Ходим иш ҳақи сақланмайдиган таътил олган бўлса, иш вақти нормаси қандай ҳисобланиши керак

preview

«Ходим 2023 йилнинг 12 ойи давомида ҳақиқатда 1 740 соат ишлади, чунки у 3 ой (апрель, май ва июнь) тўлиқ иш ҳақи сақланмайдиган таътилда бўлган эди.  2023 йил учун белгиланган меъёрга кўра, у 1 978 соат ишлаши керак. Натижада йил якунларига кўра соат бўйича меъёрни бажармаганлиги учун ходимга иш вақтидан ташқари иш соатлари ҳисобланмайди ва тўланмайди. Ходим иш вақти нормасини ҳисоб-китоб қилишда ундан таътилда бўлган кунлардаги соатларни ушлаб қолмасликни талаб қилмоқда. Ким ҳақ?».

Kadrovik.uz тушунтиради:

Эътибор беринг

Иш вақти меъёри ҳар йили Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги томонидан тасдиқланади. У қўшимча дам олиш кунларининг ўрнатилишига қараб йил давомида ўзгариши мумкин. Ушбу мақолада ҳисоб-китоб 2023 йил 20 июнь ҳолатига кўра иш вақти нормасини ҳисобга олган ҳолда амалга оширилган.

Эътибор беринг
Муҳим тушунтиришлардан ҳеч бирини ўтказиб юбормаслик учун ТГ-каналимизга обуна бўлинг!

 

– Вазият ушбу иш берувчида ишни ташкил қилишда қоидабузарликларга йўл қўйилганига ишора қилмоқда. Бу МЖтКнинг 49-моддаси бўйича маъмурий жарималар солишга сабаб бўлиши мумкин.

Ходим учун белгиланган меъёрдан ортиқча  меҳнат иш вақтидан ташқари иш деб ҳисобланади , таътилларда бўлиш вақти иш ҳисобланмайди. Таътилларда бўлиш вақтини иш вақти сифатида ҳисобга олишга йўл қўйилмайди. 

Иш вақтидан ташқари иш соатларини ҳисоб-китоб қилишда ташкилотда иш вақти қандай тартибда ҳисобга олинишини  билиш муҳим: 

  • агар ҳисобот даври  – бир ҳафта бўлса, ушбу ҳафтада 40 соатдан ортиқ ишлаб берилган ҳар бир соат ўша ҳафтада иш вақтидан ташқари иш бўлади;
  • агар ҳисобот даври – бир ой бўлса, бир ойга белгиланган меъёрдан ортиқ ишлаб берилган ҳар бир соат қўшимча иш вақтидан ташқари иш ҳисобланади;
  • иш вақтини жамлаб ҳисобга олишда иш вақтидан ташқари иш ҳисоби белгиланган ҳисобот давридан келиб чиқиб жамланади.

Ходим объектив сабабларга кўра иш вақти нормасини бажармаганлиги сабабли (йиллик иш вақтини ҳисобга олиш даврида расмийлаштирилган иш ҳақи сақланмайдиган таътил) кўрсатилган даврда унинг ишлаб берилган вақт нормасини 9 ой учун ҳисоблашни тавсия қиламиз.

Бунинг учун нисбатни ҳисоблаймиз: 

  • 12 ой – нормa 1 978 соат;
  • 9 ой  –  «х» соат.

9 ой учун иш вақти нормаси: 

  • (1,978 х 9): 12 = 1 509 соат.

Олинган натижа – 1 509 соат –  бу ходим учун  иш вақти нормаси ҳам мавжуд. У ҳақиқатда 9 ой давомида 1 740 соат ишлаб берган.

Энди ходим ҳақиқатан ҳам 231 соат ортиқ ишлаганини кўриш мумкин (1 740 – 1 509 ).

Қонунчилик бўйича  иш вақтидан ташқари ишнинг ҳар соати учун камида икки ҳисса миқдорида ҳақ тўланиши керак .

Лекин бу ҳали ҳаммаси эмас! Юқорида келтирилган мисол ва кейинги ҳисоб-китоблардан кўриниб турибдики, ишлаб чиқаришда иш вақтидан ташқари иш соатларининг максимал давомийлиги нормаси қўпол равишда бузилган. У йилига 120 соатдан  ёки 9 ой учун 90 соатдан ошмаслиги керак.

Меҳнат қонунчилиги нормаларини бузганлик учун МЖтКнинг 49-моддаси бўйича санкциялар назарда тутилган.

 

Валерия ЛЯНДРЕС,

 «Норма» эксперти,

Ленара ХИКМАТОВА,

«Норма» эксперти, юрист