Ходимлар тушлик танаффусда ўз ишлари билан кетишлари мумкинми

preview

«Ташкилотнинг ўз ошхонаси бор. Бундан фойдаланиб, баъзи ходимлар танаффус пайтида тезгина тушлик қилиб, шахсий ишлари бўйича кетишади. Баъзан тушликдан кеч қайтишади. Шунинг учун директор ходимларга тушлик пайтида компания ҳудудидан чиқиб кетишни тақиқлаб, ушбу қоидани бузганларга жарима солмоқчи. Бундай тақиқ қонунийми?»

Саволга  Норма эксперти, юрист Ленара ХИКМАТОВА жавоб берди.  

 

Экспертларнинг ҳеч бир тушунтиришини ўтказиб юбормаслик учун телеграм-каналимизга обуна бўлинг.

 

– Ходимлар учун тушлик танаффуси расман дам олиш ва овқатланиш учун танаффус деб аталади .

Дам олиш ва овқатланиш учун танаффус пайтида ходимларнинг ҳаракатини чеклаш мумкин эмас, айрим ҳолатлар бундан мустасно.

Иш берувчи иш куни (смена) давомида ходимга дам олиш ва овқатланиш учун давомийлиги кўпи билан икки соат ва камида ўттиз дақиқа бўлган танаффус бериши керак . Ушбу чекловлардан келиб чиқиб ҳар бир ташкилот ходимлар учун танаффуснинг давомийлиги ва соатларини белгилайди.

Дам олиш ва овқатланиш учун танаффус бериш вақти компаниянинг ички меҳнат тартиби қоидаларида (ИМТҚ) ёки ходим ва иш берувчи ўртасидаги келишувга кўра белгиланади .

Кунлик ишнинг (сменанинг) давомийлиги тўрт соатдан ошмаса, агар бу ички меҳнат тартиби қоидаларида ёки меҳнат шартномасида назарда тутилган бўлса, танаффус берилмаса бўлади .

Дам олиш ва овқатланиш учун танаффус иш вақтига киритилмайди, шунинг учун ходимлар ундан ўз ихтиёрига кўра фойдаланишлари мумкин. Бу вақтда улар иш жойидан чиқиб кетишига йўл қўйилади. Бундан ташқари, янги Меҳнат кодексининг 204-моддаси 4-қисмида тўғридан-тўғри: «Бу вақтда улар иш жойидан чиқиб кетиши мумкин»лиги кўрсатилган. Бунда ташкилотнинг ўз ошхонаси бор ёки йўқлиги муҳим эмас – иш берувчи ходимларга унинг ҳудудидан чиқиб кетишни тақиқлашга ҳақли эмас. Тегишинча, ИМТҚга бундай тақиқни киритиш мумкин эмас, негаки бу амалдаги қонунчиликка нисбатан ходимларнинг ҳолатини ёмонлаштиради . Шунингдек, ходимларни дам олиш ва овқатланиш учун танаффус пайтида компания ҳудудидан чиқиб кетганликлари учун жаримага тортиш мумкин эмас. Акс ҳолда, иш берувчининг айбдор мансабдор шахси МЖтК 49-моддаси бўйича маъмурий жавобгарликка тортилиши мумкин.

Агар ходимлар тушликдан ўз вақтида қайтмаса – бошқа гап. Мисол учун, офисда тушлик танаффуси 13:00 дан 14: 00 гача. Агар ходим соат 14:00 дан кейин иш жойида бўлмаса, бу иш берувчи ҳайфсан эълон қилиши, жарима солиши ёки ишдан бўшатиши мумкин бўлган меҳнат интизомининг бузилиши саналади. Албатта, интизомий жазо чораларини қўллаш учун Меҳнат кодексининг 312– 314-моддаларида белгиланган барча қоидаларга риоя қилган ҳолда.

 

Аммо истиснолар мавжуд

Бу иш ёки ишлаб чиқариш шароитлари ходимларга дам олиш ва овқатланиш учун танаффус қилишга имкон бермайдиган ҳолатларга тегишли. Масалан, ишнинг бундай хусусиятлари call-марказ операторлари, қўриқчилар, назорат пункти ходимлари, узлуксиз ишлаб чиқариш ходимлари ва бошқаларда бўлади. Бундай ҳолда иш берувчи ходимга иш вақтида дам олиш ва овқатланиш имконини тақдим қилиши шарт. Бундай ишларнинг аниқ рўйхати, дам олиш ва овқатланиш учун тартиб ҳамда жойлар ИМТҚда белгиланиши керак .