Синов муддатини узайтириш мумкинми

preview

«Ходим билан 1 ойлик дастлабки синов муддати билан меҳнат шартномаси тузилди. Унинг тугашидан 2 кун олдин раҳбар синов муддатини яна 2 ҳафтага узайтиришни хоҳлаб қолди, сабаби янги ходим ишга қабул қилинган пайтдан бошлаб ҳали «ўзини ҳеч ҳам кўрсата олмади». Иш берувчи белгиланган синов муддатини узайтиришга ҳақлими?»

Саволга kadrovik.uz илтимосига кўра янги Меҳнат кодексини ишлаб чиқиш бўйича экпертлар гуруҳи раҳбари Михаил ГАСАНОВ ва «Норма» эксперти Ленара ХИКМАТОВА жавоб беришди:

 

Экспертларнинг тушунтиришларини ўқиш учун телеграм-каналимизга аъзо бўлинг.

 

– Меҳнат шартномасида синов муддати тўғрисидаги шарт қуйидаги имкониятларни беради:

  • ходимга – ушбу ташкилотда ишни давом эттириш ёки эттирмаслик тўғрисида қарор қабул қилиш:
  • иш берувчига – ходимнинг топшириладиган ишга ваколати, малакаси мос келадими-йўқми, текшириш.

Дастлабки синов муддати тугагунга қадар ходим ҳам, иш берувчи ҳам меҳнат шартномасини соддалаштирган тартибда бекор қилишга ҳақли. Бу вазиятда иккинчи тараф камида уч кун олдин ёзма шаклда огоҳлантирилиши керак (ушбу муддатни қисқартиришга фақат томонларнинг розилиги билан йўл қўйилади). Бунда ходим ўзининг ишдан бўшаш хоҳишини тушунтиришга мажбур эмас. У меҳнат муносабатларини бекор қилиш тўғрисида ёзма ариза бериши кифоя . Иш берувчи эса ходим билан тузилган меҳнат шартномасини синов натижаси қониқарсиз бўлгани муносабати билан бекор қилинганини асослаб бериши керак – буйруқда ходимни синовдан ўтмаган деб эътироф этиш учун асос бўлиб хизмат қилган сабаблар кўрсатилиши зарур .

Агар синов муддати тугаган бўлса ёхуд ушбу муддат тугашига камида уч кун қолган бўлса ҳамда ходим уч кунлик огоҳлантириш муддатини қисқартиришга ўз розилигини бермаса, меҳнат шартномасининг амал қилиши давом этади. Келгусида меҳнат шартномасини бекор қилишга умумий асосларда йўл қўйилади .

Эътибор беринг
Агар меҳнат шартномасида дастлабки синов муддати белгиланмаган бўлса, ходим ишга бундай шартсиз қабул қилинган ҳисобланади .

 

Дастлабки синов қанча муддатга белгиланади

Дастлабки синов муддати уч ойдан,  ташкилотларнинг раҳбарлари ва уларнинг ўринбосарлари, бош бухгалтерлар ҳамда ташкилотлар алоҳида бўлинмаларининг раҳбарлари учун эса олти ойдан ошмаслиги керак

Ҳатто ходимнинг розилиги билан ҳам ушбу муддатлардан узоқроқ синов муддатини белгилаш мумкин эмас, чунки бу унинг ҳолатини қонунчиликка нисбатан ёмонлаштиради . Юқорида кўрсатилган муддатлар доирасида синов муддатининг аниқ давомийлиги меҳнат шартномасида келишиб олинади. Синов муддатининг энг кам муддати қонун билан белгиланмаган.

 

Қачон дастлабки синовнинг амал қилиши тўхтатилади

Вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик даври ва ходим ҳақиқатда ишда бўлмаган бошқа кунлар дастлабки синов даврида ҳисобга олинмайди. Мисол учун, у иш ҳақи сақланмайдиган таътилда бўлган, судда гувоҳ сифатида қатнашган, ишлаб чиқаришдан ажралган ҳолда малакасини оширган ёки шунчаки сабабсиз ишга келмаган. Шу кунлар дастлабки синов муддатида ҳисобга олинмайди.

Айтайлик, ходимга уч ойлик синов муддати ўрнатилган (1 августдан 1 ноябргача) ва бу даврда ходим 10 кун давомида касал бўлди. Демак, синов муддати 10 кун кечроқ тугайди: 1 ноябрда эмас, балки 10 ноябрда.

Эътибор беринг

Синовнинг умумий давомийлиги меҳнат шартномасида белгиланган муддатдан ошмаслиги керак. Шунинг учун бу ҳолда синовни узайтириш ҳақида эмас, балки синовнинг амал қилишини тўхтатувчи ҳолатлар юзага келиши муносабати билан унинг тугаш санасини бошқа санага кўчириш ҳақида гапириш тўғрироқ бўлади.

Иш берувчи дастлабки синов муддатининг тугаш санасини бошқа санага ўтказиш тўғрисида буйруқ чиқаради, ходим у билан имзо остида танишиши керак.

 

Иш берувчи синов муддатини узайтира оладими

Иш берувчи ходимнинг кўзланаётган вазифага мувофиқлиги хусусида якуний хулосага келолмаган бўлса ҳам меҳнат шартномасида кўрсатилган синов муддатини узайтира олмайди.

Дастлабки синов ишга киришда келишилади ва фақат белгиланган муддат доирасида амал қилади, яъни вақтинчалик характерга эга. Дастлаб белгиланган синов муддатини узайтириш ходимнинг ҳолатини ёмонлаштиришни англатади. Шунинг учун синов муддатини узайтиришга ҳатто ходимнинг розилиги билан ҳам йўл қўйилмайди.

Бундай ҳолда узайтирилган муддат Меҳнат кодексининг 130-моддаси бўйича максимал муддатлардан ошиб кетадими ёки йўқми, муҳим эмас. Дейлик, меҳнат шартномасида белгиланган бир ойлик синов муддати ҳатто бир кунга ҳам узайтирилиши мумкин эмас. Акс ҳолда иш берувчининг айбдор мансабдор шахси МЖтКнинг 49-моддасига кўра жарима солиш билан маъмурий жавобгарликка тортилиши мумкин.