Хусусий компания қариндошларнинг биргаликда ишлашини тақиқлай оладими

preview

Хусусий компания ички меҳнат тартиби қоидаларига яқин қариндошларнинг битта таркибий бўлинмада ишлашига йўл қўйилмаслиги тўғрисида банд киритмоқчи.

Ташкилотда бундай қоидани ўрнатиш қонунийми? «Нормэксперти, юрист Ленара ХИКМАТОВА тушунтиради.

 

Экспертларнинг ҳеч бир тушунтиришини ўтказиб юбормаслик учун телеграм-каналимизга обуна бўлинг.

 

Қариндошларнинг айнан битта хусусий компанияда ишлашининг тақиқланиши ноқонунийдир. Меҳнат кодекси яқин қариндошларнинг фақат давлат ташкилотларида биргаликда ишлашини тақиқлайди.

 

Давлат ташкилотларида

Меҳнат кодексининг 121-моддасига мувофиқ, ўзаро яқин қариндош ёки қуда томондан қариндош бўлган шахсларнинг айнан битта давлат ташкилотида бирга хизмат қилиши, агар уларнинг бирга хизмат қилиши улардан бирининг иккинчисига бевосита бўйсунишига ёки унинг назорати остида бўлишига боғлиқ бўлса тақиқланади. Гап қуйидагилар ҳақида бормоқда:

  • ота-она, ака-укалар, опа-сингиллар, ўғиллар, қизлар,  эр-хотин;
  • эр-хотиннинг ота-онаси, ака-укалари, опа-сингиллари ва фарзандлари.

Ушбу рўйхат тўлиқ ва кенгайтирилиши мумкин эмас.

Эътибор беринг

Ҳатто давлат ташкилотлари учун ҳам тақиқ нафақат битта корхонада ишлаш, балки бирга хизмат қилиши, агар уларнинг бирга хизмат қилиши улардан бирининг иккинчисига бевосита бўйсунишига ёки унинг назорати остида бўлишига боғлиқ бўлган ҳолларга ҳам тегишли.

Бўйсуниш ёки назорат остида бўлиш ташкилотнинг штат тузилиши, бўлимлар, бўлинмалар тўғрисидаги маҳаллий ҳужжатлар ва лавозим йўриқномалари бўйича белгиланиши мумкин.

 

Мисол учун, давлат ташкилотида ота муҳандис, ўғил эса юридик бўлим бошлиғи бўлиб ишлайди. Бундай ҳолда Меҳнат кодексининг 121-моддаси нормалари бузилмаган, чунки қариндошлар тўғридан-тўғри бўйсунмайди ва бири иккинчисининг назорати остида бўлмайди.

Меҳнат кодексининг 121-моддаси қоидасидан истиснолар Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланиши мумкин. Ҳозирги кунда 11.03.1997 йилдаги 133-сон ВМҚга 3-сон илова томонидан белгиланган рўйхат амал қилади. Давлат (давлат акционерлик) корхоналарининг қариндош-уруғларнинг бирга хизмат қилишларини чеклаш қоидаларидан истисно этилиши мумкин бўлган ходимлари орасида қуйидагилар бор:

  • алоқадан фойдаланиш корхоналари ва ташкилотлари ходимлари;
  • илмий муассаса ходимлари;
  • даволаш-профилактика муассасаларининг шифокорлари;
  • барча ўқув ва тарбия муассасаларидаги педагог ходимлар, ўқитувчилар. Ходимларнинг тўлиқ рўйхатини  3-сон иловадан қаранг.

Ушбу масалани тартибга солувчи янги норматив-ҳуқуқий ҳужжат ҳозирча мавжуд эмас.

 

Хусусий ташкилотларда

Меҳнат қонунчилигида «хусусийлар»га нисбатан қариндошларнинг биргаликдаги ишига ҳеч қандай чекловлар – на ташкилотда, на унинг таркибий бўлинмасида – йўқ. Тегишинча, хусусий компанияда ходимларнинг қариндошларини ишга қабул қилишни тақиқлаш мумкин эмас.

Агар бундай шарт ички меҳнат тартиби ёки бошқа ички ҳужжатга барибир киритилган бўлсачи? Агар сиз ушбу тақиқни ҳатто ташкилотнинг маҳаллий ҳужжатларида расмийлаштирсангиз ҳам, у қабул қилинган пайтдан бошлаб ҳақиқий эмас деб ҳисобланади. Ахир бу амалдаги қонунчиликка нисбатан ходимларнинг аҳволини ёмонлаштиради. Шунинг учун бундай қоидани қўллаш мумкин эмас .  Акс ҳолда иш берувчининг айбдор мансабдор шахсига меҳнат қонунчилигини бузгани учун БҲМнинг 5 бараваридан 10 бараваригача жарима солиниши мумкин. Маъмурий жазо қўлланилгандан кейин бир йил ичида содир этилган такрорий ҳуқуқбузарлик БҲМнинг 10 бараваридан 15 бараваригача жарима тўлашга сабаб бўлади .