Ходим судга чақирилди: унга рухсат бериш ва шу кун учун пул тўлаш керакми

preview

Ходим ўзи даъвогар ёки судланувчи бўлган фуқаролик иши бўйича суд жараёнида иштирок этиш учун унга бир кунга рухсат беришни сўрайдиган вазиятлар учраб туради.  

Қандай ҳолларда иш берувчи ходимни судга қўйиб юборишга мажбур ва буни қандай расмийлаштириш керак? Бу ҳолатда ходимнинг маоши сақланиб қоладими? Агар ходим иш берувчининг рухсатисиз судга кетса, унга интизомий жазо қўллаш мумкинми?

Саволларга янги МКни ишлаб чиқиш бўйича экспертлар гуруҳи раҳбари, юридик фанлар номзоди Михаил ГАСАНОВ ва Нормa эксперти, юрист Ленара ХИКМАТОВА жавоб берди.

 

Ходимни қачон судга қўйиб юбориш ва маошини сақлаб қолиш керак

Иш берувчи ходимнинг давлат ва жамоат мажбуриятларини бажариш вақтида уни ишдан иш жойини (лавозимини) ва ўртача ойлик иш ҳақини сақлаган ҳолда қуйидаги ҳолларда озод этиши шарт :

  • сайлов ҳуқуқини амалга ошираётганда;
  • депутатлик вазифаларини, шунингдек ўз ваколатларини ишлаб чиқаришдан ёки хизмат фаолиятидан ажралмаган ҳолда амалга оширувчи Олий Мажлис Сенати аъзосининг вазифаларини бажараётганда;
  • тиббий-ижтимоий эксперт комиссиясининг ишида иштирок этаётганда;
  • ҳарбий мажбуриятларни бажараётганда;
  • терговга қадар текширувни амалга оширувчи органга, суриштирувчига, терговчига, прокурорга ёки судга гувоҳ, жабрланувчи, эксперт, мутахассис, таржимон, холис сифатида чақирилганда;
  • суд мажлисларида халқ маслаҳатчиси, жамоат айбловчиси ва жамоат ҳимоячиси, жамоат бирлашмалари ва меҳнат жамоаларининг вакили сифатида иштирок этаётганда;
  • Инсон ҳуқуқлари бўйича вакил (омбудсман) ҳузуридаги Инсоннинг конституциявий ҳуқуқлари ва эркинликларига риоя этилиши бўйича комиссия фаолиятида иштирок этганда;
  • ходим давлат ва жамият манфаатларини кўзлаб ҳаракатларни амалга оширганда (авариялар, табиий офатлар оқибатларини бартараф этиш, инсон ҳаётини сақлаб қолиш, қон ва унинг таркибий қисмларини топшириш, шунингдек бошқа ҳолларда);
  • Ўзбекистон Республикаси қонунида ёки Президентининг фармонлари ва қарорларида ёхуд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорларида назарда тутилган бошқа ҳолларда.

Шундай қилиб, ходим судда гувоҳ, жабрланувчи, эксперт, мутахассис, таржимон, холис, халқ маслаҳатчиси, жамоат айбловчиси ёки жамоат ҳимоячиси, жамоат бирлашмалари ва меҳнат жамоаларининг вакили сифатида иштирок этиши учун иш берувчи уни ишдан озод қилиши ва бунинг учун кафолатли тўловларни амалга ошириши шарт.

Маълумот учун
Кафолатли тўловлар – бу ходим меҳнат мажбуриятларини бажаришдан озод қилинган ёхуд ўз ихтиёрига зид тарзда ишлаш имкониятидан маҳрум бўлган вақт учун ўртача иш ҳақи ёки тариф ставкаси (маош) миқдоридаги пул тўловларидир .

 

Суд мажлиси қайси жараён доирасида (фуқаролик, маъмурий, иқтисодий ёки жиноий) бўлиб ўтиши муҳим эмас. Мисол учун, Фуқаролик процессуал кодекси ҳам экспертлар, мутахассислар, гувоҳлар ва таржимонларга судга келиши муносабати билан ишда бўлмаган вақт учун ўртача иш ҳақи сақланишини кафолатлайди .

Табиийки, ходим судга чақирилаётганлигини исботлаши керак. Бу судга чақирув қоғозлари, буюртма хат, телефонограмма, телеграмма ва ҳоказо бўлиши мумкин . Уларда  ким сифатида, қайси манзил бўйича, қайси кун ва соатда чақирилаётгани ҳақида маълумотлар бўлиши керак.  

Бундай билдиришнома асосида иш берувчи ходимни давлат ёки жамоат вазифаларини бажариш учун ишдан бўшатиш тўғрисида буйруқ чиқаради. Бундай буйруқнинг тахминий матни қуйидагича:

«Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 282-моддаси асосида муҳандис А. A. Тошматов 2023 йил 21 август куни фуқаролик ишлари бўйича судга гувоҳ сифатида чақирилиши муносабати билан бутун иш кунига ишдан озод қилинсин. Тошматов А. A.нинг 21.08.2023 йил учун иш жойи, лавозими ва ўртача иш ҳақи сақлансин».

 

Ходимдан судда иштирок этиш учун ишдан озод қилиш тўғрисидаги аризани талаб қилиш шарт эмас. Лекин бу ортиқча ҳам бўлмайди. Агар бундай ариза ходимдан олинган бўлса, буйруқда уни судга чақирув  қоғози ёки бошқа билдиришнома билан бирга асос сифатида кўрсатинг.

Ташкилотингизда қабул қилинган белгиларга мувофиқ иш вақтини ҳисобга олиш табелида ходимнинг йўқлигини акс эттиринг. Қоида тариқасида, ходимнинг давлат ва жамият манфаатларини кўзлаб ўз вазифаларини бажаришдан озод қилиниш вақти табелда  «Д» ҳарфи ёки «23» рақамли код билан акс эттирилади.

 

Агар ходим иш берувчини судга чақириш тўғрисида олдиндан хабардор қилмаса ва ишга келмаган бўлса, лекин судда қатнашгандан кейин судга чақирув қоғозини кўрсатган бўлсачи? Унга нисбатан интизомий жазо қўллаш мумкинми?

Ходим ишда йўқлиги сабабларини тушунтириш берса ва Меҳнат кодексининг 282-моддасида кўрсатилган шахслардан бири сифатида судда иштирок этганини тасдиқловчи ҳужжатни тақдим этса, унга нисбатан жазо қўллаш мумкин эмас. Бундай ҳолда, ишга келмаслик сабаби узрли деб ҳисобланади. Агар иш берувчи бу ҳақда кейин билган бўлса ҳам, у барибир судда иштирок этган кун учун ходимнинг ўртача иш ҳақини сақлаб қолиши шарт. Бу ҳолда буйруқнинг мазмуни қуйидагича бўлади:

«Муҳандис А. A. Тошматов Фуқаролик ишлари бўйича судга гувоҳ сифатида чақирилиши муносабати билан 2023 йил 21 августда ишдан озод қилинган деб ҳисоблансин.

Тошматов А. A.нинг 21.08.2023 йил учун иш жойи, лавозими ва ўртача иш ҳақи сақлансин».

Бунда Ички меҳнат тартиб қоидаларида ходим иш жойида бўлмаган тақдирда иш берувчини ҳар қандай мавжуд усулда олдиндан хабардор қилиши шарт деган банд бўлиши мумкин. Тегишинча, агар ходим унда бундай имконият бўла туриб бу ишни амалга оширмаган бўлса, унга нисбатан интизомий жазо қўлланилиши мумкин. Албатта, ходим Ички меҳнат тартиб қоидалари билан таниш бўлиши керак. Агар Қоидаларда бундай талаб бўлмаса, демак, ходимни ўзининг йўқлиги ҳақида огоҳлантирмаганлиги учун интизомий жавобгарликка тортиш ноқонуний бўлади.

 

Қачон ходимни ишдан озод қилиш мумкин, лекин иш ҳақини сақлаш шарт эмас.

Ходимнинг судда иштирок этишининг бошқа ҳолатлари, хусусан фуқаролик ишида даъвогар ёки жавобгар сифатида иштирок этиши давлат ёки жамоат мажбуриятларини бажариш деб ҳисобланмайди, чунки бу ҳолатларда ходим ўз шахсий манфаатларини кўзлаб ҳаракат қилади. Демак, иш берувчи Меҳнат кодексининг 282-моддасига мувофиқ ходимга кафолатлар беришга мажбур эмас. Аммо бу даврни прогул деб ҳисоблаш ҳам мумкин эмас, чунки ходим узрли сабабларга кўра йўқ эди.

Ҳар бир инсон судга мурожаат қилиш Конституциянинг 55-моддаси ва ўз ишини судда шахсан юритиш ҳуқуқига эга . Шунинг учун, агар судга чақирув хатида ходим даъвогар, жавобгар, учинчи томон ёки уларнинг қонуний вакили сифатида судга чақирилаётганлиги кўрсатилган бўлса, бунга тўсқинлик қилиш керак эмас. Аммо бунда, агар ички тартиб билан (масалан жамоа шартномасида) бошқача тартиб белгиланмаган бўлса, ўша кун учун ходимнинг ўртача иш ҳақини сақлаш шарт эмас.

Ходимнинг йўқлигини иш ҳақи сақланмайдиган таътил сифатида расмийлаштириш мумкин. Агар ходимда фойдаланилмаган меҳнат таътили кунлари қолган бўлса, таътилни қисмларга бўлиш қоидасига риоя қилган ҳолда ушбу кунлардан бири берилиши мумкин .