Иш берувчи таътилни қисмларга бўлиб тақдим этмаслиги мумкинми

preview

«Ходимлар ҳамиша уларга таътилни қисмларга бўлиб тақдим қилиш  илтимоси билан мурожаат қилишади. Аммо директор бунга мутлақо қарши. Унинг фикрича, таътилни фақат ўта зарур бўлгандагина қисмларга ажратиш мумкин. Ходим асослаши керак, қарор эса иш берувчи томонидан қабул қилинади. Бу позиция қонунийми?».

Kadrovik.uz тушунтиради:

Эътибор беринг
Битта ҳам муҳим тушунтиришни ўтказиб юбормаслик учун ТГ-каналимизга обуна бўлинг!

 

– Ҳа, иш берувчининг позицияси қонуний!

  • Меҳнат кодексининг 231-моддасида меҳнат таътилини қисмларга бўлиш имконияти кўзда тутилган. Аммо келинг, ушбу норманинг матнини қандай бўлса, шундай келтирсак: «Ходим ва иш берувчи ўртасидаги келишувга кўра ҳар йилги меҳнат таътили қисмларга бўлиниши мумкин. Бунда ушбу таътилнинг ҳеч бўлмаганда бир қисми ўн тўрт календарь кундан кам бўлмаслиги керак».

Бу ерда калит сўзлар – «ходим ва иш берувчи ўртасидаги келишувга кўра». Тегишинча, биргина ходимнинг хоҳиши етарли эмас.

Меҳнат кодекси иш берувчини мажбурламайди, балки таътилни қисмларга бўлиш имкониятига йўл қўяди. Тегишинча, иш берувчи:

1) ходимни таътилни қисмларга бўлиб фойдаланишга мажбур қилишга ҳақли эмас (бунақа вазият ҳам учраб туради);

2) уни қисмларга бўлиб тақдим қилишга мажбур эмас.

Ходим, ўз навбатида, объектив сабаблар бўлган тақдирда ҳам таътилни қисмларга бўлишни талаб қилишга ҳақли эмас. Аммо, агар томонлар таътиллар жадвалини тасдиқлашдан олдин бундай келишувга эришса, таътиллар жадвалида ҳар бир қисмдан фойдаланишнинг аниқ вақти кўрсатилиши керак. Бундай ҳолда иш берувчи келишувни бажариши шарт.

Агар таътиллар жадвали тасдиқланганидан сўнг таътилни қисмга бўлиш зарурати тўсатдан пайдо бўлса, масала ҳар бир аниқ ҳолатда томонларнинг келишуви билан ҳал қилинади . Эришилган келишув албатта таътиллар жадвалида қайд қилинади.

 

Нима учун иш берувчи ходимга таътилни қисмларга бўлишни рад қилиши мумкин

Биринчи галда, бу иқтисодий ҳисоб-китоб: таътилни тақсимлашда ишлаб чиқариш иш кунларини йўқотади.

Мисол келтирамиз: ходим меҳнат таътилининг умумий давомийлиги – 21 календарь кун, иш жадвали – шанба ва якшанба дам олиш кунлари билан 5 кунлик иш ҳафтасидан иборат.

Агар таътил тўлиқ тақдим қилинса, унинг давомийлигига 3 та шанба ва 3 та якшанба кунлари киритилади.

Агар таътил қисмларга бўлинса, унинг бўлинмас қисмига 2 та шанба ва 2 та якшанба киритилади, қолган 7 календарь кун, агар таътил ходимнинг хоҳишига кўра узлуксиз фойдаланилмай, қисмларга бўлинса, учинчи дам олиш кунларига  ўтмаслиги ҳам мумкин. Яъни, ходим ушбу 7 кундан улар фақат иш кунларига тўғри келадиган қилиб фойдаланиши мумкин. Тегишинча, иш берувчи 2 кун кўпроқ муддатга ходимсиз қолади. Бундай вазиятда иш берувчи ходим  ўрнига бошқа ишчини узоқроқ муддат бу вазифани бажаришга ўтказиш, бошқа ходимларнинг таътиллар жадвалини кўчириш ва ҳоказо масалаларни ҳал қилади.

Агар бўлинмас мажбурий қисмдан кейин  қолган 7 календарь кун (14 календарь кун) қолган бўлса, иш берувчи иқтисодий нуқтаи назардан ҳеч нарса йўқотмайди, ходим кетма-кет (узлуксиз) дам олади. Шунда таътилнинг бу қисмига шанба ва якшанба ҳам киради.

Шунинг учун ҳар бир ишлаб чиқаришда ва ҳар бир ташкилотда бу масалага турлича ёндашилади. Ҳар бир аниқ вазият мавжуд ҳолатлардан келиб чиққан ҳолда индивидуал тарзда кўриб чиқилади ва ҳал қилинади.

Валерия ЛЯНДРЕС,

«Норма» эксперти