учун бекор қилишга фақат меҳнат шартномасида МКга кўра меҳнат шартномасини бекор қилишга олиб келиши мумкин бўлган меҳнат вазифаларини бир марта қўпол бузиш ҳолатлари рўйхатини назарда тутиш мумкин бўлган ходимлар билангина бекор қилишга йўл қўйилади.  Кўриб чиқилаётган шартнинг бошқа ходимлар билан тузилган меҳнат шартномаларига ҳам киритилиши ходимнинг ҳолатини қонунчиликка нисбатан ёмонлаштиради, демакки, ҳақиқий бўлмайди (105-модданинг 1-қисмига шарҳга қаранг), меҳнат шартномасини МК 161-моддаси 2-қисми 5-банди бўйича бекор қилиш эса ноқонуний бўлади;

3) ушбу ходим интизом тўғрисидаги низом таъсирига тушадими, йўқми.

Хусусан, Темир йўл транспорти ходимларининг интизоми тўғрисидаги низомнинг (Низом, 17.01.2014 й. 8-сон ВМҚга илова) 3-бандига мувофиқ, ушбу Низом темир йўл транспорти корхоналари, муассасалари ва ташкилотларининг барча ходимларига (кейинги ўринларда ходимлар деб аталади) татбиқ этилади, темир йўл транспортида турар жой-коммунал хўжалиги ва маиший хизмат кўрсатиш, умумий овқатланиш ходимлари (вагон-ресторанлар ходимлари кўрсатиб ўтилган ходимлар тоифасига тегишли эмас), қишлоқ хўжалиги, тиббиёт-санитария ва таълим муассасалари, спорт ва болалар муассасалари, пансионатлар ва дам олиш уйлари ходимлари бундан мустасно.  Ходимлар билан меҳнат шартномасининг бекор қилинишига олиб келиши мумкин бўлган меҳнат мажбуриятларини бир марталик қўпол бузиш ҳолатларининг рўйхати тегишли ташкилотларнинг ички тартиб қоидаларида назарда тутилиши мумкин. Меҳнат шартномасини интизом тўғрисидаги тегишли низомда назарда тутилган меҳнат вазифаларни бир марта қўпол бузиш учун бекор қилиш, агар ушбу низом тааллуқли бўлмаган ходим билан амалга оширилса, ноқонуний ҳисобланади. 

Меҳнат мажбуриятларини бир марта қўпол бузиш ҳолларини қуйидагилардан фарқлаш керак:

  • ходим меҳнат вазифаларининг ўзига хос хусусиятлари билан боғлиқ бўлмаган қўпол бузишлар билан. Бундай қўпол қоида бузишларни содир этиш учун МК 161- моддаси 2-қисми 5 банди билан исталган ходим билан меҳнат шартномаси, у эгаллаб турган лавозим ёки бажараётган ишидан қатъий назар, бекор қилиниши мумкин;
  • ходим томонидан бажарилаётган меҳнат вазифаларининг ўзига хос жиҳатлари билан боғлиқ бўлган ҳолатлар.

Меҳнат шартномаси билан шартлашилган ишни бажаришнинг ўзига хос хусусиятлари билан боғлиқ бўлмаган қоида бузишларга қуйидагиларни киритиш мумкин:

1) прогул, яъни ходимнинг ишда узрли сабабларсиз муайян вақт мобайнида бўлмаслиги.

Ишда бўлмаслик деганда ходимнинг иш вақтида у ўзига топширилган ишни бажариши лозим бўлган ташкилот ҳудуди ёки объект ҳудудидан ташқарида бўлиши тушунилади. МКда ходимнинг прогул деб тан олинадиган ишда узрсиз сабаб билан бўлмаслиги вақти белгиланмаганлиги боис, ушбу масала ички меҳнат тартиби қоидаларида ҳал қилинади. Ёки агар ходим ушбу шарт меҳнат шартномаларига киритилиши мумкин бўлган ходимлар тоифасига кирса, унда ходим билан меҳнат шартномасида қайд этилади. Шунингдек, бу масала интизом тўғрисидаги низомларда ҳал қилиниши мумкин ва бу низомлар қайси ходимларга тааллуқли бўлса, шуларга нисбатан тадбиқ қилинади. Бундай ёндашув кўриб чиқилаётган масалани табақалаштирилган ҳолда ҳал қилиш имконини беради. Амалиётда ички меҳнат тартиби қоидаларининг аксариятида прогул иш жойида 3 соат узлуксиз ёки иш куни давомида йиғиб ҳисоблаганда уч соат бўлмаслик, деб таърифланади. Камроқ ҳолларда прогул деб ходимнинг узрли сабабларсиз иш жойида узоқроқ вақт (масалан, 4 соатдан ортиқ узлуксиз ёки иш куни давомида шунча вақт йиғиндисига тенг муддатда) бўлмаслик тушунилади.  Айрим ташкилотларнинг ички меҳнат тартиби қоидаларида прогул деб тан олинадиган, иш жойида узрли сабабларсиз бўлмаслик даври ходимнинг функционал вазифаларидан келиб чиқиб белгиланади. Масалан, қурилиш ташкилоти мудири  Г. билан меҳнат шартномаси узрли сабабсиз прогулда намоён бўлган меҳнат вазифаларини бир марта қўпол бузиш учун бекор қилинганди. Ўзи билан меҳнат шартномаси бекор қилинганига рози бўлмаган Г. фуқаролик ишлари бўйича туманлараро судга мурожаат қилди. Ўзининг даъво аризасида Г. ростдан ҳам ишга икки ярим соатга кеч қолганлигини, лекин ташкилотда амал қилган ички меҳнат тартиби қоидаларида прогул деб  ходимнинг ишда узлуксиз ёки ёки умумий ҳисобда иш куни давомида 4 соатдан ортиқ бўлмаслиги тан олинганини кўрсатди. Шу муносабат билан Г. у билан меҳнат шартномасини бекор қилинганлигининг ноқонуний деб тан олинишини, аввалги ишига тикланишни, мажбурий прогул вақтига пул тўланиши ва маънавий зиён компенсация қилинишини талаб қилди.  Суд  Г.нинг талабларини қондиришни рад этди. Суд қарорида, ташкилотнинг ички меҳнат тартиби қоидалари ростдан ҳам прогул деб бир иш куни давомида узлуксиз ёки йиғинди кўринишида 4 соат иш жойида бўлмаслик прогул деб ҳисобланиши айтиб ўтилди. Шу билан бирга ИМТҚда қурилиш бригадаларини иш ва уни бажариш учун зарур бўлган материаллар ва асбоб-ускуналар билан таъминлашга масъул ходимлар рўйхати ҳам белгиланганлиги қайд этилди. Ушбу ходимларга нисбатан ИМТҚга мувофиқ  иш жойида узрли сабабларсиз узлуксиз ёки йиғинди кўринишида бир иш куни давомида икки соатдан ортиқ ишда бўлмаслик прогул деб ҳисобланади. Суд жараёнида шунингдек Г.нинг ишга икки ярим соатга ишга кечиккани оқибатида монтажчилар бригадасига баландликда ишлаш учун асбоб-ускуналар берилмаган ва бригада ишини бошлай олмаганлиги ҳам аниқланди.

ОСПҚ қарорининг 36-бандига кўра (17.04.1998 й. 12-сон) ишда ҳар қандай бўлмаслик эмас, балки фақатгина узрсиз сабаблар билан иш жойида бўлмаслик прогул деб ҳисобланиши мумкинлигини инобатга олиб, судлар ходимнинг иш жойида бўлмаганлигининг ҳақиқий сабабларини аниқлашлари лозим. Ишда узрли сабабларга кўра бўлмаган деб топса, суд меҳнат шартномасининг бекор қилинишини ғайриқонуний деб топади ва ходимнинг ишга тиклаш ҳақидаги талабини қаноатлантиради.

Ишда бўлмаслик сабабининг узрли эканлиги ходим томонидан тақдим этилган ҳужжатлар билан тасдиқланиши мумкин. Бундай ҳужжатларга меҳнатга лаёқатсизлик варақаси ёки маълумотномаси, терговгача текширувни амалга оширадиган идорага чақирув қоғози, суриштирувчи, терговчи, прокурор ҳузурига ёки судга гувоҳ, жабрланувчи, эксперт, мутахассис, таржимон, ҳолис, гумондор, айбланувчи ва судланувчи сифатида чақирув қоғози,  донор сифатида қон топширгани тўғрисида маълумотнома, мудофаа ишлари бўлими чақирув қоғози ва ҳоказолар киради.

Бироқ, ходим томонидан унинг ишда бўлмаганлигини оқловчи ҳужжатларнинг тақдим этилмаганлигининг ўзи у ишда узрли сабабсиз бўлмаганлигини англатмайди. Иш берувчи ходим ишда бўлмаганлигининг асл сабабини аниқлаши керак. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида хизмат сафарлари тўғрисидаги низомнинг (Низом, 02.08.2022 й. ВМҚ-424-сонга илова) 11-бандига мувофиқ, хизмат сафарига кетиш ва хизмат сафаридан қайтиш кунларида ходимнинг ишга чиқиш масаласи ташкилот раҳбари билан келишилган ҳолда ҳал қилинади. Иш берувчи ходим ишга келмаганлигининг ҳақиқий сабабини аниқлаши лозим. Масалан, Тошкентда жойлашган суғурта компанияси бўлим бошлиғи ушбу компаниянинг Нукусдаги филиалига уч ҳафтага юборилганди. У хизмат сафаридан куннинг иккинчи ярмида қайтгани боис, бош директор билан, ходим ишга хизмат сафаридан қайтгандан кейинги куни ишга чиқиши тўғрисида келишиб олинди. А.нинг хизмат сафарида бўлиб турган даврда компаниянинг бош директори алмашди. А.нинг ишга чиқиш кунида янги бош директор ундан ишга чиқмасликнинг сабабини ёзма равишда тушунтиришни талаб қилди. Ўзининг тушунтириш хатида А. аввалги бош директор билан келишувни сабаб қилиб кўрсатди ва бу ҳақида унинг бевосита раҳбари ва компания кадрлар хизмати ходимлари билганликларини ёзди.  Янги бош директор А.нинг сабабларини ишончсиз деб ҳисоблади ва А. билан меҳнат шартномасини ходим томонидан ўз меҳнат вазифаларини бир марта қўпол бузганлиги учун бекор қилди. Фуқаролик ишлари бўйича  Яккасарой туманлараро суди гувоҳлар (собиқ бош директор, А., меҳнат қилган бўлим бошлиғи, ходимлар билан ишлаш бўлими бошлиғининг) кўрсатмаларини инобатга олди ва А.ни аввалги ишига тиклади. Суд қарорида қайд этилганидек, кадрларга оид ҳужжатларни тўғри ва ўз вақтида расмийлаштириш иш берувчининг мажбурияти ҳисобланади. Иш берувчи томонидан ушбу вазифанинг бажарилмаслиги ходимни интизомий жазога тортиш учун асос бўлолмайди.

ОСПҚ қарорининг (17.04.1998 й. 12-сон) 36-бандига мувофиқ, ишда узрли сабабсиз бўлмаслик ҳолатларига қуйдагилар киради:

  • иш берувчининг рухсатисиз ўзбошимчалик билан таътилга кетиш ёхуд ўзбошимчалик билан дам олиш кунлари (отгул)дан фойдаланиш;
  • иш берувчини огоҳлантирмасдан ишни ташлаб кетиш, шунингдек ходимнинг ташаббусига кўра иш берувчининг меҳнат шартномасини бекор қилиш ҳақида икки ҳафта олдин ёки тарафлар келишувига кўра қисқартирилган бошқа муддат ўтмасдан ишни ташлаб кетиш;
  • иш берувчи ташаббусига кўра меҳнат шартномаси бекор қилинишида қонун билан ёки тарафлар келишувига кўра белгиланган огоҳлантириш муддати тугамасдан ишни ташлаб кетиш оқибатида иш жойида бўлмасликлар.

Шунга эътибор қаратиш жоизки, агар иш берувчи қонун билан назарда тутилган мажбуриятини бузган ҳолда ходимга дам олиш кунларини тақдим этмаган бўлса ва ходим томонидан бундай кунлардан фойдаланиш иш берувчининг ихтиёрига боғлиқ эмас бўлса, унда ходим томонидан дам олиш кунларидан фойдаланиш прогул сифатида малакаланиши мумкин эмас. Масалан, МК 283-моддаси 4-қисмига мувофиқ донор бўлган ходимларга бевосита қон ва унинг таркибий қисмлари топширилган ҳар бир кундан кейин дам олиш куни берилади. Ходимнинг хоҳишига кўра бу кун йиллик меҳнат таътилига қўшилади ёки қон ва унинг таркибий қисмлари топширилган кундан кейин йил давомида бошқа вақтда бу кундан фойдаланилиши мумкин. Демак, иш берувчининг Донор бўлган ходимларга бевосита қон ва унинг таркибий қисмлари топширилган ҳар бир кундан кейин дам олиш куни берилишининг рад этилиши ноқонуний, ходимнинг шу куни ишга чиқмаслиги эса пргул ҳисобланмайди.

Ходим томонидан меҳнат шартларининг келгусида ўзгариши (137-модданинг 2-қисмига шарҳга қаранг) ёки иш берувчининг бошқа жойга кўчиши (146-модданинг 1- қисмига шарҳга қаранг) тўғрисида огоҳлантириш муддати тугамасдан туриб ишни ўзбошимчалик билан тарк этиш ҳам ишда узрли сабабсиз бўлмаслик ҳисобланади.

Меҳнат шартномасини ходимни у ўтказилган ишга киришишни рад этиш муносабати билан МК 161-моддаси 2-қисми 5 бандига кўра бекор қилишнинг қонунийлиги масаласи ходимни бошқа ишга ўтказиш қонуний бўлманми, йўқми –шуни ҳисобга олган ҳолда ҳал қилиниши керак. Хусусан, агар иш берувчи ходимнинг розилигисиз уни бошқа доимий ишга ўтказиш тўғрисида буйруқ чиқарган бўлса, унда ходимнинг бундай ишга киришишни рад этиши қонуний бўлади (140-модданинг 1-қисмига шарҳга қаранг). Шунингдек, агар иш берувчи томонидан МКнинг бекор туриб қолиш сабабли ходимни пастроқ малака талаб этиладиган ишга вақтинча ўтказишга ходимнинг ёзма розилиги билан йўл қўйилиши тўғрисидаги талаби ҳисобга олинмаган бўлса, хозим ўз розилигисиз вақтинча ўтказилган бошқа ишни бажаришдан бош тортиши мумкин (145-модданинг 1-қисмига шарҳга қаранг). Агарки ходимни бошқа ишга ўтказиш қонуний бўлган бўлса, унда ходимнинг ишни бажаришдан бош тортиши меҳнат мажбуриятларини бузиш ҳисобланади, у ички меҳнат тартиби қоидалари билан назарда тутилган вақт мобайнида ишга чиқмаслиги эса – узрли сабабсиз прогул бўлади.

Агар узрли сабабсиз прогулга йўл қўйган ходим меҳнат шартномасини МК 161-моддаси 2-қисми 5 банди билан бекор қилиниши кунига келиб ишламаган бўлса, унда у билан меҳнат муносабатлари ходим ишга чиқмаган биринчи кундан бошлаб бекор қилинади.

Ходимнинг ишда узрсиз сабаб билан бўлмаган пайтига ҳақ тўланмайди.

ОСПҚ қарорининг (17.04.1998 й. 12-сон) 37-бандида берилган тушунтиришга кўра, агар узрсиз сабабларга кўра чиқмаганлиги (прогул) сабабли меҳнат шартномаси бекор қилинган ходимни ишга тиклаш ва ноилождан прогулга йўл қўйган даври учун иш ҳақи ундириш ҳақидаги низони ҳал қилиш жараёнида ходим ҳақиқатдан ҳам узрсиз сабаблар бўйича ишда бўлмагани, лекин иш берувчи томонидан меҳнат шартномасини бекор қилиш тартиби бузилгани маълум бўлса, келтирилган талабларни қаноатлантиришда, суд ишга тикланган ходим фойдасига ўртача иш ҳақини ишга чиқмаган биринчи кунидан бошлаб эмас, балки меҳнат шартномасини бекор қилиш ҳақида буйруқ чиққан кундан бошлаб ундириши лозим бўлади, чунки ходим учун прогул шу кундан эътиборан ноиложликдан йўл қўйилган деб ҳисобланади;

2) ишга спиртли ичимликдан, гиёҳванд ёки заҳарли моддалардан маст ҳолатда келиш ёки ишда маст ҳолатда бўлиб туриш.

Амалиётда меҳнат мажбуриятларининг ушбу тарзда бузилиши, узрли сабабсиз прогул каби ўрнатилган тартибда назарда тутилган ходим билан меҳнат шартномасини бекор қилишга олиб келиши мумин бўлган бир марталик қўпол бузишлар рўйхатига киритилади. Меҳнат шартномасини МК 161- моддаси 2-қисми 5 бандига кўра ишга алкоголдан, наркотик ёхуд токсинли моддалардан маст ҳолда келиши ёки иш жойида шу ҳолатда бўлгани учун  бекор қилиш нафақат иш берувчи ҳудудида пайдо бўлган ходимга нисбатан, балки ўз меҳнат мажбуриятларини бажариши лозим бўлган бошқа жойларда қайд этилган ҳолатда юрган ходимга нисбатан ҳам қўлланилиши мумкин (17.04.1998 й. ОСПҚ 12-сон, 38-банд).

Иш берувчи ишга алкоголдан, наркотик ёхуд токсинли моддалардан маст ҳолда келган ёки бўлиб турган ходимни ишдан четлаштириши лозим (151-модданинг 1-қисмига шарҳга қаранг). Бироқ, ишда шундай ҳолда пайдо бўлган ходим билан меҳнат шартномасини бекор қилиш иш берувчи томонидан бу мажбурият бажарилганми, йўқми – бунга боғлиқ эмас (17.04.1998 й. ОСПҚ 12-сон, 38-банд).

Меҳнат шартномасини кўрсатилган асос бўйича бекор қилиш учун иш берувчи қўлида ходимнинг ишга маст ҳолда келганлигининг исботи бўлиши керак. 

ОСПҚнинг 17.04.1998 йилдаги 12-сон қарорининг 38-банди 2-хатбошисига кўра, алкоголь, наркотик ёхуд токсинлик моддалар истеъмол қилиш оқибатида юзага келувчи сархушлик ҳолати тиббий хулосага кўра, шунингдек суд томонидан ҳуқуқий баҳоланиши лозим бўлган бошқа исботлаш воситалари билан тасдиқланиши мумкин. Бундай далил сифатида ишда маст ҳолатда пайдо бўлганлик ёки бўлиб турганлик тўғрисидаги далолатнома, бевосита раҳбар билдиргиси, ҳамкасбида мастлик аломатларини сезган ходимларнинг ёзма маълумотлари, кузатув видеокамералари ёзувлари ва ҳоказолар бўлиши мумкин. 

Агар ходим ишда мастлик ҳолатида пайдо бўлган ёки бўлиб турган бўлса, унда иш берувчи ходимни тиббий текширувга юбориш чораларини кўриши керак. Бунинг учун тегишли тиббиёт муассасасига ёзма йўлланма расмийлаштириб, унда кўрикдан ўтказилаётган шахснинг фамилияси, исми ва отасининг исмини, касби (лавозимини) кўрсатиш, шунингдек тиббий текширувга юбориш сабабини ёзиш керак. Ходим уни шахсини тасдиқловчи ҳужжатлар билан тиббий текширувга келиши керак. Бунда унга ташкилот ходимларидан бири ҳамроҳ бўлгани маъқул. Шуни ҳам билиш керакки, иш берувчи ходимни тиббий текширувдан ўтишга мажбур қилиши мумкин эмас. Ходим ундан ўтишдан бош тортиши мумкин. Ушбу қоидадан истисно кундалик тиббий кўриклардан ўтишга мажбур бўлган, шу жумладан мастлик ҳолатини аниқлаш учун кўрикдан ўтадиган ходимларнинг алоҳида тоифалари учун ўрнатилган. Хусусан, Автомашина ҳайдовчиларининг меҳнат гигиенасига доир санитария қоидаларининг 7.12-бандига мувофиқ (26.05.2006 йилдаги 0204-06-сон Санитария қоидалари), бетоб ва спиртли ичимликлар таъсирида маст ҳолатда бўлган ҳайдовчиларни аниқлаш мақсадида, ҳайдовчилар ҳар куни рейсга чиқишдан аввал тиббий кўрикдан ўтадилар, агар улар маст ҳолатда эканлиги аниқланса, унда автомобиль ҳайдашдан четлаштирилади.

Агар ходим ишда маст ҳолатда пайдо бўлганлигини ҳужжат билан расмийлаштириш учун тиббий кўрикдан ўтишни рад этса, бу ҳақида ушбу ҳолатда ҳозир бўлган гувоҳларни кўрсатган ҳолда далолатнома тузилади.

3) одамлар, шу жумладан қоидабузар ўзининг ҳаёти ёки саломатлигига хавф туғилишига, ишлаб чиқариш аварияси ва бошқа оғир оқибатларга олиб келган ёки олиб келиши мумкин бўлган меҳнат муҳофазаси ёки ёнғин хавфсизлиги қоидаларини бузиш.

 Ходим билан меҳнат шартномасини ходим томонидан меҳнат мажбуриятларини бундай бир марта қўпол равишда бузилиши учун бекор қилиниши имконияти кўпинча ички тартиб қоидаларда  назарда тутилади.

Иш берувчи ташаббусига кўра меҳнат шартномасини ходим ўз меҳнат мажбуриятларини бундай бир марта қўпол равишда бузганлиги учун бекор қилишда қуйидагиларни ҳисобга олиш муҳим:

  • иш берувчи ходимни ўрнатилган тартибда меҳнат муҳофазаси бўйича талаблар билан таништириши шарт, ходим томонидан йўл-йўриқ кўрсатмаларидан ўтилиши, меҳнат муҳофазасига оид барча масалалар бўйича ўқитиш ва билимлар текширувидан ўтилишини таъминлаши керак. Меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича белгиланган тартибда ўқувдан ўтмаган, йўл-йўриқ олмаган ва билимлари текширувдан ўтказилмаган шахсларни иш берувчи ишдан четлаштириши шарт (362-моддага шарҳга қаранг). Агар ходим томонидан меҳнат муҳофазаси ёки ёнғин хавфсизлиги қоидаларига амал қилмасликнинг сабаби иш берувчи томонидан санаб ўтилган мажбуриятларининг бажарилмаслиги бўлган бўлса, унда ходимга нисбатан интизомий жазони қўллаш, шу жумладан меҳнат шартномасини МК 161-моддаси 2-қисми 5- банди билан бекор қилишга ҳам йўл қўйиш мумкин эмас;
  • иш берувчи ходимга меҳнат хавфсизлиги, меҳнат муҳофазаси ҳамда гигиенаси талабларига жавоб берувчи шароитларни таъминлаб бериши керак. Ходим билан меҳнат шартномасини кўриб чиқилаётган қоидабузарлик учун бекор қилишнинг қонунийлигига оид масалани ҳал қилишда одамлар, шу жумладан қоидабузар ўзининг ҳаёти ёки саломатлигига хавф туғилиши, ишлаб чиқариш аварияси ва бошқа оғир оқибатларнинг ҳақиқий сабаби нима бўлганлигини аниқлаш керак: ходим томонидан меҳнат муҳофазаси қоидаларининг бузилишими ёки иш берувчи томонидан ўз мажбуриятларининг бажарилмаслигими (иш жойларининг меҳнат муҳофазаси талабларига мослигини таъминламаслик, бино, иншоот, асбоб-ускуналардан фойдаланишда, технологик жараёнларни амалга оширишда, ишлаб чиқаришда хом ашё ва материалларни қўллашда, ишларни бажаришда ва хизматлар кўрсатишда ходимлар хавфсизлиги таъминланмаганлиги ва ҳоказо (359-моддаснинг 3-қисмига шарҳга қаранг);
  • ходим томонидан меҳнат муҳофазаси қоидалари ёки ёнғин хавфсизлиги қоидаларининг бузилиши чиндан ҳам оғир оқибатларга олиб келдими ёки уларнинг рўй беришининг реал хатарини туғдирдими. Агар ходим томонидан содир этилган қоидабузарлик оғир оқибатларга олиб келмаган ёки олиб келиши мумкин бўлмаган бўлса, унда у билан меҳнат шартномасини МК 161-моддаси 2-қисми 5-банди билан бекор қилишга йўл қўйилмайди. Бундай вазиятда иш берувчи ходимга нисбатан МК ва бошқа қонунлар, интизом тўғрисидаги низомлар ва қоидалар билан назарда тутилган бошқа интизомий жазоларни қўллашга ҳақли (312-моддага шарҳга қаранг);
  • ходим томонидан меҳнат муҳофазаси ёки ёнғин хавфсизлиги қоидаларининг бузилиши ҳужжат билан  тасдиқланиши керак (ташкилотнинг меҳнат муҳофазаси бўйича хизмати ёки мутахассисининг ёҳуд меҳнат муҳофазаси соҳасидаги хизматлар бозорининг профессионал иштирокчисининг хулосаси, ташкилот раҳбарига техник бошқарув соҳасидаги меъёрий ҳужжатлар ва меҳнат муҳофазаси масалалари бўйича меъёрий ҳуқуқий ҳужжатларнинг талабларини бузган шахсларни жавобгарликка тортиш тўғрисидаги тақдимнома, меҳнат муҳофазаси бўйича ваколатли вакилнинг аниқланган меҳнат муҳофазаси бўйича қонунчилик, қоидалар ва меъёрларнинг бузилиши ҳолларини бартараф этиш, давлат меҳнат инспекциясининг текширув далолатномаси, ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодиса тўғрисидаги далолатнома ва ҳоказо);

4) иш берувчининг мулкига қасддан зарар етказиш (шу жумладан иш берувчининг қўлидаги учинчи шахслар мулкига зарар етказиш, агар иш берувчи ушбу мулкнинг бут ҳолда сақланиши учун масъул бўлса).

Бу ҳолатда етказилган зарар суммасининг аҳамияти йўқ. Иш берувчига зарар ходимнинг қасддан содир этилмаган ҳаракатлари, ҳаракатсизлиги оқибатида эмас, балки қасддан етказилганлигининг ўзи ушбу қилмишни меҳнат мажбуриятларини бир марта қўпол бузишга киритиш имконини беради. Асосийси, иш берувчида зарар қасддан етказилганлиги тўғрисидаги ишончли исботлар бўлиши лозим.

Ходим томонидан меҳнат мажбуриятини кўриб чиқилаётган бузилиши учун МК 161-моддаси 2-қисми 5-банди бўйича бекор қилиш, масалан, юқорида айтиб ўтилган мулкни ўғирлаш (шу жумладан майда ўғирлик) ҳолатида қўлланилиши мумкин. Мулкчилик шаклидан қатъи назар корхона, муассаса, ташкилотларнинг мол-мулкини ўғирлаш, ўзлаштириш, растрата қилиш, мансаб лавозимини суиистеъмол қилиш ёки фирибгарлик йўли билан оз миқдорда талон-торож қилиш айбдор шахснинг МЖТК 61-моддасига биноан маъмурий жавобгарликка тортилишига асос бўлади. Агар ўғирланган мулкнинг қиймати 30 БҲМдан ошмаса, бу оз миқдорда талон-тарож қилиш ҳисобланади. Бировнинг мулкини талон-тарож қилиш учун жиноий жавобгарлик назарда тутилган (ЖК 164, 165, 166, 167, 168, 169-моддалари). Ходимни мулкни талон-тарож қилиш учун маъмурий ёки жиноий жавобгарликка тортиш ҳолатларида ходим томонидан талон тарож қилиш факти суд ҳужжатлари билан белгиланади (суднинг айбдорни маъмурий жавобгарликка тортиш тўғрисидаги қарори ёки қонуний кучга кирган айблов хулосаси билан).

МЖТК 61-моддаси 4-қисмига мувофиқ, устав фондида давлат улуши бўлмаган корхоналар, муассасалар, ташкилотларнинг мол-мулкини уларнинг ходими томонидан ўғирлаш, ўзлаштириш, растрата қилиш, мансаб лавозимини суиистеъмол қилиш ёки фирибгарлик йўли билан содир этилган оз миқдорда талон-торож қилиш фақат мазкур корхоналар, муассасалар, ташкилотлар раҳбарининг, мулкдорининг ёки ваколатли бошқарув органининг аризасига кўра жавобгарликка сабаб бўлади. Шу муносабат билан амалиётда савол туғилади: иш берувчи суд акти бўлмаганда бундай ходимга нисбатан интизомий жазо қўллаши, шу жумладан меҳнат шартномасини МК 161-моддаси 2-қисми 5 банди бўйича бекор қилиши мумкинми?

Идоравий мансублиги, мулкчилик ва хўжалик юритиш шаклларидан қатъи назар, корхона, муассаса, ташкилот ички меҳнат тартибининг намунавий қоидаларининг 2.38-бандида (АВ рўйхат рақами 746, 14.06.1999 й.) келтирилган, бир марта содир этилиши меҳнат шартномасининг бекор қилинишига олиб келиши мумкин бўлган меҳнат мажбуриятларини қўпол бузишлар рўйхатида «гувоҳлар томонидан тасдиқланган иш жойида корхона мулкини ўғирлаш» қилмиши бор. Шаклланган суд амалиёти шундан далолат берадики, агар иш берувчи томонидан, ходим чиндан ҳам иш берувчининг мулки талон-тарож қилингани ёки ҳаттоки мулкни ўғирлашга қасд қилинганининг аниқ далиллари келтирилса, унда меҳнат шартномасини МК 161-моддаси 2-қисми 5- банди бўйича бекор қилиниши қонуний ҳисобланади. Масалан, қўриқлаш хизмати томонидан тайёр маҳсулот омбори ишчиси Д. тикув фабрикаси ҳудудидан чиқишда спорт кийимлари тўпламини олиб чиқиб кетишга урингани аниқланди. Содир бўлган воқеа видеокузатув камерасига ёзиб олинганди. Бундан ташқари, қўриқлаш хизмати томонидан далолатнома тузилиб, содир бўлган воқеанинг гувоҳи бўлган фабрика ходимлари томонидан имзоланди. Содир этилган қилмиши бўйича ёзган тушунтириш хатида Д. ушбу қоидабузарликни кўп йил ишлаб туриб биринчи марта содир этганини билдириб, уни кечиришларини сўради. Шундан сўнг  Д. билан меҳнат шартномаси МК 161-моддаси 2-қисми 5-банди билан ходимнинг ўз меҳнат мажбуриятларини бир марта қўпол равишда бузганлиги учун бекор қилинди. Меҳнат шартномасини бекор қилишга розилик бермаган Д. судга аввалги ишга тиклаш тўғрисидаги даъво аризаси билан мурожаат қилди. Ўз аризасида Д. тикув фабрикасидаги 12 йиллик фаолияти мобайнида интизомий жазоларга тортилмаганлигини, меҳнат мажбуриятларини илк бор бузганлигини, унга нисбатан қўлланилган жазони ҳаддан ташқари қаттиққўл деб ҳисоблашини ва шуларнинг барчасини ҳисобга олган ҳолда уни аввалги ишига тиклашни илтимос қилишини ёзди. Ушбу иш бўйича суд қарорида қуйидагиларга эътибор қаратилди:

– фабрикада ўрнатилган тартибда тасдиқланган ички меҳнат тартиби қоидалари мавжуд ва уларда иш берувчининг ташаббусига кўра ходим билан меҳнат шартномасини меҳнат мажбуриятларини иш берувчининг мулкини ўғирлаш ёки шунга уриниш каби мана шундай бир марта қўпол равишда бузиш учун бекор қилиш имконияти назарда тутилган;

– иш берувчи ходим томонидан мана шу қоидабузарликнинг содир этилганлигининг ишончли исботларини тақдим этди;

– ходим билан меҳнат шартномасини бекор қилишда МК билан ўрнатилган интизомий жазони қўллаш муддатлари ва тартибига амал қилинган.

Баён этилганларни эътиборга олиб, суд Д.га унинг аввалги ишга тиклаш тўғрисидаги талабини қондиришни рад этди;

5) ишлаб чиқариш фаолиятидаги аҳамиятли узилишлар, умуман ташкилот ёки унинг таркибий бўлинмалари ишининг тўхтаб қолиши, иш берувчи мулкига аҳамиятли даражада зарар етишига (шу жумладан иш берувчининг қўлида бўлган учинчи шахслар мулкига зарар етказиш, агар иш берувчи ушбу мулкнинг бут сақланиши учун масъул бўлса) олиб келган меҳнат мажбуриятларини қўпол равишда бузиш). 

Интизомий жазони, шу жумладан меҳнат шартномасини меҳнат мажбуриятларини мана шу каби бир марталик қўпол бузилишлари учун бекор қилишга улар ходим томонидан қасддан содир этилганми, ёки эҳтиётсизлик оқибатидами – қатъий назар, йўл қўйилади, чунки бунда ушбу қоидабузарликлар олиб келиши мумкин бўлган оқибатларнинг қанчалик оғирлиги ҳисобга олинади. Масалан, агар узлуксиз электр таъминоти манбаининг ишлаши учун жавобгар ходимнинг бепарволиги оқибатида касалхонанинг электр таъминоти узилиб қолган бўлса, касалхонанинг марказлашган электр таъминотидаги узилишлар оғир оқибатларга олиб келиши мумкин (диализ, ўпкани сунъий шамоллатиш муолажасига муҳтож беморларга ёрдам кўрсатиб бўлмайди, шошилинч ёки режали жарроҳликлар қолдирилади ва ҳ. к. з.). Компьютер асбоб-ускунларининг узлуксиз ишлашини таъминлаш, шу жумладан компьютерлар билан боғлиқ носозликларни бартараф этишга масъул ходимнинг айби билан серверларнинг ишдан чиқиши ёки пайдо бўлган носозлик бартараф этилмаслиги банк фаолияти тўхтаб қолишига олиб келиши мумкин.

Ходим билан меҳнат шатномасини МК 161-моддаси 2-қисми 5 банди билан иш берувчи мулкига аҳамиятли зарар етказилганлиги (шу жумладан иш берувчининг қўлида бўлган учинчи шахслар мулкига зарар етказиш, агар иш берувчи ушбу мулкнинг бут сақланиши учун масъул бўлса) учун бекор қилишда зарар ўлчами аҳамиятлими, йўқми деган масала ички меҳнат тартиби қоидаларида қандай иш берувчи ҳақида гап кетаётгани ва унинг молиявий ҳолатини ҳисобга олган ҳолда ҳал қилинади. Хусусан, кичик корхона учун аҳамиятли бўлган зарар, дейлик, йирик банк учун аҳамиятсиз бўлиб чиқиши мумкин. Айтилганларни ҳисобга олиб, низо келиб чиқса, иш берувчи ходим томонидан етказилган зарар суммаси унинг иқтисодий ҳолатига таъсир кўрсатганлигини ёки у томондан устав фаолиятининг амалга оширилишига салбий таъсир кўрсатганлигини исботлаши керак. Одатда ходим томонидан етказилган зарар суммаси ички меҳнат тартиби қоидаларида базавий ҳисоблаш миқдорининг карралик ўлчамида белгиланади.  

 Шуни ҳам таъкидлаш лозимки, меҳнат шартномасини зарар етказишдан сўнг бекор қилиш ушбу шартнома томонини моддий жавобгарликдан озод қилмайди (316-модданинг 2-қисмига шарҳга қаранг).

Ходим меҳнат вазифаларининг ўзига хос хусусиятлари билан боғлиқ қоидабузарликларга қуйидагилар киради:

1) давлат, тижорат, хизмат сирларини, қонун билан қўриқланадиган бошқа сирни ташкил этувчи маълумотларни, бошқа ходимнинг шахсий маълумотларини тарқатиш, агар бу маълумотлар ходимга у томонидан меҳнат мажбуриятларини бажариш муносабати билан  маълум бўлган бўлса.

Меҳнат шартномасини МК 161-моддаси 2-қисми 5-банди билан бекор қилишга фақат шундагина йўл қўйиладики, агар иш берувчи томонидан қуйидаги талабларга амал қилинган бўлса:

  • ходим давлат, тижорат, хизмат сири ёки бошқа қонун билан қўриқланадиган сир, ёки бошқа ходимнинг шахсий маълумотларидан фойдаланиш имкониятига эга бўлиши керак;
  • ходимнинг меҳнат мажбуриятларига тузилган меҳнат шартномаси, лавозим йўриқномасига мувофиқ ушбу маълумотларнинг бут сақланиши ва тарқатилишга йўл қўйилмасликни таъминлаш вазифаси ҳам кириши керак;
  • меҳнат шартномаси (унга илова), лавозим йўриқномасида ходим айнан қандай маълумотларни тарқатмаслик мажбуриятини зиммасига олаётгани аниқ кўрсатилган бўлиши керак;
  • гап чиндан ҳам давлат сири, тижорат, хизмат ёки бошқа қонун билан қўриқланадиган сир ёки бошқа ходимнинг шахсий маълумотларини ташкил этувчи маълумотлар ҳақида кетаётган бўлса (давлат сирлари ёки қонун билан қўриқланадиган бошқа сирга киритилган маълумотлар ҳақида батафсил 104-модданинг 3-қисмига, ходимнинг шахсий маълумотларини ташкил этувчи маълумотлар ҳақида – 175-моддага шарҳга қаранг);
  • қонун билан қўриқланадиган сир ростдан ҳам ошкор этилган бўлса ва иш берувчида ходим ушбу маълумотларни ошкор этганлигини тасдиқловчи исботлар бўлса.

Ахборотни давлат сирларига мансуб деб топишнинг умумий тартиби «Давлат сирларини сақлаш тўғрисида»ги Қонунда (07.05.1993 й. 848-XII сон ЎРҚ) белгиланган. Ушбу Қонуннинг 5-моддасига кўра, «Ахборотларни махфийлаштириш ва махфийликдан чиқариш ушбу Қонунга ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси тасдиқлайдиган маълумотларнинг махфийлик даражасини аниқлаш ва белгилаш тартиби тўғрисидаги Низом ва Ўзбекистон Республикасида махфийлаштирилиши лозим бўлган маълумотлар рўйхатига мувофиқ амалга оширилади.

Ўзбекистон Республикасининг Президенти белгилаб қўядиган давлат сирларини сақлашни таъминловчи давлат органлари Ўзбекистон Республикаси юридик ва жисмоний шахсларининг мулки ҳисобланган ахборотларни махфийлаштириш ва махфийликдан чиқаришга ҳақлидир.

Давлат сирларига тааллуқли маълумотларга эга бўлган корхоналар, муассасалар, ташкилотлар, жамоат бирлашмалари, айрим фуқаролар бундай маълумотлар махфийлаштирилиши зарурлиги тўғрисидаги масала ҳал этилиши учун давлат сирлари сақланишини таъминловчи органларга мурожаат этишлари лозим.

Махфийлаштирилиши фуқаронинг шахсий хавфсизлигига таҳдид соладиган ахборот давлат сирларига мансуб деб топилиши мумкин эмас.

Ахборот эгалари ахборотларни махфийлаштириш ёки махфийликдан чиқаришга оид ғайриқонуний хатти-ҳаракатлар устидан судга шикоят қилишга ҳақлидирлар».

Шу тариқа, ходим билан меҳнат шартномасини давлат сирларини ташкил қилувчи маълумотларни ошкор этишда намоён бўлган ўз меҳнат мажбуриятларини бир марта қўпол бузиш учун бекор қилишга фақат шундагина йўл қўйиладики, башарти ушбу маълумотлар ўрнатилган тартибда давлат сирларига мансуб деб тан олинган бўлса.

Тижорат ва хизмат сири белгилари  ФК 98-моддасида назарда тутилган, унга кўра тижорат ва хизмат сири қуйидаги белгиларга эга бўлиши керак:

  • тегишли ахборот учинчи шахсларга номаълум;
  •  қонун йўли билан ундан эркин фойдаланиш мумкин эмас;
  •  ахборот эгаси унинг махфийлигини сақлашга доир чоралар кўрган.

Агар ходим томонидан ушбу белгиларга мос бўлмаган маълумотлар ошкор этилган бўлса, иш берувчи у билан меҳнат шартномасини тижорат ёки хизмат сирларини ташкил қилувчи маълумотларни ошкор этишда намоён бўлган ўз меҳнат мажбуриятларини бир марта қўпол бузиш учун бекор қилишга ҳақли эмас.

  «Тижорат сири тўғрисида»ги Қонуннинг (11.09.2014 й. ЎРҚ 374-сон) 6-моддасига кўра, тижорат сирининг мулкдори тижорат сири режимини ёзма шаклда белгилаш, ўзгартириш ва бекор қилиш. Шу билан бирга, тижорат сирига кирувчи маълумотларни белгилаганда ушбу Қонуннинг 5-моддаси талабларини ҳисобга олиш зарур. Унда тижорат сирини ташкил этиши мумкин бўлмаган маълумотлар рўйхати келтирилган. Бундай маълумотлар орасида ходимларнинг сони ва таркиби, меҳнатга ҳақ тўлаш тизими ва меҳнат шароитлари тўғрисидаги, шу жумладан меҳнатни муҳофаза қилиш, ишлаб чиқаришдаги жароҳатланишлар ва касб касалликлари кўрсаткичлари, шунингдек бўш иш ўринлари бор-йўқлиги ҳақидаги, иш берувчиларнинг иш ҳақи тўлаш ва ижтимоий тўловлар бўйича қарздорлиги тўғрисидаги маълумотлар қайд этилган. Ушбу маълумотлар тижорат сирини ташкил этмаганлиги боис, ходим билан меҳнат шартномасини уларни ошкор қилганлик учун МК 161-моддаси 2-қисми 5-банди билан бекор қилишга йўл қўйилмайди.

Қонун билан қўриқланадиган бошқа сирга, масалан банк, солиқ, врачлик, нотариал, адвокат сири, ёзишмалар сири, телефонда сўзлашувлар, почта жўнатмалари, телеграф ёки бошқа хабарлар сири, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунлари билан фойдаланиш имконияти чекланган бошқа ахборот киради. Масалан,  «Банк сири тўғрисида»ги Қонуннинг (30.08.2003 й. 530- II сон ЎРҚ) 3-моддасига мувофиқ, Банк сири банк томонидан муҳофаза қилинадиган қуйидаги маълумотлардан иборатдир:

  • ўз мижозларининг (вакилларининг) операциялари, ҳисобварақлари ва омонатларига доир маълумотлар;
  • банк ўз мижозига (вакилига) банк хизматлари кўрсатиши муносабати билан мазкур мижоз (вакил) тўғрисида олган маълумотлар;
  • мижознинг (вакилнинг) банк сейфлари ва биноларида сақлаб турилган мол-мулки, унинг хусусияти ва қиймати ҳақидаги маълумотлар;
  • мижоз (вакил) топшириғига биноан ёки унинг фойдасини кўзлаб амалга оширилган банклараро операциялар ва битимлар тўғрисидаги маълумотлар;
  • банк сирини ташкил этувчи маълумотларнинг банклар ўртасида муомалада бўлиши натижасида маълум бўлиб қолган, бошқа банкнинг мижозига (вакилига) доир маълумотлар;
  • жамғариб бориладиган пенсия тизимининг иштирокчилари, пенсия бадалларининг миқдори ва суммаларининг ҳаракати, фуқароларнинг шахсий жамғариб бориладиган пенсия ҳисобварақларидаги пенсия жамғармалари тўғрисидаги маълумотлар.

Ходимнинг шахсий маълумотлари  – бу ходим, шунингдек унинг оила аъзолари ҳаётининг фактлари, воқеалари ва вазиятлари тўғрисидаги ахборот, у ходимга меҳнат муносабатлари  юзасидан тақдим этилади. Ходимнинг шахсий маълумотлари тўғрисидаги ахборот махфий маълумотлар тоифасига киради (ходимнинг шахсий маълумотларини ташкил этувчи ахборот тўғрисида 175-модданинг 2-қисмига шарҳга қаранг). Иш берувчининг ходимлар шахсий маълумотлари билан билан ишлайдиган ходимлари уларга ишониб топширилган  ёки меҳнат мажбуриятларини бажариш муносабати билан уларга маълум бўлган шахсий маълумотларнинг ошкор этилишига йўл қўймасликлари лозим (176-модданинг  4-қисмига шарҳга қаранг).

«Давлат сирларини сақлаш тўғрисида»ги қонун (07.05.1993 й. 848-XII-сон ЎРҚ) давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари, мулк шаклидан қатъи назар, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар ва бирлашмалар, Ўзбекистон Республикасининг ҳарбий тузилмалари ва фуқароларининг республика ҳудудидаги ҳамда унинг ташқарисидаги фаолиятининг барча турларида давлат сирларини сақлашнинг ҳуқуқий асосларини белгилаб беради. Ушбу қонуннинг 10-моддаси давлат сирларини ошкор этганлик учун жавобгарлик тўғрисидаки ҳаволаки меъёрдан иборат. ЖК 162-моддаси давлат сирларини ошкор қилиш ёки ўзгага бериш, яъни давлат сири, ҳарбий сир ёки хизмат сири ҳисобланган маълумотларнинг, бу маълумотлар ишониб топширилган ёки хизмати ёхуд касб фаолияти юзасидан улардан хабардор бўлган шахс томонидан ошкор қилиниши учун, башарти, бу қилмишда давлатга хоинлик аломатлари бўлмаса, жавобгарликни назарда тутади. Бироқ, ушбу Кодексда ҳам «давлат сирларини ташкил этган маълумотларни ошкор қилиш» тушунчаси очиб берилмаган, чунки унда ушбу маълумотларни кимларга бериш ҳақида сўз юритилаётгани тўғрисидаги саволга жавоб берилмаган. Баён этилганларни ҳисобга олиб, кўриб чиқилаётган тушунчага қуйидагича таъриф бериш мумкин: «давлат сирини ташкил этган маълумотларни ошкор этиш деганда ушбу маълумотларни ноқонуний тарзда ошкор этилишини тушуниш керак, агар бунинг оқибатида бу маълумотлар улардан фойдаланиш имкониятига эга бўлмаган, ёки айбдор томонидан ошкор этилган маълумотлардан эмас, балки бошқа маълумотлардан фойдаланиш имкониятига эга бўлган  шахслар қўлига тушган бўлса».

 «Тижорат сири тўғрисида»ги Қонуннинг (09.2014 й. ЎРҚ 37411-сон) 3-моддасига кўра, тижорат сирини ошкор этиш деганда  тижорат сирини ташкил этувчи ахборотнинг учинчи шахсларга бундай ахборот мулкдорининг ёки конфидентнинг розилигисиз ёхуд меҳнат шартномаси (контракт) ёки фуқаролик-ҳуқуқий шартномага хилоф равишда, мумкин бўлган ҳар қандай шаклда (оғзаки, ёзма, бошқа шаклда, шу жумладан техника воситаларидан фойдаланган ҳолда) маълум бўлиб қолишига олиб келадиган ҳаракат ёки ҳаракатсизлик тушунилади.

«Банк сири тўғрисида»ги Қонуннинг (30.08.2003 й. 530-II сон ЎРҚ) 5-моддаси 1-қисмига мувофиқ, Банк сирини ташкил этувчи маълумотларни оммавий ахборот воситалари орқали эълон қилиш, оғзаки ёки ёзма шаклда ёхуд бошқа йўсинда тарқатиш ёки маълум қилиш, учинчи шахслар эътиборига етказиш, бундай маълумотларни қўлга киритиши учун учинчи шахсларга бевосита ёки билвосита, шу жумладан ана шундай маълумотлар хизмат вазифасини бажариши муносабати билан ўзига ишониб топширилган ёхуд маълум бўлиб қолган ёки ушбу Қонунда белгиланган тартибда тақдим этилган шахслар томонидан бундай маълумотларни сақлаш тартибининг бузилиши оқибатида имконият яратиб бериш банк сирининг ошкор қилиниши деб ҳисобланади. Шу билан бирга, ушбу Қонуннинг 5-моддаси  2-қисмига кўра, қуйидагилар банк сирининг ошкор қилиниши деб ҳисобланмайди:

  • банк сирини ташкил этувчи маълумотларнинг банк томонидан учинчи шахсларга ушбу Қонунда назарда тутилган ҳолларда, шунингдек банкка юридик, бухгалтерия, аудиторлик, ахборот ва маслаҳат йўсинидаги хизмат кўрсатувчи шахсларга маълум қилиниши ёки тақдим этилиши, башарти бу шундай хизматни кўрсатиш учун зарур бўлса ҳамда мазкур шахслар ушбу Қонуннинг 6-моддасида белгиланган ҳаракатларни содир этишдан ўзини тийиши шарт бўлса;
  • прокуратура, дастлабки тергов, суриштирув органлари ва тезкор-қидирув фаолиятини амалга оширувчи органлар, шунингдек чет давлатларнинг ваколатли органлари ўртасида банк сирини ташкил этувчи маълумотларни Ўзбекистон Республикасининг қонунчилигида ҳамда халқаро шартномаларида назарда тутилган тартибда алмашиш.

Шу тариқа, давлат сирлари, тижорат, хизмат сирлари, қонун билан қўриқланадиган бошқа сирларни ташкил қилувчи маълумотларни, ходимнинг шахсий маълумотларини ошкор қилиш шуни англатадики, ушбу маълумотлардан иборат ахборот ўрнатилган тартибни бузган ҳолда ҳар қандай шаклда (оғзаки, ёзма, шу жумладан техник воситалардан фойдаланган ҳолда) учинчи шахсларга қуйидагилар оқибатида маълум бўлган:

  • ходимнинг ҳаракатлари оқибатида. Масалан, ходим ичида мана шундай ахборот бўлган ҳужжатларни ўзининг шахсий электрон почта манзилига ёки ушбу ташкилот ходими бўлмаган инсоннинг ёхуд ташкилот ходими бўлган, лекин бу маълумотлардан фойдаланиш имконига эга бўлмаган шахснинг электрон почтасига юборди;
  • ходимнинг ҳаракатсизлиги оқибатида. Масалан, фойдаланиш чекланган ахборот билан ишлаш учун масъул ходим янги ходимга бундай ахборотдан фойдаланиш рухсат берилганми, йўқми – текширмаган ва унинг фойдаланиш имкониятини беркитмаган.

Ходим билан меҳнат шартномасини МК 161-моддаси 2-қисми 5 банди билан қонун билан қўриқланадиган сирнинг ошкор этилишида ифодаланган меҳнат мажбуриятларини бир марта қўпол равишда бузиш учун бекор қилиш, агар иш берувчида ходим томонидан ушбу қоидабузарлик содир этилганлигининг аниқ исботлари бўлсагина, қонуний бўлади. Бундай исботлар, хусусан, қуйидагилардан иборат бўлиши мумкин:

  • иш берувчининг IT-хизмати томонидан ходимнинг ишчи электрон почтасидан қонун билан қўриқланадиган сирни ташкил этувчи ахборотни ушбу ахборотдан фойдаланиш имкониятига эга бўлмаган шахсларга юборилишининг қайд этилганлиги;
  • видеокузатув камераларидан олинган ёзувлар;
  •  ходим томонидан ҳужжатларни лозим даражада сақлаш тўғрисидаги талабларга амал қилинмаслиги оқибатида қонун билан қўриқланадиган ахборот уни олиши керак бўлмаган шахсларнинг қўлига тушганлиги тўғрисидаги далолатнома;
  •  Ҳужжатларни қабул қилиш ва бериш журналларининг варақларидан олинган нусхалар, улар тегишли ҳужжатларнинг сақланиши учун масъул ходимнинг ҳужжатларни беришда эътиборсизлигини тасдиқлайди;
  • Ахборотни ошкор қилган ходимнинг ва гувоҳларнинг тушунтириш хати.

Агар ходим томонидан қонун билан қўриқланадиган сирнинг ошкор қилинганлиги борасида асосланган гумонлар бўлса, иш берувчининг ташаббуси билан хизмат текшируви ўтказилиши мумкин (302, 303, 304, 305, 306, 307, 308, 309, 310, 311-моддаларга шарҳларга қаранг), ходимнинг ишда бўлиб туриши текширувга ҳалал бериши мумкинлигини таҳмин қилишга аниқ сабаблар бўлса – ходим хизмат текшируви ўтказилиши даврига ишдан четлатилиши мумкин (151, 152, 153, 154, 309-моддаларга шарҳларга қаранг). Бунда ходимни ишдан четлатиш муддати МК билан белгиланган энг катта муддатлардан ошмаслиги лозим (308-моддага шарҳга қаранг).

Шунга аҳамият бериш керакки, МКга мувофиқ, агар ходим томонидан қонун билан қўриқланадиган сир ошкор этилиши оқибатида иш берувчига зарар етказилган бўлса, ходим тўлиқ моддий жавобгарликка тортилади (342-модданинг 1-қисми 7-бандига шарҳга қаранг). Ходим билан меҳнат шартномасининг бекор қилинганлиги уни иш берувчига етказилган зарарни қоплашдан озод этмайди (316-модданинг 2-қисмига шарҳга қаранг).

Шу тариқа, меҳнат шартномасини  МК 161-моддаси 2-қисми 5-банди билан қонун билан қўриқланадиган сирни ёки ходимнинг шахсий маълумотларини ошкор этиш учун бекор қилишнинг қонуний эканлиги тўғрисидаги меҳнат низоси кўриб чиқилганда иш берувчи қуйидагилардан гувоҳлик берувчи далилларни келтириши керак:

  • ходим томонидан ошкор қилинган маълумотлар амалдаги қонунчиликка мувофиқ давлат, хизмат, тижорат ёки қонун билан қўриқланадиган бошқа сирга киради ёки бошқа ходимнинг шахсий маълумотларига киради,
  • ушбу маълумотлар ходимга у томонидан меҳнат мажбуриятларини бажарилиши муносабати билан маълум бўлган;
  • ходим бундай маълумотларни ошкор қилмаслик мажбуриятини зиммасига олган;
  • ходим томонидан бундай маълумотларнинг ошкор этилиши чиндан ҳам содир бўлган.

Судда ходимни тўлиқ моддий жавобгарликка тортиш тўғрисидаги низони кўриб чиқишда иш берувчи:

  • биринчидан, ходимнинг ноқонуний ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) оқибатида иш берувчига чиндан ҳам моддий зарар етказилганлигининг исботини тақдим этиши керак;
  • иккинчидан, етказилган зарар суммасини аниқлашнинг тўғрилигини асослаши лозим;

2) пул ёки товар-моддий бойликларга бевосита хизмат кўрсатувчи ходим томонидан содир этилган ҳаракатлар, агар ушбу ҳаракатлар унга нисбатан иш берувчи томонидан ишончнинг йўқолиши учун асос берган бўлса.

Ходим билан меҳнат шартномасини иш берувчи томонидан унга нисбатан ишончнинг йўқотилганлиги учун бекор қилишда қуйидагиларни ҳисобга олиш керак:

– аввало, ходимнинг меҳнат вазифаси пул ёки товар бойликларига хизмат кўрсатиш билан боғлиқми, йўқми – шуни аниқлаш керак.

Бунинг учун ходим билан меҳнат шартномасига, унинг лавозим йўриқномасига мурожаат қилиш керак. Одатда, бундай ходимлар билан тўлиқ моддий жавобгарлик тўғрисидаги шартнома имзоланади. Тўлиқ моддий жавобгарлик тўғрисидаги шартномалар тузилиши мумкин бўлган ходимлар тоифаларининг рўйхатлари жамоа шартномасида ўрнатилади, агар у тузилмаган бўлса, унда иш берувчи ва касаба уюшмаси қўмитаси ўртасидаги келишувга кўра белгиланади (343-модданинг 9-қисмига шарҳга қаранг). Шу билан бирга айтиш керакки, меҳнат шартномасини ишонч йўқотилганлиги учун бекор қилиш, агар ходим билан тўлиқ моддий жавобгарлик тўғрисида шартнома тузилмаганда ҳам амалга оширилиши мумкин, башарти унинг меҳнат мажбуриятларига пул ёки товар моддий бойликларга бевосита хизмат кўрсатиш ҳам кирса. Агар ходим томонидан меҳнат шартномаси билан шартлашилган ишнинг бажарилиши ушбу бойликларга бевосита хизмат кўрсатиш билан боғлиқ бўлмаса, унда у билан меҳнат шартномасини МК 161-моддаси 2-қисми 5-банди билан унга нисбатан иш берувчининг ишончи йўқолишига асос бўлган меҳнат мажбуриятларини бир марта қўпол равишда бузганлик учун бекор қилиш ноқонуний бўлади.   Демак, ходимнинг лавозимини шунчаки тўлиқ моддий жавобгарлик тўғрисидаги шартнома тузилиши мумкин бўлган шахслар рўйхати билан солиштиришнинг ўзи кифоя эмас. Ушбу ходим билан меҳнат шартномасини ишонч йўқолганлиги боис бекор қилиш мумкинлиги борасида тўғри қарор қабул қилиш учун, ушбу ходим у билан тузилган меҳнат шартномаси ва лавозим йўриқномасига мувофиқ пул ёки товар-моддий бойликларга хизмат кўрсатиш бўйича мажбуриятларни бажарадими, йўқми – шуни аниқлаш керак (қабул қилиш, сақлаш, сотиш, тақсимлаш ва ҳ. к. з.);

– меҳнат шартномасини ишонч йўқотилганлиги учун бекор қилишга фақат ходимнинг айбли ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) учун йўл қўйилади, чунки ушбу ҳаракатлар (ҳаракатсизлик) унга келгусида пул ёки моддий бойликларга хизмат кўрсатиш ишониб топширилиши мумкин эмаслигидан далолат беради.

Айбли ҳаракатларга ўлчовдан уриб қолиш, ҳисобда алдаш, тарозидан уриб қолиш, тегишли ҳужжатларни бермай кўрсатилган хизмат учун тўлов олиш, касса интизомини бузиш, гиёҳванд дори воситаларини бериш ёки спиртли ичимликларни сотишнинг ўрнатилган қоидаларига амал қилмаслик киради. Бундан ташқари ходимнинг ўз меҳнат вазифаларига лозим даражада эмас ёки совуққонлик билан ёндашиши оқибатида иш берувчининг унга ишончи йўқолиши мумкин. Масалан, агар ходим пул маблағларини тегишлича расмийлаштирмасдан берган бўлса, моддий бойликлар турган хоналарнинг калитини дуч келган жойда сақлаган бўлса ёки сейфлар, омборхоналар, сақлаш жойлари муҳрлаш (пломбалаш) қоидаларини бузган бўлса. Шунингдек, иш берувчи бевосита хизмат кўрсатиш учун ишониб топширилган мулкдан шахсий мақсадда фойдаланган ходим билан меҳнат шартномасини ишонч йўқолганлиги учун бекор қилишга ҳақли. Ишонч йўқолишига нафақат қасддан содир этилган ҳаракатлар, балки ҳаракатсизлик, шунингдек эътиборсизлик, эҳтиётсизлик, лавозим мажбуриятларини йўриқномага мувофиқ бажаришни истамаслик ҳам олиб келиши мумкин. Масалан, ходим моддий бойликлар сақланадиган хона калитларига қараб юрмайди, тегишли ҳужжатларни расмийлаштирмайди. Иш берувчи томонидан товар-моддий бойликлар билан ишлаш бўйича тегишли шароитларнинг таъминланмаганлиги ходимга нисбатан ишончнинг йўқолиши учун асос бўла олмайди (масалан, ходимга ишониб топширилган бойликлар, иш берувчи ушбу бойликларни сақлаш учун зарур бўлган шароитлар яратмаганлиги, сигнализация ёки сейф ўрнатмаганлиги учун таъминланмаган). Шунингдек, агар ходимга ишониб топширилган иш берувчи мулкига зарар енгиб бўлмас куч, хўжаликда оқланган таваккалчилик, ўта зарурат ёки зарур мудофаа оқибатида етказилса, бунда ходимнинг айби бўлмайди;

– меҳнат шартномасини кўриб чиқилаётган асос бўйича бекор қилиш учун ходим томонидан қоида бузилганлигининг факти етарли, чунки бу факт унга нисбатан ишончнинг йўқотилишига асос бўлади.

Ушбу қоидбузарлик ходим билан меҳнат шартномасини бекор қилишга, агар бунда ходимнинг айбли ноқонуний ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) оқибатида иш берувчига моддий зарар етказилмаганда ҳам олиб келиши мумкин.  Масалан, агар омбор мудири, иш куни тугагандан сўнг ишдан кетаётиб, омборни очиқ қолдирган бўлса, бу қоидабузарлик ҳаттоки омбордан ҳеч нима йўқомаса ҳам унга нисбатан ишончнинг йўқолишига олиб келиши мумкин;

– иш берувчи ходимга нисбатан ишончинг йўқолишига олиб келган айбли ҳаракатларнинг содир этилганлигининг исботларига эга бўлиши керак.

Пул ёки товар бойликларига хизмат кўрсатувчи ходим томонидан айбли ҳаракатлар содир этилганлиги ҳужжат билан тасдиқланиши керак. Бундай ҳужжатлар: инвентаризация далолатномалари; харидорларнинг шикоятлари; билдиргилар; пул ёки товар бойликларига хизмат кўрсатувчи ходим томонидан ушбу бойликларга хизмат кўрсатиш билан боғлиқ қоида бузилишлари: ходимнинг тушунтиришлари ва бошқалар бўлиши мумкин. Бевосита пул ёки товар бойликларга хизмат кўрсатувчи ходим томонидан содир этилган айбли ҳаракатлар инвентаризациялар, тафтишлар ёки махсус ваколатли назорат-тафтиш органларининг текширувлари пайтида ҳам аниқланиши мумкин. Агар ходим томонидан пул ёки товар бойликларига хизмат кўрсатиш тартибини бузиш борасида асосланган шубҳалар мавжуд бўлса, унда иш берувчи ходим томонидан интизомий қилмиш содир этилганлиги фактини, ходимнинг уни содир этишдаги айбини аниқлаш, ходим томонидан интизомий қилмиш содир этилишига олиб келган сабаб ва шароитларни, ходимнинг айбли ноқонуний ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) билан етказилган зарар аниқланганда эса – ушбу зарарнинг хусусияти ва ўлчамини аниқлаш учун хизмат текширувини ўтказиш тўғрисида қарор қабул қилишга ҳақли (хизмат текшируви тўғрисида 302, 303, 304, 305, 306, 307, 308, 309, 310, 311-моддаларга шарҳларга қаранг). Хизмат текшируви ўтказилган тақдирда ҳам, агар муайян ходимнинг ишда бўлиши хизмат текширувини ўтказишга халақит беради деб тахмин қилиш учун асосли сабаблар мавжуд бўлса, иш берувчи ходимни МК билан ўрнатилган максимал муддат мобайнида ишдан четлаштиришга ҳақли (151, 154, 308, 309-моддаларга шарҳларга қаранг);

3) тарбияга оид вазифаларни бажарувчи ходим томонидан ушбу ишни давом эттиришга йўл қўймайдиган ахлоқсиз қилмиш содир этилганлиги.

Меҳнат шартномасини бундай қилмиш содир этганлик учун бекор қилишда қуйидагиларни ҳисобга олиш зарур:

– ахлоқсиз қилмиш содир этганлик учун фақат тарбиявий фаолият билан шуғулланувчи ходимлар билангина меҳнат шартномаси бекор қилиниши мумкин (ўқитувчилар, таълим ташкилотлари муаллимлари, ишлаб чиқаришга ўқитиш усталари, болалар муассасалари тарбиячилари), чунки айнан улар инсон шахсининг ривожланиши ва тўғри шаклланиши учун жавоб берадилар.

«Таълим тўғрисида»ги Қонуннинг (23.09.2020 й.ЎРҚ-637) 46-моддасига кўра, педагог ходимларга педагогик фаолиятни амалга оширишда ахлоқ ва этика нормаларига зид ҳаракатлар содир этиш тақиқланади. Қонуннинг ушбу қоидасини ҳисобга олган ҳолда, таълим ташкилотларининг ички меҳнат тартиби қоидаларида педагог ходимлар билан меҳнат шартномасини бекор қилишга олиб келувчи бир марталик қўпол қоидабузарликлар рўйхатида ахлоқсиз қилмишнинг содир этилиши ҳам назарда тутилган. Гарчи таълим муассасасида ишласада, тарбия жараёнига алоқаси бўлмаган ходимлар (масалан, бухгалтер, юридик маслаҳатчи, лаборатория ходими, хўжалик мудири, қоровул, қўриқчи, ошпаз, электр устаси ва бошқалар) билан меҳнат шартномаси бекор қилишга йўл қўйилмайди;

– Ўзбекистонда педагогик ва тарбиявий фаолиятни давлат муассасалари билан бир қаторда нодавлат таълим муассасалари ҳам амалга оширмоқда. Тарбиявий функцияларни бажараётган ходим томонидан ахлоқсиз қилмиш содир этилиши ҳам давлат, ҳам нодавлат таълим ташкилоти ички меҳнат тартиби қоидаларида назарда тутилган меҳнат шартномасини бекор қилишга олиб келиши мумкин бўлган меҳнат мажбуриятларини бир марта қўпол равишда бузишлар рўйхатига киритилиши мумкин;

– меҳнат шартномаси ахлоқсиз қилмиш содир этганлик учун фақат тарбия бериш вазифаси меҳнат шартномаси билан шартлашилган ишнинг асосий мазмунини ташкил этгандагина, бекор қилиниши мумкин;

– ахлоқсиз деб умумий қабул қилинган ахлоқ ва этика нормаларига зид ҳаракатлар ҳисобланади, бунда у қаерда содир этилганлиги: иш жойидами, ёки маиший ҳаётдами, аҳамиятсиз. Масалан, ўқувчилар ёки тарбияланувчилар билан мулоқотда номеъёрий лексика (сўкишларни) қўллаш, уларга қарата камситувчи, ҳақоратомуз ва таҳқирловчи гаплар айтиш, уларга нисбатан жисмоний жазоларни қўллаш, яхши баҳолар эвазига таъмагирлик қилиш ва ҳоказолар шулар жумласидан. Иш жойидан ташқарида содир этилган ахлоқсиз қилмиш деб, хусусан, жамоат жойларида спирли ичимликларни истеъмол қилиш, транспорт воситасини спиртли ичимликдан, гиёҳванд моддадан мастлик ёки бошқа мастлик ҳолатида бошқариш, безорилик, шу жумладан майда безорилик ҳисобланади. Ўқувчиларни спиртли ичимликлар истеъмолига жалб этиш ахлоқсизлик деб ҳисобланади, бунда ушбу қилмиш иш жойида содир этилганми, ёки ундан ташқаридами – аҳамиятсиз;

– ахлоқсиз қилмиш содир этилганлиги исботланган бўлса.

Ходим билан меҳнат шартномасини аниқ бўлмаган ёки етарлича текширилмаган фактлар, мишмишлар, шахснинг жамоада ёки маиший ҳаётда ўзини тутишини умумий баҳолаш негизида бекор қилинишига йўл қўйиш мумкин эмас. Ходим томонидан айбли ҳаракатлар содир этилганлигининг ҳужжатли далиллари бўлиб қуйидагилар хизмат қилиши мумкин:

  • ахлоқсиз қилмиш содир этган ходим ўзининг ҳамда бошқа ходимларнинг (содир бўлган воқеа гувоҳларининг) ёзма тушунтиришлари;
  • ахлоқсиз қилмиш содир этилишининг тафсилотлари таърифланган билдиргилар;
  • маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги баённомалар;
  • ташкилот раҳбарига ҳуқуқ-тартибот органларидан келиб тушган ёзма ахборот, унда ходим томонидан содир этилган ҳуқуқбузарликлар кўрсатилади;
  • суднинг қонуний кучга кирган ҳукми ёки қарори.

Агар тарбиявий вазифаларни бажараётган ходим томонидан ахлоқсиз қилмиш содир этилганлиги тўғрисида таълим ташкилоти маъмуриятига, масалан, ўқувчилар, уларнинг ота-оналари мурожаатларидан, тарбияланувчиларнинг ота-оналари мурожаатларидан, ОАВ ёки бошқа манбалардаги хабарлардан маълум бўлган бўлса, унда иш берувчи бундай ходимга нисбатан хизмат текширувини ўтказиш тўғрисида қарор қабул қилиши мумкин (302, 303, 304, 305, 306, 307, 308, 309, 310, 311-моддаларга шарҳларга қаранг). Шунингдек иш берувчи ходимни хизмат текшируви ўтказилиши даврига ишдан четлаштириш тўғрисида ҳам қарор қабул қилиши мумкин (151, 152, 153, 154, 309-моддаларга шарҳларга қаранг). Бунда ходимни ишдан четлаштириш муддати МК билан ўрнатилган чегаравий муддатлардан ошмаслиги керак (308-моддага шарҳга қаранг).

Ички меҳнат тартиби қоидалари, интизом тўғрисидаги низомларда иш берувчи ташкилотнинг ўзига хос хусусиятларини, ходимнинг меҳнат вазифасини ҳисобга олган ҳолда меҳнат мажбуриятларини бир марталик бошқа қўпол равишда бузилишлари ҳам назарда тутилади, уларнинг содир этилиши учун ходим билан меҳнат шартномаси МК 161-моддаси 2-қисми 5 банди билан бекор қилиниши мумкин. Хусусан, шуниси аёнки, автомобиль ҳайдовчиси томонидан Йўл ҳаракати қоидаларининг (12.05.2022 й. ВМҚ 172-сонга 1-илова) қўпол равишда бузилиши авария ҳолати, одамлар ҳаёти ва саломатлигига зарар етказилишига олиб келиши, транспорт воситасини жиддий шикастланиши ёки йўқ қилинишига сабаб бўлиши мумкин. Портловчи ва заҳарли моддалар, шунингдек уларни қўллаб ишлаб чиқарилган материаллар ва буюмларни ишлаб чиқиш, ишлаб чиқариш, транспортда ташиш, сақлаш ва реализация қилиш қоидалари бузилганда оғир оқибатлар келиб чиқиши мумкин. Шуни ҳисобга олган ҳолда, ташкилотларнинг ички меҳнат тартиби қоидаларида тегишли фаолият билан бевосита банд бўлган ходим билан меҳнат шартномасини йўл ҳаракати қоидаларини бир марта қўпол бузиш ёки портловчи ва заҳарли моддалар, шунингдек уларни қўллаб ишлаб чиқарилган материаллар ва буюмларни ишлаб чиқиш, ишлаб чиқариш, транспортда ташиш, сақлаш ва реализация қилиш қоидаларини авария, ҳалокат, одамлар ҳаёти ва саломатлигига зарар етказишга олиб келган ёки олиб келиши мумкин бўлган бир марта қўпол бузиш учун бекор қилиш имконияти назарда тутилади.

   

2. Шарҳланаётган модданинг 2-қисмига мувофиқ, ходим билан тузилган меҳнат шартномасини бекор қилишга олиб келиши мумкин бўлган меҳнат мажбуриятларининг бир марта қўпол равишда бузилишлари рўйхатини белгилашда:

1) ножўя хатти-ҳаракатнинг оғир-енгиллигидан ҳамда бундай ножўя хатти-ҳаракат келтириб чиқарган ёки келтириб чиқариши мумкин бўлган оқибатлардан келиб чиқиш лозим.  

МКнинг ушбу талаби, ходим томонидан меҳнат мажбурятларини бир марта қўпол равишда бузилиши рўйхати қандай тартибда ўтнатилганидан қатъий назар ҳисобга олиниши керак (ушбу модданинг 1-қисмига шарҳга қаранг). Меҳнат шартномасини бекор қилишга сабаб бўлиши мумкин бўлган ходим томонидан бир марта қўпол равишда меҳнат мажбуриятларининг бузилиши олиб келиши мумкин бўлган салбий оқибатлар иш берувчи, унинг ходимлари, бошқа шахслар ёки ходимнинг ўзи учун аҳамиятли бўлиши лозим. Хусусан, меҳнат шартномасини ходим томонидан техника хавфсизлиги қоидаларининг бир марта қўпол бузилиши учун МК 161-моддаси 2-қисми 5 банди билан бекор қилиш қонуний бўлади, башарти бу одамлар, шу жумладан ходим ўзининг ҳаёти ва саломатлигига зарар етказишга олиб келиган ёки олиб келиши мумкин бўлган бўлса. Масалан, ишчилар томонидан ҳозиргина пойдевор учун кавланган чуқурни ҳеч қандай тўсиқларсиз ташлаб кетилишини, гарчи бахтсиз ходиса содир бўлмаган бўлса ҳам, оғир оқибатлар хавфи сифатида малакалаш мумкин;

2) ходим билан меҳнат шартномасини бекор қилиш учун асос бўлган ўша бир марталик қўпол қоидабузарликни аниқ ва тушунарли тарзда баён этиш.

Бир марталик қўпол қоидабузарликлар рўйхатига «ижро интизомини бузиш» ёки «иш берувчи фармойишларини бажармаслик» каби мавҳум ибораларни киритишга йўл қўйилмайди. Биринчидан, интизомни айнан қандай бузиш тўғрисида сўз юритилаётгани тушунарсиз, иш берувчининг қандай фармойиши бажарилмаганлиги мавҳум, иккинчидан, ушбу қоидабузарлик у олиб келган ёки олиб келиши мумкин бўлган оқибатлар билан боғланмаган.

Меҳнат шартномасини МК 161-моддаси 2-қисми 5 банди билан бекор қилиш интизомий жазо чораси ҳисобланади (312-модданинг 1-қисмига шарҳга қаранг) ва содир этилган қилмишнинг оғирлиги, уни содир этиш ҳолатлари, ходимнинг аввалги иши ва хулқини ҳисобга олган ҳолда қўлланишиши лозим (313-модданинг 3-қисмига шарҳга қаранг). Ходим томонидан ўз меҳнат мажбуриятларини бир марта бузганлиги учун у билан меҳнат шартномасини бекор қилиш интизомий жазонинг энг қаттиққўл чораси ҳисобланади. Агар ходим томонидан меҳнат мажбуриятларининг бузилиши қўпол бўлмаса ва оғир оқибатларни келтириб чиқариши мумкин бўлмаса, унда иш берувчи унга нисбатан интизомий жазонинг бошқа чораларини (ҳайфсан ёки жарима) қўллаши мумкин. Бу ҳолда меҳнат шартномасини МК 161-моддаси 2-қисми 5 банди билан бекор қилишга йўл қўйилиши мумкин эмас. Шуни билиш лозимки, суд ходимга нисбатан интизомий жазо чораси қўлланишини, жумладан ходимнинг ўз меҳнат мажбуриятларини бир марта қўпол равишда бузганлиги учун меҳнат шартномасининг бекор қилинишини нафақат иш берувчи томонидан интизомий жазо чораси қўллаш муддати ва тартибларига риоя қилинмаган ҳолларда, балки ножўя хатти-ҳаракат ҳақиқатдан ҳам содир этилган, аммо меҳнат шартномасини бекор қилиш содир этилган ножўя хатти-ҳаракатнинг оғирлик даражаси, хатти-ҳаракат содир этилган ҳолатлар, ходимнинг олдинги хулқ-атвори ва унинг ишга бўлган муносабати ҳисобга олинмаган ҳолда бекор қилинган деган хулосага келган тақдирда ҳам ғайриқонуний деб топишга ҳақли (17.04.1998 йилдаги ОСПҚ 12-сон, 30 банд 2-хатбошига қаранг).

 

Барча моддалар 161-модда 163-модда Бошига
Чтобы получать новости от Kadrovik.uz первыми, подписывайтесь на Telegram-канал