Қурбон ҳайитини эътиборга олган ҳолда таътилни қандай ҳисоблаш керак

preview

«Ташкилотимизда бухгалтерия ва кадрлар бўлими ўртасида мунозарали савол юзага келди. Ходим 2023 йил 19 июндан бошлаб муддати 21 календарь кундан иборат асосий таътилга кетади. Яқинлашиб келаётган Қурбон ҳайити байрами муносабати билан таътил сурилади. Президентнинг 20 апрелдаги ПФ-270-сон фармони асосида кадрлар бўлими ходимнинг таътили 11 июлгача бўлишини, 12 июлдан ишга чиқишини ҳисоблади. Биз (бухгалтерия) янги МК асосида таътил 10 июлгача бўлишини, 11 – июль куни ишга чиқилади деб ҳисоблаймиз. Ким ҳақ?».

Саволга эксперт ва «Норма» кадрлар хизмати раҳбари Валерия ЛЯНДРЕС жавоб берди:

Эътибор беринг
Муҳим тушунтиришларни ўтказиб юбормаслик учун ТГ-каналимизга обуна бўлинг!

 

– Бухгалтерия ҳақ.

Оддий календарь ҳисоблашда 19 июндан бошлаб 21 календарь кундан иборат таътил давомийлиги таътилни барча календарь кунларини ҳисобга олган ҳолда тақдим этилиши кераклиги келиб чиқади, аввалроқ ПФ-270-сон фармон билан 29 июнга (пайшанба) белгиланган Қурбон ҳайитининг биринчи куни бундан мустасно. Агар Қурбон ҳайитни нишонлаш 28 июнга (чоршанба) кўчирилса, умумий ҳисоб-китобдан фақат бир кун чиқариб ташланиши керак. Меҳнат кодексининг нормаларига мувофиқ ПФ-270-сон фармони билан  белгиланган барча қўшимча дам олиш кунлари таътил кунларини ҳисоблашга киритилади.

Шундай қилиб, таътил 2023 йилнинг 19 июнидан 10 июлигача берилиши керак. Ишга чиқиш – 2023 йил 11 июль.

Таътил давомийлиги ҳисоб-китобига энди фақат ишланмайдиган байрам кунлари киритилмайди :

  • 1 январь – Янги йил;
  • 8 март – Хотин-қизлар куни;
  • 21 март – Наврўз байрами;
  • 9 май – Хотира ва қадрлаш куни;
  • 1 сентябрь – Мустақиллик куни;
  • 1 октябрь – Ўқитувчи ва мураббийлар куни;
  • 8 декабрь – Ўзбекистон Республикаси Конституцияси куни;
  • Рўза ҳайит (Ийд ал-Фитр) диний байрамининг биринчи куни;
  • Қурбон ҳайит (Ийд ал-Адҳа) диний байрамининг биринчи куни

 

Лайфхак

Кўпроқ кун дам олиш учун мен таътилларни байрамлар ва узлуксиз дам олиш кунлари арафасида тугайдиган ёки улардан кейин дарҳол бошланадиган қилиб расмийлаштиришни тавсия қилган бўлар эдим.

Агар кўпроқ пул олишни истасангиз (таътил пули + иш ҳақи), унда байрам таътил даврига кириши керак.