Ходимга хизмат сафаридаги дам олиш ва байрам кунлари учун отгул бериладими

preview

«Ходим буйруққа мувофиқ 10 кунга хизмат сафарига юборилган – уларнинг ичида шанба, якшанба ва байрам куни (Қурбон ҳайити) бор. Иш берувчининг дам олиш кунида иш бўйича алоҳида далолатномаси ёки кўрсатмаси йўқ. 02.08.2022 йилдаги 424-сонли ВМҚнинг 11-бандига мувофиқ «Хизмат сафарида бўлган ходимга у юборилган ташкилотдаги иш вақти режими ва дам олиш вақтлари тааллуқли бўлади. Хизмат сафари вақтида фойдаланилмаган дам олиш кунлари хизмат сафаридан қайтганда тикланмайди». Бироқ ходим хизмат сафаридан қайтиб келганида байрам ва дам олиш кунида ишлаганига ишонтириб, Меҳнат  кодексига таянган ҳолда унга 3 кун отгул тақдим қилишни сўрамоқда.

Биз ходимнинг бу талабини рад қилишга ҳақлимизми ёки отгул тақдим қилишимиз керакми?».

Саволга «Норма» эксперти Валерия ЛЯНДРЕС жавоб берди:

 

–  Вазиятни диққат билан тушуниш керак, чунки хизмат сафари давомида ходим ҳақиқатан ҳам дам олиш ва байрам кунларида ишлаган бўлиши мумкин.

Меҳнат кодексининг 196-моддасида шундай ёзилган: «Хизмат сафарига юборилган ходимга нисбатан хизмат сафарининг мақсадига қараб ушбу ходим ўзига хизмат сафарига юборилган иш берувчида белгиланган иш вақти режими татбиқ этилади ёхуд хизмат сафаридаги иш режими ходимни хизмат сафарига юборган иш берувчи томонидан тасдиқланадиган хизмат сафарига оид топшириқ билан белгиланади».

 

Ишлаб чиқариш зарурати ёки форс-мажор ҳолатлари сабабли қабул қилувчи ташкилотнинг иш берувчиси хизмат сафарида бўлган ходим учун алоҳида иш жадвалини белгилаши мумкин, бу қабул қилувчи ташкилотнинг иш тартиби деб ҳисобланиши мумкин.

Ходимингиз хизмат сафарига юборилган ташкилотдан ходимнинг иш вақти режимини ёзма тасдиғини сўранг.  Тасдиқда хизмат сафарига юборилган ходим ишлаб берган иш кунлари ва иш соатларининг аниқ сони кўрсатилиши керак, шунингдек у хизмат сафари вақтида дам олиш кунларидан фойдаланганми неча кун, неча соат фойдаланган.

Агар тасдиқдан хизмат сафарига юборилган ходимингиз дам олиш ва байрам кунларида ишлагани аниқланса, у ҳолда сиз уларни қонунга мувофиқ компенсация қилишингиз керак. Яъни, дам олиш кунлари (агар у хизмат сафарининг бошқа кунларида тақдим этилмаган бўлса) ва байрам кунидаги (Қурбон ҳайити куни) иш учун қуйидагилар зарур:

  • камида икки ҳисса миқдорида ҳақ тўлаш .

ёки

  • хизмат сафаридан кейинги вақтда отгул тақдим қилиш ва ушбу кунлар учун камида бир ҳисса миқдорида тўлаш .

 

Kadrovik.uz тавсия қилади
Можароли вазиятларнинг олдини олиш учун қабул қилувчи ташкилот билан келишилган ҳолда хизмат сафарига юборилган ходимнинг иш вақтини аниқлашни тавсия қиламиз.

Ходим хизмат сафаридаги иш вақти режими тўғрисида хабардор бўлиши, зарурат бўлганда дам олиш кунлари, байрам кунлари ёки ишдан ташқари вақтда ишлашга рози бўлиши, иш берувчи эса фойдаланилмаган дам олиш кунлари ёки байрам кунлари ва тўловларни тақдим қилиш борасида қонунчилик нормаларига риоя қилиши керак.

 

Мавзу бўйича мақола:

 

Қуйидаги тавсиялар ҳам фойдали бўлиши мумкин: